«Обод қишлоқ» режасини ким барбод қилмоқда?
Журфакда таҳсил олган Лазиз Раҳматовнинг истеъдоди ҳар бир
китобида, мақоласида яққол акс этиб туради, дейди Дониш домла бошқа шогирдларини ҳам ундан ибрат, андоза олишга даъват этиб. Ҳар бир журналист ҳар куни биттадан муаммони ёритиб борса ва унинг ечимлари ҳақида тегишли мутасаддилар хулоса чиқаришса, амалий ишлар шунга яраша бўлса, юртимиз чинакам обод бўлиб кетишига умид қилса бўлади.
06.07.2018 12:16 1 2595
Наманган вилоятидаги 11 тумандан «Обод қишлоқ» дастурига 22 та маҳалла киритилган. Мазкур маҳаллаларда ўн саккиз ярим минг хонадонда юз мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Улар эртага ҳаёти нурафшонроқ ва гўзалроқ, маҳаллалари обод ва кўркам бўлишини исташади, аммо…
Жумладан, Норин туманидаги «Қўшчек» маҳалла фуқаролар йиғини «Обод қишлоқ» давлат дастурига киритилган эди.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони ҳамда шу куни қабул қилинган «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 5 апрелда Норин тумани ҳокимининг 545-қарори қабул қилинган.
Ушбу қарорга кўра Қўшчек маҳалласига 9 миллиард 369 миллион сўмлик маблағ йўналтирилиши белгиланган. Шундан 2018 йил 28 июнгача 2 миллиард 865 миллион сўми йўналтирилгани ҳақида туман ҳокимининг ўринбосари В.Нуралиев маълумот тақдим этди.
Хусусан, тармоқ корхоналарининг маблағлари ҳисобидан 245 миллион 500 минг сўм, ҳомийлик, ҳашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш, тадбиркорлар ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан маҳаллага 5 миллиард 280 миллион сўм маблағ ажратилгани маълум қилинган. Банк кредитлари ҳисобидан эса 150 миллион сўм йўналтирилган эмиш.
Ушбу маълумотларни далиллар асосида таҳлил қилсак, ҳақиқий вазият аён бўлади. «Обод қишлоқ» дастури доирасида маҳаллада амалга ошириладиган ишларнинг рўйхатини олиб таққослаймиз.
Унга кўра икки ой муддатда (қайси муддатлиги аниқ белгилаб қўйилмаган) «Қўшчек» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 341 нафар фуқаронинг уйини таъмирлаб бериш белгиланган. Маълумотда «110 та хонадон таъмирланди ва 168 миллион сўм сарфланди» дейилади. Аммо ўрганишлар чоғида атиги 25 та хонадоннинг деворлари ва уй фасадлари таъмирланаётгани аниқланди. Уларнинг ҳам 7 тасида ҳали ишлар давом эттирилмоқда.
Суҳбатларимизда ҳар бир хонадон эгаси бу ишларни ўз ҳисобидан амалга ошираётгани, ҳеч қандай ташқи ёрдам бўлмаганини билдирди. Ўз ҳисобидан кўча деворларини замонавий тарзда кўтариш бўйича қўйилаётган талаб эса эҳтиёжманд, бунга қурби етмайдиган оилаларни жуда қийнаб қўймоқда ва уларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.
Электр таъминотини яхшилаш бўйича 2 километрлик янги тармоқ тортиш, 5,8 километрлик тармоқни модернизация қилиш, 1 та янги трансформатор ўрнатиш, 5 та трансформаторни модернизация қилиш белгиланган. Амалда 1,5 километр янги тармоқ тортилган, 5 километр тармоқ модернизация қилинган, 1 та янги трансформатор ўрнатилган ва 5 та трансформатор модернизация қилинди деб маълумот тақдим этилган.
Ўрганишлар чоғида 28 та янги бетон таянчлар ўрнатилгани, бироқ уларда электр симлари ҳанузгача тортилмагани, 5 километрлик тармоқ умуман модернизация қилинмагани ойдинлашди. 1 та янги трансформатор келтирилган бўлса-да, у 30 июнгача Қўшчек кўчасида ўрнатилмасдан, ерда ётгани аён бўлди. Шунча пуллик нарсани биров кўтариб кетмайдими? 5 та трансформатор модернизация қилинмаган, балки қўлўтарга у ёқ-бу ёғи таъмирлаб қўйилган, атрофлари эса ўралмаган.
Аҳоли 173 та газ баллони билан таъминланиши кўзда тутилган бўлса-да, амалда 120 та газ баллони билан таъминланди, 63,7 миллион сўмлик ишларнинг 44,2 миллион сўмлиги бажарилди дея ҳисобот берилган.
Ёлғоннинг ҳам чеки йўқ-да. Бу борада бирорта иш қилинмаган. Аксинча, 2018 йил 27 июнда 368 хонадонда (умуман олганда эса 425 та) газ баллони йўқлиги аниқланди. Республика ишчи гуруҳи саъй-ҳаракатлари билан юздан ортиқ хонадонга газ баллони етказиб берилди. Негадир туман ва вилоят газ идораси мутасаддилари томонидан суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш бўйича уйма-уй кириб аниқ эҳтиёжлар ўрганиб чиқилмаган, рўйхат тўлиқ шакллантирилмаган ва тарқатиш жадвали муддатлари аниқ белгиланмаган. Оқибатда аҳоли қишга кўчаларда таппи тайёрлаш орқали тадорик кўраётганига гувоҳ бўлдик.
Тоза сув таъминотини яхшилаш бўйича 4 километрлик янги тармоқ тортиш, 5 километрлик тармоқни реконструкция қилиш, 1 та қудуқ ва 1 та сув минорасини реконструкция қилиш, 100 метрлик электр узатиш тармоғини тортиш, 1 та трансформатор ўрнатиш, 2 та зарарсизлантириш қурилмасини ва 120 п/м ташқи қўрғон деворини қуриш белгиланган. 5 километрлик тармоқ реконструкция қилинган деб маълумот берилса-да, амалда унинг 3,5 километри таъмирланган. 1 та қудуқ ростан таъмирланган. 4 километрлик янги тармоқни тортиш (300 метри) ишчи гуруҳининг кескин танқидидан кейин 29 июндан бошланган. Қолган вазифалар бажарилмасдан, ўлда-жўлда қолиб кетмоқда.
Автомобиль йўлларини яхшилаш бўйича 20,8 километр йўлни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, амалда 1 километр йўл таъмирлангани ва бунга 50 миллион сўм сарфлангани айтилади. Ваҳоланки, қилинган ишни сезишнинг ҳам, қулайлик яратилганини кўришнинг ҳам имкони бўлмади. Бир метр ҳам асфальт қопланмаган, ҳатто гридерлар текислаган жой ўнқир-чўнқир бўлиб ётибди, шағал тўшаш ишлари бошланмаган.
9 та кўчанинг 20,8 километрлик қисмини таъмирлаш ишлари бошланмаган. Маҳалла фуқаролар йиғинига «Автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича минтақавий йўллар» ташкилоти сув тармоқлари тўлиқ тортилишини кутиб, бу борадаги ишларни бошлай олмаётганини бир неча марта таъкидлаган. Ваҳоланки, 3-чоракда 2 миллиард 545 миллион сўмлик ишлар бажарилиши керак. Вақт эса тез ўтмоқда.
Ижтимоий соҳа объектлари бўйича маҳалла ҳудудудидаги 23-мактабда «Квант люкс инвест» МЧЖ томонидан 1 миллиард 156 миллион сўм, 15-мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш учун 435 миллион сўм ажратилиб, ишлар 13 июндан бошлангани ҳақида оғиз кўпиртириб ҳисобот берилган.
Ваҳоланки, боғча 2017 йилда қурилган бўлиб, аввалги қурилишлар чоғида бир четда мунғайиб қолиб кетган эски кирхона яқинда бузилган. Унинг ўрнига захира омбори ва болалар учун ёзги айвонча қуриш ишлари (қиймати тахминан 21,5 миллион сўм) ҳали бошланмаган. Шундай экан, «Норинсантехмонтаж» МЧЖга 435 миллион сўм маблағ ўтказиб бериш назарда тутилаётганини тушуниш қийин. Кўз илғамас қандайдир аломатлар бордай. Янги боғчани бир йил ичида капитал таъмирлаш кимга керак бўлиб қолди? Ундан кўра маҳалланинг боғчага бора олмаётган юздан ортиқ боласига янги боғча қуриб берган фойдали бўлмайдими?
Инфратузилма объектлари бўйича 8 та янги иншоотга 520 миллион сўм сарфланиши ва 24 та иш ўрни яратилиши керак эди. Ҳоким ўринбосари ҳисоботида маҳалладаги Ш.Алижоновга сартарошхона ва чевархона қуриш учун 70 метр квадрат, Ш.Аҳмедовга кичик дўкон қуриш учун 150 квадрат метр ер ажратилгани ёзиб қўйилган. Буни ўқиб отангга балли, тадбиркорга қайишиш бундай бўлибди-да дейсиз. Бироқ сартарошхона Абдурашид Тожибоев аввалдан қурган бино бўлиб, уни ўз ҳисобидан таъмирлаган ва фақат кечки пайтлар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Чевархонадан эса ном-нишон йўқ. Минимаркет қуриш ишлари ҳам ҳанузгача бошланмаган.
Шу билан бирга ҳисоботга киритилмаган ва бажарилмаган, аммо рўйхатда катта-катта қилиб белгилаб қўйилган айрим вазифалар ҳам бажарилмай қолиб кетмоқда.
Обод қишлоқни гулларсиз тасаввур эта олмаганимиздек, чироқлар унга айниқса кечки пайтлар файз бағишлайди. Қўшчек маҳалласидаги 326 та кўча чироқларини 2018 йилнинг 2 — 3-чорагида ўрнатиш белгиланган. Бироқ мана иккинчи чорак тугаб, учинчисига ўтилибдики, кўчаларга бирорта чироқ қўйилмаган. Шу муддатда 2,6 километрлик гулзор ташкил қилиш қайд этиб қўйилган бўлса-да, гулзор у ёқда турсин, ҳатто асосий кўча четларига битта гул ҳам экилмаган.
2 та – Шайхота ва Парпиота қабристонлари маҳаллий бюджетнинг даромадлар ошириб бажарилган қисми ва ички имкониятлар ҳисобидан ободонлаштирилади деб ёзилган. Аммо катта кўча юзидаги қабристон деворлари фақат аҳоли ва маҳалла тадбиркорлари томонидан тикланмоқда. Шайхота қабристони ҳозирча 101 метрлик бетон, ғишт девор ва панжаралар билан ўралган. Аммо 250 метрлик девор қайта тикланиши керак.
Парпиота қабристони 210 метрлик бетон, ғишт девор билан ўралган. 200 метрлик пахса девор нураётгани сабабли уни янгидан кўтариш талаб қилинмоқда. Ҳар икки қабристоннинг ҳам ички йўлакчаларини давом эттириш ва асфальтлаш, қабрлар орасидаги бегона ўт ва хашаклардан тозалаш чоралари кўрилмаган. Тошкентдан республика ишчи гуруҳи келиб, ободонлаштириш талабини қатъий қўйгачгина бу ишлар ҳашар йўли билан амалга оширилган.
Қассобхона қуриш, ҳаммом ташкил этиш, кутубхона ва канцелярия моллари дўкони, нон цехи, чеварчилик ва темирчилик устахонаси қуриш муддати тугаб кетган бўлса-да, қурилиш ҳатто бошланмаган ҳам, жойи ҳам номаълум. Темирчилик устахонасини қуриш учун тадбиркор, эски темирчи, барча асбоб-ускуналарга ва зарур техникаларга эга Илҳомжон Қосимов бир неча марта жой сўраб қилган мурожаатига биров ҳа деб ҳам қўймаган.
«Қўшчек» маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси икки ой аввал бузиб ташланган, бироқ қурилиши ҳалигача бошланмаган.
Маҳаллада бирорта дорихона йўқ. Уни қуриш ишлари ҳатто режага ҳам киритилмаган. Аҳоли учун энг яқин дорихона 4 чақирим олисдаги Тўда маҳалласида жойлашган.
Мақолани тайёрлаш чоғида қўшимча маълумотга эга бўлдик. Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Қўшчек маҳалласида бўлиб, вилоят ташкилотларини шу ернинг ўзида тик оёқда йиғиб, ишларнинг бундай кўзбўямачилик ва олди-қочди тарзида кетаётганидан кескин норозилигини яширмади ва топшириқлар берди.
— Менда дастурга тушган барча маҳаллаларда қилинган ишлар ҳақида етарлича маълумотлар бор. Ким сохта маълумот тақдим этса ёки қилинмаган ишни қилдим деб берса, мени ҳам, халқни ҳам алдаган бўлади, — дейди вилоят раҳбари мутасаддиларни қатъий огоҳлантирар экан. — Керак бўлса, 22 та маҳалланинг ҳар бирига ўзим бориб, бирма-бир юриб, бажарилган топшириқларни кўзим билан кўрмагунча маълумотларингизга ишонмайман. Бундан кейин сўров бошқача бўлади. Ижро сўзсиз ва тўлиқ, сифатли бажарилишига ҳар бирингиз шахсан жавоб берасизлар.
Албатта, мавзуга учинчи чорак якуни бўйича яна қайтамиз.
Лазиз Раҳматов, журналист
https://www.xabar.uz/w98
Сўнгги фикрлар