НУРЛИ ОДАМЛАР

  • Ажиб хотиралар

Меҳр нурининг катта кичиги бўлмайди. У игнанинг тешигидай жойдан кўринса ҳам юракка қуёш ҳароратини, вужудга тетиклик шижоатини, кўзингизга эса ёруғлик қудратини бера олади. Аслида инсон ана шу нур туфайли ҳам қуёш, ой, юлдуз, электр ёғдусини англайди. Кўнгил нури инсонга завқу шавқ ато қилади, уни яшашга ўргатади, дунёни англашга ундайди. Шунинг учун ҳам қалби нурли одамларга ҳамма интилади, уларнинг меҳри, самимиятидан баҳраманд бўлишга интилади.

Зотан, нурли одамлар ўзларининг бу хислатларини миннат қилмайдилар, улар бу ишни ғурбатлардан, майда гаплардан устун қўядилар, замон билан ҳамнафас яшаш баробарида бошқалар учун савобли иш қилиш хаёлида бўладилар.

Сиз суратда кўриб турган уч ижодкор юқорида камина таърифлаган зиёли инсонлардандир. Самарқанд адабий муҳитида қалами чархланган, пойтахтга келиб камолга етган бу адиблар меҳр нуридан баҳраманд бўлганлигим учун ҳам улар мен учун ниҳоятда қадрли кишилардир.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов(чапда) нафақат ижодда, одамгарчилик ва халққа хизматда ҳам ҳозирда кўпчиликка ибрат. Бу инсоннинг Одил Ёқкбов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов таниқли адиблар феноменини яратишдаги, шогирд тайёрлашдаги хизматларининг ўзи бир олам.

Ўртадаги адиб эса, ўзбек насрида ўзига хос из қолдирган ёзувчи, қадрли укам Собир Ўнар. Жойи жаннатдан бўлсин, ҳаётдан анча эрта кетди, лекин кўпчиликка қисса ва ҳикояларида, эсселарида қишлоқ одамлари руҳиятининг ўлмас сийратларини чизиб кетди. Ҳамкасблар, сафдошлар, китобхонлари қалбида самимий, меҳрли, мард, оқибатли ижодкор сифатида из қолдирди. Бинобарин, менинг хотирамда ҳам у ана шундай инсон сифатида яшайди.

Тўлқин Эшбекни бугунги китобхонга, газетхонга, ижтимоий тармоқ ихлосмандига таништириш шарт эмас, деб ўйлайман. Бу фидойи зиёли бўлажак журналистлар тайёрлаш бобида энг жонкуяр олимлардан бири. У қалбидаги меҳри, иродаси туфайли оғир дардни енгиб, ҳаётга, ижодга қайтди. У ижодга алоқаси бор ҳаммани севади, ҳурмат қилади, жонли давралар уюштиришни истайди. Депутат сифатида ҳам жамият жонкуяри.

Уч нафар нурли қадрдонимни суратда бирга кўриб, юрагимга ширин туйғулар инди ва ушбуни ёздим.

Барчамизга шундай одамлар меҳр нуридан баҳраманд бўлиб яшаш насиб этсин,нурли одамлар кўпайсин элимизда…

✍️ Фармон ТОШЕВ

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *