Навоий ёғдусида афғон ёшларини кўрдик

Очиғи, шу пайтгача қўшни Афғонистондан кўпинча нохуш хабарлар ўқиб, эшитиб дилимиз хуфтон бўлиб юрардик…

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ва қўшни давлатлар ўртасида ўрнатаётган дўстона алоқалари ҳамда бу борадаги оқилона сиёсати билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилгани жуда хайрли қадам бўлганини барча зиёлилар бирдек эътироф этдилар.

ЎзАда бугун ёритилган қуйидаги мақола биз учун ҳам янгилик, ҳам хушхабардир, дейди Дониш домла ҳаяжон билан. Буни қарангки, буюк аждодимиз Мир Алишер Навоийнинг тенгсиз маънавий ёғдусида фақат дўстлик, ҳамжиҳатлик, эзгу ниятлар мушатараклиги бўй кўрсатмоқда.

Буюк сўз санъаткорига эҳтиром

Буюк сўз санъаткорига эҳтиром

9 февраль – Алишер Навоий таваллуди куни

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллигига бағишлаб “Авлодлар қалбида мангу барҳаёт”, деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

Термиз санъат коллежи билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази директори О.Рўзиев, Термиз тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари С.Нуриев, адабиётшунос Б.Умрқулов ва бошқалар Алишер Навоий нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётида ҳам алоҳида мавқега эга экани, унинг эзгу ғоялар билан суғорилган ижоди барча макон ва замонлар учун бирдай аҳамият касб этишини таъкидлади.
Буюк мутафаккирнинг тинчлик, эзгулик, дўстлик, муҳаббат, адолат, комиллик каби эзгу фазилатлар улуғланган асарлари ёшларни Ватанга дахлдорлик, вафо ва садоқат, бағрикенглик руҳида камолга етказишга хизмат қилмоқда.
1.jpg
Алишер Навоий ижоди Афғонистон Ислом Республикасида ҳам севиб мутолаа қилинади.
– Миллатим туркман, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси Муҳаммад Ислом Қоризода. – Фарёб вилоятининг Андухий туманида туғилиб ўсганман. Ўзбек тилига меҳрим баланд. Айниқса, Алишер Навоий ғазалларини ўқиш жону дилим. Буюк сўз санъаткори асарларида вафо, садоқат ва мардлик каби юксак инсоний фазилатлар нозик ташбеҳларда ифодалангани мени ҳамиша мафтун этган. Қалбимга осудалик бағишлаб, келажакка ишонч уйғотган. Ўзимиз тайёрлаган саҳна кўринишида Алишер Навоий сиймосини яратганимдан фахрланаман.
2.jpg
Адабий-бадиий кечада Термиз санъат коллежи ўқувчилари буюк шоир ғазаллари асосида айтиладиган қўшиқлар ижро этди. Афғонистонлик талабалар томонидан Алишер Навоий асарлари асосида тайёрлаган саҳна кўриниши намойиш этилиб, ғазалларидан намуналар ўқилди.
– Болалигимдан буюк аждодимизнинг “Хамса”, “Хазойин ул-маоний” асарларини уйда мустақил мутолаа қилганман, – дейди Жузжон вилояти Шибирғон шаҳридан келган талаба Асадулло Азизий. – Бу асарлар китоб жавонимиздаги энг мўътабар маънавий бойлигимизга айланган. Мамлакатимиздаги нотинчликларга қарамай, бир неча йил муқаддам улуғ аждодимизнинг Ҳирот шаҳридаги мақбараси Ўзбекистон раҳбарияти томонидан реконструкция қилиниб, обод масканга айлантирилгани барчамизни қувонтирган эди. Мана энди ўзим тинч ва осойишта Ўзбекистон заминида Алишер Навоий асарларини янада чуқур ўрганиш, ўзбек тили ва адабиёти бўйича етук мутахассис бўлиш бахтига эришиб турибман. Бугунги тадбирда Хисрав Парвез образини талқин этдим. Ўзбекистонлик ёшлар ижро этган куй-қўшиқлар ҳам бизда бой таассурот қолдирди.
– Алишер Навоийни бутун дунё халқлари тинчлик ва эзгулик куйчиси сифатида улуғлайди, – дейди Термиз санъат коллежи ўқитувчиси Толмас Тўраев. – Қўшни давлат ўғил-қизларининг буюк бобомиз меросига қизиқиш ва интилиши кишини беҳад қувонтиради. Улар яратган саҳна кўринишларида, ғазал ва рубоийларини ифодали ўқишда бу жиҳатлар алоҳида кўзга ташланди. Шунингдек, мазкур тадбир мамлакатларимиз ёшларини ҳазрат Навоий юксак пардаларда тараннум этган эзгу инсоний мақсадлар атрофида бирлаштиргани билан аҳамиятли бўлди.
Қизиқарли мушоираларга бой ўтган адабий-бадиий кеча доирасида Алишер Навоий асарлари ва афғонистонлик талабаларнинг алломага бағишланган расмлар кўргазмаси ташкил этилди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат),ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *