Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ташкил этилмоқда.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:
тасарруфида касб-ҳунар коллежлари бўлган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар билан биргаликда касб-ҳунар таълими сохасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ҳаётга татбиқ этиш ва касб-ҳунар коллежларида ўқув-тарбия жараёнига ташкилий ва методик раҳбарлик қилишни таъминлаш;
иш берувчиларнинг эҳтиёжлари ва таклифларидан ҳамда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторидаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олиб касб-ҳунар коллежларида ўрта бўғиннинг меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисларини тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
юқори профессионал раҳбарлар ва педагог кадрларни танлаш ҳамда улар билан касб-ҳунар коллежларини таъминлаш, уларнинг малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш ишларини тизимли асосда таъминлаш;
тизимнинг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш;
республикадаги барча касб-ҳунар коллежлари ўқув-методик ишини уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, мувофиқлаштириш;
касб-ҳунар коллежларида таълим сифатини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, таълим жараёнини доимий равишда такомиллаштириш;
умумтаълим мактаблари 10-11-синф ўқувчиларининг касбий кўникмаларини шакллантириш бўйича ихтисослаштирилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касб-ҳунар таълими жараёнини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш.
Қуйидагилар:
Марказнинг ташкилий тузилмаси ва ходимларнинг умумий чекланган сони 34 нафар бўлган марказий аппарати тузилмаси 1- ва 2-иловаларга мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ходимларининг чекланган сони 4-иловага мувофиқ тасдиқланди.
Марказ директорига, зарурат бўлганда, ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида марказий аппарат ва идоравий мансуб ташкилотлар, бошқармалар тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Белгиланишича:
Марказ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;
Марказга директор — Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади;
Марказ директори Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Марказ директори Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар таълими тизими сифатли ва самарали ташкил этилиши, норматив-ҳуқуқий бошқарилиши, унга юкланган вазифалар тўлақонли ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-методик таъминлаш хизмати негизида Марказ ҳузурида Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ташкил этилади.
Марказ ҳузуридаги ходимларнинг чекланган сони 86 нафар бўлган Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институтининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқланди.
Санъат, маданият ва олимпия захиралари касб-ҳунар коллежлари 6-иловага мувофиқ, битирувчиларига давлат намунасидаги диплом бериладиган ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатларига, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларига айлантирилади.
Қуйидагилар:
а) вазирликлар ва идораларнинг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослаштириладиган касб-ҳунар коллежлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб:
тўлов-контракт асосида ўқиш учун тушадиган маблағлар;
вазирликлар ва идораларнинг ушбу мақсадларга харажатлар сметасида ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари;
б) хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари учун кадрлар тайёрлашга ихтисослаштириладиган касб-ҳунар коллежлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб:
тўлов-контракт асосида ўқиш учун тушадиган маблағлар;
хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари.
в) кўп тармоқли касб-ҳунар коллежлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб — мутахассисларни тўлов-контракт асосида ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун ота-оналар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг маблағлари белгиланади.
Кам таъминланган оилалардан ўқувчилар касб-ҳунар (кўп тармоқли) коллежларида, уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, бепул асосда ўқитиладиган тартиб ўрнатилади.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов зиммасига юкланди.
Қарорнинг тўлиқ матни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида келтирилган.
http://kun.uz
Сўнгги фикрлар