НЕЧУН МЕНГА ИШОНМАС? (Ҳазил)
Ёлғон ҳечам кўксимга,
Тақилган бир нишонмас.
Баъзиларга ҳайронман,
Нечун менга ишонмас.
Таниш-билиш қилмасдан,
Кирган эдим ўқишга.
Мажбур бўлсам-да виждон,
Қўймас ёлғон тўқишга.
Талабалик чоғимда,
Алдамай “беш” олардим.
Устозларни ҳаттоки,
Хўб ҳайратга солардим.
Қизларга ҳеч гап отмай,
Сипо бўлиб юрардим.
Кулиб боқса ўзлари,
Қовоқ солиб турардим.
Сўз берганман хотинга:
Дилда мудом диёнат!
Дуч келса-да жононлар,
Қилмагайман хиёнат.
Тўйда қадаҳ тутишса,
Бир қултум ҳам ичмасдим.
Қошин қоқса раққоса,
Виждонимдан кечмасдим.
Комил инсон бўлай, деб
Қилмадим кайф-у сафо.
Билмайман айш-ишратни,
Эътиқодга шу вафо.
Аёлларга сафарда,
Қилмаганман кўзола.
Мени бирор шаҳарда,
Излаб юрган йўқ бола.
Соф ҳавони асраш-чун,
Чекмаганман папирос.
Энди бугун ёшларга,
Танбеҳ бериш бизга хос.
Шу пайтгача ҳеч кимнинг,
Бузмаганман асабин.
Гар жиғимга тегса ҳам,
Олқишладим насабин.
Ёмон кўрсам бировни,
Ақлимдан ҳам озмадим.
Гарчи қўлдан келса ҳам,
Ҳеч устидан ёзмадим.
Ишлаб катта жойларда,
Қўл чўзмадим порага,
Ҳатто шайтон қитиқлаб,
Тушолмади орага.
Котибамга ҳеч қачон,
Қилмаганман ҳазил ҳам.
Қизларсиз зўр ўтган-да,
Қанча тунги базм ҳам.
Ризқимни мўл берган-чун,
Шукр дейман холиққа.
Даромадим яширмай,
Тақдим этиб солиққа.
Топиб олсам бир қоп пул,
Чор тарафга чопаман.
Керак бўлса жар солиб,
Эгасини топаман!
Шунча айтган гапимнинг,
Борми бирор ёлғони,–
десам баъзи дўстларнинг,
Нечун ошар фиғони?
Ҳамма қилган ишини,
Ёзибди, деб жаврашар.
Сўпи бўпти қариб, деб
Одамларни аврашар…
* * *
Гапнинг рости ҳаётда,
Кимлар шундоқ қилмаган?
Ичиш, чекиш, бошқа иш,
Қайси эркак билмаган?
Ёлғон айтсанг ўрнида,
Қанча ишинг битади.
Олди-берди бор жойда,
Баъзан омад кутади.
Меъёрини бил фақат!
Чегарадан чиқмагил.
Етмай туриб ажалинг,
Ўзинг гўрга тиқмагил…
Тўлқин ЭШБЕК
“Хазина” газетаси, 2009 йил 8 июль.
Ijodingizdagi xazil she’rlar menga juda yoqadi, yanada ko’proq joylashtirsangiz xursand bo’lardim.
Ijodingizdagi hazil she’rlar menga juda yoqadi, yanada ko’proq joylashtirsangiz xursand bo’lardim.
Азиз талабаларимизни хурсанд қилиш учун қўлимиздан келадиган ҳамма ишни қиламиз. Эътиборингиз учун ташаккур.
Мени бирор шаҳарда,
Излаб юрган йўқ бола. 🙂 gap yo’
Шеър қаҳрамон тилидан баён этилмоқда, у муаллифнинг ўзи эмас албатта!
Ijodingizga omad Domla.