Одам ва омад
Хабарингиз бор, 2018 йил 13 июнь куни сайтимизда “Адабиёт бўстонида
янги адабий жанр яратилди” сарлавҳали мақола эълон қилиб, унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир Сафар Оллоёр бадиий адабиётда янги жанр бўлган зарбулдостонга асос солгани, бу янгилик Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агантлиги томонидан расмийлаштирилгани: зарбулдостон адабиётдаги илк жанр сифатида рўйхатга олиниб, муаллифга бу ҳақда тегишли гувоҳнома берилгани, ушбу гувоҳнома муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги Бутунжаҳон конвенциясига (Женева) аъзо бўлган 167 та давлатда расман тан олиниши ҳақида мухтасар маълумот бериб, яқинда унинг тўла матнини сайтимизда жойлаштиришни ният қилган эдик. Шу ваъдага биноан, мазкур асардан бир парчани эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўқиб кўринг ва мулоҳазаларингизни биз билан ўртоқлашинг. Мана, ўша жаҳон адабиётида янги жанр бўлган илк зарбулдостон!
Дониш домла
Суратда: чапдан Тўлқин Эшбек, Шоим Бўтаев, Сафар Оллоёр
Сафар ОЛЛОЁР
ОДАМ ва ОМАД
Зарбулдостон
Тошкент — 2018
ЮКСАК МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАР ИФОДАСИ
Иқтидорли шоир Сафар Оллоёр “Одам ва Омад” номли достонлар туркумига 27 йиллик умрини сарфлаган – бу жуда катта меҳнат. 27 йиллик сафарбарлик – бу бир йигитнинг қирчиллама умри, деган гап. Муаллифнинг нияти жудаям олижаноб: Бугунги куннинг маънавий-ахлоқий масалаларига ижтимоий-фалсафий нуқтаи назардан ёндашишга, баҳо беришга, уларни бадиий-эстетик умумлаштиришга ҳаракат қилган:
Эзгу маслагимни айтсам мухтасар,
мана, юз очмоқда фалсафий асар:
Имон, Идрок, Туйғу ва Қалб – қаҳрамон.
“Одам ва Омад” саккиз достонни ўз таркибига олган (“Саховат савоби”, “Муҳожирлик – муҳтожлик”, “Номсиз Армон”, “Серрежа Режиссёр”, “Тилсиз Тилсим”, “Эрмак эртак”, “Одам” ва “Ҳайқириқ”) зарбулдостон туркум. Бадиий маданиятимиз тарихида туркумлик ҳодисаси осмондан оёғини узатиб тушгандек қўққисдан юзага келган, кутилмаган ҳолат эмас. Халқ оғзаки ижодида қирқдан ортиқ достонларни бирлаштирган “Гўрўғли” туркуми, ёзма адабиётда “Хамса”чилик анъаналари, “Девону луғати турк”да кузатилганидек мавсумий қўшиқлар, Алп Эр Тўнға вафотига аталган марсиялар (ўндан ортиқ йиғилардан иборат) шеъриятимизда туркумлик ҳодисаси узоқ тарихга, қутлуғ анъаналарга эга эканлигини тасдиқлайди. Биргина ХХ аср ҳамда истиқлол адабий ҳаётига мурожаат этадиган бўлсак, Ч. Эргашнинг йигирма достондан ташкил топган “Раҳмон васвас” туркуми (“Ажиналар ўйини”, “Жиннихонадаги тушлар”, “Искабтопар чивинлар”, “Умрдан лавҳалар”, “Шайтоннинг бошидан кечирганлари”, “Безовта руҳлар”, “Ўлим сўроқ қилади”, “Номус ва муҳаббат”, “Раҳмоннинг қайтиши”, “Осмондан тушган одам” ва ҳ. к.) хаёлий, кечмиш-кечирмиш асари ғаройиб томоша ва манзаралардан ташкил топган. Яна, маънавий сарчашмаларимиз – Аллоҳнинг муборак китоби Қуръони Каримга, Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) суннатлари – ҳадиси шарифга мурожаат этилмоқда (А. Ориповнинг “Ҳаж дафтари”, А. Маҳкамнинг “Нақшбандия”, “Ишқ”, “Таважжуҳ” достонлари, С. Саййиднинг “Қирқ ҳадис”, Ш. Қурбоннинг “Расулуллоҳ айтурлар” шеърлар туркумлари). Ўзбекистон халқ шоири Т. Низом истиқлол шукуҳини, боқий башарий қадриятларни (эрк, гўзаллик, адолат, эзгулик) илҳом билан қутлаган, ўн етти асарни ўз ичига олган “Ватан ҳақида қўшиқ” – мустақиллик достонлари туркумини яратди.
Бу борада насрчиликда ҳам каттагина тажриба тўпланди. П. Қодировнинг тарихий трилогияси (“Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони”, “Шоҳруҳ Мирзо ва Гавҳаршод Бегим”), М. Алининг “Улуғ салтанат” (“Жаҳонгир Мирзо”, “Умаршайх Мирзо”, “Мироншоҳ Мирзо”, “Шоҳруҳ Мирзо”) эпопеяси, “Сарбадорлар” дилогияси (“Канигил”, “Чорсу майдони”), О. Мухторнинг “Навоий ва рассом Абулхайр” (“Ишқ аҳли”, “Буюк фаррош”) дилогияси, М. Мансурнинг беш романдан иборат “Жудолик диёри” туркуми, Т. Маликнинг беш китобни қамраб олган “Шайтанат” романлар дастаси, Н. Қобулнинг ўн китобдан иборат романлар туркуми (“Буюк Турон амири”, “Етти иқлим ҳоқони ёхуд аҳд ва тахт”, “Султоннинг сўнгги куни ёхуд Амир Соҳибқирон ва Тўхтамишхон”, “Чингизхоннинг олтин тахти”, “Жаҳон мулкининг султони ёхуд фотиҳ Темур ва Йилдирим Боязид”, “Жон ва Шон талвасаси”, “Тириклик саодати”, “Қадарнинг ғариб жилваси” ва ҳ. к.) айтиб ўтиш мумкин. Туркумлик масаласида телесериаллар, ўнлаб сериялардан ташкил топган кинофильмлар яратиш борасидаги изланишларни ҳам ҳисобга олиш жоиз.
Бадиий-эстетик тафаккур маданиятида туркумлик, туркумлаштириш принциплари, туркумлик турлари ва хиллари сингари масалалар ўз тадқиқотчисини кутмоқда. Хусусан, туркумга мансуб достонларнинг ғоявий-эстетик йўналиши, бадиий тасвир воситалари, қаҳрамонлар тизими масаласи, умуман, адабиётимизнинг барча тур ва жанрларида (наср, назм, драматургия) туркумликнинг асос илдизлари, генезиси, бир сўз билан айтганда, достончиликда туркумликнинг тарихий, даврий тараққиёт қонуниятларини таҳлил ва тадқиқ этиш адабиётшунослик илмимизнинг галдаги муҳим вазифалари сирасидандир.
Туркум, туркумлаштириш, яъни муайян бадиий ғоя ва мавзулар муштараклигига кўра эпик сюжет ёхуд ижодкорнинг ижтимоий-фалсафий концепцияси асосида ҳар қайсиси ўзича мустақил, айни пайтда бир-бирига боғлиқ ўнлаб асарлар яратиш тажрибаси кейинги пайтда шеъриятимизда кенг палак ёзди. Маълумки, туркумлаштириш ижодкорнинг хоҳиш-истагига кўра амалга оширилмайди. Ҳаёт, ижтимоий воқелик тақозосига ҳамда ижодкорнинг дунёқараши, фалсафий-эстетик концепциясига кўра бири иккинчиси билан чамбарчас боғлиқликдаги асарлар тизими вужудга келади. Бу борада шеърий туркумланишнинг ҳудудий-географик (“Кавказ дафтари”, “Дунай дафтари”, “Қозоғистон ўланлари”, “Тонг ва шом аро” ва ҳ. к.) ҳамда ҳаётий-бадиий мантиқ асосида юзага келган кўринишлари (“Инсон ва яхшилик”, “Тафаккур саҳифаси”, “Хиёбон”, “Ҳикмат дунёси” ва ҳ. к.) шеъриятимизда кўпроқ кузатилмоқда. Демак, ушбу ҳолатда, биринчидан, туркумланишнинг шаклланиш омиллари; иккинчидан, шеъриятимиз жанрлар системасида туркумланишнинг эстетик табиати; учинчидан, поэтик тафаккур тарзи ва ижодий ғоя динамикаси; тўртинчидан, шоир шахсияти ва нуқтаи назар яхлитлиги; бешинчидан, мустақил асарларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминловчи бадиий мантиқ хусусиятлари сингари мисоллар кўндаланг бўлаётир.
Имон, Идрок, Туйғу ва Қалб – саккиз достоннинг асосий қаҳрамонларидир. Маънавий-ахлоқий қадриятларга бўлган шоирнинг нуқтаи назари, бадиий талқинлар, фалсафий ўйлар уларни бирлаштириб туради. Хусусан, “Тилсиз Тилсим” достонида кўнгилга сафар орқали руҳоният иқлимларини очишга интилади шоир. Руҳоний дунё жудаям кенг тушунча. Бу – бизнинг ақл-идрокимиздан ташқаридаги, шууримиз қамрай билмаган моддий ва маънавий олам шевалари, қирраларидир. Мутафаккир Ибн Сино ўзининг “Руҳ ҳақида” номли асарида руҳоният дунёсини тўрт иқлимга бўлади: одамзод, табобат, наботот, ҳайвонот. Уларнинг ҳолатлари, кўринишлари, сир-асрорлари, синоатларини туйғу ва тафаккур қудрати билан англаш, тушуниш ҳамда тушунтириш амри-маҳол. Банданинг сезимлари, билгичлари бари чекланган. Шу боисдан ҳам буюк мутафаккир, Олло Таоло аввало бандасининг ўзини билгувчи қилсин, дейди. Сирли олам сеҳри-жодуларини; Борлиқнинг ҳам, Йўқликнинг ҳам реал-мавжудлигини онги-шуури, кечинма-туйғулари, ҳиссий идроки орқали англасин – ана шу руҳоният ҳақиқатларини очишга Олло Таоло йўналтирсин, бандасини билгувчи қилсин, дейди.
Сафар Оллоёр “Улус руҳи” деганда Миллат руҳини назарда тутади. Фикрий тозариш, ҳис-туйғу покланиши асосида руҳоний дунё иқлимларини англашга йўл очилади:
Камина Имонни таний бошладим,
руҳимда тозариш ҳис этдим шу дам,
баайни бу аъмол жуда ҳам қадим:
гар Имон Ҳақ сари интилса,
Илм
Қалб,
Туйғу,
Идрокка бўларкан ҳамдам..,
Абад Нур таратар муқаддас Қуръон…
Ижодий ниятдан англашиладики, шоир маънавий-ахлоқий қадриятлар тирикликнинг ва, демакки, жамиятнинг ҳам руҳоний устунларидир, деган фикрни илгари суради. Бу – ниҳоятда хайрли иддао, улуғ ният. Бир куни атоқли шоир Р. Парфидан “Нега ўзингиз достон ёзмайсиз, “Инсон манзаралари”, “Хотира ҳуқуқи”ни таржима қилиб, анчагина тажриба орттирдингиз-ку?”, – деб сўрадим. “Биласизми, достон учун катта нафас керак. Нафасим етмай, узилиб қоладими, деб қўрқаман”, – деганди у.
Катта нафас – бу ҳаётнинг катта ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантириш санъати. Давр-замоннинг, миллат ҳаётининг катта дардларини туя билиш, шеър тилига кўчириш маҳорати, аслида. “Адашган руҳ”ни лирик фалсафий достон деса бўларкан, десам, “У – манзума, ҳали охирига етмаган, тугалланмади, давоми бор. Сўнгги нуқта қўйилса, балки достон деса бўлар, достон талабларига жавоб бериб қолар”, деганди Р. Парфи. Ҳассос шоир Р. Парфи бир умр шеър ёзиб, негадир достон ёзишга ботинмади. Балки А. Блокнинг поэма ҳақидаги фикрлари таъсири кучлилик қилдимикан?! “Поэма – бу халқ ҳаётининг бурилиш нуқталаридаги катта масалаларга катта жавоб топа билиш маҳорати”, – деганди А. Блок.
Аввало, туркумнинг яхлитлигини таъминлаш учун шоир танлаган оригинал композиция хусусида. Асарнинг номи “Одам ва Омад” эканлиги боис Одамни: Бола, Бобо, Момо, Муҳожир, Мусофир… каби; Ҳайвонот, Наботот, умуман, Табиат унсурларини қаҳрамон сифатида жонлантириб: От, Боғ, Дара, Дарё, Ёз, Кун… сингари; шунингдек, Руҳониятни: Ҳис, Юрак, Ақл, Виждон… янглиғ қаҳрамонларни умумлаштирувчи маънода келган ҳолатларда – бош ҳарфларда, муайян шахсга тегишли индивудиал ҳолларда эса кичик ҳарфларда баён этади. Шоир саккиз достонни бир-бири билан боғлайдиган, умумлаштирадиган, биридан иккинчисига ўтадиган “адабий-бадиий йўлакчалар”ни ҳам яратган. Бундан эса, ўз навбатида, (муаллиф) лирик қаҳрамон муносабатини бадиий-эстетик умумлаштиришга қаратилган мулоҳаза-муҳокамаларини ифода этадиган 4+4+4+4 туроқли “баён тили” юзага келган. Натижада “Деди Сафар”, “Дедимки мен” шакли асар композициясида бадиий бутунликни, яхлитликни вужудга келтиришга хизмат қилаётир. Пировардида достонлар аро умумийликдан индивудиалликка қараб борган “Ҳаёт – Дарё”, “Дарё – ирмоқларнинг бирикуви”, “Ирмоқ – жилғаларнинг натижаси”, “Жилға – бу булоқлар маҳсулоти”, “Булоқ – Она Замин кўз ёшлари”, “Она Замин титроқлари – Руҳоният сабоқлари”, “Руҳоният – Илоҳият”, “Илоҳият – бу Моҳият”, “Моҳият – бу Салоҳият” тарзидаги мантиқий-фалсафий қурилма ва битта мавзумонанд мажозий мазмундаги шеър ҳамда шу бир мавзуни тўлдирувчи ҳаётий митти ҳикоят келтирилади. Ва улар бир бутунликда асарнинг бадиий композицион яхлитлигини таъминлаган.
Аён,
Фалак мукаммалдир – хато қилмас Парвардигор,
энг қоронғу Зулматда ҳам Умид отлиғ Ёруғлик бор!
… Қалбу Шуур Макон топса гар Комиллик деган аршдан!.,
лекин унга ким етибди – суриштириб билолмадим,
Шахсий Ўрнак кўрсатай деб ўзим комил бўлолмадим.
Дедимки мен, Камтарлик ҳам Комилликка пиллапоя,
илмкор Одам тийнатининг равнақига йўқ ниҳоя!
Кўпда Одам хато қилса – Нажот истаб Ҳаққа боқар!..
Умр деган бир қайиқда Савоб,
Гуноҳ бирга оқар…
Буюк испан мусаввири С. Дали “Бўлажак рассомларга саккиз йўл-йўриқ” деган ўгитларини кундалигига ёзиб қолдирган. Шулардан бири, “Бир умр комилликка интил; барибир унга етишолмайсан. Ва лекин хайрли интилишнинг ўзи олижанобликдир. У комиллик сари ташланган бир одим”, дейди. Шоирнинг лирик қаҳрамони ахлоқий қадриятларнинг Одам ҳаётидаги нуфузи, аҳамияти хусусида теран муҳокамалар юритишга мойил, иштиёқманд.
Эътиборлиси, ҳаёт, ижтимоий воқелик тақозосига ҳамда шоирнинг дунёқараши, фалсафий-эстетик концепциясига кўра бири иккинчиси билан чамбарчас боғлиқликда битилган мазкур туркум достонларда бир жамият вакилининг икки хил турмуш тарзидаги ижтимоий ҳаётга нисбатан реал муносабати ўз аксини топган. Яъни, Кечаги – мустабидлик тузуми даврида ҳамда Бугунги – Мустақиллик замонида яшаган Шахснинг, асар бош қаҳрамони – Одамнинг ички кечинмалари, ботиний ва зоҳирий сифатлари ўзига хос йўсинда бадиий ифода этилган.
Бу нарса қандай хусусиятларда зуҳур топган? Муаллиф ўзи кўрган, билган воқеа-ҳодисалар хусусида чуқур муҳокамаларга берилади. Ихчам бадиий хулосалар асосида ботиний кечинма-сезимларини баён қилиб бораркан, шаклан хилма-хил асарининг бошидан охирига қадар ўзгача тутум ва талқинларни илгари суради. Хусусан, Сўзнинг маъно жилолари Ҳақ Сўзидан кейин кетма-кетликда давом этиб, Ҳамдард Сўз – Назмий Сўз – Чин Сўз – Табаррук Сўз – Анжуман Сўз – Теран Сўз – Йўсин Сўз – Босир Сўз – Муносиб Сўз – Муҳиб Сўз – Далил Сўз – Мумтоз Сўз – Машварат Сўз – Шукрона Сўз – Алп Сўз – Ҳикматпеша Сўз – Лўнда Сўз – Синов Сўз – Эзгу Сўз – Таҳсин Сўз – Авбош Сўз – Вожиб Сўз – Ор Сўз – Тавба Сўз – Бадиий Сўз – Адабий Сўз – Илмий Сўз – Сийлов Сўз – Холис Сўз – “ўз” сўз – Мутлақ Сўз – Эътимод Сўз – Сабил Сўз – Жозиб Сўз – Афсус Сўз – Марғуб Сўз – Қалб Сўз – Тақво Сўз – Дунёвий Сўз – Оддий Сўз – Даъват Сўз – Фиғон Сўз – Тик Сўз – Абдол Сўз – Далда Сўз – Соҳир Сўз – Завқёб Сўз – Халқона Сўз – ўзга Сўз – Ёруғ Сўз – Қоронғу Сўз – Иззатманд Сўз – Афсар Сўз – Азмойиш Сўз – Аянч Сўз – Нажот Сўз – Пойдор Сўз – Энг Хушоҳанг Сўз – Онг Сўз – Дадил Сўз – Мавзун Сўз – Дангал Сўз – Ҳур Сўз – Илҳомкор Сўз – Сўнгсўз – Қасам Сўз – Муштоқ Сўз – Сафбаста Сўз – Таассуб Сўз – Фаслий Сўз – Ишчан Сўз – Мушарраф Сўз – Лаҳжа Сўз – Камёб Сўз – Тайин Сўз – Киноя Сўз – Мақтов Сўз – Хулоса Сўз – Залворли Сўз – Улуғвор Сўз – Афиф Сўз – Чечан Сўз – Пафос Сўз – Муқояса Сўз – Мукаррам Сўз – Андиша Сўз – Боқий Сўз – Мустажоб Сўз – Руҳоний Сўз – Чалкаш Сўз – Музаффар Сўз – Малъун Сўз – Ифтихор Сўз – Ажрим Сўз – Муддао Сўз – Шоирона Сўз – Бир Сўз – Баҳона Сўз – Эр Сўз – Эътироз Сўз – Янги Сўз – Нисбий Сўз – Хундор Сўз – Дўстона Сўз – Ёмби Сўз – Ихлос Сўз – Калит Сўз – Муфассал Сўз – Тасаввур Сўз – Мутаассиб Сўз – Зарур Сўз – Лутф Сўз – Қизғин Сўз – Сабоқ Сўз – Авом Сўз – Ажиб Сўз – Ижодкор Сўз – Иқрор Сўз – Фарз Сўз – Фаромуш Сўз – Насиҳатбахш Сўз – Буюк Сўз – Саромад Сўз – Зарда Сўз – Жонли Сўз – Тиғдор Сўз – Авло Сўз – Фитна Сўз – Лирик Сўз – Кифоят Сўз – Афсун Сўз – Мушфиқ Сўз – Тааллуқ Сўз – Муқаррар Сўз – Собит Сўз – Онт Сўз – Йўриқ Сўз – Оғриқ Сўз – Синчков Сўз – Шоҳона Сўз – Улги Сўз – Вобаста Сўз – Дилхоҳ Сўз – Фахрий Сўз – Таомил Сўз – Адл Сўз – Тугал Сўз тарзида изчил давом этади ва Барқарор Сўз – Ватандаги Мустақиллик, дея асар ниҳояланади. Аслида, ўн саккиз минг оламнинг маъно қатламлари Сўзда мужассам.
Шоир ўқувчини Тик Йўл – Яратганнинг йўриғини ўзида зуҳур этган энг муҳим восита орқали “Одамзоднинг бош отаси – Одам Ато учун ўғлон – Муҳаммадга бори Олам бошдан охир аён” бўлган Табаррук Йўл – Раво Йўл бўйлаб Оллонинг Нажот Йўлидан Ҳаётнинг Аро Йўли орқали Катта Йўлига бошлаб чиқади. Сўнгра қадам-бақадам Овора Йўл – Равон Йўл – Улов Йўл – Сирли Йўл – Қасоскор Йўл – Кенг Йўл – Оқ Йўл – Сангноқ Йўл – Тақво Йўл – Тарафкаш Йўл – Танҳо Йўл – Эгри Йўл – Собит Йўл – Қисмат Йўл – Оғир Йўл – Тайин Йўл – Барака Йўл – Холис Йўл – Ёлғизоёқ Йўл – Тошлоқ Йўл – Сирпанчиқ Йўл – Комрон Йўл – Кўнгилпарвар Йўл – Тинч Йўл – Бетараф Йўл – Мангу Кураш Йўли – Ҳаёт Йўли – Вазмин Йўл – Ярим Йўл – Бутун Йўл – Ҳаётбахш Йўл – Хато Йўл – Ҳақ Йўл – Ажралмас Йўл – Рўзғорпарвар Йўл – Аниқ Йўл – Ёмон Йўл – Дара Йўл – Нурли Йўл – Саҳиҳ Йўл – Энг Саботкор Йўл – Пок Йўл – Сафар Йўл – Саёҳатбоп Йўл – Олис Йўл – Некбахт Йўл – Эзгу Йўл – Тўғри Йўл – Мусофир Йўл – Ҳалол Йўл – Ибтидодан бошланган Йўл – Пайғамбар нақш этган Йўл – Дилгир Йўл – Текис Йўл – Қутлуғ Йўл – Кўп Йўл – Енгил Йўл – Нишаб Йўл – Тайёр Йўл – Чаппа Йўл – Озодлик Йўли – Олий Йўл – Ойдин Йўл – Аржуманд Йўл – Бахайр Йўл – Қадим Йўл – Бир Одим Йўл – Тўфон-Довул йўллари – Ранж Йўл – Ҳурлик Йўли – ўз йўли – Буюк Ипак Йўли – Ёвуқ Йўлдан сўнг ниҳоят Ҳидоят Йўлга чиқиб, ҳормай-толмай Шонли Йўл босиб, нурли Мустақиллик бекатигача етаклаб боради. Шу билан бирга Сўз зиммасидаги бадиий маъно ҳаракатлар шаклига кўчади: Хос Ҳаракат – Яширин Ҳаракат – Суст Ҳаракат – Фаол ва Ҳаётбахш Ҳаракат – Бесар Ҳаракат – Зўр Ҳаракат. Булар асар зимнидаги салмоқли ижтимоий-ахлоқий мазмун юкини кўтаришга мослашиб боради.
Сафар Оллоёр туркумдаги достонларнинг ҳар бирида Одамнинг ботиний ва зоҳирий сифатларини қаҳрамоннинг умумий тийнати ва руҳиятидан келиб чиқиб таърифлайди. Фалсафий-мажозий воқеаларни бирлаштирувчи сюжетлар тизими яратган. Сизу бизга замондош Одамнинг воқеликка, ҳаётга, одамларга, кечмишу бугунга муносабати юксак маънавий-ахлоқий қадриятларга таянади (Адолат, Эзгулик, Гўзаллик). Одам Банда – Дўст – Ҳамкор – Кас – Киши – Воиз – Аждод – Авлод – Эл – Халқ – Карвон – Улуғ Сарбон – Миллат – Элат каби бир қатор мавзу кўламига хос адабий қиёфаларда акс эттирилади.
Умуман, достонлар туркуми истеъдодли шоир Сафар Оллоёрнинг жиддий ижодий изланишларда кечаётган заҳматли меҳнатлари самарасидир. Сажия-салоҳияти тобора равнақ топиб бораётгани далолатидир. Истеъдод – масъулият демак; у эса одамлар кўксида қотиб қолган оғриқларга, дард-изтиробларга жавоб топиш, жавоб бериш маданиятидир. Сафар Оллоёрга кўнгиллар юртига чоғланган олис сафари давомида омад, иқбол ҳамиша ёр, Олло мададкор бўлсин. Муваффақиятлар ҳамроҳига айлансин.
Нўъмон РАҲИМЖОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Шеърият кенгашининг аъзоси
***
ОДАМ ва ОМАД
Зарбулдостон
Она-Ватаним – Ўзбекистон Республикасининг
давлат мустақиллигига бағишлайман.
Муаллиф
Деди Сафар: Бисмиллоҳ деб бошлагайман,
ҳамд Ўзига!!!
Жонни нисор айласак кам Жонга пайваст Ҳақ Сўзига!!
Сано зикри Руҳоният салтанатин обод айлар,
жондош ҳислар қондошларга
жонбахш ифор таратгайлар;
ҳаётсевар Одам ўзин излаб келди – Ҳақ амри бу,
аммо ҳамон топганидан топмагани бисёр Улгу!..
Ўн саккиз минг Олам бизга Иззат ила хизмат қилар,
буни ақли ноқис Касзод кўр-кўрона шараф билар.
Ваҳоланки,
шунга кўра Масъулият юк юклайди,
Виждон амрин бажармаган бундай Бурчга кўникмайди…
Бизлар билан суҳбат қуриб,
шу тўғрида ўйлаганлар
Ҳамдард Сўзнинг қудратини тушунар ва теран англар.
Ажаб йўқдир ўз зиммамга чўнг Миссия олганимга,
зотан,
умрим – ўз улушим – бехун бермам Вақт – ғанимга.
Беҳудага оқар бўлса Дарёнинг ҳам қадри бўлмас,
ки Тириклик бурчин адо этмасак гар Кўнгил тўлмас.
Ҳаёт – ғоят кенг саройки,
адаштирар кирган Касни:
остонаси..,
тўри қайда – билмай бир саф ҳамнафасни
Дўсту Ёрон қаторида кўрасан ва кўп гангийсан:
Комилликка Тик Йўл излаб Нафсу Ҳирсдан ўзни тийсанг,
бири ундай,
бири бундай – олатасир Дил хоҳиши,
гоҳо Шукру Тасаллига Сабаб бўлар дилхоҳ иши.
Ана шуни Одамийлик мезони деб қадрлаймиз
ва Эътибор ила дарров илғорларни тақдирлаймиз.
Ахир,
Сийлов Банда иши бўлиб қолган қачон,
қай дам?!
Ўз шаънию даражотин белгилайди,
кўпи мубҳам.
Тенгсиз Кулол Отамизнинг сувратини ясаган пайт
сийратига гуноҳталаб Феъл-Атворни қўшганми, айт!?
Аслан,
ундан илгари ҳам Руҳ яшарди кезиб Жаҳон –
Одамзоднинг бош отаси – Одам Ато учун ўғлон –
Муҳаммадга бори Олам бошдан охир аён эди,
зотан,
ул Зот ўз қавмига Ҳақ амрини баён этди –
Табаррук Йўл соғ Одамни Раво Йўлдан адаштирмас,
то тирикмиз доим Шайтон, Жин, Дажжолдан асрансак, бас!
Паноҳ топиш мусулмонлар учун мудом бўлгай осон:
Оллога ҳамд,
Нажот Йўли – Ислом дини ила Имон!!!
Пайғамбарлар энг аввали ва охири саналган Зот –
Муҳаммадга авлодлардан беҳад сано ва салавот!!
Аё, Фалак,
ўз умримни Эзгуликка бағишлайман,
беҳудага Вақт ўғирлар юмушлардан воз кечгайман!..
Ўйлаб кўрсам,
зиммамдаги бурчим бисёр ва бетакрор,
барчасида шоирона ҳамда Даврий Зарурат бор.
Дедимки мен[1], қўлга олдинг қоғоз-қалам – қийнар не Дард?
Деди Сафар: Дилимда кўп Назмий Сўз бор – айтмоғим шарт.
Ҳаргиз қизиқ: Одам – ким у?
Шу хусусда ёзажакман,
то Замонга фарзанддирман – Чин Сўз қарзман Келажакдан!..
Узоқ йиллар изчил битдим,
бундан Асил Мақсад нима:
ҳар бир достон – яхлит асар,
ибтидоси
МУҚАДДИМА
Дедимки мен, Масъулият ҳисси катта – англа аввал…
Деди Сафар: Бисёр Ўйдан гоҳо авло бир Таваккал,
Ҳаёт ичра нелар бўлмас – Ўрнак билсак – бари Ҳикмат.
Биз ким – Одам..,
фақат беайб Ҳақ Таоло – соҳибқудрат!
Дедимки мен, осий Одам айбин билса,
Тазарруга
Ажру Савоб мукофотдир Яратганнинг ҳузурида.
Камина не кўрган,
билган,
ё эшитган бўлсам магар,
сизларда ҳам тажриба кўп, билик бисёр, ўқирманлар.
Оллога ҳамд,
бахтимиз бут – Истиқлолнинг фарзандимиз,
лек Ҳамият борасида болаларча арзандамиз..,
ҳолбуки,
биз – Мустақиллик Юртга келган Улуғ Кунга
жонли Гувоҳ – наъра тортсак арзир Авлод ва Очунга!!!
Аё, Сафар, шу боисдан,
зарбулдостон ёздим, дўстим,
биргаликда сайқал бериб – тузатгаймиз каму кўстин.
Деди Сафар: Доим Олло ёр бўлсин, дўст,
мен – кимман? Мен –
ботинингда собит ҳамкор “ўз”ингман ва зоҳиран – сен!
Дедимки мен, ўйлаб айтсак,
Табаррук Сўз увол бўлмас –
авлодларга Маънавий Куч бахш айласак, ажаб эмас.
Кўрдим қанча Замондошни:
қай бирига меҳрим ошди,
қай биридан кўнглим қолди – феълин билмай ақлим шошди.
Назария четда қолиб,
амалиёт ўзгарса гар,
Маърифатда нима айб,
айт,
бу Шуурга қандай сиғар?!
Ки Кас Офат келтираркан – барҳам топмас Касофатлик..,
бебаҳо ганж – собит Имон, Бахт ва Сиҳат-Саломатлик!
Соғлиғининг заволини яширади заиф Банда
ва Табибдан эшитгани бўлар дакки-заҳарханда.
Аро Йўлда – арасотда қолганларга Шафқат ёт,
бас,
аксар Қалтис Вазиятга Анқов аҳлин фаҳми етмас…
Рости,
бир кор айламоққа баъзан ғоят бўлдим абгор,
ваҳоланки,
курашишга шаштим баланд,
ғайратим бор.
Токай топгай ўзлигини Теваракка лоқайд Одам?!
Ҳамма – Банда: … лафзли-лафзсиз..,
нафссиз-нафскор..,
аммо қай дам
Шайтон Кину Нифоқ сочар Дўсту Ҳамкор орасига,
кўрса – йиғлар,
қитиқласа – кулар ҳатто Норасида..,
катталар-ку занжирсиз Қул,
балоғатга етганлар ҳам
ғам-ташвишу ор-севинчин Иблис ила кўрар баҳам…
Эшитдимки…
Деди Сафар: Эшитганинг Фисқми-Ғийбат…
Ундан кўра,
Анжуман Сўз – кўрганингдан сўйла фақат!
Дедимки мен, кўрганларим саноқдан кўп,
илло улар
Муштарийга, билмам, қай дам мақбул ёхуд Улгу бўлар.
Деди Сафар: Майли, дўстим,
аввал ўйла,
кейин сўйла,
кўрганингда Ҳикмат кўпдир,
лек айланма ғўр Ваъзгўйга.
Модомики,
манфаатни доим юксак билар қай Кас,
унга Эл-Юрт – бу иккинчи даражали Масала, бас.
Чунки мудом майда Ҳисга берилганлар Худбинликка
ҳеч адашмай,
ҳам уялмай мулк топгандай борар тикка!..
Бинобарин,
Ботин ичра Ҳасад,
Нафрат ва Адоват
Қалбни қуршаб бетин қийнар…
Қарши Кучда Ор,
Адолат
курашади – бу Ҳақиқат.
Хўб чалғитар, наҳот, Рўё?!
Ваҳоланки,
Яшаш – Имкон,
Умр – қайиқ,
ҲАЁТ – ДАРЁ
Дедимки мен, Далда учун раҳмат,
ҳайҳот, сузмоқдаман –
нафсим ила Дарё узра бир қайиқда кезмоқдаман:
кўрганларим – менга ҳамда назмий “мен”га тенгга Ибрат,
алҳол,
Халлоқ Илҳом берса – бу гурунгда бўлмас Ғийбат.
Деди Сафар: Ғийбат,
Миннат,
Ҳасрат каби бидъат эмас,
тийрак Ақлу Кўнгил ила фикран Теран Сўз сўйла, бас.
“Лоф бўлмаса – гап бўларми” деган гап бор,
бу ақида
тили бошқа,
дили бошқа ўтрикпараст Кас ҳақида.
Сен – зиёли,
ҳам ҳаёли,
Андишадан қўрқма,
аслан,
Адолатни туғ айласанг – Ҳалолликдан оғишмайсан!..
Юрагингнинг буюргани – туйқус Йўсин Сўздан авло,
то иккиси ўзингда жам – маслакдош йўқ “ўз”дан аъло!
Ҳақиқатни излай-излай пайдо бўлдим Катта Йўлда
ва кўрдимки,
каминадай саргардон кўп ўнгу сўлда!..
Ҳаётдаги Овора Йўл – ҳар хил Идрок тарҳи эрур,
чунки унда минбаъд тинмай курашади Зулмат ва Нур.
Боис шулким,
Қиёматга қолиб кетар баъзи сирлар,
гоҳ тириклай Жаҳолатга олиб ўтар баъзи сирлар.
Босир Сўзки,
Сир сақлашни эплаганлар – вазмин,
бахтли!
Ноқис танқис сирин сотиб – бой беради тансиқ Бахтни…
Дедимки мен, бу мавзу кенг,
жўяли гап – оддий суҳбат,
дадил баҳсни истар Кўнгил,
Муносиб Сўз кутмас муҳлат,
ки Кўнгилга Ғурур ҳамдам – ўзлигидан кечолмайди…
Деди Сафар: Бу Тилсимни олим Одам ечолмайди,
шеъргўй қалбим – салтанатим,
орим… – борим,
қолгани – Сир,
қолаверса,
ҳали узоқ баҳслашгаймиз – йўқ Хавотир.
Муҳиб Сўзки,
лирикага ўрин берсак – мақбул бўлар:
Туйғу аҳли Соғлом Маслак сари борса – Кўнгил тўлар.
Шу мавзуда шеърларим бор,
бирин ўқий – келди маврид;
гар ёқмаса,
очиқ айтгин – Далил Сўздан белги танқид.
Дедимки мен, бийрон ўқи – яхши шеърга мухлис Ҳавас,
ахир,
Ижод – илоҳийдир,
кибрлансанг Илҳом келмас.
Деди Сафар: Мумтоз Сўз бу,
эсласанг гар,
бир Ҳадис бор:
… ўзгаларга аъмолингу ору меҳринг айла ошкор…
Дедимки мен, Мутойиба – илиқ хислат, бор-йўғи, шу.
Жиддиятда Зиддият кам, Ҳазилда кўп – йўриғи шу.
Деди Сафар: Расулиллоҳ дейдиларки, шеър – бу Ҳикмат…
кўнглимга пок ҳислар солган бокира
НИЯТУ ҚУВВАТ
Кўз ўнгимда кўнглим ёйилди бу Кун –
бир қулоч кенгайди мовий гумбазим,
пойгакка михланган дамларим учун
Озод Туйғу аҳли айлашди базм!..
Интиқ қарашларим ўз жойида жам,
кузатиш объектим ўзгарди, холос.
Илгари тепага термулган бўлсам,
энди эркинман Хос Ҳаракатга мос.
Ўйлардим,
бир учқун “йилт” этган жойда
Нурафшон Юлдузнинг туғилиши бор!..
Кўрдимки,
қанчаси ёнар бефойда,
уларга бу Фалак гўё хийла тор!..
Ҳолбуки,
баайни бошланди роман,
хотима ножоиз турган жойимда;
мен бетин Фазога ўрлаб бораман,
Имон-Идрок қанот бўлар ўйимга.
Камолотга эшдир Орзу ва Ҳавас,
ким Равон Йўл топгай чалкаш излардан?!
Ҳисларим,
юксакроқ учинг басма-бас,
Ният бизлардану Қувват сизлардан!!
Дедимки мен, Қалбга Ёғду инъом айлар яхши ашъор,
бу “Нияту Қувват” деган сарлавҳада не Маъно бор?
Деди Сафар: Шеър шарҳланмас,
балки уқиш лозим уни,
чунки унинг ўзидадир моҳияти ва мазмуни.
Илоҳият синоатин ифодаси шеърда ҳам бор,
боис шулдир,
шеър ўқисанг: Кўнгил ўсар,
улғаяр Ор..,
гоҳ ҳаётий ҳикоят ҳам зиё берар Маҳзун Дилга!
Дедимки мен, айнан шуни кутган эдим – олдинг тилга,
танбал Одам дабдурустдан Талвасага тўнин илар,
насибасин ўйлаб кўрмай ёт ризққа кўз олайтирар…
Бир ҳикоят айтиб берсам – Айбдор каби бўлма гирён:
Далабоққа кетарканман,
Улов Йўлда кўрдим ҳамён,
у ён-бу ён боқиб ҳайрон тўхтадиму уни олдим..,
сўнг шу томон келаётган Ҳожатмандни кўриб қолдим.
Ҳеч хижолат бўлмай сира Сирли Йўлда этдим давом,
Боққа бориб,
кўчатларга ариқ сувин тортдим – тамом:
бир лаҳзада сувнасосга Завол етди – қолди куйиб,
мен-чи,
карахт юравердим Шомга довур қовоқ уйиб.
Сўнг ўлтириб хўб ўйландим:
… нечун бундай бўлди?..
Ахир,
Набототни суғориш ҳам Савоб эрур – бу эмас Сир,
йўқ,
бу ерга сиғмас Хато,
эҳ, Мавридбоп Ҳолат мавжуд:
гарчанд унга Қасоскор Йўл бор масофа,
барча ҳудуд,
у Сабабсиз аралашмас Саховату Ҳалол Ишга,
Имкон эмас,
Маврид келса – Кенг Йўл очар Ғам-Ташвишга…
Хуллас, уқдим:
ҳамённи мен олмаслигим керак экан,
яъни,
аслан Худо уни Ҳожатмандга насиб этган!
Мен Хатога мос Жазога лойиқ эдим – Иқрор қийнар!..
Хато – лой жой,
четлаб ўтсанг – Оқ Йўл равон – Тақдир сийлар,
илло Сийлов Муносиблик даражотин белгилайди,
ҳеч бир аъмол ўз ҳолича ё туйқусдан рўй бермайди:
Одамзоднинг таъсиротин, содир бўлмай, кутиб турар
Ижтимоий ва Маънавий ва Ахлоқий ҳодисалар…
Шу Сабабдан тажрибалар пишитади Одам наслин, –
хом сут эмиб улғайса ҳам пухта куйлар Ҳаёт васфин!
Булар кимлар: шуарою уламою фузалолар,
лек уларнинг камдан-ками Содиқликда собит қолар…
Атрофга боқ,
синчков қара: Келажакни эт тасаввур,
аё, Идрок!
Кўздан ўзга чин Дўст борми – алданмай юр,
Ойдинлигу Шаффофлигу Ёруғлигу Туйғу – йўлдош,
Улуғ Аъмол кўлами кўп – бир Умрга тинч бўлсин Бош!..
Улус ичра кўпни кўрган зотлар Эъзоз,
Рағбат топар,
вале кўпни кўргунча то раҳмдил Одам заҳмат чекар!
Кўп ўқиган – кўрганлардан Сабоқ олар зарур жойда,
демак,
Илғор Фикрат учун мутолаа кони фойда.
Деди Сафар: Баракалла,
Машварат Сўз – Мардона Иш,
зўр Одамга ҳеч ярашмас Ҳаётдан ё “ўз”дан нолиш,
бироқ сира камаймагай ботинида мавҳум сирлар..,
ҳаргиз қизиқ аждодлардан қолган ажиб асотирлар.
Мен отамдан бир ривоят эшитгандим,
унинг сеҳри
шууримни ром этди – бу Қалбга сингган Ота меҳри.
Шукрона Сўз:
у қоғозга осон кўчди – достон бўлди,
Ҳақ ёрлақаб,
каминага достон ёзиш осон бўлди.
Яхшилик ҳам,
Ёмонлик ҳам доно-нодон Одам иши..,
кимга авло Жамиятда Маломатнинг камайиши!
Умр – Синов,
ҳар Яширин Ҳаракатнинг бор жавоби,
ҳаммага ҳам тегса кошки
САХОВАТ САВОБИ
(Достон)
I
ЛИРИК КИРИШ
Ҳаёт жўшқин сарбасар:
Азалдан Абад қадар
Одам Елдай елади –
неча Авлод келади,
неча Аждод кетади.
Беш кун ичра ўтади:
… биридан довруғ қолур –
Ор аталмиш туғ қолур,
жўшар Авлод кўксида..,
бўлса ҳам Дод кўксида,
енгиб бир кун Зулматни –
Таҳликаю Бидъатни,
Аждод орин оқлайди –
Адолатни ёқлайди;
биридан қолар Ибрат:
… Матонат бирла Журъат;
биридан қолар Ўгит –
Сабоқ олар Қиз-Йигит;
биридан Алп Сўз қолар,
ки уламо тан олар;
… ким ундар Огоҳликка,
ким ишонар Ҳадикка;
фузалога қай бири
бўлар Замон хотири:
мақбул дилхоҳ баҳолар –
Ҳикматпеша Сўз қолар;
… биридан Маънавий Нур
таралиб,
берар Ҳузур:
саҳиҳ Ҳадис,
Маърифат
ёхуд дилбар Шеърият
олий Одам наслини,
аён айлаб аслини,
етказар камолотга –
ўргатар чин Ҳаётга;
… бошқасига ворис из –
Ҳур Фикратли Ўғил-Қиз;
баридан қолар мерос
Шамол аъмолига хос:
… қўл етганин – сийлайди..,
Ён-Атрофни ўйлайди!
Амриқони билмадим,
Шарқда Қадрият қадим,
бари Элга Ибратдир,
ҳатто кўҳна асотир
тўла Асрий Маънига!
Янги Авлод шаънига
тўғри келмас мутлақо…
Ҳақни таниса ҳатто
судхўр Одам покланур –
айнан Олам покланур!..
II
ЭЛ СЎЙЛАГАН РИВОЯТ
ЭЗГУ ЎЙДАН ИБОРАТ
Бор экан-да, йўқ экан…
бойлар доим тўқ экан,
камбағаллар оч-наҳор –
яшаркан ҳолсиз,
ночор…
Бойлар буни биларкан
ва калака қиларкан:
… тиланса бир Бечора,
саргардону овора –
хоҳ шўр Сағир,
хоҳ Бемор,
бўлар экан шармисор…
Ўшал Замон бойининг
эгаллаган жойини
кўрган кўзлар толаркан,
очлар ўйлаб қоларкан:
“Шу ернинг мингдан бири –
Бой қўлин тирноқ кири
меники бўлса эди,
омадим келса эди –
ҳеч ким солиқ солмаса,
мол-мулкимни бўлмаса,
қурар эдим Оила!
Аҳил яшаб Бой ила
комрон даврон сурардим,
мен ҳам ўйнаб-кулардим…”
Шундай Орзу бошини,
мунгли кўзда ёшини
минг хил кўйга соларкан,
лаби учиб қоларкан…
III
МЎЪЖАЗ САХОВАТДА –
САВОБ БОР КАТТА
Токи Одам улғайди,
Табиат авайлайди..,
вале излаб ўзлигин,
йўқотиш қилди бетин:
… ўргангунча Саводни
бой берди кўп Авлодни…
Англаш қийинмас,
ҳайҳот,
бу Ҳаётда зийрак Зот
Заковатга интилар,
мактаб кўрган – кўп билар:
ҳисоб-китоб бор Фанда,
Лўнда Сўзда айтганда,
ўттиз кун – тенг бир ойга,
ўша пайтда бир Бойга
неча ўнлаб Камбағал
мунтазам бўлган маҳтал.
Пайти келди,
атайин
тайин мисол айтайин.
Кимга Уй-Рўзғор нори,
асли,
кўплар қатори..,
бир Мўйсафид яшаркан –
ўз “ўз”ига ўхшаркан:
Бахил эмас,
кўнгли тўқ,
топса – Сахий,
йўқса – йўқ..,
лек сал чарчаган кўйи
камсуқум умри бўйи
Эзгуликка интилиб,
Қаноатни касб қилиб,
оч-наҳор қолганда ҳам,
ё ҳориб –
толганда ҳам
юрмас экан ўпкалаб,
гарчанд Тақдир яккалаб,
бир қанотин қайирган –
Ёстиқдошдан айирган,
ёлғиз Ўғил учган ўқ –
Ота билан иши йўқ!..
Қай дам мўъжаз уйида
Фалокат Чол пайида
бўлиб қолмиш ногаҳон:
… кулбасида тугаб нон,
бўғилади нафаси –
егали ҳеч нарсаси
қолмагач,
у ноилож –
ўлиб қолмай дея оч…
Куч йиғиб неча ҳисса,
қўш қўллаб тутиб ҳасса,
оқсаса ҳам,
юриб тик
тортинмай ва беҳадик
болаликдан таниши,
Эл ичра мумсик Киши –
Бой олдига борибди,
унга дардин ёрибди:
… ҳадямас,
насияга,
ё хизмат эвазига
биргина нон сўрабди.
Бой унга ёт қарабди,
сўнг кўзларин лўқ қилиб,
Бобони нодон билиб,
бошқа молдорлар каби
пирпираб учиб лаби,
дебди:
– “Ақлимни таниб,
юрмасман мулк қизғаниб:
Гуноҳ нима – биламан,
Савобга интиламан…
Лекин нима қилайин:
зурриётим бетайин,
йўриғимга юрмайди,
Ноиб бўлиб турмайди.
Чўпонларим қариган…
Умид уздим баридан:
… мол боқишни эплолмас,
билган ишидан қолмас.
Жонга тегди қашқирлар,
қирилиб битди отар –
кўп қўйим ҳаром ўлди,
қўтоним қонга тўлди…
Келсайдинг бир йил олдин..,
ҳозир қийналиб қолдим.
Маъмурлик – Орзу ҳамон,
ишонавер,
Ҳамзамон,
уйимда ун йўқ менинг –
ноним мўл бўлса,
сенинг
ва бутун Оломоннинг –
жўжабирдай кўп Жоннинг
қорнини тўқлар эдим!..”
Бобо дебди шу он:
- “Жим!
Ана, иссиқ нон ҳиди
ҳовлингиздан анқиди!
Назир-ниёз қилсангиз –
битта кулча берсангиз…”
Бой қараса,
иш чатоқ:
“Қайдан келди бу чўлоқ!?
Бунча синчков бўлмаса,
кетмас-ов нон олмаса?!” –
дея у бўлиб безор,
умрида биринчи бор,
тополмай ўзга Имкон,
берган экан ярим нон!..
ЛИРИК ЧЕКИНИШ –
БИЛИШГА КИРИШИШ
Ҳаёт – саҳна,
бош ролни
бошидан Одам олди:
ўзбилармон Жонзот, бас,
Муаллифни эсламас…
Барча сюжетни лекин
“ўз”и ўйлаб топган, чин.
Ёлғиз қолса ҳам ҳатто,
ролин ўйнар бехато!
Набототу Ҳайвонот –
зарур унсурлар, ҳайҳот.
Ҳар Рўзғор – бир драма,
мавзу чигал,
бурама…
Салбий ё ижобий рол,
бетараф,
китобий рол
Ҳаётга ёт.
Аслида,
ҳар йилнинг тўрт фаслида
Ҳалол Меҳнат машқини
ҳамда Халлоқ ишқини
кимки этмаса канда –
қаҳрамон ўша Банда!
IV
ҲАМИЯТ – МАЙИН ТАЛАБ,
ВАЗИЯТ – ТАЙИН САБАБ
Минг йилларки,
Бой билан
Камбағал жўра чиндан.
… ойлар ўтиб,
бир куни
тарк этиб Тонг уйқуни,
Бойни нафси аврабди –
у бозорга жўнабди.
… Сангноқ Йўлда тўсатдан
кўрибди Ерда ётган
ғалати бир тугунни.
Ҳамён деб ўйлаб уни,
қўлга олиб ечибди –
шу он қўрқиб кетибди:
… не кўз билан кўрмасин,
тугунда чоғлаб нишин
тураркан бир Газанда.
Ерга сакраб шу зумда,
уч юмалаб тушибди:
вужуд-лунжи шишибди –
катталашиб минг чандон,
битиб унга тил-забон,
дебди:
- “Мулкка ўгайман,
сен зиқнани егайман!”
Бойнинг учиб эс-ҳуши,
тирқираб кўздан ёши,
ялиниб-ёлворибди,
пойига бош урибди…
Ҳеч бўлмагач фойдаси,
ўттиз отлиқ қораси
кўринибди узоқдан!..
Бой жонланиб шу чоқда,
дебди:
- “Шулар келгунча,
Сабр қилгин бир мунча…”
ЛИРИК ЧЕКИНИШ –
ТИРИК ЮКУНИШ
Ким калтаўй,
гўл,
танбал..,
балки бўлар Камбағал.
Зўр бўлса ҳам минг бора,
зинҳор кимни Бечора,
ё Бой қилолмас биров,
Илкис Вазият – Синов:
асотирлар ичра ҳам
кезса Номард-Муттаҳам,
эсдан чиққач гиналар,
гали билан синалар…
ўзбилармон Одамга
Синов бор ҳар қадамда!
V
ТАСОДИФ – АСЛИЯТДИР,
АСЛИЯТ – ТИЛСИМЛИ СИР
… Ўттиз отлиқ келганда,
Уятни қилиб канда,
Бой ҳўнгиллаб йиғлабди,
ҳолин баён айлабди.
Қийин Иш тез битмайди,
Азалдан кўп учрайди
Ўтинч ёхуд аврашлар..,
кўпни кўрган бу лашкар,
Вазиятни англабон,
ён босибди Бой томон:
Газандага отлиқлар
ичидаги Сулҳпарвар
дебди:
- “Бойни емагин,
хундор озор бермагин!”
ва Йўлда этиб давом,
жўнаб кетибди равон…
Карвон кетгач,
Газанда
аҳдини қилмай канда,
емоққа очиб оғиз –
Бойга қилса тажовуз,
у зор қақшаб..,
жаврабди,
андак фурсат сўрабди.
Газанда инсоф билан
нафсини тиймиш чиндан,
вале Вақт елса Елдай,
Фурсатга навбат келмай,
келсинми ҳафта-ойга?!
Ҳайҳот,
Бойга шу жойда
яна Омад кулади –
у умидвор бўлади:
… зўр Мадад елар эди –
беш отлиқ келар эди…
Бой дер:
- “Шулар келгунча,
Сабр қилгин бир мунча…”
ЛИРИК ЧЕКИНИШ –
МАВРИДЛИ ТИНИШ
Толедан юксалар Дид,
чиқмаган Жондан – Умид..,
гоҳ рўзғорбоп Мўъжаз Ғам
замирида Қувонч жам!..
Иш яхши кетаверса,
қийналмай ризқин терса,
дуч келмаса Муаммо,
тўкис бўлса доимо,
ўз “ўз”ини ўйлайди,
мол-дунёга тўймайди,
Етим-Есир ҳақи ҳам
“бу Дунёнинг бири кам!”…
От айланиб қозиғин,
яъни ўрнин,
озиғин
топар..,
Одам деган зот
“ўз”ин унутар,
наҳот?!
Ҳатто танг шароитда
Вафо бўларкан Итда,
Улги билиб Тулкини,
айёр Одам юкини
елкасидан отади..,
ё чамалаб сотади;
баъзан ўзга ҳолатда
талпинар Жаҳолатга:
гоҳ Одобни эп билмас,
ўзлигига интилмас..,
гоҳ суқланар Ибога,
дуч келса Муаммога:
Қора Ғордан чиқишни
ўйлаб,
излар тирқишни!..
VI
ҲАР ОН УМР ЧОРАСИ –
ИМКОН ВА ЖОН ОРАСИ
… Беш отлиқ ҳам келибди,
можарони билибди,
беришибди маслаҳат,
- “Ема!..” – деса,
Бой беҳад
хурсанд бўлган чоғида
қолмиш Ҳасрат доғида:
… беш отлиқ бирин-кетин,
йўталиб ўқтин-ўқтин,
Тақво Йўлдан кетибди…
Бойга Ажал етибди –
тажовузкор Газанда
энди ейман деганда,
ора бўлса ҳам олис,
оқ соқолли бир холис
бу ён илдам юрибди –
Бойга ҳам жон кирибди,
дебди:
- “Шу Чол келгунча,
Сабр қилгин бир мунча!..”
ЛИРИК ЧЕКИНИШ –
ЙИРИК ИНТИЛИШ
Тийнатда кўп Ҳикмат жам,
қийналса шаддод Одам
Ҳайвонни ҳам сизлайди –
Тарафкаш Йўл излайди:
балки Имкон ўзида,
ҳеч кўринмас кўзига –
олазарак боқар лол!..
Шахти қайтса..,
эҳтимол,
ҳар қандайин тирик Жон
Изтироб чекар гирён!
Негаки,
Ҳаёт тоти –
Ал-Валий мукофоти!
Жон борки,
Яшаш учун
сарф айлар барча кучин:
Тириклик ғамин ейди,
йиқилган – турсам, дейди.
Чунки Умид тарк этмас,
шундай яратилган, бас!
VII
ҲАЁТ – ТИРИКЛИК БОҒИ,
НАЖОТ – ҲАЁТ ЧИРОҒИ
… Чол тез етиб келибди,
салом-алик қилибди.
Ақлин Шубҳа ўрабди
ва синовчан сўрабди:
- “Айтинг, бу не мулоқот,
иккингиз ҳам бетоқат?!”
Бой дер шу он:
- “Дод-фарёд,
Эл-Юртга бўлдим иснод!
Ҳеч ким аза тутмайди,
кафан ато этмайди…”
- “Не гап?! – тинчлантирар Чол. –
Сўйланг очиқ, бемалол!”
- “Тингланг, эй муҳтарам Зот,
ҳолсизга бўлгич қанот,
уйда бола-чақам бор,
менсиз бўлар хору зор…”
Чол дер:
- “Айтинг нелигин,
фақат гапнинг илигин!”
- “Ҳамён десам..,
алдоқчи
Газанда еб қўймоқчи!..
Айтаман ичиб қасам:
… бозорга кетаётсам..,
шу жойдан топдим тугун,
билмоқ истаб нелигин,
очиб кўрсам: Газанда!!!
Уч юмалаб тушганда –
баҳайбат бўлиб қолди,
ейман деб туриб олди!..”
- “Э-ҳа, гап шунақа денг! –
деб Бобо шимариб енг,
қулай билиб бу пайтни,
унга Синов Сўз айтди:
- “Бай-бай, гап йўқ гавдангга,
ўхшар ғойбор[2] харсангга…
Оғзинг Ғорнинг оғзидай,
бўғзинг Морнинг бўғзидай!..
Қўрқар кўрса ўзгалар,
юрсанг – Бўрон қўзғалар..,
зўрға нафас оляпман,
илло ҳайрон қоляпман,
гавданг минг ҳисса катта,
бесўнақай, албатта,
тўсиндай ҳар илигинг..,
бўғчага қандай сиғдинг?”
- “Ишонмайсанми, эй Чол,
истасанг,
яна шу ҳол
такрорланиши мумкин!” –
деди Газанда кескин.
Мўйсафид эса бирдан
воқиф бўлиб бу Сирдан,
синашда этиб давом,
Махлуқни билди: авом!
Лақиллатди бир бора –
қолганди Сўнгги Чора:
- “Ундай бўлса,
сен яна
аъмолинг этмай канда,
шу бўғчага атайдан
уч марта юмалайсан:
“ҳунар”ингни кўрайин –
“сеҳринг”дан лол бўлайин!”
Бу гапдан сўнг Газанда
уч юмалаб,
шу зумда
Чумчуқдай бўлиб қолди,
Чол уни тугиб олди,
чек қўйиб можарога –
дарҳол отди Дарёга!..
ЛИРИК ЧЕКИНИШ –
ЎЗЛИКНИ БИЛИШ
Муомала – кўрга кўз:
Эзгу Фикр,
Эзгу Сўз,
Эзгу Амал – Жонбахш Куч,
ўзга тимсол зимни пуч…
Бу учовлон – уч қўрғон:
Одам учун ҳам Посбон,
ҳам Ишончли Ҳимоя
ҳам илҳомбахш Ҳур Ғоя!!!
Ўзи ёр бўлгай ҳар он,
мушкулни айлаб осон,
яқин қилар йироқни!..
Нажот шундай чироқки,
Зимистонни ёритар –
Қалбни Дарддан аритар!
Ҳайҳот,
Бойми-Камбағал –
камтар,
дадил,
мард,
дангал
Одам асил наслдир!!
Аммо Улусда кўп Сир,
бир қадар ечим топар –
барини Вақт кўрсатар…
Гарчи Зиқна,
Бахилга
муносабат бир хилда:
холис баҳо олса ҳам –
бўлиб қолар Муттаҳам..,
Файз ҳам қочар улардан!
Отдан тушса,
эгардан
тушмайдиган каслар бор,
иши тушгунча такрор,
етти ёт Бегонадай,
гўё эътибор бермай
яшайди Ордан холи –
“ўз”ига ёт аҳволи…
Нега кўпаяр Завол?..
Нокасликка кўп савол,
мен нима ҳам дер эдим,
Одам ғамин ер эдим,
билдим,
Ботин ва Зоҳир –
икки тенгсиз жавоҳир:
Тарбиятга майлдор
табиати – шашти бор!..
Унутмасин Оллони –
бутун бўлсин имони,
гарчи нони яримта..,
Инсоф берсин ҳар кимга!!
VIII
МОҲИЯТ ОЙДИНЛИГИ –
БУ РИВОЯТ ЧИНЛИГИ
… Кўпдан буён туриб жим,
ўксирди Бой бетиним.
Бу ҳолдан сўнг жон кириб,
қирқ одим олдга юриб,
деди:
- “Сенда не Ҳикмат
мужассам!? Қани, Чол, айт!!”
Мўйсафид дер:
- “Ўзингни
дўст билсанг – оч кўзингни,
ошингни – ошаганинг,
ёшингни – яшаганинг,
билки,
Савоб эмасдир,
хасис Одам – Нокасдир.
Раббимнинг карами кенг,
ҳеч нарса йўқ унга тенг!!!
Фақат англашинг лозим,
мен ҳам сендай ғўр эдим,
ёшим ошди саксондан,
гуноҳимдан яксонман!..
Бойлик нима – қўл кири,
эҳ, Кас – унинг асири!
Саховатни билмаслик –
Ҳаққа парво қилмаслик…
Гар уйғонсанг Ғафлатдан –
шодланиб Саодатдан,
аъло Зотга ўхшайсан –
Иймон билан яшайсан!!
Англаки,
ўттиз отлиқ –
барчаси рўзанг тўлиқ;
беш отлиқ – мисли Хизр..,
беш вақтли намозингдир!
Сенга қийин паллада,
бари турмай панада,
ҳимояга шошилди,
чунки мўмин Дўст билди.
Очиқ айтай ниҳоят,
Биру Бордан иноят –
сенга асраб қолган жон:
МЕН – сен берган ЯРИМ НОН!..”
IX
ЛИРИК ХОТИМА
Ишонинг,
хоҳ ишонманг,
ҳаргиз Ғафлатда қолманг!..
Мен сўйлаган ҳикоят –
қадимий бир ривоят,
ҳайҳот,
Ҳаётда ҳамон
шундай ҳол учрар аҳён:
… манфаатни пеш қилиб,
ё Мансабга интилиб,
Одамийлик зийнатин,
яъни Камтар тийнатин
мол-дунёга бой берган
Кас ётми Хавотирдан!?
Тағин бирор Мусофир
қадам ташласа оғир..,
гўё ҳеч ким сезмайди –
ёрдам қўлин чўзмайди…
Хуллас,
қанча Ҳожатманд
“ўз”и билан ўзи банд…
Азалий қадриятлар,
Ор,
Андиша..,
уятлар
гўё уйда қолади –
кўчада йўқолади…
Бу ҳолни кўплар билар,
атай Ғирромлик қилар –
билмаганга оларлар,
Гувоҳликдан тонарлар…
Мазкур достон озгина,
оҳорли ва созгина
Таъсирот уйғотолса –
восита бўлиб қолса:
Яхшилик яшайверса
ва Ҳаёт яшнайверса!..
Одам Меҳру Садоқат
Сабаб топса Оқибат!!
Тағин ўзин кўзидай,
ҳам тотинган тузидай
бузмай Яшаш шартини
эъзозласа Юртини,
ҳамиша халқим деса,
ҳар кимни қавмим деса,
Имони бўлса бутун –
шу керак Одам учун!!!
1990-2018 йиллар.
Дедимки мен, фаросатли Одам учун Виждон – ёрлиқ,
Пок Туйғудан Нажот топар Еру Осмон – бутун Борлиқ.
Шу Тансиқ Ҳис бўлмаганда,
ғишт қолипдан кўчар эди –
Ҳайвонотга хос қилиқлар Одамда ҳам кечар эди!..
Таҳсин Сўзки,
Олло бизга Аъло Сифат кўрган раво:
собит Имон – Очофатлик касалига мангу даво!!
Йўқса,
Бойни Диёнатга ундаш осон кечармиди,
Чўлда қудуқ топган қай Зот заҳар-заққум ичармиди?..
Қўни-қўшни ҳаққини ҳам унутарди художўйлар..,
Одам онгин Авбош Сўздай эгалларди бадбин ўйлар,
балки бундан ҳам баттари содир бўлиб навбат ила,
оҳанрабо каби Қалбни тортармиди ёт силсила…
Магар Худо бўлмаса ҳам,
Унга бўлган Эҳтиёждан
Одам Нажот излар эди – айнан талаб айлар Виждон!..
Деди Сафар: Ҳайрат гоҳо бўлар олис масофада,
гоҳ Ботинда бўй кўрсатар ўзингмонанд қиёфада…
Аён,
Фалак мукаммалдир – хато қилмас Парвардигор,
энг қоронғу Зулматда ҳам Умид отлиғ Ёруғлик бор!
Хуллас,
қайсар Одам насли ўзлигига юкунса, бас,
Толеидан Эзгу Туйғу илло-билло узлат этмас;
пок Одамга Тийнат шартдир, деган гап бор,
бу Ўй – Хато..,
ҳа,
у зарур Феъл-Атворга эҳтиёжсиз бўлгунча то,
шахслиги ҳам баб-баравар такомилга етар равшан –
Қалбу Шуур Макон топса гар Комиллик деган аршдан!.,
лекин унга ким етибди – суриштириб билолмадим,
Шахсий Ўрнак кўрсатай деб ўзим комил бўлолмадим.
Дедимки мен, Камтарлик ҳам Комилликка пиллапоя,
илмкор Одам тийнатининг равнақига йўқ ниҳоя!
Кўпда Одам Хато қилса – Нажот истаб Ҳаққа боқар!..
Умр деган бир қайиқда Савоб,
Гуноҳ бирга оқар,
ваҳоланки,
қайиқлар кўп: мавжлар узра гўли,
қуви
ирмоқларда изғир..,
ДАРЁ – ИРМОҚЛАРНИНГ БИРИКУВИ
Деди Сафар: Ирмоқларда гап кўп – Касга Ибрат улар:
кенг ва чуқур ўзанларга сиғмас баъзан шошқин сувлар.
Ҳаётда ҳам гоҳо Улус Оломонга айланганда,
кўп асрлик Анъанаю Қадриятни айлар канда!..
Айни дамда Кенгфеълликни ташвиқ этмоқ пайти келди,
ўзгалардан Нуқсон излаш васвасаси бузар Элни.
Ҳаммада бор Айбу Гуноҳ,
Фаришталик – Орзу, холос,
асил Тийнат Ғийбатга ёт,
Завол билмас мисли Олмос.
(давоми кейинроқ берилади)
——————————————————
[1] Муаллиф ягона шахс, ушбу услуб (“Деди Сафар” ва “Дедимки мен”) эса муаллиф кашф этган бадиий диалогдир
[2] ғойбор – катта, улкан (шева)
Сўнгги фикрлар