Навоий руҳини шод этган элим…

Маънавият фестивали

IMG_20221105_153128 IMG_20221105_220110

 

Маърифатли эл ҳамиша маънавиятга, адабиёт ва санъатга интилади. Оддий одамлар ҳар куни телевидение, газета-журналлар, кутубхоналарда тахланиб ётган китоблар, қолаверса, ижтимоий тармоқлар орқали ана шу эҳтиёжларини қондиришлари мумкиндир, деб ўйларсиз. Бироқ, ижод ва санъат аҳли билан юзма-юз мулоқотлар халқимизга олам-олам маънавий руҳ, куч-қувват бахшида этишини қатор вилоятларда, айниқса, юртимизнинг чекка-чекка қишлоқларида кузатиб келаяпмиз.

Навоий вилоятида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган Маънавият фестивали тунларни бедор ўтказиб, кун бўйи тиним билмай меҳнат қилишаётган деҳқон-у чорвадор, боғбон-у бунёдкорларга маънавий мадад бахш этди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифлари чоғида бу ҳудудни янада ривожлантириш, халқимизни ҳар томонлама рози қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари, илгари сурилаётган ғоялар одамларда қанчалик ишонч, эртанги кунларига умид уйғотаётганини уларнинг юз-кўзларида аён сезилиб турибди. Буни биз ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва марказдан олис-олис қишлоқларда халқ билан мулоқотларда теран ҳис этдик.

Илм ва ижод аҳли қаерда жамул-жам бўлса, суҳбатлар албатта маънавият ва маърифат мавзусига уланиб кетаверади. Ижодий гуруҳимиз йўл-йўлакай янги Ўзбекистонимизнинг бугунги ва келгуси истиқболлари, ҳар бир соҳада қўйилаётган залворли қадамлар, эришилаётган ютуқлар, халқимизни рози қилиш, ёш авлодни қай даражада камолга етказиш мавзуларини одамлар, айниқса, ёшлар онгига теран етказиш борасида ўзаро фикрлашиб оламиз.

“Маданият карвони”нинг асосий тадбирлари фусункор Навоий шаҳридаги ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйишдан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Нодиржон Холбўтаев, таниқли олима Жамила Шермуҳамедова, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва бошқалар Мир Алишер Навоий номи билан аталадиган вилоятда маънавий ҳаёт, янги Ўзбекистон стратегиясига мос қадамлар шунга яраша бўлиши мақсадга мувофиқ эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Шундан сўнг шаҳар марказидаги муҳташам Алишер Навоий боғи дам олиш мажмуасида республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан ташкил этилган «Маънавият кубоги» лойиҳаси доирасидаги “Соғлиқ учун 5000 қадам” марафонига старт берилди. Бу маърафон ўз навбатида вилоятнинг барча туманлари марказида изчил давом эттирилди. Мазкур лойиҳага кўра маҳаллий аҳоли вакиллари билан биргаликда пойтахтдан ташриф буюрган илм-фан, адабиёт, санъат, маданият намоёндалари, турли вазирлик-идоралар ва жамоатчилик вакиллари ҳар тонгда стадионга жамул-жам бўлишиб, 5000 қадам юришни давом эттирдилар. Бу тадбир мусиқа садолари остида амалга оширилиши, баъзи азаматлар юртимиз байроғини баланд кўтариб юришлари барчага завқ, кўтаринки руҳ бахш этарди. Хушовоз хонандалар ижросидаги мумтоз қўшиқлар янграганида давраларга янада файз кирарди. Мазкур марафон то абад бардавом бўлиши аҳолимиз соғлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

“Маданият карвони” вилоят маркази кўркига кўрк қўшиб турган Алишер Навоий ҳайкали пойидан 11 та “Дамас”дан ташкил топган автокарвонда 10 000 нусхадан ортиқ китобни 11 та туман ва шаҳарлар китобхонларига элтиб бериш учун белгиланган манзилларига йўл олдилар.

Адабиёт ихлосмандлари ҳар гал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, раис ўринбосари Ғайрат Мажид, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо ҳамда Усмон Азимов, Зулфия Мўминова, Эшқобил Шукур, Мунаввара Усмонова, Бобур Бобомурод, Рустам Мусурмон, Туроб Ниёз, Сирожиддин Рауф, Зикрилла Неъмат, Фароғат Худойқулова, Зилола Хўжаниёзова, Зебо Мирзо каби таниқли шоирлар билан ижодий учрашувларни қанчалик интиқлик билан кутишларини деярли ҳар бир вилоятда ҳис этдик. Пойтахт шаҳримиздан келган устоз шоирлар билан бир қаторда ўша вилоятларда ижод қилишаётган ижодкорларнинг ҳам давраларда шеърлар ўқишлари барчага қанчалик завқ улашишини тасвирлашга қалам ожизлик қилади.

Ёзувчи-шоирлар, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари таниқли санъаткорлар билан бирга турли гуруҳларга бўлиниб, вилоятдаги шаҳар ва туманлар сари йўл олдик.

Бу гал бизнинг ижодий гуруҳимиз олис Учқудуқ туманига борар эканмиз, том маъодаги тупроғи зар бу заминнинг ҳадсиз-ҳудудсиз кенгликларини кўриб, қалбимизда ажиб туйғулар жўш уради. Халқимизнинг бағрикенглиги-ю ғоят кенгфеъллилиги мана шу учи-қуйруғи кўринмаётган далаларга монанд бўлса, мағрурлиги ва олижаноблиги Нурота тоғ тизмаларига пайваста эканини ҳис этасиз.

Зар қадрини заргар билар, деганларидек, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори замирида қанчалик улкан маънолар мужассам эканини учқудуқлик азаматлар теран англашини “Дўстлик”, “Мустақиллик”, “Айтим” «Мингбулоқ», “Узунқудуқ”, “Кокпатас”, “Жузқудуқ”, “Боздун”, “Шалхар” овуллари аҳолиси билан бўлган маънавий-маърифий тадбирлар давомида кўрдик. Овул ва маҳаллалар аҳлига “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” мавзуида маъруза ўқиш, шеърлар айтиш, куй ва қўшиқлар ижро этиб бериш асносида уларнинг ҳам мухтасар фикрларини тингладик.

“Маънавият фестивали”га Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Зикрилла Неъматнинг қуйидаги шеъри ўзгача шукуҳ бахш этди:

 

ГЎЗАЛ НАВОИЙ

 

Бир ёнинг Самарқанд, бир ён Бухоро,

Икки қадим юртга ёндош маъвосан.

Қалбларни ром этган бу олам аро,

Ҳазрат Навоийга номдош маъвосан.

 

Навоий назмидек гўзал Навоий,

Шаънингга куйлайин ғазал, Навоий.

 

Кезганман Нуротанг тоғларини мен,

Ҳам гўзал Кармананг боғларини мен.

Зарафшон бўйида ўтказганим бор,

Умримнинг энг гўзал чоғларини мен.

 

Ўргилайин кўкка етган бошингдан,

Навқирону ҳамда қутлуғ ёшингдан.

Олам аҳли яйраб, баҳра олгайдир,

Бошингда порлаган бахт қуёшингдан.

 

Бахтимизга доим гуллаб-яшнагил,

Келажакка шахдам қадам ташлагил.

Лайлию Мажнунлар, Фарҳод-Ширинлар

Орзу-истакларин рўёб айлагил!

 

Туман ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда, қатор мактаб ва бошқа муассасаларда ўтган ижодий учрашувлар ҳам таасуротларга бой бўлди.

– Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон” деган тушунча реал воқеликка айланмоқда, дейди Учқудуқ туманидаги 18 мактаб директори, “Мўтабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Гулбаҳор Алланова.– Янги Ўзбекистонни янгича фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятга эга, замон билан ҳамнафас бўлган баркамол ёшлар барпо этади. Мактабимиз 960 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 881 нафар ўқувчи-ёшлар 77 нафар илғор тажрибали, ўз касбининг фидойиси бўлган ўқитувчилардан таълим-тарбия олмоқда. Жамоа саъй-ҳаракатлари билан 2022 йил феврал ойида “II-даражали замонавий мактаб” мақомини қўлга киритдик. Мактабимиз инглиз тили фани ўқитувчиси Мақсуда Шамсиева “Шуҳрат” медали, олий тоифали биология фани ўқитувчиси Дилфуза Мирзаева ва биринчи тоифали информатика фани ўқитувчиси Дилафрўз Равшановалар эса “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотландилар. Шубҳасиз, билимдон, фидойи, жонкуяр устозларнинг сабоқлари ўз мевасини бермоқда. Яъни, 2020-2021-ўқув йилида мактабнинг 44 нафар битирувчиларидан 30 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниб, талабалик бахтига муяссар бўлишди. Бугун бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олиб, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида улуғ аждодларимиз, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради. Бундай ижтимоий ноёб ҳодиса “Ренессанс” – уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш деб аталиши барчамизга аён. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда учинчи Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.

Халқимиз ўз олдига Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган, эдик. Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.

Биз демократик ўзгаришларни халқимиз, авваламбор, ёш авлодимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширмоқдамиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатимиз тараққиётини янги, юксак босқичга кўтариш, бунинг учун янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат, энг муҳим стратегик вазифага айланди.

Бир ҳақиқатни очиқ тан олишимиз лозим: вақт ўтиши билан ислоҳот жараёнлари тобора кенгайиб бормоқда, шиддатли замон олдимизга янада улкан вазифаларни қўймоқда. Ҳаётнинг ўзи бизни кўп нарсага ўргатмоқда. Шу сабабли биз доимий изланишдамиз. Изланиш бор жойда ютуқлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар ҳам бўлиши табиийдир. Энг асосийси, “Ҳаракатда – баракат” деганларидек, биз энг қийин босқичдан ўтдик, яъни, йўлимизни аниқ белгилаб, катта ишларни бошладик. Энди ҳамма гап ислоҳотлар йўлини қатъият билан давом эттириш ва мантиқий якунига етказишда. Бу албатта осон эмас, аммо биз бунга қодирмиз. Муҳими, кейинги йилларда бундай улкан ва мураккаб вазифани амалга ошириш учун етарли сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-институционал замин яратилди.

Учқудуқ тумани овулларида истиқомат қилаётган фуқароларимиз маърузачиларнинг мушоҳадаларини жон қулоғи билан тинглайдилар. Юқорида баён этилган фикрлар қоғозда эмас, амалда бўлаётгани ҳақида ўзлари ҳам фахр билан сўзлайдилар. Неча ўн йиллардан бери бу овулларда қалашиб ётган муаммолар сўнгги йилларда деярли барҳам топаётганидан одамлар рози эканликлари ҳақида нуронийларнинг фикрлари ўзи бир сабоқдир. Тумандаги қатор овуллар “Обод қишлоқ” лойиҳаси асосида чинакам чирой очаётганидан одамлар мамнун.

– Туманимиз Қорақалпоғистон Республикаси, Қозоғистоннинг Қизил Ўрта вилоятлари билан чегарадош бўлиб, табиатимиз манзаралари ҳам шунга яраша,– дейди туман ҳокими ўринбосари Нурладин Муратов ўтмишга айланган давр билан бугунги воқеликларни қиёслаб таҳлил қилиб.– “Обод қишлоқ” дастури овулларимизни замонавий маҳаллаларга айлантираётганидан халимиз хурсанд. Туманимизда бугун 40 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган 14 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини, 19 та мактаб, 35 та мактабгача таълим ташкилотларида чинакам ўзгаришлардан халқимиз жуда рози эканлигини алоҳида таъкидлагим келади.

Ижодий гуруҳимиз тадбирлар давомида Учқудуқ туманидаги «Мингбулоқ» овулида яшовчи 1-гуруҳ ногиронлари Зуҳра Жумамуратова ва Сабет Ағинбаев хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.

– Халқимиз азалдан санъатни, маданиятни, адабиётни ҳаётининг мазмун моҳиятига менгзаб яшайди,– дейди Маънавият фестивалини ижтимоий тармоқларда ҳозиржавоблик билан ёритиб борган “Учқудуқ” газетаси бош муҳаррири, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Райҳон Қодирова.– Бу “Маданият карвони” аҳолимизга, айниқса, ёшларимизга ажойиб мотивациялар берди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Эл эъзозидаги шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, актёрларнинг халқ билан юзма-юз учрашувларида қанчалик кўтаринки руҳни теран ҳис қилиш мумкин. Элимиз янги Ўзбекистоннинг эртанги истиқболига ўзгача умид билан боқмоқда. Тадбирлар жараёнида дилтортар суҳбатлар, жўровоз ижролар ўзига ҳос байрамона руҳ касб этди. Нуроний отахонлар, онахонларнинг шукрона дуоларида юртимизда амалга оширалаётган инсон қадрини улуғлаш сиёсатининг бардавомлигига ишонч ва ҳайрихоҳлик шукуҳи акс этди.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *