Навоийнинг дилга малҳам наволари
Мир Алишер Навоий бетакрор асарлари бугунги авлоднинг ҳам беқиёс маънавий меросидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида буюк аждодимиз, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги олдидан “Навоийнинг мангу мероси” мавзуида адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
ЎзМУ Мураббийлар Кенгаши раиси, таниқли тарихчи олим Аброр Хидиров Ўзбекистон истиқлолга эришиш арафасидаёқ мамлакатимизда 1991 йил – “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиниши замирида оламча маъно мужассам бўлганини изоҳлаб берди. Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Бу бебаҳо меросни ўрганиш, ундан халқимизни янада кенг баҳраманд этиш, ёш авлод онгу шуурига буюк аждодимиз адабий-маънавий меросини жо этиш ҳам фарз, ҳам қарздир.
ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг “Алишер Навоий мероси ва миллий маънавият” мавзуидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридаги “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”, деган фикрлари бунинг ёрқин мисолидир,– деди маърузачи.– Бугун бутун дунё бу борада Ўзбекистон энг тўғри йўл тутганини эътироф этаётир. Биз тарбия борасида ҳам беқиёс меросга эга саноқли халқлардан биримиз. Бу соҳада “авлиёларнинг авлиёси, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоирларнинг султони” Алишер Навоий мероси ҳаётбахш манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Шахс камолотида тарбиянинг ўрни беқиёс. Кўҳна Шарқда тарбияга ҳаёт-мамот масаласи сифатида қаралганининг боиси ҳам шунда. Модомики авлодлар камоли тарбия билан чамбарчас боғлиқ экан, жамият тараққиётини ундан айри тасаввур этиб бўлмайди. Алишер Навоий шунинг учун ҳам жаҳон бадиий тафаккури хазинасидан ўрин олган асарларида тарбиянинг шахс камолоти, эл-юрт равнақида тутган аҳамиятини юксак баҳоланган:
Қатраға чун тарбият этти садаф,
Эл бошиға чиққуча топти шараф.
“Садафсиз дур бўлмас, тикансиз – гул” деганидек, ушбу байтда қатранинг гавҳарга айланиши ва бошга қадалиш даражасига етиши садафнинг тарбияcи сабаб экани ифодасини топган. Садаф – устоз, қатра – шогирд тимсоли. Садафнинг тарбиятисиз қатра ҳеч қачон гавҳарга айланмайди. Яъни, устоз таълимини олмаган шогирд камолга етмоғи маҳол. Фақат бунинг учун муайян муддат ўтмоғи зарур. Гавҳарни қўлига олган киши унинг қимматбаҳо ашёга айланмоғи учун қандай жараёнларни бошдан кечиргани хусусида ўйлаб ҳам ўтирмайди. Ҳаётда ҳам шундай. Комил инсонни кўрганда ҳамма ҳавас қилади. Лекин у ана шу даражага қандай машаққатлар билан, қайси устоз тарбияси эвазига эришгани ҳар доим ҳам мушоҳада этилавермайди. Буюк шоир бу байт орқали шахс тарбиясида устознинг хизмати беқиёс эканига урғу беради.
Қуёшдин тарбият гар топса хоро,
Қилур ёқут ила лаъл ошкоро.
Ёқут – турли рангда, лаъл эса қизил тусда товланадиган қимматбаҳо тош. Хўш, улар кўзни қувонтирадиган бу рангларни қаердан олган? Навоий фикрича, бу – қуёшдан тарбият топгани самарасидир. Агар қуёшдан ранг олмаса эди, улар оддий тошлигича қолар, одамларнинг қизиқишига сабаб бўлолмас эди. Табиийки, бу ўринда мутафаккир ёқут ила лаъл ҳақида сўз юритар экан, байт замирига шахс камолоти хусусидаги теран фикрларини сингдирган. Яъни, инсон камолотини белгиловчи асосий мезон – тарбия. Чинакам тарбиягина одамнинг имкониятларини, жамиятга наф етказиш борасидаги салоҳиятини оширади.
Буюк ижодкор тарбиянинг аҳамиятини ана шундай оҳорли талқин этиш баробарида ушбу фазилатларни мужассам этган бетакрор образлар яратган. Бу образлар, беш ярим асрдирки, авлодларга сабоқ бериб келаётир. Алишер Навоий асарларида куйланган, бугунги кун учун ҳам муҳим бўлган ана шундай фазилатлардан айримларига тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Буюк бобомиз Ватанни севмоқ комилликнинг, иймоннинг муҳим шарти эканини таъкидлайди. Бу ҳақдаги машҳур ҳадис мазмунини талқин этар экан, “Ватан ҳубби иймон нишонидурур” дейди. Ватанни ғанимлардан ҳимоя қилмоқ, бунинг учун курашмоқ ҳар бир фарзанднинг бурчи. Бу ғоя “Садди Искандарий” достонида қуйидагича ифодаланган:
Иёлу ватан узра то жони бор,
Киши ҳарб этар токи имкони бор.
“Иёл” сўзига “Навоий асарлари луғати”да: “Хотин, бола-чақа; оила”, дея изоҳ берилган. Демак, улуғ бобокалонимиз фикрича, ватанпарварлик оиласининг осойишталиги, Ватанининг тинчлиги учун бор имконини ишга солиб, жони борича курашмоқдир. Барча замонлар учун долзарб бундай фикрлар улуғ ижодкор асарларида кўп учрайди. Мана, шундай фикрлардан яна бири:
Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.
Ватандан айри тушмоқ – улкан фожиа. Ватанни тарк этмоқ ўзини машаққатлар гирдобига ташламоқ билан баробардир. Буни Навоий “ранжи ғурбатни ҳавас айлаш”, дея ифода этади. Тарих шоҳид, не-не тақдирлар гувоҳлик беради: инсон Ватандан йироқда ҳеч қачон бахтиёр бўла олмайди. “Ҳайрат ул-аброр”да шоир айни шу моҳиятни “Ғурбат аро ҳоли ёмондин ёмон, Ҳарне йўқ андин ёмон, андин ёмон”, дея талқин этгани бежиз эмас.
Навоийнинг мана бу ўгити ҳам авлодлар учун алоҳида қимматга эга:
Мусофир бўл, аммо ватан ичра бўл,
Тила хилвату анжуман ичра бўл.
Бу фикрлар шоир асарларида Ватанга муҳаббат туйғуси теран мазмун ва гўзал бадиий шакл уйғунлигида, таъсирчан ифодаланганидан далолат беради.
Ўзбек адабиёти ва матншунослик кафедраси доценти Абдумурод Тилавов Мир Алишер Навоий ҳикматларининг бугунги кун учун аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, улуғ шоирнинг ўлмас ўгитлари авлодлар оша бебаҳо маънавий мерос бўлиб келаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Икки жаҳонингга тиларсен фазо –
Ҳосил эт ушбу иккисидин ризо.
Ҳа, бу ҳикматларнинг яратилганига беш асрдан ошди, лекин ҳамон руҳимиз, шууримизни ғалаёнга солиб, дилларга ҳаловат бағишлайди, ўқиган сари яна ўқигингиз, байтлар қатидаги сеҳрли ва сирли маъноларни теранроқ, тўлароқ англаб олгингиз келаверади.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий гарчи ҳаммага баравар яхшилик қилишни орзу этган, имкон қадар бунга эришган бўлса-да, баъзан қилган яхшилиги эвазига ёмонлик кўрган. Табиийки, бундан изтироб чеккан, руҳан эзилган, қарама-қарши туйғулар гирдобида қолган. Ҳатто бир шеърида улуғ шоир “Парим бўлса учиб қочсам, улусдин то қанотим бор”, дейишгача борган. Лекин Навоийнинг буюклиги шундаки, бундай кечинмаларни ирода кучи билан енгган, ҳаёт синовларига ҳикмат назари билан қарай олган. Айтишга осон, бунга эришмоқ ўз-ўзидан бўлмаган. Буюк мутафаккир зиддиятли кечинмалар гирдобидан чиқиш учун ҳикматни наинки топган, теран мазмун ва бетакрор бадиият уйғунлигида шеърга айлантирган. Шахс камолоти ва маърифат тушунчалари шу даражада боғлиқки, уларнинг бирини иккинчисидан айри тасаввур этиб бўлмайди. Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонида қушлар сафари тимсолида инсон камолотининг етти босқичи ҳақида сўз юритилади: талаб, ишқ, маърифат, истиғно, тавҳид, ҳайрат, фақру фано. Достоннинг махсус боби “Маърифат водийсининг васфи” деб номланган. Маърифат водийсини “дашти бепоён”га қиёслаган Навоий унда “ҳоллар мухталиф” (ихтилофли, бир-биридан кескин фарқ қилувчи)эканини таъкидлар экан, “Водиедур юз туман минг онда йўл” дея одамларнинг маърифий даражаси турлича бўлишига ишора қилади. Шоирнинг “жузв ила кулл” – бўлак ва бутун, тараққий ва таназзул ихтилофи ҳақидаги фикрлари ҳам буни тасдиқлайди.
Журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбек ҳазрат Алишер Навоий ижоди битмас-туганмас тадқиқот ва мушоҳадалар манбаи эканини изоҳлар экан, улуғ шоир хатлари, тарихий шахслар ҳамда замондошлари ҳақидаги битикларини бўлғуси журналистлар публицистика жанри сифатида ўрганишлари муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Буюк аждодимизнинг “Агар огоҳсенсен, шоҳ сенсен” деган шоҳ сатрлари бугунги ахборот глобаллашуви даврида қанчалик муҳим аҳамият касб этаётганини ҳар бир журналист теран англамоқда. Демак, ул зотни наинки ўзбек шеъриятининг гултожи, шу билан бир қаторда миллий журналистикамизнинг ҳам асл гултожи, дейишга ҳақлимиз. Келгусида Мир Алишер Навоийнинг ана шу маънавий меросини ўзига хос бадиий публицистика нуқтаи назаридан илмий тадқиқ этиш ва изчил ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбек адабиётшунослиги мутахассислиги магистранти Ўрол Норматов “Лайли ва Мажнун” монологини жўшқин бир тарзда ёддан айтганида шеърият шайдолари қалбида ажиб туйғулар жўш ургани уларнинг нурли чеҳраларида акс этиб турарди.
Ўзбек филологияси талабалари Фарида Саидова, Гулрухсор Суярова, Шаҳодат Исоқова ва Нафиса Сулаймоновалар улуғ шоир ғазалларининг инглиз ва рус тилларидаги таржималаридан намуналар ўқишиб, адабиёт мухлисларининг олқишларига сазовор бўлдилар.
Тошкент Маданият коллежи кафедра мудири Абдуқаҳҳор Жалилов ижодий дастаси асрларнинг наволарига айланган Навоий ғазалларини маромига етказиб куйлаб, даврага янада файз киритди.
Улуғбек Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири
Alisher Navoiyga bag’ishlab o’tkazilgan barcha tadbirlarda ilohiy bir ruh bor. O’sha kungi tadbirda ham men ushbu hodisaning yana bir marta guvohi bo’ldim!