Низомий Ганжавийнинг мангу сарчашмаси

Буюк алломалар, шоирлар қардош миллатларнинг тарихий илдизлари

бир эканини англатиб турувчи маёқдир. Биз мактабда таълим-тарбия олиб кезларимиз Низомий Ганжавийни ўз аждодимиз деган тасаввур билан улғайганмиз. Улуғ шоир Мир Алишер Навоий бобомизнинг устози миллатимиз, яъни, биз учун қанчалик маънан яқин эканини руҳан ҳис этардик.

Мактабни тамомлаб, 1980 йилда Тошкентга ўқишга келганимизда Низомий Ганжавийнинг маҳобатли ҳайкалини кўриб, дилимизда яна бир бора кўтаринки руҳ пайдо бўлганди.

Жаҳоншумул шоир Низомий Ганжавийнинг бой адабий меросидан баҳраманд бўлган сари Мир Алишер Навоий қанчалик бахтга мушарраф бўлганини яна бир бора англагандек бўлардик.

1

Озарбайжон Республикаси Президент Илҳом Алиев томонидан 2021 йилнинг «Низомий Ганжавий йили» деб эълон қилиниши ҳақидаги хушхабарни биз ҳам мамнуният, кўтаринки руҳ билан кутиб олдик. Бу тарихий илдизларимизни мудом туташтириб турган буюк аждодларга кўрсатилган улуғ эҳтиром рамзи эди.

Озарбайжонда «Низомий Ганжавий йили» деб эълон қилиниши муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Тошкент шаҳридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказида «Низомий Ганжавий йили»нинг очилиши маросими ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Унда таниқли олимлар, таржимонлар, маданият арбоблари, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент транспорт институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Турон» ва «Навоий» ахборот-кутубхона марказлари, “Дўстлик” жамияти масъул ходимлари иштирок этдилар.

Озарбайжон Маданият маркази вестибюлида ташкил этилган «Низомий Ганжавий йили»га бағишланган махсус кўргазма ва Низомийнинг еттита асари қаҳрамонлари иштирокидаги композиция кишини ўзига мафтун этади.

Улуғ шоирнинг ўзбек тилида чоп этилган асарлари маънавий оламимизни янада бойитишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Маданият марказида ташкил этилган суратлар кўргазмасида Низомий Ганжавийнинг миниатюралари ва ҳикматли сўзлари инсонга олам-олам завқ бағишлайди.

Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббасовнинг Озарбайжон Республикаси Президент Илҳом Алиев томонидан 2021 йилнинг «Низомий Ганжавий йили» деб эълон қилиниши муносабати билан билдирган фикрлари ва буюк шоир ҳаёти ҳамда ижоди ҳақидаги мушоҳадалари замирида улкан маъно мужассам. Дарҳақиқат, Низомий Ганжавий меросини бутун дунё аҳли қизиқиш билан ўрганмоқда. Улуғ шоир таваллудининг 840 йиллиги Озарбайжон Республикасининг Биринчи Президенти Ҳайдар Алиев раҳбарлигида, 2011 йил эса амалдаги Президент Илҳом Алиев фармони билан нишонланган. Самир Аббасов Низомий Ганжавий ижоди, Низомий ва Навоий ўртасидаги адабий алоқалар, буюк шоирларнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратди. Зотан, Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллиги ва Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги икки қардош мамлакатларда тарихий бир даврда кенг нишонлангани замирида ҳам улкан маъно бор. Бутун туркий дунёнинг улуғ шоирлари бўлган бу улуғ сиймолар икки қардош халқнинг то абад фахри бўлиб қолади.

Самир Аббасов ўз сўзларида буюк шоир Низомий Ганжавий ҳаёти ва ижодига оид қимматли фикрларни баён этди. Маълумки, Низомий Ганжавий (тахаллуси; асл исм-шарифи Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд — Nizami Gəncəvi) (1141 — Ганжа шаҳри, Озарбайжон — 1209.12.3) — озарбайжон шоири ва маърифатпарвари. Ота-боболари Эроннинг Қум шаҳридан бўлиб, онаси (Ганжа атрофидаги қишлоқлардаги) курд саркардаларидан бирининг қизи бўлган.

У ёшлигидаёқ Қуръонни ёд олган. Фиқҳ, тарих, география, фалсафа, мантиқ ва адабдан таълим олиб, уларнинг ҳар бирида устод даражасига етишган. Табиий фанлар, хусусан, табобат ва илми нужум (астрономия)ни ҳам яхши билган. Замонавий илмлардан ташқари, юнон фалсафаси ва адабиёти, эроний халқларнинг исломдан олдинги сўз санъати, халифалик даври илмий-адабий асарлари, яҳудий ва насроний халқлари тарихи, Кавказ халқларининг ўтмишидан етарли маълумотга эга бўлган. У етук математик сифатида ҳам эътироф этилган.

Низомий Ганжавийдан мерос қолган барча асарлари, айниқса Махзунул-Асрор, Иқболнома, маснавийларининг барча муқаддималари унинг ҳикмат илмидан бохавар эканлигидан далолат беради.

Низомий Ганжавийнинг 20 минг байтдан иборат шеърий девони бўлган. Шоирнинг лирик шеърлари турли баёз ва тўпламлардан таркиб топиб, жамланган. Лекин ундан айрим парчалар: 16 қасида, 192 ғазал, 5 қитъа, 68 рубоий ва 17 байт сақланиб қолган, холос. Унинг «Хамса»си қуйидагича: 1. «Маҳзан ул-асрор» («Сирлар хазинаси») асари муқаддима ва хотимадан ташқари 20 та мақола бўлиб, ҳар мақолага оид 20 ҳикоя мавжуд. Асарда шоир яшаган даврнинг муҳим ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий-таълимий масалалари акс этган. Кейинчалик бу асарга жавобан форсий ва туркий адабиётларда 40 дан ортиқ достонлар (Навоий, «Ҳайрат ул-аброр») яратилган. 2. «Хусрав ва Ширин» севги ва садоқат мавзуида; 3. «Лайли ва Мажнун» достони араб ривоятлари асосида яратилган; 4. «Ҳафт пайкар» достони Баҳром Гўр ва унинг номи билан боғлиқ воқеаларга асосланган. Асар ҳикоя ичида ҳикоя тарзида ёзилган бўлиб, уларда инсон тарбияси, хулқ-атвори билан боғлиқ ғоялар илгари сурилган. Ҳикояларида халқ эртаклари таъсири сезилиб туради; 5. «Искандарнома» достонида Низомий Ганжавий ўзининг одил ва маърифатли шоҳ, комил инсон, идеал жамият ҳақидаги орзуларини Искандар образи ва хаёлий тасвирлар орқали ифодалаган. «Хамса» Шарқ халқлари адабиётлари ривожига катта таъсир этган. Шунинг натижасида Амир Хусрав Деҳлавий, Мир Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий каби даҳо ширлар ҳам ўзларининг «Хамса» асарларини яратганлар.

«Низомий шеъриятидан» тўплами Шоислом Шомуҳамедов таржимасида чоп этилган (1983). Унда шоир касидалари, ғазаллари, қитъалари, рубоийлари ва ҳикматларидан намуналар ўрин олган. Бу китоб мудом шеърият шайдоларининг қўлидан тушмайди.

Ҳайдар Хоразмий таржима қилган «Махзан ул-асрор» асарини мутолаа қилар экансиз, унинг ҳикматларга қанчалик бойлигидан маънавий нур оласиз. Ундан ўрин олган «Сўз таърифида» қисмида шундай сатрларни ўқиймиз:

Оқил агар сўз била сўзни топар,
Ориф ўшал сўзда ўзуни топар.

Улки билур сўз гуҳари қийматин,
Сўзда топар сўзлагувчининг отин.

Аҳли назар шевасини сўз билур,
Нури басар мевасини кўз билур.

Сўз кўзидур улки кўрар ҳолни,
Ўз сўзидур улки сўрар қолни.

Сўзда кўз-у, сўзлагувчида назар,
Йўқ эса сўз кезлагувчида хабар.

Зоҳиру ботин хабари сўздадур,
Ҳар наки бор ўзгада йўқ, ўзгадур.

Ул кишиким, топмади сўз ганжини,
Қилди ҳабоу хадар ўз ранжини.

Кимки назар манзаридин юмди кўз,
Қўймади мерос ўзидин ғайри сўз.

Умри гаронмоя чу бўлғай талаф,
Сўздур-у сўз дайнида қолғай халаф.

 

Бу қуйма сатрлар замирида дуру гавҳар сўзнинг залвори, ажиб моҳияти ғоят ҳикматомуз бир тарзда ифода этилгандир.

Туркий элимизнинг даҳо шоири Низомий Ганжавийнинг мангу сарчашмаси то абад авлодларимизнинг битмас-туганмас маънавий хазинаси бўлиб қолаверади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *