МУҲАББАТГА КЎМ ДИЛНИ…
Фароғат Худойқулова ноёб истеъдоди ва бетакрор ижоди ҳамда маънавият
бўстонидаги жўшқин фаолияти билан ўзи таҳсил олган маскан – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети фахрига айланган ажойиб шоира! Айни пайтда у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг адабий тарғибот ва тадбирларни уюштириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан яқинда Худайкулова Фароғат Мусурмоновна –«Шуҳрат» медали билан тақдирлангани муносабати билан Журфак жамоаси номидан чин дилдан муборакбод этамиз.
Севимли шоирамизнинг “Куй дилим, суйгулим”, “Айтолмаган сўзларим”, “Ойдинлик”, “Қоятошим”, “Муҳаббатга кўм дилни” каби шеърий китоблари аллақачон мухлислари қалбидан жой олган.
Устоз адабиётшунос олимларидан бирининг таъбири билан айтганда, шеър ёзилганда эмас, шоир юрагидан туғилганда шеър. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Фароғат Худойқулованинг шеърлари ана шундай юракдан туғилган. Унинг ўзи ёзгани каби “Дарди пишиб-пишиб, кечроқ туғилган” шеърлари азиз китобхонлар кўнглида ҳам дард, ҳам шодлик бўлиб зоҳирланади.
Сайтимиз мухлислари эътиборига севимли шоирамизнинг сара шеърларидан ҳавола этдик.
СЕН КУТГАН КУН…
Тўшакларда сўлмагин беҳол,
Олиб чиқай сайри боғларга.
Ҳур шамоллар кўрганда завол,
Ўзинг таскин бердинг тоғларга.
Қай кун, ёруғ юз бўлгин, дея
Мисқол-мисқол сеплар йиққандинг.
Увайсийга қиз бўлгин дея,
Ўзинг секин четга чиққандинг.
Хизматингда шай турай бугун,
Кўкрагингга тегсин шамоллар.
Сен қисматга кўнгандинг нигун,
Энди сенга боқсин замонлар.
Юзингдаги ажин, оқ сочинг
Менга азиз, мен учун кўркам.
Кел бағримга, қизинг бўлибмас,
Онанг бўлиб қучайин, эркам.
Шодликзордан шодликлар териб,
Элтиб берсам этакларимда.
Яна иссиқ нонлар ёпардинг
Ҳақиқатгўй эртакларимда.
Дардга эгма аёл бошингни,
Хастаман, деб пинҳон чекма жон..
Йўлга солиб ой-қуёшингни,
Сен кутган кун келди, онажон…
Сен кутган кун келди, онажон…
БИНАФШАЖОН
Оқтераклар пойлар бедор
Ҳар тун тўлин ойнинг изин.
Тоғлар бошин боғлаб шамол,
Шалоплатар сойнинг юзин.
Бинафшажон, қўлингни бер,
Ўзим билан олиб кетай.
Қадримизга минг етгувчи
Ўшал олис дўстга етай.
Деразангдан чақирсам гар,
Чин дўст, очиқ кўнгил бўлиб,
Ҳаялламай чоп ёнимга,
Қиёматли сингил бўлиб.
Сочларингга ранг берар-ай
Булутларнинг заррин тили.
Кўйлагингни силкитар-ай
Шамолларнинг қадоқ қўли.
Бу дунёни фоний билмай,
Гул тиконин қизғонганлар.
Иккимиздан бахтли эмас,
Иккимиздан сўз тонганлар.
Бахт сув ичган кўнглимизни
Иккиланмай ўтга тутсак.
Баҳор мангу яшаётган
Юрак деган юртга кетсак.
Бинафшажон,
қўлингни бер…
БАХШИ ҚИЗНИНГ ҚЎШИҒИ
Ўртамизда оққан дарё тошқин экан, тошқин экан,
Қирғоғида эсган шамол шошқин экан, шошқин экан.
Дўмбирамни куйга солиб, тўлқинларга нола қилсам,
Тун ярмидан ошган экан, ошган экан, ошган экан.
Бошгинамдан юлдуз ёғди, этаккинам тўлгунича,
Сой бўйида оқ ялпизлар кулгунича, кулгунича,
Ишқдан куйган қора кўнглим, тун кафтида оқарарми?:
Ўлмоғини афзал билиб, ёрдин жудо бўлгунича.
Ҳур қизларнинг асли эдим, қолди зулмат ичра олам,
Зўр қизларнинг асли эдим, заҳардан-да аччиқ жолам,
Эр йигитлар сараси деб, ўйлаганим, жонга жафо,
Эр қизларнинг асли эдим, қилсин алам, қилсин алам.
Тошни отсам тошга тегар, сув юзидан сузиб ўтиб,
Ёрижоним, бахтлимикан, ишқсиз, бағритошга етиб?
Бахтдан масрур боқармикан, бахтимнинг оқ кемасига,
Орзуларим тўғонини бузиб кетиб, бузиб кетиб?…
Тоғда тойчоқ кишнаганда, ётлар билан кетгувчи ёр,
Тўқсон томир титратгувчи додлар билан ўтгувчи ёр,
Нигоҳлари сирларини ошкор этиб, гўшангага,
Карвон-карвон азоб ортган отлар билан етгувчи ёр?…
Ўртамизда оққан дарё тошқин экан, тошқин экан…
МУҲАББАТ
Юлдуздек сочилдим, болдек йиғилдим,
Шабнамдек қизғалдоқ кўксига индим,
Гуноҳга ботдим мен, сенга сиғиндим,
Тирноғимни этдан юлдинг муҳаббат.
Сарғайган хатларда юз очар оқ гул,
Ўшал гул атридан сархушдир кўнгил,
Оҳ, бунча қоронғу сен кўрсатган йўл,
Товонимни тузлаб тилдинг муҳаббат.
Булбул ноласига наво бўлганим,
Тошлар кўчкисига садо бўлганим,
Омон-омон десам, адо бўлганим,
Бевақт ўлим каби келдинг муҳаббат.
Исмимдан, жисмимдан фароғат кетти,
Менга ситам, сенга саодат етти,
Тангрим, қай аҳдимни ижобат этти,
Бир кўрмай, бегона бўлдинг муҳаббат.
ТАЛҚИН…
Мен шеърман…
Дарди пишиб-пишиб, кечроқ туғилган,
Катта давраларда ўқилмаган шеър.
Ўқилмасимданоқ ёққандинг пинҳон
Ёнганимда унсиз ёнди она ер.
Кулим совумасдан, тонгим отмасдан,
Сочиб юборгандинг
Денгизга етдим.
Ва лекин рўй берди, сен кутмаган ҳол,
Қирғоққа урилиб жаранглаб кетдим.
ҲАҚИҚАТ
Мен ҳеч нарса қилолмадим шу—
Чакалакзор дунёни кезиб.
Кўмар мозор тополмадим шу –
Юрагимни севгимдан узиб.
Ҳақиқат,
Лой йўлларинг аро,
Соя борми аёл бошимга?
Сиғмаяпсам сен осмон қадар,
Телба йигирма беш ёшимга.
Йигирма беш йилки ортингдан,
Кўкрак кериб боролмадим мен.
Сен меҳробим,
Сен илтижойим,
Лек сенга дард ёролмадим мен.
Йўлсиз ботқоқ кечдим тентираб,
Аччиқ шароб тутганди ҳаёт.
Балки, ўзимдан мен кечганман,
Сендан кечолмасман Ҳақиқат.
Тутгим келди қўлларингдан-о,
Лек, қўлимдан келмас ҳеч нарса.
Айирмагин йўлларингдан-о,
Оёқларим қайга йўл олса.
Тақдиримни сенга топширдим,
Ва қайтмасман айтар сўзимдан.
Не қилсанг ҳам сен қил, Ҳақиқат,
Фақат мени қутқар ўзимдан.
Не қилсанг ҳам сен қил Ҳақиқат…
ЙЎҚОЛГАН ШЕЪРДАФТАРДАН
“Китоб –Тошкент” поезди жилар,
Ҳавода чайқалиб ингранар очун.
Кутишдан умид йўқ,
Кузатиш ўлим,
Ўзимни батамом унутганим чин.
Поезд тутқичига умрим шиддати
Осила-осила, узилган кезлар.
Юрагим ёшлари кипригимгамас,
Ўтли релисларга тизилган кезлар.
На-да севилмоққа,
На-да севмоққа,
Тўзғин хаёлларим бермаган имкон.
Қўлларимдан ушла, етакла замин,
Нафас олмоғимга ёрдам бер осмон.
Қор ёғса битарми,
Қон оққан ярам?..
Вокзал – кўзларимдай ҳуввилаб борар.
О, унинг кетиши, сўзсиз кетиши,
Иложсиз табибдек кўксимни ёрар.
Шунда ҳам кутаман,
Лекин у ҳақда,
Бирор кимса хабар, бир сўз айтмайди.
Тушимда поездлар қайтар ҳар саҳар,
Лекин у ҳеч қачон қайтмайди.
ОҚ ХАТЛАР
1
Кетдим,
Билмасам-да борар еримни,
Мен севиб юракни олдирдим.
Кўнглимни қолдириб уйнинг ичида,
Калитни қўшнига қолдирдим.
Тишни тишга босинг, борманг ортимдан,
Андуҳга тўлса ҳам кўнгил халтангиз.
Майли, муҳаббатим рангида бўлсин
Унутган кунингиз кийган пальтонгиз.
Майли, шеърларимни сочинг шамолга,
Боғларга улашинг кўйлакларимни.
Туфлиларим артсин бир гард қолдирмай
Соғинчлар тўкилган йўлакларимни.
Фақат сиз мен учун тўкилманг, йўқ-йўқ,
Жавобсиз севгимга ўзимман қурбон.
Ҳар тонг бағрингизга босиб қўйинг жим,
Менсиз ичикмасин яшил соябон.
Ҳар тонг дон улашинг кабутарларга,
Қуёшнинг қўлларин ўпсин деразам.
Атиргул сувига ухланг чўмилиб,
Бўғмасин ўн беш йил олдинги қасам.
Оқ тунлар ошиқсин ҳузурингизга,
Ҳижрон деган уюр оқ отлар борсин.
Бахтимнинг олтинранг аравасида
Гул боғич боғланган оқ хатлар борсин.
Энди осмонимга қайта кўз тикманг,
Кетдим
кўнглингиздан ёмғирдай оқиб.
Сувратимни солманг чўнтагингизга,
Ойнинг ўчоғида юборинг ёқиб…
Кетдим…
Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА
Сўнгги фикрлар