Камолотнинг ойдин йўли

Ватан равнақи йўлида бирлашган ёшлар буюк келажак сари дадил қадам ташлайдилар!

Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан шу йил 21-25 июль кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Камолот ёшлар оромгоҳи”да “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич ташкилот етакчилари IV республика Форуми ўтказилмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, “Камалак” болалар ташкилоти раиси Сарвар Ашуров, Халқ таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Жамолиддин Камолов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Тошпўлат Холиқов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ахборот хизмати раҳбари, Журналистика факультети доценти, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорининг тарихий аҳамияти ва бу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритдилар. Улар халқимиз Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ҳар биримиз учун катта шараф эканлиги ҳамда байрам олдидан маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

“Ватан равнақи йўлида бирлашайлик!” шиори остида ташкил этилган мазкур форумдан асосий мақсад – етакчилар ўртасида ўзаро фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш, келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш ҳамда бошланғич ташкилотлар фаолиятини янги сифат босқичига олиб чиқишдан иборат.

Республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири сифатида ҳозирги кунга келиб 4,1 миллион ёшларни эзгу мақсадлар йўлида ихтиёрий бирлаштирган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда фаолият олиб бораётган ёшларнинг ташаббуслари билан ташкил этилган 15 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотига эга.

Умумий ўрта таълим мактабларида Ҳаракатнинг 9603 та бошланғич ташкилотлари тузилган бўлиб, улар 1,8 миллионга яқин “Камолот” аъзолари ҳамда 2 миллионга яқин “Камалак” аъзоларини ўз атрофида бирлаштирган. Умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич ташкилотлар жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ёшлар онги ва қалбига миллий истиқлол ғояларини сингдириш, уларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, ёшлар ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, уларнинг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқариш, ижтимоий фаоллигини оширишда кўмаклашади.

Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Васийлик Кенгашининг 2015 йил 10 декабрдаги 65-сонли мажлис баёни билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ, жорий йилнинг март-июнь ойларида Ҳаракатнинг умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич ташкилот етакчиларининг ҳудудий ўқув-семинарлари ҳамда “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг қуйи босқичлари ўтказилди.

“Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг маҳаллий босқичида 6880 нафар бошланғич ташкилот етакчилари иштирок этди.

“Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари фаол иштирок этган 140 нафар намунали бошланғич ташкилот етакчилари Ҳаракатнинг умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич ташкилот етакчиларининг республика Форумида иштирок этишга йўлланма олди. Ҳудудий босқичда 1-ўринни қўлга киритган (ҳар бир ҳудуддан биттадан) жами 14 нафар бошланғич ташкилот етакчиси кўрик-танловнинг Республика босқичида иштирок этди.

Форум доирасида иштирокчилар билан турли мавзуларда маҳорат дарслари, бошланғич ташкилотлар кўргазмаси, интеллектуал ўйинлар, маданий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.

Форум доирасидаги “Таклиф-ташаббуслар”, “Истеъдодли етакчи”, “Етакчилар театр томошалари” танловлари орқали етакчилар ўз иқтидор ва қобилиятларини намойиш этишди. Ўтказилган амалий машғулотлар давомида етакчилар томонидан умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этиладиган “Камолот” деворий газетаси ва “Камолот” радиоси намуналари яратилди ҳамда Ҳаракатнинг Устави, Дастури ва бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

“Энг намунали бошланғич ташкилот” танловининг республика босқичида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Халқ таълими вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши экспертларидан таркиб топган ҳайъат аъзолари олдида ўзларининг энг илғор тажрибаси ёки лойиҳаси бўйича тақдимотлари билан иштирок этишади. Шунингдек, иштирокчилар ижтимоий-сиёсий, маънавий соҳа ҳамда Ҳаракат фаолиятига оид саволларга жавоб бердилар. Экспертлар гуруҳи тақдимотларни баҳолашда бошланғич ташкилотга таълим муассасасида яратиб берилган шарт-шароитлар, ёшлар билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда етакчининг шахсий ташаббуслари, билим ва кўникмаси, етакчилик салоҳиятига алоҳида эътибор қаратадилар.

Танлов якунида 1-,2-,3-ўринни қўлга киритган ва фаол иштирок этган бошланғич ташкилот етакчилари ҳамкорлар томонидан қимматбаҳо совғалар (планшет, китоблар тўплами) билан рағбатлантирилади.

***

бус10 бус2 бус3 бус4 бус5 бус6бус9

Форум доирасида Халқ таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Жамолиддин Камолов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги ўқув-услубий маркази нодавлат таълим муассасаси тренерлари Ўткир Маҳкамов, Бахтиёр Умаров, психолог Зилола Хўжамбердиева ва бошқалар тингловчилар билан турли мавзуларда мулоқотлар ўтказдилар.

бус7

бус8

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбек ҳар бир мураббий аввало ўқимишли инсон бўлиши зарурлиги ҳақида сўз юритди. Маърузачи таъкидлашича, ўқимишли инсон ҳар қандай гапини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир. Ўқимасдан гапирган одам хатоликка йўл қўйиши кўп кузатилган. Маълумки, ҳар бир фикр ёки сўзнинг қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, интервьюларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Маънавият бобида сўз юритганда ҳам аввало унинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказишини маърузачи қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиасидан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик сўзларнинг ҳам мазмун-моҳиятини тушуниб олиш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилиб турган зиёли ютқазмайди.

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда аввало тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир. Суҳбат асносида маърузачи сўнгги пайтларда “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзи кимсалар “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини, ваҳоланки, “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилганини изоҳлаб берди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг яқинда нашр этилган “Сўз латофати” китобида ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган.

Бустон1

“Устоз – отангдан улуғ” деган мақол аслида ҳар бир педагог-мураббий учун улкан масъулиятни англатади. Яъни, улар илму маърифатда ҳам, кийиниш, юриш-туриш маданиятида, маънавий баркамолликда ҳам ёш авлодга намуна кўрсата олиши шарт!

Маърузачи Юртбошимиз асарлари ҳақида сўз юритишдан аввал уларнинг мазмун-моҳиятини теран англаб олиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Айтайлик, юртимиз истиқлоли йилларида бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин ва теран фикр-мулоҳазалар “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ўз ифодасини топган. Бу асарни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди.

Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини том маънода англашда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари ғоят муҳим манба ва таъбир жоиз бўлса – ишончли қўлланма, дейиш ўринлидир. Бу асарни қанчалик чуқур ўргансангиз, шу қадар маънавий юксакликка эришавераверасиз, деди маърузачи.

Она юртимиз бахту иқболи – маънавий-маърифий суҳбатларимиз бош мавзусига айланган. Она Ватанимизнинг буюк келажаги йўлида хизмат қилиш ҳар биримиз учун – энг олий саодатдир! Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китоби мазмун-моҳиятини пухта ўқиб-ўрганиш лозим. Давлатимиз раҳбарининг мазкур китоби давримизнинг ўзига хос солномаси бўлган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Эътибор берган бўлсангиз, муҳтарам Юртбошимизнинг турли йилларда чоп этилган китоблари номларидаёқ ўша даврдаги ҳаётимиз, бошимиздан кечирган воқеа-ҳодисалар моҳияти акс этганини англайсиз. “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг”, “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли”, “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат”, “Буюк мақсад йўлидан оғишмайлик”, “Ислоҳотдан мақсад халқ турмуш даражасини юксалтиришдир”, “Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин”, “Бунёдкoрлик йўлидан”, “Янгича фикрлаш – давр талаби”, “Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан”, “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”, “Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз”, “Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз”, “Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак”, “Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли”, “Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ”, “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди”, “Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир”, “Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида”, “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари”, “Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш – мамлакатимиз тараққиётининг асосий мезонидир”, “Мамлакатимизни янада обод этиш ва модернизация қилишни қатъият билан давом эттириш йўлида” “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”…

Бу китоблар номида ҳам, уларнинг замирида ҳам ўша даврдаги воқеликлар ўз аксини топган. Мана энди бугунги дориломон кунларга хос-у мос китоб: “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир”. Давлатимиз раҳбарининг бу янги китобида Она юрт бахту иқболи ҳақида фахр билан сўз юритилмоқда! Буюк келажагимиз йўлида хизмат қилиш – энг олий саодат эканлиги ҳақидаги фикрлар ҳар биримизга ғурур бахш этади.

Шуни фахр-ифтихор билан айтиш жоизки, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобининг бош қаҳрамони – муаллифнинг ўзлари, Президентимиз Ислом Каримов бўлса, асосий қаҳрамонлари – Юртбошимиз атрофига жипслашиб Ватан равнақи учун астойдил хизмат қилаётган заҳматкаш халқимиз, мўл-кўл ҳосиллар етиштираётган бободеҳқонлар, серҳосил боғлар яратаётган боғбонлар, замонавий бинолар барпо этаётган бунёдкорлар, равон йўллар қуришаётган йўлсозлар, борлиққа нур таратаётган энергетиклар, узоқ манзилларни яқин қилишаётган ҳаво кемаларидан тортиб поезду автомобилларгача бошқариб келишаётган фидойилар, зиёлилар, олимлар, ихтирочилар, санъат ва маданият ходимлари, пиру бадавлат отахону онахонлар, камол топаётган ёшлар ва барча эзгу ниятли замондошларимиздир!

Ушбу китобда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш, жумладан, ижтимоий соҳалар – таълим-тарбия, илму фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, жамиятимизда аёллар, кексалар ва ёшларнинг ўрни, уларга янада қулай шароит ва имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалалар; ҳар бир ҳудуд ва минтақа бўйича яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган режалар, устувор лойиҳалар; қадимий ва янги тарихимиз ҳақида, собиқ советлар тузуми моҳиятини фош этадиган мисоллар, бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида бу тузумни тиклашга бўлаётган ҳаракатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлари ҳар томонлама пухта асосланган ҳолда баён қилинган. Китобда баён этилган кўплаб воқеа-ҳодисалар мустақил Ўзбекистонимиз, халқимизнинг янги тарихини ўрганишимизда ғоят қимматли манбадир.

Ўтмишини унутган халқнинг келажаги қандай бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борадаги билим ва маънавий оламимизни янада бойитиш учун ҳаётга теран нигоҳ билан боқиш билан бир қаторда ушбу мавзудаги ишончли манбаларни, китобларни чуқур ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

Бу китобнинг асосий мазмун-моҳияти унинг мундарижасидан ўрин олган мавзуларида ўз ифодасини топган. Китобга битилган сўзбошида қайд этилганидек, 2015 йил 29 март куни юртимизда улкан сиёсий воқеа Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Бу ҳакда сўз юритганда, аввало, ҳар томонлама юқори савияда, муқобиллик асосида ўтган бу сайлов мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида яна бир муҳим, ҳал қилувчи босқич бўлиб, халқимизнинг ўз кучи ва салоҳиятига бўлган ишончи нақадар мустаҳкам экани, унинг сиёсий-ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги, Ватанимизнинг бугунги ва эртанги такдири учун дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётганини амалда яққол намоён этганини таъкидлаш лозим.

Мазкур тўпламнинг бош ғоясини қуйидаги сўзларда мужассам бўлган энг муҳим ўзак фикр ташкил этади: «Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтда «Эртага ким бўлишимиз. кандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим». Китобда шундай ёндашув асосида мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўли теран таҳлил қилиниб, бу ҳаётий саволларга чуқур ва ҳаққоний жавоблар берилган.

Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўзида мужассам этган ушбу китоб биз учун аввало янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини яна бир бор кашф этишга асос бўлади. Шу билан бир қаторда бу асар жамиятимиз тараққиёт фалсафасини, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб берадиган муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, эртанги кунга умид ва ишонч туйғуси билан қарайдиган барча замондошларимиз, айниқса, дунёқараши муносиб шаклланаётган ёшлар давлатимиз раҳбарининг бу китобини зийраклик билан ўқиб ўрганишлари мақсадга мувофиқдир.

Ҳар қандай китобни ўқиш билан бирга унинг мазмун-моҳиятини теран уқиб олиш учун у ҳақда жонли мулоқотлар жуда муҳим ўрин тутади. Маънавият тарғиботчиси бўлган педагог ходимлар “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобида баён этилган эзгу ғоялар моҳиятини теран англаган ҳолда эл ичра маънавий нур ва зиё таратишни ҳам олий саодат деб биладилар.

Мустақил тараққиёт йўлимизнинг теран таҳлили

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” ва “Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир” номли китоблари “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилгани ҳақидаги хушхабарни кенг жамоатчилигимиз катта қизиқиш билан кутиб олди. Президентимизнинг бу китоблари мазмун-моҳиятини ўрганиш ҳақида ҳам атрофлича сўз юритар экан, маърузачи мазкур асарлар истиқлол йилларида мамлакатимиз қандай оғир ва мураккаб, шу билан бирга шарафли йўлни босиб ўтгани, мустақиллик йилларида барча вилоятларда буюк ўзгаришлар содир бўлганини чуқур англашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Маълумки, давлатимиз раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида шу йил 30 июнь-1 июль кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб, мазкур вилоятларнинг фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, самимий суҳбатлашди. Ушбу китоблардан ана шу суҳбатлар пайтида Юртбошимиз томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрин олган бўлиб, уларда нафақат Сурхон ва Қашқа воҳалари, балки бутун мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги тараққиёти, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни, обод ва фаровон ҳаётни янада мустаҳкамлаш ва қадрига етиш, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш, бунёдкорлик ишларини янги босқичга кўтариш, ёшларимизни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш каби ўта муҳим ва долзарб масалалар бўйича фикр юритилади.

Мазкур вилоятларнинг ўзига хос табиати, улкан иқтисодий ва инсоний салоҳияти, бетакрор қадрият ва анъаналари, Сурхондарё ва Қашқадарё заминининг мард ва олижаноб инсонлари тўғрисида Юртбошимиз катта меҳр ва ғурур туйғулари билан фикр юритади. Ушбу китобларда тарихан қисқа муддатда Термиз, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб, мамлакатимизнинг энг йирик, жадал ривожланиб бораётган иқтисодий ва маданий марказларига айлангани аниқ мисоллар асосида таҳлил этилади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудуд ва минтақалари сингари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам улкан ўзгаришлар рўй бергани мазкур китобларда алоҳида таъкидланади. Мустабид тузум даврида асосан пахта хомашёси етиштириш билан чекланган бу воҳаларда бугунги кунда замонавий технологиялар билан жиҳозланган йирик саноат корхоналари, коммуникация тармоқлари фаолият кўрсатаётгани, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланиб, қишлоқ ва шаҳарлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси, онгу тафаккури, дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётгани ва бундай ютуқлар замирида мужассам бўлган омиллар ҳақида теран фикр-мулоҳазалар баён қилинади.

Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам улкан янгиланиш ва ўзгаришлар рўй бермоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси юксалиб бораётир. Бир вақтлар фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирган бу вилоятларда бугун саноат, кичик бизнес, маданият, туризм ва бошқа соҳалар жадал ривожланмоқда. Мазкур китобларда тадбиркор ва фермерларнинг фаолиятига юқори баҳо берилиб, келгусидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтилган. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришида замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш, истиқболли навларни экиб, ҳосилдорликни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу мақсад ва вазифалар барчамизга улкан масъулият юклайди.

Ҳажман кичик, лекин мазмунан чуқур бу китобларни “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради. Мухтасар айтганда, Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур рисолалари истиқлол йилларида мамлакатимиз қандай оғир ва мураккаб, шу билан бирга шарафли йўлни босиб ўтгани, мустақиллик ҳар бир вилоятимиз, шаҳримиз ва қишлоғимиз, ҳар бир юртдошимиз ҳаётида буюк ўзгаришларга асос ва замин бўлаётганини чуқур англашга хизмат қилади ва ана шу бебаҳо неъматни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга даъват этади.

Форум иштирокчилари Юртбошимизнинг мазкур китоблари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

 Ахтам РЎЗИМУРОТОВ,

Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши

Бошланғич ташкилотлар билан ишлаш бўлими мудири,

Эркин УСМОНОВ,

журналист

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *