Номингдан айланай қадрдон маскан
Ўзбекистон Миллий университети 105 ёшда
Ўзбекистон Миллий университети оиламиз учун қадрдон маскан.
Боиси университетнинг ҳуқуқшунослик факультетида отам, журналистика факультетида эса мен таълим олганмиз.
Фарзандларим ҳам бу олий даргоҳда таълим олишга орзуманд. Мана шу эзгу мақсад йўлида улар ҳам мактабларни яхши ўқиб,тамомлаш харакатида…..
Бир юз беш йиллик тарихга эга университет 1918 йили Туркистон халқ университети сифатида ташкил этилган эди. Кейинчалик Туркистон давлат университети, Ўрта Осиё давлат университети,Тошкент давлат университети сифатида фаолият олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 январдаги фармонига мувофиқ университетга Ўзбекистон Миллий университети мақоми берилган эди.
Ҳисоб-китобларга кўра ҳозирга қадар университетда 100 нафардан ортиқ академик ва 2,5 минг нафардан зиёд фан докторлари ва номзодлари тайёрлаган. Шубҳасиз бу каби факт ва рақамлар унинг илмий салоҳиятини, таълим ва илм- фанни ривожлантиришга қўшаётган хиссаси бақиёслигидан далолат беради.
Шу ўринда ёшлигим,такдирим ва бугунги куним билан богланган университетимда талабалик ва ўкитувчилик фаолиятим ҳакида ҳам тўхталиб ўтсам.
1991 йил Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритгач ,шу йил менинг тақдиримда ҳам ўчмас хотира сифатида талабалик бахтига эришган йилим, бўлди.Талабаликнинг олтин даврида, журналистика соҳасининг буюк назариётчи ва амалиётчи устозлардан таълиму- тарбия олдим:профессор Мухтор Худойқулов,профессор Қудрат Эрназаров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи доцент Бойбута Дўстқораев ,таникли журналист,олим «Олтин қалам»мукофати соҳиби Сайди Умиров, адабиётшунос олимлардан Ирсали Тошалиев Розия Қўчкортаева каби устозлардан сабоқ олганлигим учун ҳамиша фахрланиб юраман.Журналискатт ,публицист олим Сайди Умиров (Оллох раҳмат қилсин) биз каби журналист талабаларга сабоқ берганда доимо шу ўгитни эслатарди « Сўз сеҳрли ,меҳрли , қаҳрли хилқат, уни эъзозласангиз ,авайласангиз қадрини кўтарсангиз у ҳам сизни эъзозлайди. қадрингизни кўтаради,огоҳ этади,эҳтиёт қилади» дер эдилар.
Журналистика соҳасида аввал амалиётчи кейинчалик назариётчи сифатида 25 йилдирки фаолият юритиб келаман. Ўтган йиллар давомида устозлардан олган билимлар асосида озми-кўпми тажриба тўплаб,талабаларга сабок бериб келмокдаман.
Ўзбекистон Миллий университети бу-менинг бахтим,тақдирим ва келажагим ҳамдир.Бу олий даргоҳ неча-неча буюкларни кашф қилмади дейсиз; Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ,Озод Шарофиддинов, Суйима Ғаниева каби Ўзбекистон Қахрамонлари таълим-тарбия олган бу университет жамоаси,хар бир даврида ҳаётнинг барча жабҳаларига етук, малакали кадрлар тайёрлаб келаётгани билан бошқа олийгоҳлар ичида карвонбошидир. 105 ёшинг муборак бўлсин – қадрдон университетим.
Азиза ҲАМРОҚУЛОВА,
ЎзМУ Журналистика факультети ўкитувчиси
Сўнгги фикрлар