Насли тоза ва нотоза одамлар дунёнинг ҳамма жойида топилар экан.
Палаги тоза инсонлар яхши, покиза, қонуний, эзгу ишлари билан ибрат кўрсатиб яшайдилар! Улар том маънода бахтлидирлар!
Айни пайтда қайси банда нотоза, нопок эканини бола-чақасига харом луқма едираётганидан, порахўрлик ва бошқа қинғир хатти-ҳаракатлари билан жамоасининг юзини шувут қилаётганларидан фаҳмлаш қийин эмас… Улар бахт нималигини билолмасдан ўтиб кетадилар…
Қуйидаги мақолани ўқиганлар икки хил хулоса чиқаришлари тайин; насли тозалар: «Бунақа бузуқлар бошқа мамлакатларда ҳам бор экан» дея таассуф билдирса, зоти бузуқлар «Ўзимизга ўхшаганлар бошқа мамлакатларда ҳам бор экан-ку» деб таскин топиши, қинғир ишларидан пушмон қилиш ўрнига енгил тортиши ҳеч гапмас…
Хўш, қуйидаги мақолани ўқиб Сиз қандоқ хулоса чиқардингиз? Виждоний жавобингизни шу саҳифа адоғига «фикрнома» (комментарий) сифатида ёзиб қолдирасиз, деган умиддамиз. (Нотоза кимсалар ҳеч нарса ёзолмаслигини ҳам биламиз).
Самимий жавоб кутиб қолувчи Дониш домланинг мирзаси:
Тўлқин ЭШБЕК,
журналист
Мьюша Север: “Ҳеч бир мамлакат аслида коррупциядан холи эмас”
Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топса, унга барҳам бериш мумкин
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш зарурми ёки шартми?
Бу талаблар аслида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунида ўз ифодасини топган. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан ўрин олган меъёрларни бажариш нафақат масъул шахслар, балки барчанинг бурчидир.
2017 йил 4 январда кучга кирган ушбу қонун миллий қонунчилигимизда таъсир кучига эга бўлган қонунлардан бири бўлди. Ўтган қисқа вақтда бунинг амалий ифодасини ҳаётда кўриш имкони пайдо бўлганини, коррупциявий ҳолатларни фош этишда аҳолининг фаоллиги ошганини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Энг муҳими, бу жараённи халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида «Давлат органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чоралар самарадорлигини ошириш» мавзуида ташкил этилган семинарда сўзлаган “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти директори Мьюша Север (Словения) айнан шу жиҳатга эътибор қаратди.
“Ҳеч бир мамлакат аслида коррупциядан ҳоли эмас, – дея таъкидлади М.Север. – Лекин энг муҳими, коррупцияга қарши курашишга давлат даражасида эътибор қаратилиши ўз самарасини бермасдан қолмайди. Ўзбекистонда бу масалага эътибор кучайгани, одамларда коррупциясиз яшаш истаги борлигининг ўзи эътиборга лойиқ”.
Бош прокуратура томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва «Минтақавий мулоқот» (Словения) халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур семинарда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси аъзолари, давлат органлари раҳбарлари ва ушбу масала бўйича масъул ходимлари иштирок этди.
Семинар давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ахборот коммуникация технологияларни қўллаш, бу борадаги халқаро стандартлар, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси нормаларини миллий қонунчилик ва амалиётда амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилди.
Таъкидландики, 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш давлат дастури доирасида ушбу соҳада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик жадаллаштирилди.
ЕХҲТ ва Европа Кенгашининг коррупцияга қарши курашиш бўйича эксперти Ярослав Стрельченокнинг давлат органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни жорий этиш, аҳолининг коррупцияга қарши қарашларини шакллантириш бўйича халқаро тажрибалар ҳақидаги тақдимоти иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
Семинарда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида қилинган ишлар таҳлили билан бирга келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга эътибор қаратилди. Иштирокчиларнинг бу борада билим ва тажрибасини оширишга қаратилган услубий ва амалий кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/myusha-sever-ech-bir-mamlakat-aslida-korruptsiyadan-oli-emas-14-11-2018
Сўнгги фикрлар