НИКОҲ ВА САЛТАНАТ (Қасида)
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига
“– Амирзодам, Ҳиротнинг аслзода қизлари сизга мароқ билан кўз тикар эмишлар. Шундай баҳодир шоҳ, шундай кўҳлик йигит, шундай истеъдодли шоир ҳарамсиз бўйдоқ яшар эмишсиз. Ростми?
Бобур қип-қизариб ерга қаради-ю, бу тўғрида гап очилганидан озорланиб:
– Ҳазрат бегим, рост,– деди.– Тақдиру насибим шундоқ бўлди.
– Тақдирингиз энди оро топсин, амирзодам. Ҳиротда қолиб, Музаффар мирзога ини бўлинг. Сиз ҳам темурийзодалардансиз. Ҳиротдан сизга муносиб гўзалу оқила қизлар топайлик, тўй-томоша билан уйланинг.
Музаффар мирзога ини бўлиш – унинг тарафдорига айланиш деган сўз эди. Бир вақтлар невараси Мўмин Мирзонинг ўлдирилишига сабаб бўлган Хадича бегим, эҳтимол, келажакда тўнғич ўғли Бадиуззамон мирзони ҳам йўқ қилиш ва кичик ўғли Музаффарни якка подшоҳга айлантириш мақсадидадир. Бобур унинг ўғлига ини бўлса, албатта, бегимнинг бу мақсадини амалга оширишга иштирок этиши керак…”
Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романидан
***
“…Илдиз-томирлари соҳибқирон Амир Темурга бориб туташадиган бу муҳташам салтанат дарахтига Бобур Мирзодан кейин Ҳумоюн Мирзо боғбонлик қилади. У 1530-1556 йиллар (26 йил) оралиғида ҳукмронлик қилади. Сўнгра Акбар (1556-1605) 49 йил, Жаҳонгир (1605-1627) 22 йил, Шоҳжаҳон (1627-1658) 31 йил , Аврангзеб Оламгир (1658-1707) 49 йил, Баҳодиршоҳ Биринчи (1707-1712), Жаҳондоршоҳ (1712-1713), Фарруҳсийяр (1713-1719), Муҳаммадшоҳ (1719-1748) 29 йил, Аҳмадшоҳ (1748-1754) 16 йил, Оламгир Иккинчи (1754-1759), Шоҳ Олам Иккинчи (1760-1806) 46 йил, Акбар Иккинчи (1806-1837) 31 йил ва ниҳоят, Баҳодиршоҳ Иккинчи (1837-1858) 21 йил салтанатни бошқарадилар.
Табиийки, нисбатан қисқа муддатларда ва катта-кичик вилоятларда ҳукмронлик қилган бобурий шаҳзодалар бу рўйхатга кирмайди. Бу салтанат уч юз йилдан зиёд ҳукмронлик қилиб, умрзоқлик бобида шу пайтгача кўрилган бошқа сулолалардан ўзиб кетди”.
Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” асаридан
***
Эъзозингиз буюк!
Саркарда Бобур,
жувонмард руҳлари бўлгай зиёда,
қўшинда биргина от қолса, шунга
сизни ўтқазгандир,
қолиб пиёда…
Омон МАТЖОН
***
Кўнгилни фатҳ этиш кори – нигоҳларда,
Умрни боғламоқ кори – никоҳларда.
“Кўзни юмгил – кўзга айлансин кўнгил”1.
Тилни тўхтат – сўзга айлансин кўнгил.
То никоҳдан сўз очилди – вазни зил,
Ўзни билса – чину, билмасга – ҳазил.
Кимгадир у – чиққан ўйиндан олов,
Кимгадир умр бўйи тутган ялов!
Бандага фарз этти Оллоҳ ус-Сомад,
Тарбиядир бизга ҳаёту мамот!
Тарбия топган аёл эр жонидур,
Бўлди бетарбия – кулфат конидур.
Бунга ибрат Ҳақ Расули тақдири,
Ноил ўлгай ўну юз мингдан бири.
Бўлмайин туриб набийликдан нишон,
Дер эдилар “Ул аминликдан нишон!”
Боиси ҳеч ёлғону лофдан демас,
Ул фаришта аҳлидай, биздан эмас.
На биров дилини тафтиш қилмади,
На уятга қолгулик иш қилмади.
Ўзи навраста-ю, аммо ақли – чол,
Солмас из кўйи зинога – пойи шол.
Балки бўлгандир йўлига зори кўп,
Кўзини қопловчи парда – ори кўп.
Шул сабаб бўлса ҳам бева бойгина,
Бўлди боғланган Заминга Ойгина.
Ёш йигитга этти майлин ихтиёр,
Бўлди Зулайҳо каби Юсуфга ёр.
Бири чўққида, бирининг жойи – чоҳ,
Бошқалар наздида ҳеч тенгисиз никоҳ.
“Ҳар ишни-ким қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод”2.
Яна дерлар-ки сирдир ғайб хати,
Тенгри ёзуғининг бордир ҳикмати.
Эр миришкордир, аёлдир даласи,
Ором олмоқ истаганда – қалъаси.
Тан ила дил маҳрами, дўсту ини,
Вақти келганда пичоғининг қини.
Ҳар буюк эрнинг паноҳидир – аёл,
Аввалу охирда ҳам – сурсам хаёл.
Ҳақ Расулин бошлабон тан олган ул,
Йўлга чиқса – изтиробда қолган ул.
Тош тегиб қайтганда таскинлар тўқиб,
Ёнида турган Худога ҳамд ўқиб.
Бир тўшакмас, битта тақдирдош эди,
Бириси қалб эрса, бири – бош эди.
***
Худди шу ҳолатга тушганди Темур,
Ёш эди, олдинда бир бошли умр.
Ўзидан ёши улуғ хон беваси,
Қўли етмас кўп баланд шох меваси.
Сароймулкхоним эмишди унга ном,
Салтанат майига тўлган тилло жом.
Гарчи бўлса-да қўлин асираси,
Шаънидир кўкдаги Зуҳро сираси.
Амир – жанг одами, қўли кўп дағал,
Чақнатар юрганда этикда нағал.
Не ёзуқлар бордир олдинда – гумон,
“Остида дарё оқур, усти – тумон…”3
Даст баланд бугунча, эрта – паст бўлур,
Ақли қосир бугунига маст бўлур.
Бирида – шиддат, бирида – ному нанг,
Шавкату шарм орасида эрди жанг.
Бўлди икки орага тоқат гаров,
Ўлжа ила овчи тенг келган бу ов!
“Бибихоним!” – дея алқар завжаси,
“Амирим!” – деб қайтарар акс саси.
Бўлди барча темурийлар онаси,
Амир бўлди, келганида хонаси.
Темур қўли тутди кўп жабдуқ-жилов,
Остида тахт ўрнида тулпор, улов.
Қанча мактуб бориб-келди орада,
Бибихоним сўзи – сўнги чора-да!
Ўзидек кўркли Самарқанд сайқали,
Ҳам пойитахт, ҳам муҳаббат ҳайкали!
***
Анча темурий маликалар сафи,
Кўпининг тегмади тож-тахтга нафи.
Иш тутиб аксин, кибрга тўлдилар,
Тахтни кемирган каламуш бўлдилар.
Қайрашиб ўғлин отага, инига,
Қанча қилич кирмади ҳеч қинига.
“Бўлиб ташла ва жиловда тут барин,
Чўнтагин кес, ол ҳовучлаб бор зарин!…”
Емрила борди темурий салтанат,
Ичидан кемирди зеро шайтанат…
***
…Янги оламга етишганда Бобур,
Номи бўлган эди Қисматга Собир.
Бўлган эди чорасизлик чораси,
Кўп узанди икки эшик ораси.
Ёш эса-да, кўрди кўпнинг умрини,
Бир-бирига зор қилич ила қини.
Илигини кўп қурутган эди жанг,
Боз юракка юрт соғинчи – хафли занг.
Шул сабаб кўп эсламоқни қилди бас,
Ёнғин осон чиққуси – кўп бўлса хас:
“Ўзни кўнгил айш ила тутмоқ керак,
Бизни унутқонни унутмоқ керак.
Айшу тараб гулбуниға сув қуюб,
Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.
…Қўйма машаққат аро, Бобур, кўнгил,
Ўзни фароғат била тутмоқ керак”.
Омонатлик ҳиссига қасд этди ул:
Кимга қай жой насиб этса – юртдир ул!
Ҳам насиб этди Бобурга ёрни мос,
Уйи бўлди доимо чодирга хос.
Ҳар маҳалда кўч-кўрон тайёр эди,
Турмуши нақ “Саъбайи сайёр” эди.
Қолса гар карвонда якка от, магар,
Ёрга деру шоҳ пиёда йўл босар.
Эрни кўргай ҳафта ё ойда аранг,
Осмон – йироқ эса, ердир – заранг.
Турмас эди битта жойда олти ой,
От изин босар Ҳумоюн мисли той.
Гарчи Бобур тахтда турди беш фасл,
Ўрнида қолди умрзоқ не насл.
Чорагу ярим асрлик шоҳлари,
Беадад давлатга бой даргоҳлари.
Не шаҳарлар бўлди бунёд – йўқ тараф,
Бўлди ҳамроҳ Бобурийларга шараф!
***
Ўтди вақтлар, сийратида йўқ тиним,
Ўтди оламлар десакмикин, иним.
Қадри кетгандайми кишига кишин?
Салмоғи тушдими никоҳнинг ишин?
Бир никоҳни истамас токи қабр,
Ўзига қилгай зулмни бесабр!
Ўзни соҳибсалтанат билган талай,
Бир ниқоҳга тоқати йўқ, ҳар қалай.
Тўн каби бирин кийиб, бирин ечур,
Орасида зино кўлмагин кечур…
Бир куни боши деворга қодалар:
Орқа-олди тахтталаб шаҳзодалар.
***
Оталик бурчи улуғдир ончалик,
Тенг келолмас бир оми деҳқончалик.
Ерига бергай кучин, бўлгай паноҳ,
Қўлига тушган қадоқдир бесаноқ.
Уйқусида ҳам толони туш кўрар,
Оиласидан-да уни хуш кўрар.
Кенг сарой ҳам Темур учун тор экан,
Чодирин тиккай то имкон бор экан.
Раиятга, истаги, бўлмоқ яқин,
Ўтамоқлик буюк оталик ҳақин.
Салтанат бўлган асосий хотини.
Қилган унинг барча эҳтиётини.
Салтанатнинг қудратидир кўп билан,
Қўй эмас-ки, юрсанг ҳайдаб чўп билан.
Бўридан қўргай, топиб озиқни мўл:
Қўй қирилгай – бўлса тинмай қўлма-қўл.
Салтанатпарварлик эрмас ҳаммага:
Тарқатаверсанг хола-ю аммага!
Иш ҳам унмас – то улус рози эмас,
Бу хусусда ҳар киши қози эмас.
Четда турган кўзи бир ёқни кўрар,
Кимки қоронғуда – чироқни кўрар.
Тотигай раҳбар болу оғуни ҳам,
Кўзи илғар ёруғ, қоронғуни ҳам!
Тўлқин ЭШБЕК
Иштихон ижод мактаби
2023 йил 6 сентябрь
——————————————————
1 Румий сатрлари
2 Навоий сатрлари
3 Ойбек сатри
Сўнгги фикрлар