МУШОИРА ЭТАДИ ДАВОМ

Шеърият шайдоларига

6eb65eff664e1b07fa503

“Жўшқин мушоира этади давом,

Дўстим, кел сен ҳам”.

Зулфия

 

Яйдоқ новдаларга қайтмоқда барглар,

Ғунча висолига ошуфта булбул.

Парқув булутларнинг устидан шитоб

Кўкламой чоптириб ўтмоқда дулдул.

 

Мушоира қилар ер билан осмон,

Чақмоқлар самога ёзмоқда шеърни.

Харсанглар кифтидан унар қўзигул,

Ҳамал безамоқда ҳар қарич ерни.

 

Ҳамид Олимжоннинг сатрин эслатиб,

Ўриклар тонг пайти бодроқ қовурди.

Яна алдаганча муштоқ шоирин

Ғунчалар ифорин елга совурди.

 

Фақат алдамади садоқатли ёр,

Ўз бағрига олган Ватан тупроғи.

Иккиси учун ҳам сайрга чиқар

Зулфия ўриклар гуллаган чоғи.

 

Ўланчи момолар ўрнатар ўрмак,

Қўшчи боболарим тилида ялла.

“Бу кунларга етган-етмаганлар бор!”

Шу бахтни оламга айтгин баралла.

 

Мушоира они йиғилиб келинг,

“Адиблар боғи”га шоиру шеърхон.

Водий-у воҳадан саломлар айтинг:

Андижон, Бухоро, Хоразм, Сурхон.

 

Еттию етмиш ёш бирдай навосоз,

Баҳрубайт азалдан келган силсила.

Умум мушоира топгайдир оғоз

Сирожжидин Саййид каломи ила.

 

Зулфия Мўмин ва Зебо Мирзодан

Тинглайлик баҳорга олқиш, қасида.

Фароғат Худойқул нозик сатрини

Илғайлик гулларнинг карашмасида.

 

Гулкоса пинҳонлар бол ила атрин,

Қизлар кулгусида – ошиққа тузоқ.

Нажиб лутфлар ила безасин сатрин

Ғайрат Мажид ила Нодир Жонузоқ.

 

Муҳаммад Юсуфдай шеър айтсин Иқбол,

Эркин Воҳидга байт боғласин Шодмон,

Ахир жуда қисқа умр ҳисоби:

Қувончи мисқоллаб, ташвиши – ботмон…

 

Салим Ашур ила Рустам Мусурмон,

Ориф Тўхташ ила устоз Оллоёр.

Эслайлик Аблулла Орифдан яна:

“Бизлар барҳаётмиз, омад бизга ёр!”

 

Қўчқор Норқобил ва Хосият Рустам,

Тортиқ этар сизга «Китоб дунёси»н.

Зулфия изидан шоира қизлар,

Таратиб боришар шеърий зиёсин.

 

Баробарлаб келар кеча ва кундуз,

Бироқ бахт борада баробар, тенг кам.

Жўшқин мушоира этади давом,

Дўстим, келақолгин, келақол сен ҳам!..

 

Тўлқин ЭШБЕК

2024 йил февраль

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *