Мирзо Улуғбек даҳоси ёшлар қалбида ҳавас ва умид уйғотмоқда
Буюк аждодимиз Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек Кўрагон таваллудининг 625
йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Шу қутлуғ сана муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси ҳамкорликда ўтказган “Мирзо Улуғбекнинг жаҳон тамаддунидаги ўрни ва роли” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда фалакшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этдилар.
Тадбирда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш Улуғбек номидаги жамғарма раҳбари, академик Оқил Салимов ва бошқалар фалакиёт илмининг султони Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти, унинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси, астрономия фанидаги улкан кашфиётлари, авлодларга қолдирган бебаҳо мероси хусусида сўз юритдилар.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев хориж сафарида бўлгани муносабати билан унинг анжуман иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилди.
– Буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек таваллуди муносабати билан биз бундан буён ҳар йили алоҳида илмий-амалий анжуманлар ўтказишни режалаштирдик,– дейди ЎзМУ ректори.– Қомусий олим меросини ўрганиш ва изчил тадқиқ этиб бориш мақсадида университетимизда Мирзо Улуғбек илмий маркази ташкил этилади. Шу билан бир қаторда “Мирзо Улуғбек энцеклопедияси” яратилади. Бу саъй-ҳаракатларимизнинг барчаси ёшлар қалбида буюк аллома бобомиз илмий меросига бўлган қизиқишнинг янада ортишига хизмат қилади, деган умиддамиз.
Фалакшунос олим, пофессор Мамадмусо Мамадазимовнинг “Қуёш ва планеталарнинг Улуғбек расадхонаси бош “телескопи”да акс этиши”, ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, тарихчи олим Аброр Хидировнинг “Юлдузлар ила тиллашган даҳо” мавзуидаги маърузалари катта қизиқиш билан тингланди.
Маърузаларда таъкидланганидек, Мирзо Улуғбек (1394-1449) Соҳибқирон Амир Темурнинг муносиб вориси, буюк олим, ўз даврининг маълум ва машҳур сиймоси, атоқли математик ва астрономи сифатида ўрин олган. У 1394 йил 22 март куни Султония шаҳрида (ҳозирги Эрон ҳудудида) таваллуд топган. Унинг отаси Шоҳруҳ буюк Соҳибқироннинг бевосита давомчиси сифатида Темурийлар империясини бир неча ўн йиллар мобайнида муваффақиятли бошқарган. Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим – ғоятда ўқимишли, санъатда ниҳоятда нозик дидга эга малика бўлган. Бўлажак подшоҳ болалик йиллариданоқ бошқаларникига ўхшамаган хотираси, тил ўрганишга бўлган истеъдоди билан ажралиб турган. Мирзо Улуғбек аввалига араб, сўнг форс ҳамда ҳинд тилларини, нотиқлик санъати ва адабиёт сирларини ўрганган.
Мирзо Улуғбек ўрта асрларда жаҳондаги энг муваффақиятли расадхонани ташкил қилган эди. Унинг “Зижжи жадиди Кўрагоний” астрономия жадвали XVI асрда Туркия орқали Ғарб илм-фан доираларига маълум бўлади ва узоқ йиллар мобайнида дунё астрономия фанида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган.
Тарихий манбаларда ёзилишича, расадхона тузилиши цилиндр шаклида бўлган. Унинг баландлиги 30,4 метр бўлиб, 3 қаватдан иборат эди. Цилиндр диаметри 46,40 метрни ташкил қилган. Иншоот Темурийлар даври меъморчилиги услубларига кўра қад ростлаган. Уни қуришда алоҳида эътибор расадхонанинг сейсмик мустаҳкам бўлишига қаратилган. Шу боис, у бунёд этилган сертош тепалик 2,5 метр ковланиб, ўрни пишган ғишт билан қопланган. Ҳосил бўлган бу махсус ерга мустаҳкам қилиб бурчак радиуси ҳамда вақтни ўлчаш асбоби, яъни секстант ўрнатилади. Секстант шундай ўрнатилган эди-ки, бир қарашда унинг ўрнашган жойи ноодатий бўлиб, у жанубдан шарққа томон юлдузлар йўналишини кўрсатар эди. Айнан ана шундай тузилишга эга бўлгани учун ҳам, олимнинг кузатиш ва ҳисоб-китоблари ҳайратланарли аниқликка эга бўлган. Сектант устида барпо этилган айлана шаклдаги бинода бир қанча асосий ва ёрдамчи хоналардан иборат бўлган. Расадхон Улуғбек ва унинг издошлари учун 20 йилдан ошиқроқ вақт давомида Альма-матер, илмий марказ бўлиб келган.
Ўз замонасидан бошлаб ўтган асрлар мобайнида ва бугунги кунгача ҳам Улуғбек сиймоси тарихий асарларда ўзига хос тарзда улуғланган. «Қомуслар бош таҳририяти» томонидан 1996 йилда нашр этилган «Темур ва Улуғбек даври тарихи» тўпламида ана шу тарихий асарлар ҳақида ҳам маълумотлар бор. 1468-1471 йилларда Камолиддин Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъ ус-саъдайн» солномасида Улуғбек расадхонаси ҳақида кенг маълумотлар берилган. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида Мирзо Улуғбекни нафис адабиёт билан шуғулланган давлат арбоби сифатида тасвирлайди. Буюк аждодимиз вафот этганидан сўнг 40 йилдан кейин Давлатшоҳ ўзининг «Тазкират уш-шуаро» деб номланган машҳур баёзида шундай ёзган: «Улуғбек олимликнинг юқори даражасига кўтарилди… Икки шохли Искандар Зулқарнайн давридан ҳозиргача ҳокимият бошида Улуғбек сингари подшоҳ-олим бўлмаган». Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўлмас асари – «Бобурнома»да ҳам Мирзо Улуғбек бунёд этган бинолар қаторида расадхонанинг уч қаватли бўлганлиги ҳақида қимматли маълумотлар берилган. «Темур ва Улуғбек даври тарихи» тўпламида буюк аждодимиз ҳақида асарлар ёзишган яна ўнлаб тарихчи олимлар, фозил кишиларнинг номлари баён қилингани эътиборга моликдир. Ўша тарихий асарларни бугунги ёш авлодга ҳам китоб ҳолида тақдим этиш, пировардида, буюк маънавий меросимизни янада чуқурроқ ўрганиб бориш ғоят муҳимдир. Биз улуғ аждодларимиз тарихини, уларнинг бой маънавий меросини қанчалик чуқур ўргансак, келажакда шунчалик буюк мақсадларга эриша оламиз. Биз наинки Мирзо Улуғбек ҳақидаги китобларни, балки, у даҳо яратган асарларни ҳам синчковлик ила ўрганишимиз зарур. Тарихий манбаларда қайд этилишича, Улуғбек ўлмас китоблар, ҳаттоки шеърлар ёзган. Уларнинг кўпчилиги бизгача етиб келган!
Чўлпон нашриёти томонидан 1994 йилда 100000 (юз минг!) нусхада чоп этилган «Тўрт улус тарихи» китоби Мирзо Улуғбекнинг энг нодир асарларидан биридир. «Мирзо Улуғбек фаннинг жуда кўп соҳалари, хусусан математика, фалакиёт, мусиқашунослик ва тарих илмлари бўйича забардаст олим, илм-фан, маданиятнинг улкан ҳомийси сифатида абадул-абад тарихда қолди,– деб ёзади мазкур китобга сўзбошисида академик Бўрибой Аҳмедов.– Улуғбекнинг бетакрор илмий мероси, у таъсис этган ва раҳнамолик қилган Самарқанд мунажжимлик мактаби ҳақидаги тасаввуримизни ҳали етарли деб бўлмайди. Масалан олимнинг кўп йиллик илмий изланишларининг асосий маҳсули бўлмиш «Зижи жадиди Кўрагоний» («Улуғбек Кўрагонийнинг астрономик жадвали») асари ҳанузгача бирон тилга тўла таржима қилиниб чоп этилганича йўқ». Илми хазинаси беқиёс бобокалонимизнинг биз билган ва билмаган илмий, маънавий мерослари дунёнинг турли давлатлари кутубхоналарида сақланаётгани сир эмас. Улардан ҳеч бўлмаганда нусхалар олиб келиб, она тилимизда изоҳлари билан нашр этишнинг фурсати аллақачон етган!
Юртимиз истиқлоли шарофати билан Амир Темур ва унинг суюкли набираси бўлган Мирзо Улуғбек боболаримизнинг руҳлари шод этилиб, муборак номлари эъзозланмоқда! Мактабларда ва турли ўқув даргоҳларида уларнинг тарихлари, илмий мерослари ўрганилмоқда! Уларга маҳобатли ҳайкаллар ўрнатилди! Қутлуғ номлари абадийлаштирилди!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 сентябрдаги “Тошкент давлат университетига Мирзо Улуғбек номини бериш тўғрисида”ги қарори ва Юртбошимизнинг 2000 йил 28 январдаги “Тошкент давлат университетига “Ўзбекистон Миллий университети” мақомини бериш тўғрисида»ги Фармонига биноан ўқув даргоҳимиз – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб аталгани қалбларимизда чексиз ифтихор туйғусини жўш урдиради.
Анжуманда Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг “Мирзо Улуғбек сиймосини яратиш” борасидаги хотираларини мароқ билан тинглаганлар кўз ўнгида буюк аждодимиз ёрқин сиймоси яна бир бора гавдалангандек таассурот қолдирди.
Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган “Осмон тоқига қўйилган нарвон” ҳужжатли фильми тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Анжуманга тақдим этилган “Мирзо Улуғбекнинг жаҳон тамаддунидаги ўрни ва роли” илмий мақолалар тўплами нашрга тавсия этилди.
Тўлқин ЭШБЕК,
филология фанлари номзоди, доцент
Bugun Donish domla jo’jabir talabalariga ajoyib ma’ruza o’qidi. Osmon toqiga narvon qo’ygan allomayi falakiyot Mirzo Ulug’bekning ziddiyatli hayot yo’lidagi bor haqiqatni boricha to’kib soldi!
Abdullatifni padarkush qilgan fujur ahlining fisq-u fasodlari, ota va o’g’ilning o’rtasida adovat urug’ini yoqqan va shu bilan butun millatni zalolat botqog’iga g’arq qilgan riyokorlarning xiyla-nayranglarini has-po’shlamay, haqiqatni anglatgan Donish domlaning adolat ombori boqiy bo’lsin!
Халқимиз қадрини жойига хизмат қиладиган бу ғояни то абад ривожлантириш ва бутун халқимиз онгига етказиш, келгуси авлодларимиз онгининг заҳарланишига асло йўл қўймаслик, миллат шаъни ва ғурури учун курашни давом эттириш Сиздек умидли ёшларимизнинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Бу борадаги улуғвор мақсадларимизга эришиш узоқ вақт, куч ва саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Юртимиз мустақиллиги бизга шундай улкан имкониятлар берган экан, ундан оқилона фойдаланишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.