Муаллимга репетитор тенг кела олмайди

Муаллим — таълим сарчашмаси. Репетитор деганлари ҳеч қачон унга тенг

келолмайди. Мактаб ўқувчиларини юз фоиз мактабга қайтаришнинг ёрқин йўллари бор. Бу масалада Дониш домла аниқ таклифларини аллақачон тақдим этган.  Қуйидаги мақолада ҳам жуда долзарб масзу кўтарилган, дейди Дониш домла.

Улуғбек Ташкенбаев: "Ўқитиш сифатини репетиторлардан мактабларга қайтаришимиз керак"

Улуғбек Ташкенбаев: «Ўқитиш сифатини репетиторлардан мактабларга қайтаришимиз керак»

Ҳеч биримизга сир эмас, сўнги йилларда фуқароларимизнинг мамлакатимиздаги мактабларда ва олий таълим муассасаларида сифатли таълим берилмаслиги, кўплаб ота-оналар фарзандларини кичик ёшдан бошлаб бир неча фан бўйича репетиторларга, беришга мажбур бўлаётганидан норози бўлиб билдирган фикрлари кўча куйда, ижтимоий тармоқларда тез тез учраб турмоқда.

Ҳукуматимизнинг 2017 йил 18 июлдаги 515-сон қарори билан кадрлар тайёрлаш сифати ва ўқув жараёни самарадорлигининг холисона баҳоланишини назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилган эди.
Ўтган давр мобайнида ушбу ташкилот томонидан Ўзбекистон тарихида илк маротаба олий таълим муассасалари ҳамда умумий ўрта таълим муассасалари рейтинги аниқланиб эълон қилинди. Таълим инспекцияси томонидан нодавлат таълим муассасалари ташкил этиш жараёнларини соддалаштириш билан бирга, лицензия талабгорларининг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиши йўлга қўйилди (2018 йилнинг 1 январида юртимизда 500 та нодавлат таълим муассасалари фаолият кўрсатган бўлса бугунги кунда уларнинг сони 2534 тани ташкил этмоқда).
“Фарзанд учун мактабни қандай танлаш керак?”, Замонавий мактабнинг оддий мактабдан фарқи? “Янги коллежлар қанақа бўлади?” каби масалалар юзасидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев билан суҳбатлашдик.
– Республикамизда таълим сифатини назорат қилувчи ва баҳолаб борувчи ташкилот раҳбари сифатида айтинг-чи, фарзандини биринчи синфга бераётган ота-оналар мактаб танлашда нимага эътибор қаратиши лозим?
– Ўқувчи илк бора мактабга келганда уни билимга қизиқтира олиш ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. Шундай экан, аввало, яхши устоз танлаш энг муҳим жиҳат саналади. Бунинг учун ота-она мактаб даври бошланишидан олдин ўқитувчилар ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилади. Яъни ўқувчининг қобилиятини юзага чиқара оладиган, муаммолар бўлганда болани тўғри йўналтира оладиган устоз танлаш муҳим. Айниқса, бошланғич синф ўқитувчисининг болага берган билими, ўқувчи учун бир умрлик пойдевор бўлади. У аввало, болаларнинг мантиқий тафаккур қила олиш салоҳиятини, ақлий ривожланишини, дунёқарашини, саводхонлигини шакллантириши ҳамда эркин фикрлай олиш, ўзгалар фикрини англаш, ўз фикрини оғзаки ва ёзма равишда равон баён қила олиш кўникмаларини эгаллашларига эриша олиши лозим. Ҳар бир мактабни тажрибали, билимли бошланғич синф ўқитувчилари билан таъминлаш бизнинг энг долзарб вазифаларимиздан биридир.
Кузатувларимиз натижасига кўра, охирги вақтларда ота-оналар ўз фарзандларини рус тилидаги синфларга ўқишга беришни хоҳлашади. Ачинарлиси, бундай ҳолатларда рус тилини билмайдиган болаларнинг ота-оналари ҳам рус синфларга ҳаракат қилишади. Уларда асосийси тилни ўрганса бўлди, эртага бошқа фанларни бир амаллаб ўрганиб олади деган фикр ҳам йўқ эмас. Ўқувчи имкони борича биринчи синфдан бошлаб ҳамма ўқув режадаги фанларни ўзлаштириши лозим.
Биламиз, инсоннинг ўз Она тилига эътибори уни мукаммал ўрганишдан бошланади. Шундай экан, бугун ота-оналар фарзандларига ўз она тилини ўрганишдаги эътиборларини кучайтирилса мақсадга мувофиқ бўлади.
– Мактаблардаги таълим сифати пастлиги сабабли ота-оналар фарзандини репетиторга беришга мажбур бўлаётганидан норози бўлиб гапирганларини кўп эшитамиз. Мактабларда берилаётган таълимни сифатига қандай баҳо берасиз?
– Ота-оналар фарзандини олий таълим муассасаларига тайёрлаш учун қўшимча репетиторга беришади. Айниқса, сўнги 2-3 йилда ўқув марказлари сони ошганидан ҳам уларга талаб катта эканлигини кўришимиз мумкин. Уларнинг норозилиги ўринли сабаби олий таълим муассасасига кириш учун мактабнинг ўзида олинган билим етарли бўлиши лозим. Бир неча фарзанди репетиторга қатнайдиган ота-оналарни тўғри тушуниш керак. Ҳар бир фан бўйича салмоқли сумма тўланадиган ушбу хизматлардан фойдаланишга ҳамманинг ҳам имконияти етмайди.
Бундан ташқари, кўпчиликда ОТМга кириш учун зарур бўлган фанлар яхши ўзлаштирилса бўлди, деган фикр шаклланмоқда. Ёшларимиз келгусида қандай касбни танлашмасин, яхши мутахассис бўлиш учун барча ўқув режадаги фанларни тўлиқ ўзлаштиришлари зарур, ўқитиш сифатини репетиторлардан мактабларга қайтаришимиз керак.
Мавжуд таълим сифати бўйича бир мисол келтириб ўтмоқчиман илк маротаба аниқланган мактаблар рейтинги учун республикамиз бўйича ҳудудларда нисбатан яхши, намунали бўлган 956 та мактаб танлаб олинган эди. Ушбу мактабларнинг 25188 нафар 9-синф ўқувчиларидан ярми (52 фоизи) математикадан ёзма ишдан қониқарсиз баҳо олган.
Бу каби синовлар доимий ўтказилиб, натижалар масъул вазирлик ва идоралар билан таҳлил қилиб борилмоқда. Ҳолатни яхшилаш бўйича барчамиз қаттиқ ишлашимиз лозим бўлади. Ҳар қандай ўқитувчи ҳам яхши дарс ўтишни, ўқувчилар аълочи бўлиши хоҳлайди деб ҳисоблайман. Биринчи навбатда педагогларга доимий малака оширишлари ўз устида ишлашлари учун шароит яратиш лозим бўлади. Айнан таълим сифатини ошириш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик” шиори остида Республика ишчи гуруҳлари ташкил этилди, уч ойдан бери вазирлар ва олий таълим муассасалари ректорлари, тажрибали профессор-ўқитувчилар ва мактаб ўқитувчилари ҳар бир ҳудуддаги мактабларга ташриф буюриб, дарс ўтишмоқда, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашиб режалар ишлаб чиқилмоқда. Таълим сифатининг пасайиб кетишига сабаблар кўп, шулар қаторида олий таълим муассасаларининг мактабдан ажралиб қолганлиги, самарали амалиёт йўқлиги, мутахассисни етиштириб чиқаргандан кейин у билан алоқа қилинмаслигини кўрсатиш мумкин. Шунингдек, мактаб фаолиятини ташкил этишда жамоатчилик назоратини ошириш, маҳаллани, ота-оналарни фаоллиги оширишимиз лозим. Юқоридагиларни инобатга олиб республика ишчи гуруҳлари томонидан “Оила-маҳалла-мактаб-олий ўқув юртлари” ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.

– Кўпинча мактаб ўқувчилари 5 та беш олдим, 10 та беш олдим, деб ота-оналарига мақтанганида, катталар уларни номига мақтаб қўйиши, лекин бунга жиддий эътибор қаратмаслигини кузатамиз. Ота-оналар мактаб баҳоларига ишонмай қўйдими?
– Ҳа худди шундай. Мактабда қўйилган баҳолар ҳеч қандай имтиёз бермайди, академик лицейга, коллежга ёки олий таълимга киришда инобатга олинмайди. Айрим педагоглар баҳони ошириб қўяди ёки интизоми ёмон болаларга пасайтиради. Мактабни аъло баҳога қизил аттестат билан тугатган фарзанди ОТМга кира олмаганини кўрган ота-оналар ўз-ўзидан мактаб баҳоларига ишонмай қўймоқда. Жумладан, мактаблар рейтингини аниқлаш жараёнида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Тошкент шаҳридаги айрим ота-оналар фарзандини халқ орасида нуфузли деб юритилаётган мактабда ўқитаётгани, бола аъло баҳолар олиб келгани айтиб, нима учун фарзандларимизни билимини баҳолаш жараёнида қониқарсиз баҳо олганидан шикоят қилишди. Фарзанди бажарган ишларни кўрсатиб асослаб берганимиздан кейин, бу каби синовларни доимий ўтказишни, бошқа синфларда ҳам йўлга қўйишни сўрашди. Инспекция томонидан мактаблардаги мавжуд таълим сифатини холис ва адолатли баҳолаш ишлари келгусида давом эттирилади ва натижалар кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, баҳони ошириб қўйиб ёки таълим сифати зўр дейиш билан фақат ўзимизни алдаймиз. Мавжуд ҳолатни ота-оналарга кўрсатиб таълим-тарбия жараёнида уларнинг иштирокини фаоллаштиришимиз керак.
– Ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш тўғрисида қарори қабул қилинди. “Замонавий мактаб”лар қандай бўлади? Оддий мактаблардан нимаси билан фарқ қилади?
– “Замонавий мактаблар” ўзи номи айтиб турганидек, замон билан ҳамнафас ҳолда илғор халқаро тажрибаларга асосланиб қуриладиган, замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан жиҳозланадиган ҳамда янги дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланадиган муассасалар бўлади. Бундан ташқари, ушбу мактабларнинг раҳбар ва педагог кадрларига қўйиладиган янгича талаблар ҳамда муассасаларни баҳолаш тартиби ҳам ишлаб чиқилади.
Бу нима учун керак эди? Содда қилиб айтганда ҳозирги пайтда аксарият мактабларимизда ўқувчилар ота-оналари пайтидаги каби меъёрлар асосида жиҳозланган муассасаларда таълим олишмоқда. Ҳозирги ёшлар замонавий телефон, компьютердан фойдаланишмоқда, интернет орқали энг сўнги технологиялардан хабардор бўлишмоқда. Уларни маънан эскирган лаборатория хоналари билан фанга қизиқтириш мушкул. Масалан ривожланган давлатларда кимё, физика ва биология хоналари бошқа жиҳозлар қаторида электрон лабораториялар, электрон кўргазмали қуроллар билан жиҳозланмоқда.
Оддий мактабларимизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, зарур педагоглар билан таъминлаш орқали босқичма-босқич “Замонавий мактаблар”га айлантирилади. 2020-2022 йилларда “Замонавий мактаб” лойиҳаси бўйича 1592 та умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга 4,05 трлн. сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Бир сўз билан айтганда юртимиз таълими келажаги ушбу лойиҳани самарали амалга оширилишига боғлиқ десам муболаға бўлмайди.
– Маълумки, юртимизда коллеж тизими ўзини оқламади деб топилиб, уч йил аввал ислоҳ қилишга қарор қилинди. Жорий йилнинг сентябрь ойида Президентимизнинг профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этиш бўйича қарори қабул қилинди. Ушбу муассасаларнинг эски коллежларимиздан нима билан фарқланади?
– Дарҳақиқат, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимида тегишли таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи билан ташкил этилади. Касб ҳунар таълим муассасаларимизнинг нимага тугатилгани, уларнинг камчиликлари ҳақида кўп гапирилди. Шулардан бирини келтириб ўтмоқчиман аввалги коллежларимизда берилган дипломлари халқаро даражада тан олинмас, хорижий давлатларга борган юртдошларимиз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаша олишмас эди. Бунинг сабаби эса юртимизда профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлашмаган, ўқув жараёнига Ўзбекистоннинг Миллий квалификация тизими тўлақонли жорий этилмаганлиги эди. Соддароқ қилиб тушунтириб ва мисол келтириб ўтаман: ўрганиш энг қийин ва энг осон касбларни бир хил муддат 3 йил ўқитганмиз. Касблар бўйича тайёрланган мутахассислар тоифаларга ажратилмаган эди. Масалан, ривожланган хорижий давлатларда электрик ёки пайвандчи касблар учун унинг малакасига қараб бир неча даражаларга бўлиб диплом берилади. Ўқитиш муддати хам бир хил эмас. Таълим стандартлар профессионал стандартларга қараб тузилади. Иш берувчилар билан таълим берувчилар ҳамкорликда ишлайди. Бошланғич, ўрта ва юқори малака каби, ҳар бир разряд эгаси нима ўргангани, нималар қила олиши белгилаб қўйилган.
Шу сабабли Президентимиз фармонида ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича қатъий вазифалар белгилаб берилди.
Ҳозирда Инспекция, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ривожланган тажрибаларини ўрганган ҳолда Ўзбекистонда илк бор Миллий квалификация рамка, тармоқ квалификация рамкалари, касб ва мутахассисликлар бўйича профессионал стандартлар ҳамда табақалаштирилган таълим стандартлар ва дастурларини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Миллий квалификация рамкаси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат эксперт гуруҳи тузилди. Эксперт гуруҳи томонидан 20 дан ортиқ хорижий давлатларнинг (Германия, Франция, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Белоруссия ва бошқалар) тажрибалари ўрганилиб, Миллий квалификация рамкаси лойиҳаси ва профессионал стандартлар ишлаб чиқиш бўйича методик қўлланма шакллантирилди.
Миллий квалификация рамкаси лойиҳаси ЮНЕСКО ва KOICA халқаро экспертлари томонидан экспертизадан ўтказилди ва улардан ижобий хулосалар олинди. Шунингдек, Россия, Франция, Корея ва Германия давлатлари экспертларидан хулосалар олинмоқда.
– Педагоглар аттестацияси жараёнидаги янгиликлар ҳамда келгусида режалар билан ҳақида маълумот берсангиз?
– Педагоглар билим салоҳиятини адолатли баҳолаш, шу орқали таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида умумтаълим муассасаларининг педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби қайта кўриб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сон қарори билан “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, ЮНИСЕФ мутахассислари билан ҳамкорликда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда тайёрланган ушбу Низомда педагог кадрларга қулайликлар яратиш мақсадида аттестация жараёни соддалаштирилди ҳамда жорий йилда педагог кадрлар аттестацияси икки марта, март-апрель ойларида навбатдаги аттестация ва май-июнь ойларида муддатидан илгари (навбатдан ташқари) аттестация ташкил қилинди.
Яъни энди педагогларимиз ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этишлари мумкин. Аввалги тартиб бўйича педагог қанчалик малакали, ўз билими ва салоҳиятига ишонса-да, ҳар беш йил давомида аттестацияга жалб этилгани сабабли узоқ йиллар кутишга мажбур бўлар эди. Масалан мутахассисликдан олий тоифали ўқитувчиликка қадар ўн уч йил вақт кутиш лозим эди. Янги тартибга кўра педагог беш йиллик муддатни кутмасдан ўзининг ёзма аризасига биноан навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этишлари мумкин. Энг асосийси, ёш ўқитувчиларимиз ўз устида ишлашлари ва синовлардан чўчимаслиги учун навбатдан ташқари аттестация натижаларига кўра биринчи ва иккинчи малака тоифали педагогларга нисбатан салбий қарор қабул қилинмайди.
Бундан ташқари, аввалги тартиб бўйича мактаблардаги илмий даражага (фан номзоди, фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) эга бўлган педагог кадрлар ҳам аттестацияга жалб қилинган ва бу ҳолат уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келган. Энди ушбу педагоглар аттестацияга жалб этилмайди уларга олий тоифали ўқитувчи сифатида ҳақ тўланади.
2019 йилда ўтказилган педагог кадрлар аттестациясига жами 123 минг 829 нафар педагоглар жалб қилиниб, педагог кадрлар тўғрисидаги маълумотларнинг http://pka.tdi.uz/- ахборот тизими (электрон базаси) яратилди ҳамда педагогларга қулайлик яратиш мақсадида онлайн синов -тест (репетиция) жараёни ташкил қилинди.
Давлат инспекцияси ташкил этилгандан буён Олий ва биринчи малака тоифаларига талабгор педагог кадрлар аттестациясининг малака (тест) синовлари Давлат инспекцияси томонидан реал вақт режимида, онлайн тарзида барча қулайлик, шарт-шароитлар яратилган, шунингдек, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланган Олий таълим муассасалари ва Давлат инспекциясининг биноларида ўтказилиб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида аттестация жараёнларининг шаффоф ва холис ўтказилишида асосий омил сифатида хизмат қилмоқда.
Жорий йилда халқ таълими тизими педагог кадрлари аттестациясининг тест синовларида жами 56 минг 736 нафар педагоглар иштирок этишган бўлиб, натижаларининг таҳлилларига кўра 4457 нафар (қатнашганларнинг 7,9 %, яъни ўтган йилги 4,7% га нисбатан +3,2 фоиз кўп) педагоглар Олий малака тоифасига мос натижаларни қайд этишган бўлса, 24 минг 426 нафар (43,3% ўтган йилги 18,4% га нисбатан +24,9% фоиз кўп) педагоглар эса биринчи малака тоифасига мос келадиган кўрсаткичларни қайд этишди.
Тест синовлари натижаларига кўра иштирок этганларнинг 32 минг 483 (57,2%) нафари ижобий натижалар, яъни амалдаги малака тоифасини ошириш ёки сақлаб қолишга мос келадиган кўрсаткичларни қайд этишган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилги 48,8 фоизга нисбатан +8,4 фоизга ошганлигини кузатиш мумкин.
Халқ таълими тизимида 2018-2019 ўқув йилида Олий малака тоифали ўқитувчилар сони 11202 нафар (2,5%)ни ташкил қилган бўлса, 2019-2020 йил бу кўрсатгич 15599 нафар (3,5%)ни ташкил этган бўлса, биринчи малака тоифали ўқитувчилар сони 2018-2019 ўқув йилида 45389 нафар (10,2%)ни ташкил қилган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида бу кўрсатгич 63271 нафар (14,2%)ни ташкил этди.
2018-2019 йилларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим тизими педагог кадрлари аттестациясида иштирок этган 3601 нафар педагоглардан 492 (13,7 %) нафарига Бош ўқитувчи, 1319 (36,6 %) нафарига Етакчи ўқитувчи, 1386 (38,5%) нафарига Катта ўқитувчи, 404 (11,2 %) нафарига эса олий маълумотли ўқитувчи лавозими берилди ҳамда тегишли лавозимлар бўйича Аттестациядан ўтганлиги тўғрисида Сертификатлар тарқатилди.
Шунингдек, 2019 йилда биринчи марта Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда мактабгача таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган 3762 тарбиячи-педагоглар, Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Маданият вазирлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлар, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг 2700 нафар педагоглари, Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси билан ҳамкорликда академия тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб интернатларида фаолият олиб бораётган 206 нафар педагог кадрлар аттестацияси ташкил қилинди.
Ушбу таҳлиллардан кўриниб турибдики, юқори натижалар қайд этишган педагоглар сони ошиб, паст натижалар қайд этган педагоглар сони эса камаймоқда. Бу ҳам бўлса мамлакатимизда педагоглар обрўини (мавқейини) ошириш, уларнинг ўз устиларида ишлашлари учун яратилаётган шарт шароитлар ҳамда уларни ортиқча меҳнатларга жалб қилмаслик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг дастлабки натижалари сифатида қабул қилиш мумкин.
Бугунги кунда ушбу тизимни янада такомиллаштириш ва шаффофлигини ошириш, педагогларга қулайлик яратиш бўйича Халқ таълими вазирилиги билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ўқитувчиларни ўз устида ишлашга, тоифа олишга бўлган қизишлари ошириш учун ҳақ тўлашда тоифалар ўртасидаги тафовутни оширишимиз лозим бўлади.
http://uza.uz/oz/society/ulu-bek-tashkenbaev-itish-sifatini-repetitorlardan-maktablar-04-01-2020?fbclid=IwAR1fFN6v7rfnHlPFEqAXAjOxGbcZ0fszc-Oh_ecONPPvK7XdaKmCZjDxPRk

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *