“Муҳокамату-л-луғатайн” ва ўзбек халқ шевалари тадқиқи

Мир Алишер Навоий ҳақида мушоҳада юритганда Биринчи Президентимиз Ислом

Каримовнинг қуйидаги сўзлари ёдга тушади: “…авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони…”

Буюк шоир ХV асрда пойтахти Хирот бўлган Хуросон давлатининг Ҳусайн Байқародан кейин турадиган маълум ва машҳур давлат арбоби эди. У ўзининг она тилиси бўлган туркий (ўзбек) тилни ҳар томонлама мукаммал билган ҳамда уни бошқа тиллар билан қиёслай олган замонасининг тилшунос олимларидан бири ҳам бўлган. Одамда баъзан қуйидаги ҳолат тез-тез бўлиб, билиниб туради, яъни баъзи бир асарларни ўқиганинг сайин нималарнидир ўзлаштириб олиб ва яна нималарнидир англаб, тушуниб бораётган бўламиз. Мана шундай асарлардан бири Алишер Навоийнинг тилшуносликка, аниқроғи, қиёсий тилшуносликка бағишланган асари “Муҳокамату-л-луғатайн”дир[1].

Ушбу асарнинг ёзилган вақти эътиборга олинса, туркий тилнинг минг бир кўринишли сўз шаклларию маъно мўжизалари билан Навоий даҳоси қуёш мисоли чарақлаб турган бўлса-да, баъзилар форсий тилни улуғлаб, “Бу тилдан ўзга тилларда ашъор (ижод қилиб бўлмайди) ёзиб бўлмайди.Туркий тил эса аскарий тил. Аскарий тил бўлгани учун унда нафис, латиф ва сермаъно ғазалларни битиб бўлмайди”, деб юришган бир пайтда бу улуғ шоирнинг мазмуну моҳиятининг бетакрорийлиги билан ажралиб турадиган “Муҳокамату-л-луғатайн” номли асари ёзилганлигини эътиборга олиш керак. Бу фақат ва фақат бошқа тилларни камситмаган ҳолда ўз она тилисини улуғлай олган Алишер Навоийгагина хос бўлган маънавий жасорат намунаси эди.Асарнинг номланиши “Икки тил муҳокамаси” маъносини билдирса-да, бугунги кунгача “Муҳоқамат ул-луғатайн”(4-28-бетлар)ва “Муҳокамату-л-луғатайн”[2] тарзида икки хил ёзилган. Бизнингча, асарнинг иккинчи хил ёзилиши тўғридир.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ХХ асрнинг 60-йилларида тилшунос олимАлибек Рустамов шоир асарларининг фонетикасини махсус тадқиқ қилган[3]. ХХ асрнинг 80-йилларида академиклар Ғанижон Абдураҳмонов ва Алибек Рустамовлар шоир асарларининг грамматикасини махсус тадқиқ қилишган[4]. ХХ асрнинг 70-80-йилларида профессор Худойберди Дониёров ва Дўстмурод Абдураҳмоновлар шоир асарларидаги сўзларнинг жуда кўпчилиги қарлуқ ҳамда қипчоқ лаҳжаларига хослигини унли ва ундошларнинг таҳлиллари асосида кўрсатиб асослашган.

Шоирнинг ҳаётбахш ва ўтли ғазаллари билан, нодир ва дилкашу бетакрор мазмун-моҳиятга эга бўлган достонлари билан бирга ўз ғанимларининг ҳам аламини келтирган бўлса, ушбу асарини ёзиш билан эса не-не ғанимларининг бўлмағур ғийбат гапларини туркий тилга нисбатан гапиришларига бирон бир асос қолдирмаган.Натижада “Таъбир жоиз бўлса, олам-да туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса” (И.Каримов).

Асарни қайта-қайта ўқир эканмиз, айни вақтда бир қанча кишиларнинг “Мен шоирман, ижодкорман”, деб бир ҳовучгина сўзларга ёпишиб олишгани англаб, сезиб борамиз. Алишер Навоий эса ҳам ўз даври учун адабий тил бўлган сарой тилини ҳамда яна шеваларимизнинг бойликлари бўлган диалектал сўзлардан унумли ва ўринли фойдалана олган. Бунга мисол қилиб, ушбу асарида келтирилган “йиғламоқ” сўзининг синонимларига эътибор берсак, шоирнинг бу сўзга келтириб ўтган синоним сўзларнинг қарийиб тенг ярми ўша вақтда ҳам диалектал, яъни шева сўзи ҳисобланган. Қаранг: “қувормоқ ва қуруқшамоқ ва ушармак ва жинжаймоқ ва ўнгдаймоқ ва чекримак ва дўмсаймоқ ва умунмоқ ва ўсанмақ ва игирмак ва эгармак ва ўхранмак ва ториқмоқ ва алдамоқ ва арғадамоқ ва ишанмак ва игланмак ва айланмоқ ва эрикмак ва игранмак ва овунмоқ ва қистамоқ ва қийнамоқ ва қўзғалмоқ ва соврулмоқ ва чайқалмоқ ва девдашимоқ ва қийманмоқ ва қизғанмоқ ва никамак ва сийланмоқ ва танламоқ ва қимирдамоқ ва серпмак ва сирмамак ва ганоргамак ва сиғриқмоқ ва сиғинмоқ ва қилимоқ ва ёлинмоқ ва мунгланмоқ ва индамак ва тергамак ва теврамак ва қингғаймоқ ва шиғалдамақ ва синграмоқ ва яшқамоқ ва исқармоқ ва кўнгранмак ва сухранмоқ ва сийпамоқ ва қораламоқ ва сурканмак ва куйманмак ва инграмоқ ва тушалмак ва мунғаймоқ ва танчиқамоқ ва танчиқолмоқ ва кўруксамак ва бушурғанмоқ ва бўхсамоқ ва киркинмак ва сукадамак, бўсмоқ, бурмак, турмак, томшимоқ, қаҳамоқ, сипқормоқ, чичаркамак, журканмак, ўртанмак,сизғурмоқ, гурпаклашмак, чупрутмоқ, жирғамоқ, бичимоқ, қиқзанмоқ, сингурмак, кундалатмак, қумурмақ, бикирмак, кўнгурдамак, кинаркамак, кезармак, дўптулмоқ, чидамоқ, тузмак, қазғанмоқ, қичиғламоқ, гангирамак, ядамоқ, қадамоқ, чиқанмоқ, кўндурмак, сўндурмак, суқлатмоқ[5].

Ушбу сўзлардан “умунмоқ ва ўсанмақ ва игирмак ва эгармак ва ўхранмак ва ториқмоқ ва алдамоқ ва арғадамоқ ва айланмоқ ва ва овунмоқ ва қистамоқ ва қийнамоқ ва қўзғалмоқ ва соврулмоқ ва ганоргамак ва сиғриқмоқ ва сиғинмоқ ва қилимоқ ва индамак ва тергамак ва теврамак ва сухранмоқ ва сийпамоқ ва қораламоқ ва сурканмактанчиқамоқ ва танчиқолмоқ ва кўруксамак ва бушурғанмоқ ва бўхсамоқ ва киркинмак ва бурмак, турмак, томшимоқ, қаҳамоқ, сипқормоқ, чичаркамак, журканмак, сизғурмоқ, гурпаклашмак, чупрутмоқ, жирғамоқ, бичимоқ, сингурмак, кундалатмак, қумурмақ, кўнгурдамак, кинаркамак, дўптулмоқ, чидамоқ, тузмак, қадамоқ, чиқанмоқ, суқлатмоқ” сўзлари эски ўзбек адабий тилида кам ишлатиладиган сўзлар бўлган. Чунки Алишер Навоий санаб ўтган сўзлар Хуросон давлатининг пойтахти Ҳирот шаҳри яқинидаги ўзбек шеваларида фаол ишлатилганки, уларни шоир жамлаб, йиғиб, ўрганиб, ўрганилаётган асарида келтирилган йиғламоқ сўзининг маънодошлигини “ғариб мақосид адосида”, яъни ингичка маъно нозиклиги билан асослашга интилган: “Бу юз лафздурки, ғариб мақосид адосида таъйин қилибдурларки, ҳеч ҳайси учун сорт тилида лафз ясамайдурларки, барчаси муҳтожун илайҳдурки, такаллум чоғида киши анга муҳтож бўлур[6], яъниким “Бу юзта сўзни ингичка (нозик) мақсадларини ифодалаш учун белгилабдурларки, буларнинг ҳеч бири учун capт тилида сўз ясамабдирлар. Лекин буларнинг барчасига кишининг эҳтиёжи тушади, сўзлашиш чоғида киши унга муҳтож бўлади.[7].

Шоир нафақат бир ерда бўлган, балки тақдир тақозоси билан Абусаид Мирзонинг фармонига мувофиқ Ҳиротдан Самарқандга “ихрож”, яъни сургун қилингач[8], Термиз, Шаҳрисабзу Самарқандни ўз кўзи билан кўрганки, у ерлардаги одамларнинг турлича гаплашишию сўзларининг турлари кўплигини кўриб билган, яъниким туркий (ўзбек) тилнинг шева вакиллари нутқини ўз қулоғи билан эшитган ҳам: “Ва бу сўзнинг танаввуи тааққулдин нари ва тасаввурдин ташқаридур. Агар муболағасиз ижмол юзидин қалам сурулса ва ихтисор жонибидин рақам урулса, етмиш икки навъ била тақсим топарида худ ҳеч сўз йўқтуркий, етмиш икки фирқа каломиға далолат қилғай; аммо улча тафсилийдур. Ҳар жамоат алфози, ўзгаларидин ва ҳар гуруҳ иборати ёналаридин мутағаййир ва бир неча хусусият била мутамайяздурки, ўзгаларда йўқтур[9], яъни “Сўзнинг турлари шу қадар кўпки, ўйлаш ва тасвирлаб чиқиш мумкин эмас. Агар муболаға қилмасдан юзаки баён қилинса ва қисқалик билан ёзиб чиқилса, етмиш икки навъга бўлиниб, етмиш икки хил халқнинг сўзига айланишида ҳеч бир сўз йўқ, лекин бундан ҳамкўпдир.У шундайки, ер юзининг етти иқлимининг ҳар бирида неча мамлакат бор, ҳар бир мамлакатда неча шаҳар, шаҳарча ва кент бор ва ҳар даштда неча хил саҳронишин халқ, ҳар бир тоғнииг камарларида ва юқорисида, ҳар бир дарёнинг оролида ва қирғоғида неча гуруҳ одамлар бор. Ҳар бир жамоанинг тиллари ўзгаларидан ва ҳар гуруҳнинг сўзлашувлари яна бирларидан ўзгача ва бир неча хусусиятлар билан фарқлидирки, бу айирма ўзгаларда йўқдир[10]. Бу ерда муаллиф туркий (ўзбек) тилининг лаҳжа ва шевалари тўғрисида нисбатан батафсил тўхталганки, фақат лаҳжа ҳамда шева терминларини қўлламаган, холос. Демак, Навоий ўз даврининг адабий тили билан бирга халқ тилида мужассамлашган шеваларимизнинг луғавий бойлигидан яхши хабардор бўлиб, асарларида ўринли тарзда фойдаланган ҳам.

Алишер Навоийнинг бу асаридаги биргина йиғламоқ сўзига юзта синонимни келтиришининг ўзи аввалги даврларда ҳам шева сўзлиги ижодкорлар учун битмас туганмас хазина эканлигини кўрсатиб, бунга асос сифатида шоир ўзининг асарларини қисқача шарҳлаган[11].Ва яна мазкур асарда омоним сўзларнинг ўзига хослигини ҳам кўрсатиб беришга интилган. Тилимизда ҳам, шеваларимизда ҳам шаклдошликка асосланган омонимия бошқа халқлар адабиётида бўлмаган туюқ жанрининг ривожланишига асос бўлган. Шоирнинг бу асарида туркий тилга хос кўп маънолилик ва сўз ясалиши жараёнлари ҳам қисқа бўлса-да ўз ифодасини топган. Булар Алишер Навоий ҳам луғатшунос сифатида “Сабъату абҳур” номли луғат тузган деган фикр ишончли эканлиги англатади. Сабаби, луғат туза билган одамгина она тилимизнинг сўз шаклидаги сирли хазиналарини дил-дилдан ҳис қила олади. Ва яна шоир ҳозирги кунда сўз қўллашдаги баҳсга, аниқроғи, “Сарт сўзи қайси халқни ифодалайди?”, деган саволга йўлма-йўл “форсийлар” деб жавоб бериб ўтган.

Шу ўринда яна бир ўттиз йиллик кузатишларимга асосланган қиёсимни ҳам қайд этмоқчиман. ХV асрда Алишер Навоий ижод қилиш билан бирга тилшуносликка даҳлдор “Муҳокамату-л-луғатайн” номли асарни ёзган бўлса, ХХ асрнинг иккинчи ярми ҳамда ХХ асрнинг ўнинчи йилларида Ўзбекистон халқ шоири ва Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг бир қанча шеър ҳамда мақолаларида, шунингдек, “Сўз латофати” номли асарида[12] халқ тилига, халқ шеваларидаги сўзларга эътибор бериш кераклигига ишора қилинганлигини тушундик[13]. Бу икки машҳур шоирнинг шеъру ғазалларини жумлаи жаҳонга танитган нарса адабий тил элементлари билан бирга, албатта, шеваларимиз ҳам эканлигини эътиборга олиш керак.

Шоир ўз асарида тил сўзи билан бирга лисон сўзини ҳам ишлатиб, уларнинг ўртасидаги фарқни ажрата олганлиги ҳам унинг тилшунослик илмидаги тажрибаси анча мукаммаллигини билдириб турибди[14]. Ва яна шоир мазкур асари билан шеваларимизни ўрганиб, улардаги диалектал сўзларни қандай қилиб йиғиш, қўллаш ёки ўзлаштиришнинг намунасини кўрсатиб берган.

Ва яна асарни ўқиганда кишида сингармонизмга хос оҳангдошлик ҳолатини ҳам билиб, бугунги кунда сўзларни латофату назокату нафосат билан айтишда лабиал ҳамда танглай сингармонизмига хос табиий хусусиятлар мажмуи сал бўлса ҳамки, етишмаётганлигини англагандай бўламиз. Шунда “авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони…” бўлган шоирнинг ушбу асари она тилимизни авайлаб асрашга ва ўзбек халқ шеваларининг тадқиқига даъват десак, ўринли бўлади.

Зеро, шеваларимизнинг синоним, омоним, паронимлиги ҳалигача тадқиқ этилмагани сингари шеваларда сўз ясалиши, диалектал лексиканинг хилма-хил кўринишлари ҳам тузилажак кўп жилдли диалектал луғатлар мажмуига киритилмай қолиб кетмоқда. Бу муаммо айни вақтда “Ўзбек диалектологияси” фанининг ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мазкур асар бугунги кунда йиғиб, жамлаб, тадқиқ этилиши унутилган шеваларимизнинг диалектал сўзларини йиғиш, тўплаш ва илмий таҳлил қилишга даъват этиб турибдики, “Сўз шундай гавҳардирки, мартабасини аниқлашдан нутқ эгалари ожиздирлар…”десак янгилишмаган бўламиз.

АТолиб

Толиб Эназаров,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Фольклоршунослик ва диалектология кафедраси мудири, филология фанлари доктори

 ________________________________________________________

[1]Алишер Навоий. Муҳокамату-л-луғатайн. Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида.Тошкент, Akademnashr, 2017. 90 бет.

[2]Қиёсланг: 1) Алишер Навоий. Муҳоқамат ул-луғатайн. Матнни П. Шамсиев нашри асосида изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрловчи Суйима Ғаниева.Тошкент,Фан, 2000.4-28-бетлар; 2) Алишер Навоий. Муҳокамату-л-луғатайн. Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида.Тошкент, Akademnashr, 2017. 90 бет.

[3]Рустамов А.Навоий тилининг фонетик хусусиятлари // Навоий ва адабий таъсир масалалари.Тошкент, 1968.-Б.258-278.

[4]Абдураҳмонов Ғ., Рустамов А.Навоий тилининг грамматик хусусиятлари.Тошкент, 1984.

[5]Алишер Навоий. Муҳокамату-л-луғатайн. Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида.Тошкент, Akademnashr, 2017. 32-бет.

[6]Бу шоирнинг асардаги ўз сўзи.

[7]Ушбу фикрлар эса шоир асаридаги фикрларининг табдил қилинган кўриниши саналади.

[8]Бу тарихий далил (факт)бўлиб, ўша даврнинг тарихий манбаларда ҳам ўз ифодасини топган.

[9]Мазкур фикр шоирнинг асаридаги ўз сўзи ҳисобланади.

[10]Айни шу фикрлар эса шоир асаридаги фикрларининг табдил қилинган кўриниши.

[11]Қаранг: Алишер Навоий. Муҳоқамат ул-луғатайн. Матнни П. Шамсиев нашри асосида изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрловчи Суйима Ғаниева.Тошкент,Фан, 2000.18-19-бетлар.

[12]Воҳидов Э.Сўз латофати.Тошкент, Ўзбекистон, Шарқ, 2014.

[13] Бу икки шоир бир-бирини такрорламаган ҳолда шеър ва бошқа асарларида она тилимизнинг бебаҳою гўзаллигини кўрсатувчи халқ шевалари сўзларини йиғиб, улардан ўринли фойдаланишга даъват этган.

[14]Алишер Навоий. Муҳокамату-л-луғатайн. Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида.Тошкент, Akademnashr, 2017. 87-бет.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *