Муаммолар ҳал этилади
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Бу йил куз серёмғир келмаган бўлса-да, Ўзбекистон Миллий университети тасарруфидаги 18-талабалар тураржойида қатор муаммолар кузатилди. Бино томидан чакка ўта бошлади. Иситиш тизимида узилишлар бўлди. Бироқ тураржой маъмурияти муаммони ўз вақтида ҳал этиш юзасидан етарли чора кўрмади. Талабалар кенгашиб, бу масала бўйича ректорнинг виртуал қабулхонасига мурожаат этишга қарор қилишди. Шу йилнинг 12 ноябрь куни талабалар номидан тарбиячи-ўқитувчи Бунёд Орзиқулов мавжуд вазиятни баён этиб, rector@nuu.uz электрон манзилига хат йўллади. Мурожаатдан сўнг уч кун ичида бинода таъмирлаш ишлари олиб борилиб, талабалар тураржойи қишки мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
Хоразмлик Расул Ҳожиев Урганч давлат университетини тугатгач, магистратурада ўқишни давом эттириш учун пойтахтга келди. Ўзбекистон Миллий университети талабалари сафидан жой олган йигит уйдан узоқда таълим олишнинг ўзига хос иқтисодий қийинчиликларини кейин билди. Серфарзанд оиладан чиққани боис Расул ижара уйда яшаш имконини тополмади. Университет ётоқхонасидан эса, биринчи навбатда, чин етим, ота ёки онаси(боқувчиси)ни йўқотган, тўлов-контракт асосида ўқиётган ва моддий жиҳатдан қийналган талабаларга жой берилади. Магистрантлар бу имкониятга деярли эга эмас. Шу боис Расул Ҳожиев ректорнинг виртуал қабулхонасига ўзининг оилавий шароити ҳақида батафсил ёзиб, талабалар тураржойидан жой олишга ёрдам сўради. Тез орада махсус комиссия магистрантнинг оилавий шароитини ўрганиб, мурожаатини қаноатлантирди.
— Ректор виртуал қабулхонасининг ташкил этилиши ўқув-тарбия жараёнидаги кўплаб тўсиқларни бартараф этиб, турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш, университет фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, — дейди Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов. — Ҳар бир факультет ва талабалар тураржойи кириш жойларига ректор виртуал қабулхонаси электрон манзили ва ишонч телефони рақами илинган. Олдин аудитория ва деканатдан берига ўтмаган масалалар энди тўғридан-тўғри ректоратгача келиб, ечимини топмоқда. Айниқса, қабул жараёнида ота-оналар ва абитуриент¬ларнинг кўплаб саволларига жавоб беришда бу тизим самара берди. У орқали ҳатто хизмат сафари пайтида ҳам онлайн мулоқот олиб бориш, сайтнинг ҳолатини кузатиш мумкин. Айниқса, сентябрь ойида мурожаатлар ниҳоятда кўп бўлди. Бир кунда 57 тагача мурожаат келиб тушди. Уларда асосан қабул жараёни, қўшимча қабул шартлари, ўқишни тиклаш, стипендия, талабалар тураржойига жойлашиш, ундаги шарт-шароитларни яхшилаш каби масалалар кўтарилган. Семестр охирида ўқув ва баҳолаш жараёни бўйича мурожаатлар кўпая¬ди. Уларни вақтида ҳал этиш учун ҳужжатлар ижросини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими йўлга қўйилган. Унга кўра назорат карточкаси очилиб, масалани қонунчиликда белгиланган муддатда кўриб чиқиш учун масъул ходим ва ижрочи белгиланади.
Конституциямизнинг 35-моддасида “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”лиги қайд этилган. Турли маънавий-маърифий тадбирларда талабаларга ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади. Жумладан, мурожаат этиш ихтиёрийлиги, унинг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига зид бўлмаслиги, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги кераклиги уқтирилади. Энг муҳими, ахборот соатларида ректорнинг виртуал қабулхонаси фаолият олиб бораётгани ҳақида мунтазам маълумот берилмоқда.
— Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Конс¬титуцияси ҳамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланиши ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт, — дейди ҳуқуқшунос Гули Яҳёева. — 2017 йилнинг шу кунига қадар Ўзбекистон Миллий университети ректорига келиб тушган олти юзга яқин мурожаат ҳам шундай белгиланган тартибда ҳал этилган. Шундан 151 таси rector@nuu.uz электрон манзилига келган мурожаатлар бўлиб, уларнинг 107 таси ариза, 24 таси шикоят ва 20 таси таклифлардан иборат. Мурожаатларнинг 111 таси бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган, 40 та мурожаат ижобий ҳал қилинган. Рад этилган, такрорий йўлланган мурожаатлар йўқ. Университет ваколати доирасида ҳал этилмайдиган масалалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳавола этилиб, бу ҳақда мурожаат этувчи хабардор қилинган.
Виртуал қабулхонага мурожаат қилган фуқароларнинг талаби қай даражада қондирилаётгани уларнинг миннатдорлик билдирилган мактубларида ўз аксини топган. Жумладан, Саидбобур Саидмуродов, Дилшод Шодиев, Феруза Расулова, Дилафрўз Ҳошимова иккинчи мутахассисликда таълим олиш бўйича мурожаати ижобий ҳал этилганидан мамнун. Талабалар ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида доим ҳам эшик қоқиб, ботиниб ректорга айта олмайди. Ректорнинг виртуал қабулхонаси бу жараёнда мулоқот учун кўприк вазифасини бажармоқда.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири
http://marifat.uz/marifat/ruknlar/Xalq_bilan_muloqot/892.htm
6 / 12 / 2017
Сўнгги фикрлар