«Одамларга воқеалардан хабардор бўлиш имконини берсангиз,
мамлакат хавф-хатардан холи бўлади», — деган эди ўз вақтида АҚШнинг ўн олтинчи Президенти Авраам Линкольн. Ҳақиқатан ҳам, ушбу гаплар амалда ўз ўрнини топганидан кейин Америка демократиянинг энг юқори “чўққисига” чиқди: сўз эркинлиги бўйича андоза бўлиб келяпти, десам адашмаган бўламан.
Бугун, яъни 23 июль куни Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясига расман старт берилди. Бу кун мустақил Ўзбекистон тарихида, умуман сайловлар тарихида унутилмас воқеа бўлиб муҳрланади.
Мамлакатда рўй бераётган, фуқароларнинг ҳаёт тарзига таъсир кўрсата оладиган ҳар бир муҳим жараённи медиа вакиллари иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. ОАВнинг сайлов давридаги фаолияти жуда муҳим. Сайловлардек муҳим жараённи ёритишда ва буни кенг жамоатчиликка етказишда журналистларнинг ўрни беқиёс. Айнан шунинг учун ҳам Марказий сайлов комиссияси қошида Матбуот маркази ташкил этилди. Бемалол айта оламанки, матбуот маркази халқаро талабларга жавоб беради. Барча жиҳатлар инобатга олинган ҳолда Матбуот марказида журналистлар учун ҳамма қулайлик яратилган: компьютер техникалари, юқори тезликдаги интернет билан таъминланган. Хуллас, журналистлар бемалол ижод қилишлари учун яхши шароит яратилган.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси учинчи моддасида «Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади», деб қисқа ва лўнда ёзилган. Сайловда “яширин” бўлиши керак бўлган нарса ягона: сайловчи яширин овоз бериши. Қолган ҳамма жараён очиқ ва ошкора бўлади. Эътибор бераётган бўлсангиз, давлатимизда ўтказилаётган сайловлар йилдан-йилга очиқ ва ошкора бўлиб ўтмоқда. Яққол мисол тариқасида 2019 йилда мамлакатимизда бўлиб ўтган Парламент сайловларини келтиришим мумкин. Ўйлаймизки, Президент сайловлари демократиянинг барча тамойилларга амал қилган ҳолда, бундан-да юқори савияда ташкил этилади.
Халқимиз ҳам, шубҳасиз, бундай муҳим жараёнга бефарқ эмас ва бу одамни қувонтиради. Ижтимоий тармоқларга жойланган, сайловга алоқадор биргина постда 50 га яқин изоҳлар қолдирилган. Бу халқимизда сайловга бўлган қизиқишдан далолат беради.
Халқаро пресс-клуб ҳам биринчилар қаторида сайлов жараёнларини ёритишга шай бўлиб турибди. Олдинда бизни кўплаб жонли эфирлар кутмоқда. Насиб қилса, “сайлов оламида” бўлаётган ҳар бир жараённи кўрсатамиз, фуқароларимизнинг фаоллигини оширамиз, уларнинг ҳуқуқий билимларини кенгайтирамиз.
Шерзодхон Қудратхўжа,
Марказий сайлов комиссияси аъзоси,
Халқаро пресс-клуб раиси
Сўнгги фикрлар