Нурли кунлар остонасида…

1990 йил 20 июнь – Мустақиллик декларацияси эълон қилинган кун.

musta_illik_deklaratsiyasi_isti_lolimiz_asosi.jpg
 
Бугун инсоният бошида қандай ўй-ташвиш ҳукмрон?! Ғоят жиддий муаммолар: биринчи галда очлик, қашшоқлик ташвиши, нафс, зўравонлик ва дунёга якка ҳукмронлик балоси. Бироқ, дунё аҳли энг кўп бошқа бир ҳолдан хавотирда. Бу – тинчликка таҳдид. Бежизга, уйинг тинч – ўзинг тинч, деб айтишмаган. Башарият тарихи кўз кўриб, қулоқ эшитмаган юксалишлар қуршовида эканига тасанно айтиш мумкин. Лекин бу бизга тинчликни, осойишталикни таъминлаб беради, дегани эмас. Аксинча, мавжуд ҳаракатдаги тизим фаолиятига турли йўллар билан рахна солишга уринишлар бўлиши шубҳасизлигини англатади. Биз истаймизми-йўқми кўҳна олам шундай яралган…
Toshkent.jpg
Маълумки, 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Кенгашининг иккинчи сессиясида бир овоздан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган. Ушбу декларация мамлакатимизнинг бугунги келажагини белгилаб берди. Шонли ва машаққатли ҳурлик йўлининг хавфсизлигини таъминловчи ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилди.
Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кун… Ўша кезларда биз ҳурлик, эзгулик йўлини танладик. Аждодлар қалбида яширин ётган озодлик сари қилинган сафар осон кечмагани тайин. Аммо унга собитлик билан ёндашув кўп нарсани ҳал қилганди, албатта.
ТЭсурати 11
– Ҳурлик сари илк тамал тоши – Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кун саналади. Баъзан бунга эътибор қаратмаймиз. Аслида ҳурлик шодиёналари айни шу санадан нишонланишни бошлаши керакдек, назаримда,– дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбек. – Биз собиқ тузум исканжасидан озод бўлган илк мустақил давлат эканимизни унутмаслигимиз жоиз. Мустақиллик декларацияси – бебаҳо тарихий ҳужжат. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мустақиллик арафасидаги вазият ва ҳолатларни чуқур таҳлил қилар экан, қуйидаги фикрларни билдирган эди: «Республикада вужудга келган бундай ўта мураккаб ва фожиали шароитда ўзини йўқотмасдан, босиқлик, чидам ва бардош билан иш тутиш, қатъий сиёсий иродани намоён этиш, мамлакатни чуқур таназзулдан олиб чиқишга қаратилган, ҳар томонлама пухта ўйланган стратегияни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш учун жамиятдаги барча соғлом кучларни сафарбар этиш ғоят муҳим аҳамият касб этган эди».
Ҳаёт мўйсафид, мангу мезбон. У баъзан меҳрибон, гоҳ шафқатсиз мураббий. Билъакс, синовлар кечувида имтиҳон қилади. Ҳар бир амалга оширилаётган иш келажак барометрига айланади, қолади. Мана шунда тарих ёзилади. Эҳтимол, буни холислик, деса бўлар.
Тоштемир-Турдиев.jpg
– Она тупроғимиз ўз-ўзидан обод бўлмаган. Биринчи Президентимиз улуғ минбарлардан туриб, ҳаммани бир ёқадан бош чиқариб, олдинга талпинишга чорлар эди, – дейди Сурхондарё вилояти Денов тумани маънавият-маърифат бўлими раҳбари Тоштемир Турдиев. – Одамлар ишончини қозониб, уларнинг қора қозони қайнаб туришини таъминлашнинг ўзи улкан бахт эди. Ҳозир ҳам қийинчилик дамларни ёдга олсам, баданим сесканиб кетади. Боиси, кўпчиликнинг кейинги тақдири қандай кечар экан, деган ўй билан яшаганман. Оғир, синовли йиллар даврида ҳокимият тизимида оддий ходим бўлиб ишлаш ҳам кишига жиддий масъулият юкларди. Бироқ, менга одамларнинг тақдири билан боғлиқ масъулиятли вазифа ишониб топширилган эди-да. «Мана сенга тўкин ҳаёт, мана мақсадинг сари ойдин йўл, қани марҳамат», демаган ҳеч ким. Ҳаммаси бошидан бошланган: эл дардига малҳам бўлиш учун бор имкондан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинган эди. Бу гапларни шунчаки айтиб бўлмайди. Қаҳатчилик – нақд жаҳаннам оловини пуркарди. Йўқчиликнинг нафаси бош суқмаган остона қолмаганди. Шунда халқ жипслашди, қўлни-қўлга бериб, биргаликда манзил томон ҳаракат қилинди. Таҳликали кезларда мен Ватаним учун нима қилишим керак, деган ўй барчанинг қалбига муҳрланди. Айни ушбу паллаларда халқнинг матонати яна бир карра кўрикдан ўтди. Ҳа, бу гаплар Ватан учун жоним фидо, деган ҳар бир киши учун ибратдир.
 
7.jpg
Унутмаслик лозимки, Мустақиллик декларацияси Ўзбекистондек аҳоли турмуш даражаси ниҳоятда паст бўлган давлат бошига не-не азобу кўргуликларни солиши муқаррар бир вазиятда қилинган одилона қарор натижаси эди, албатта. Эркинликка шунчаки эришилмагани, бу йўлда чекилган ҳасратлар юзаки тўқима ёки афсона эмас. Шу ҳужжат асосида бошқа қонунларимизга секин-аста тартиб берилди. Бош қомусимиз қабул қилинди. Ҳуқуқий кафолатланган жамиятдаги ўзгаришлар, юксалишлар эса нафақат ўзимизни, балки дунё аҳлини лол қолдирди. Йўлга чиққан карвонимиз билан жаҳонга бўй кўрсатдик. Айтиш мумкин-ку, бу – мустақиллигимизни ғоятда қадрлашга ҳамда шу эл учун бор ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга чорлайди. Энг олий неъмат ҳам шу эмасми?!
Ғайрат Ширинов, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/nurli-kunlar-ostonasida—20-06-2018

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *