МУАЛЛИМ ВА СОБИҚ ЎҚУВЧИЛАР ҲАНГОМАСИ

Шеърият шайдоларига шеър завқи

photo_2023-03-04_17-16-58

Олис қишлоқ мактабларида,

Бўлиб турар қизиқ ҳангома.

Баъзи собиқ ўқувчиларга,

Сабоқ бўлар ушбу панднома.

* * *

Қишлоқ деган жойда азалдан,

Кам эмасдир турмуш ташвиши.

Муаллимнинг ўз шогирдига,

Тушибди денг бир куни иши.

Муаллим ҳам тирик жон ахир,

Бола-чақа ташвиши бошда.

Дучор бўлса қийинчиликка,

Билдирмасдан юрар бардошда.

Дарсдан кейин ўша муаллим,

Томорқасин шургор қилай деб,

Бир трактор ёнига борса,

Шогирд турар кўкрагин кериб.

– Э, домулло,– депти шогирди,

Муаллимин дардини тинглаб.–

Сиз мактабда “3” қўйсангиз ҳам,

Пул топяпмиз, мана, биз минглаб.

“5” баҳони тутгансиз дариғ,

(Энди билсам, қилгансиз савоб!)

Қани ҳозир беш юз сўлкавой,

Узатсангиз берурман жавоб.

Аросатда қолиб муаллим,

Сўнг, ахийри кўнибди шартга.

Эртаси кун омборга бориб,

Йўлиқибди каттароқ “дард”га.

– Эй, устозим,– дер бошқа шогирд.–

Мактаб бошқа, бошқа-ку ҳаёт.

Дейлик, сизга уруғ керакми?

“Қуруғи”дан чўзингиз, ҳайҳот…

Тепа сочи тик бўлиб устоз,

Дашном берар ўз шогирдига.

Лек пул деган савил бор жойда,

Сув юқарми унинг сиртига.

Аксга олиб шўрлик муаллим,

Қолаёзди шунда уруғдан.

Сўнг, ул собиқ ўқувчисига,

Узатибди-ку “қуруғи”дан…

Бозор деган иқтисодиёт,

Нарх-навоси турмас ўзгармай.

Омбор мудир бўлган йигитча,

Муаллимга сўз қотар шундай:

– Асабимни қўйдингиз бузиб,

Бу орада ўзгарди бозор.

Энди ўнг минг сўлкавой керак,

Бўш кўнглимга бермангиз озор…

Арзимаган ярим қоп уруғ,

Баттар нархи ошиб кетмасдан,

Муаллим ҳам олиб жўнади,

Шогирдидан қайтим олмасдан.

* * *

Майса қурғур ўсмайди сувсиз,

Энди кетмон тушар елкага.

Бироқ, мироб бўлган шогирди,

Дейди нуқул: келинг эртага.

Ваъдабознинг эртаси қурсин,

Қуриб битди ахир экини.

Муаллимин дардини тинглаб,

Шогирди дер:

– Йўқда текини…

* * *

Бир бош сигир боқиш ҳам ташвиш,

Пичан керак унга кун бўйи.

Томорқасин ночорлигидан,

Ортиб борар муаллим ўйи.

Элга қараб иш тутиш фарздир,

Замонга боқ, боқмаса замон.

Тунда ўроқ олиб муллим,

Жўнар фермер бедаси томон.

Бошқалар ҳам тонггача тинмай,

Фермер мулкин хомталаш қилар,

Лек муаллим иши юришмай,

Қўлга тушди энди не бўлар?

Омадми ё ғирт омадсизлик,

Қаршисида турар шогирди.

Бедазорга қоровул бўлган,

Бу йигитнинг не экан дарди?

Тўполончи эди мактабда,

Муаллим хўб адабин берган.

Директорнинг хонасига ҳам,

Жазо бермоқ-чун сургаб кирган.

Хотираси қурсин шогирднинг,

Бедазорда эслаб шу гапни,

Муаллимин қўлидан тутиб,

Тўкиб-солди гина-кудратни:

– Қайтар дунё экан, домлажон,

Худо ўзи бошқарди йўлга.

Мактабда хўб хуноб бўлгандим,

Мана, сиз ҳам тушдингиз қўлга.

Бир ҳовуч бўр ўғирлаган-чун,

Таъзиримни егандим роса.

Муаллимжон, қозихонада

Қиламиз-да энди муроса…

* * *

Қуриб кетсин дунёнинг иши,

Бормикин ҳеч асли тўғрилик.

Имкон топса баъзилар дарҳол,

Қилар гоҳо-гоҳо ўғирлик.

Ўғирликнинг тоифаси кўп,

Катта-кичик ўғри бор бешак.

Лек қопқонга тушгани ҳисоб,

Бошқа маҳал келтирманг ҳеч шак.

Муаллимин бошлаб қоровул,

Олиб келди қозихонага.

Бир боғ пичан учун у шўрлик,

Ботар энди хўб ғамхонага…

Буни қаранг, худо ёрлақаб,

Шогирдига дуч келди яна.

Буниси-чи, қози-калондир,

Одил суд бўп ўлтирар, мана!

Қози мутлоқ қилмади қўрслик,

Одоблилар бордир хайрият.

Сипо бўлиб дер муаллимга:

– Устоз, бизда йўқмас орият.

“Олтин медаль” олар чоғимда,

Топгандингиз ўзингиз чора.

Эсингизда бўлса мен дангал,

Берган эдим минг сўмча пора…

Майли, бу сир қолсин ўртада,

Аммо дунё – қайтар дунёда.

Бирни олсанг ҳаётда албат,

Қайтириши шартдир зиёда.

Обрўйимдан ажраб қолмайин,

Десангиз гар

чўзинг миллион.

“Олтин медаль” бермас бу пулга,

Ҳатто номин дейишар “лимон”.

Ҳожат йўқдир тушунтиришга,

Қолмас баъзан пулнинг ҳам қадри.

Кимга керак меҳру оқибат,

Ҳозирча пул – шогирдлар дарди!..

* * *

Асли ҳазил эрур ҳангомам,

Шундоқ гаплар бўлиб қоларкан.

Неки экса ҳаётда инсон,

Фақат шуни ўриб оларкан…

 

Тўлқин ЭШБЕК

1993 йил

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *