«Мурожаатнома – ёшлар нигоҳида»
Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида
«Мурожаатнома – ёшлар нигоҳида» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон “Миллий Тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар Яккасарой туман кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда университет Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Акмал Икромов, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилари маркази аъзоси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, халқ депутатлари Олмазор туман кенгаши депутати Тўлқин Эшбек, ЎзМТДП Тошкент шаҳар Кенгаши Ёшлар масалалари бўйича мутахассиси Наргиза Номозбоева, ЎзМТДП Яккасарой туман Кенгаши етакчи мутахассиси Шоҳиста Амирова ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўз юритдилар.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган бу йилги Мурожаатномаси ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келди.
“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурига мувофиқ янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча соҳаларда ислоҳотларни қатъий давом эттирилди.
2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди. Кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил давомида 2 баробар ортиб, 60 фоизга етди. Боғчалар сони эса 3 баробарга кўпайиб, 14 мингдан ошди.
Бу йил олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди.
Эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юртларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилинди.
Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этди. “Иқтисодий эркинлик” рейтингида ҳам мамлакатимизнинг 26 поғона кўтарилди.
2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигига 30 йиллигини “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида кенг байрам қиламиз.
Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.
“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида ислоҳотларни амалга оширамиз.
2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилди.
Янги йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.
Олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади.
Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилади. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади.
Ҳозирги вақтда ёшлар энг нуфузли олийгоҳларга кириш учун интилади, лекин олий ўқув юртлари ўртасида билимли ва иқтидорли ёшларни жалб қилиш бўйича рақобат йўқ. Шу сабабли хусусий олийгоҳларга ҳам зарур мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйилади.
Олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилади. Шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилади.
Нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтирилади.
Шу муносабат билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизларимиз юборилади. Кейинги йиллардан уларнинг сони 2-3 баробарга кўпайтирилади.
Янги йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилади ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилади.
Илғор халқаро амалиёт асосида доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилади.
Буюк мутафаккир шоиримиз Мир Алишер Навоий ўз даврида ёшларга мурожаат қилиб, “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, деб ёзганлар. Чиндан ҳам, одамларга қуёшдек беминнат нур таратишни, яхшилик қилишни истайдиган инсон, камолотга интилиб, турли илм ва касб-ҳунарларни ўзлаштириши лозим.
Мурожаатномада баён этилган бу каби эзгу мақсадлар талаба-ёшларни бефарқ қолдирмайди, албатта.
Ошкора мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида аълочи ва фаол талабалар ҳам ўз муносабатларини билдирдилар.
Тадбир сўнггида бир гуруҳ фаол талабалар ЎзМТДП эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ЎзМТДП Яккасарой туман Кенгаши Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар