“Мустақиллик дарси”

Янги ўқув йили “Мустақиллик дарси” билан бошланиши ўзига хос

анъанага айланган. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган бу йилги дарслар ҳам Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида ЗООМ дастури орқали юксак савияда ташкил этилди. Яъни, “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! ” шиори остидаги онлайн “Мустақиллик дарси” талабалар қалбида то абад муҳрланиб қолса ажабмас.

1 2

ЎзМУ Журналистика факультетида факультет декани Маҳлиё Мирсоатова бу кун ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқаргани, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклагани билан улуғ, мўътабар эканини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлаётгани, фарзандларимиз келажагига мустаҳкам замин яратаётгани билан азиз ва мукаррамдир.

Мамлакатимизда мустақиллик шукуҳи кезиб юрган бугунги кунда ёшларимиз онгида Ватанни қадрлаш, шукроналик, меҳр-муҳаббат руҳини сингдирувчи “Мустақиллик дарслари”ни ҳар йили аньанавий равишда ўтказилиб келинади. Коронавирус пандемияси туфайли “Мустақиллик дарслари” бу йил биринчи марта масофавий тарзда ташкил этилди.

“Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! ” шиори остида ўтказилган онлайн “Мустақиллик дарслари” да қуйидаги фикр-мулоҳазалар баён қилинди.

“Инсоният тараққиётининг ҳар бир даврида унинг тафаккур тарзига хос тил ҳам замонга мослашиб, ўзгариб такомиллашиб, бойиб бораверади. Муаян даврда фаол муомалада бўлган сўзлар кейинчалик ўз ўрнини янги даврга мос тил бойликларига бўшатиб бераверади. Шу тариқа тил тараққиётида тадрижий жараён кечади. Бинобарин тил тараққиётнинг бутун жозибаси-ю латофатини келгуси авлодларга етказувчи асосий восита – унинг бадиий адабиётидир деб  ёшларда Она Ватанга муҳаббат адабиётни севиш орқали намоён бўлади”,- дейди кафедра профессори Ёқутхон Маматова.

Журналистика кафедраси доценти Шавкат Миралимов ўз сўзида, Мустақиллик байрамини алоҳида шиор остида нишонлаш анъанага айланиб қолгани ва шиорлар одатда бутун жамиятни, ижтимоий фикрни ўзида жамлагандагина, фуқароларни ягона мақсад йўлида бирлаштирган ва янги зафарларга йўналтира олгандагина реал кучга айланиши мумкинлигини таъкидлади.

2

“Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек, мамлакатимиз ва халқимиз шу йилнинг бошида ўз олдига улкан мақсадлар қўйган эди. Бироқ, бутун дунёга тарқалган коронавирус инфекцияси март ойида юртимизга кириб келгани, кейинчалик Бухоро вилоятидаги қаттиқ шамол, Сардобадаги сув тошқини талофатлари барча режаларимизни ўзгартириб юборди. Бугун тождор вирус Ўзбекистон халқини қийин синовдан ўтказмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу қийинчиликлар олдида халқимиз довдираб қолмади. Аксинча, халқимиз ана шундай оғир қийинчиликлар даврида жасорат, аҳиллик ва бирликнинг том маънодаги намунасини кўрсатди.

Бу бежиз эмас эди. Чунки халқимиз узоқ минг йилликлар даврида қанчадан-қанча қийинчиликлару, оғир синовларни кўрмади, дейсиз! Айниқса, халқимизнинг миллий мустақиллик, ўз озодлиги, ор-номуси йўлида олиб борган курашлари бунга далилдир”- дейди Журналистика факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Равшан Омонов.

Доцент Ахмаджон Мелибоев ўз маърузасида “Бугун Мустақиллигимиз байрамини муносиб равишда нишонлар эканмиз, биз барчамиз Ватанимиз ва халқимизнинг узоқ ва яқин тарихига, унинг истиқлол каби муқаддас туйғу учун минг йиллар давомида олиб борган курашлари тарихига назар ташлашимиз аслида бугунги доруломон кунлар учун ўз жони ва қонидан кечган минглаб юртпарварлар руҳини шод қилиш билан баробар” экани ҳақида атрофлича сўз юритди.

Журналистика кафедраси мудири, доцент Тўлқин Эшбеков ўз сўзида бугун муқаддас байрамимиз бўлган мустақиллик айёмини нишонлар эканмиз, биз албатта уларнинг мамлакат ва миллат олдидаги хизматлари олдида бош эгиб, таъзим қилишимиз, уларнинг руҳи-покларига дуолар қилишимиз лозимлигини айтди. Шунингдек, Мамлакатимизда мустақилликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадам 2016 йилдан бошланди десак муболаға қилмаган бўламиз. Бошқача сўз билан айтганда, биз бугун барчамиз енгни шимариб, “Янги Ўзбекистонни” барпо этишга киришдик, унинг мустаҳкам заминини ярата бошладик, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда бир неча ўн йиллар давомида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар бажарилди. Ўзбекистон том маънода миллий тикланишдан миллий юксалиш сари юз тутганини таъкидлади.

Шунингдек, Мустақиллик йўли текис, равон эмас. Унга эришиш жуда қийин. Мустақилликни мустаҳкамлаш эса ундан ҳам мураккаб. Биз ҳозир ана шу мураккаб, айни пайтда ўта масъулиятли вазифани бажармоқдамиз. Энг муҳими, бугун барча ватандошларимиз буюк ва муқаддас туйғу бўлган мустақиллик неъматларидан баҳраманд бўлмоқда. Бу йўлда барчамиз елкама-елка бўлиб, янада жипслаша олсаккина мазкур феномен ҳодиса учун жон фидо қилган миллатпарварларимиз, истиқлолчиларимиз руҳи шод бўлади, бугунги авлод биздан рози бўлади, келажак учун, миллий тараққиётимиз учун эса мустаҳкам пойдевор қурган бўламиз деган фикрларни айтиб ўтишди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган “Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган ушбу “Мустақиллик дарслари”да мустақил Ўзбекистонимизнинг шонли тарихи, истиқлол даврида амалга оширилган муваффақиятлар ва эришилган ютуқлар ҳусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, “Мустақиллик дарслари” доирасида талаба-ёшларимизга онгига  ватанпарварлик руҳини сингдириш мамлакатимизда ривожланган демократик жамиятни барпо этиш, ватанга содиқ, юрт келажаги ва тараққиётига даҳлдор, юксак маънавиятли, қатъий эътиқодга ва мустақил фикрга эга бўлган, фуқаролик бурчини чуқур хис қиладиган баркамол авлодни тарбиялашимизда жудда катта аҳамият касб этади.

Университетда карантин ҳолатига қарамасдан факультетда “Сен-қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган онлайн “Мустақиллик дарслари” жудда катта байрамона  кўтаринки руҳда ташкил қилинди. Мустақиллик дарсида ватанимизда бўлаётган ўзгаришлар хақида ахборотлар берилди.

Талабалар билан онлайн мулоқот сўнгида Факультет декани Маҳлиё Мирсоатова Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги айёми билан барчани самимий муборакбод этди ва факультет жамоаси ва талабаларига сиҳат-саломатлик, хонадонларига файз-у барака ва фаровонлик тилади.

Мустақиллик қадри боқий, байрам шукуҳи файзли, истиқлолимиз абадий бўлсин.

 

Равшанжон ОМОН,

ЎзМУ Журналистика факультети деканининг

Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *