Миллий университет ҳузурида янги илмий-тадқиқот институти ташкил этилди
Вазирлар Маҳкамасининг “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон
Миллий университети ҳузурида Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
ЯРИМ ЎТКАЗГИЧЛАР ФИЗИКАСИ ВА МИКРОЭЛЕКТРОНИКАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БИЛАН ЯНГИ ИТИ ШУҒУЛЛАНАДИ
28.06.2018
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 25.06.2018 йилдаги “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисида”ги 468-сон қароридан келиб чиқади.
***
Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).
***
Янги институт ташкил этилмоқда
Институт лабораториялари замонавий илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади ва сарфланувчи материаллар ҳамда бутловчи қисмлар билан таъминланади. Унга турли хил нурланишларнинг яримўтказгичли материаллар ва улар асосидаги асбобларнинг хусусиятларига таъсирини ўрганиш мақсадида “ЭГ-2 СОКОЛ электростатик тезлатгич” ноёб илмий объекти берилади.
ИТИда 01.04.10 — яримўтказгичлар физикаси ихтисослиги бўйича фалсафа доктори илмий даражасини (PhD) берувчи Илмий кенгаш ташкил этилади.
Шу ернинг ўзида илмий-тадқиқот ишларининг натижаларини чоп этиш учун “Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника” илмий журнали жойлашади.
ИТИ нималар билан шуғулланади
Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- яримўтказгичлар физикаси, яримўтказгичли микроэлектроника, материалшунослик, гелиофизика ва муқобил энергия манбалари соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва бу борада устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, жумладан, илмий тадқиқотлар лойиҳаларини кластер шаклини ташкил этиш орқали бажариш, шунингдек, яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника соҳасини ривожлантиришнинг жаҳондаги замонавий тенденцияларини таҳлил қилиш;
- янги яримўтказгичли материалларни яратиш технологияларини ишлаб чиқиш ва улар асосидаги микроэлектроника ҳамда фотониканинг таянч элементлари ҳисобланадиган кўп қатламли тузилмалар параметрларини тадқиқ этиш;
- юқори технологик соҳалар ва республика иқтисодиёти тармоқларида талаб юқори бўлган турли функционал мақсадларга мўлжалланган барқарор ва қайта тикланувчи параметрли замонавий яримўтказгичли асбобларни яратиш;
- яримўтказгичлар физикаси ва яримўтказгичли микроэлектроника соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун Институтни зарур замонавий ўқув ҳамда илмий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш орқали унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
- олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, хўжалик бошқаруви органлари, саноат ва бошқа манфаатдор ташкилотлар, шунингдек, хусусий секторнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш учун яримўтказгичлар физикаси ҳамда яримўтказгичли микроэлектроника соҳасида инновацияларни жорий этишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- барча босқичларда фундаментал ва амалий илм-фаннинг таълим жараёни билан интеграциялашувини таъминлаш, бу борада ўқув-тажриба, лаборатория ва курс ишларини бажариш, ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётларини ўташ учун лаборатория базасидан фойдаланиш;
- тегишли бакалавриат таълими йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг янги ўқув дастурлари, дарсликлари, ўқув қўлланмаларини яратишга амалий ёрдам кўрсатиш орқали ўқув-методик ишларнинг даражаси ҳамда сифатини ошириш;
- яримўтказгичлар физикаси ҳамда яримўтказгичли микроэлектроника соҳасида халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, ҳамкорликдаги халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек халқаро илмий анжуманлар ҳамда симпозиумларни ташкил этиш ва ўтказиш;
- бакалаврлар ва магистрларни тайёрлашда илмий-методик ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Институт негизида физиканинг тегишли ихтисосликлари бўйича олий таълимдан кейинги таълим институтларида таълим олишни ташкил этиш орқали олий малакали илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
- яримўтказгичлар физикаси, микроэлектроника ва фотоника соҳасида илмий ҳажмдор технологияларни яратиш ҳамда инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, шунингдек, республика ташкилотлари ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларига мувофиқ илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш.
Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжлари асосида Физика илмий-тадкикот институтида инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва янги яримўтказгичли материаллар яратиш бўйича илмий-техник дастур ишлаб чиқилади.
Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш
Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.
Кадрлар тайёрлашда иштирок этиш
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, республика олий таълим муассасаларининг “Физика”, “Физика ва астрономияни ўқитиш методикаси”, “Биотиббиёт физикаси” бакалавриат таълим йўналишларининг 2-4 курс талабалари ҳамда тегишли магистратура мутахассисликлари талабалари учун ИТИ лабораториялари негизида машғулотлар ўтказилади. Шу ернинг ўзида талабалар битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилиш мақсадида малакавий амалиёт ўташлари мумкин бўлади.
Институт манзили
Институт Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Янги Олмазор кўчаси 20-уйда жойлаштирилади. Ҳозир у ерда Тошкент давлат шарқшунослик института қошидаги Олмазор академик лицейи жойлашган. Лицей ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Институт биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.06.2018 йилда кучга кирди.
Олег Гаевой
https://www.norma.uz/uz/qonunchilikda_yangi/yarimutkazgichlar_fizikasi_va_mikroelektronikani_rivojlantirish_bilan_yangi_iti_shugullanadi
Сўнгги фикрлар