Одамлар ҳар бир тизимдаги ўзгаришларни қалбдан сезиши керак
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Олий ва ўрта махсус
таълим вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш: режалар ва устувор вазифалар” мавзуига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Унда маънавият ва маърифат тарғиботчилари гуруҳи аъзолари, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси юртимиз тараққиётида ўзига хос янги босқичга муҳим пойдевор бўлади,– деди ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори вазифасини бажарувчи Қодиржон Абдураҳимов.– Бугун деарли ҳар бир хонадонда, ишхоналарда давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномасини одамларимиз катта қизиқиш ва умид билан қайта-қайта кўришмоқда. Демак, мамлакатимиз тараққиётини ҳал қилишда ғоят муҳим аҳамият касб этувчи мазкур Мурожаатномада белгиланган вазифалар, режалар, эзгу ниятларни амалга ошириш учун энди ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишга киришишимиз лозим. Сиз-у бизнинг, яъни, маърифат тарғиботчиларининг вазифамиз нималардан иборат? Бугундан ушбу Мурожаатномада баён этилган илғор ғоялар ва режалар мазмун-моҳиятини аҳолимизнинг турли қатламларига теран нигоҳ билан етказишимиз зарур. Мазкур Мурожаатномада баён этилган айрим мавзуларга эътиборингни қаратмоқчиман. Ўзбекистон тарихида илк маротаба Президентнинг парламентга 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси тақдим этилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кўплаб тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд. Давлат бошқарувининг бундай демократик усули, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, ҳар биримизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. 2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамлар қўйилди. Жумладан, қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу келаси йил қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Миллий валютамизнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди. 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди. Ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда. Жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси амалга оширила бошлади. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. 12 та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та мактаб капитал таъмирланди. 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди. Мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. 11 йиллик таълим қайта тикланди. Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди. Олий таълим муассасаларида иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди. Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. 2017 йилда 21 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари 2018 йилга юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб ном беришни таклиф этди.
Семинар-тренингда Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Шавкат Тўраев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров, ЎзМУ доцентлари Музаффар Ортиқов, Аброр Хидиров ва бошқалар ўз сўзларида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётида қанчалик муҳим ўрин тутишини таҳлил қилиб бердилар.
Дарҳақиқат, бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади. Президентимиз Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиши зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан ҳар бир фуқаро давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрини билдириши учун Интернет тармоғида “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифалар ташкил этилади. Аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида бу ташкилотларнинг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Маълумки, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Шу асосда янгича ёндашувлар ҳаётга фаол жорий этилмоқда. Энди Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциацияси тузилади. Ёшлар хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлиши уларнинг ўз салоҳиятини дунё миқёсида намоён этиши учун катта имконият яратади. Шунинг учун келаси йил Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш кўзда тутилмоқда. Бундан буён ҳам инглиз тили ва бошқа хорижий тилларни чуқур ўқитиш масаласига устувор аҳамият берилади. Дунёдаги таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашни ҳар томонлама кучайтириш шарт. Бу – замон талаби. Аввало, шу йўналишда шаклланган тизим самарадорлигини янада ошириш, айниқса, диний масалалар билан бевосита шуғулланадиган ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар масъулиятини янада кучайтириш зарур. Хусусан, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар, диний-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари фаоллари биргаликда иш олиб бориши лозим. Ана шундай хайрли ишлар тўла-тўкис амалга оширилиши учун маънавият ва маърифат тарғиботчилари енг шимариб ишга киришиши ва аҳолимиз ўртасида кенг тарғибот ишларини амалга оширишда фаоллик кўрсатиши зарур. Токи, давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини ҳар бир фуқаромиз онги ва қалбига етказишимиз лозим. Ана шундагина барчамиз – бутун халқимиз бир тан-у бир жон бўлиб улуғ мақсадлар йўлида дадил қадам ташлай оламиз.
Семинар-тренингда бу мавзуда атрофлича сўз юритилар экан, маънавият ва маърифат тарғиботчиларига аҳоли билан мулоқотлар самарали бўлиши учун тегишли тавсиялар берилди.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар