Одам савдоси – давр фожеаси
Дунё мамлакатлари бир томондан тобора тараққий топиб, миллионлаб инсонлар бахтли-саодатли турмуш кечираётган бир пайтда қай бир ҳудудларда одам савдосидек ғайриинсоний, мудҳиш ҳодисалар юз бераётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган “Одам савдоси – ҳудуд, чегара, миллат танламайдиган мудҳиш жиноят” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбирда шу мавзуда сўз юритилди.
Тадбир “Одам савдоси – давр фожеаси” фильмини намойиш этиш билан бошанди.
ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бош мутахассиси Норим Раҳмонов, республика Маънавият тарғиботи маркази эксперти Барно Ўнгбоева, Ички ишлар вазирлиги масъул ходими Жамолиддин Юсупов ва бошқалар муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларни турли таҳдид ва иллатлардан, хусусан, одам савдосидан асрашга доимий эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидладилар.
Маърузаларда, мамлакатимизда фуқароларнинг ушбу жиноят қурбонига айланиб қолишининг олдини олиш, ундан жабр кўрганларни ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Дарҳақиқат, одам савдоси ҳудуд-чегара билмайдиган глобал муаммодир. Қалбида она Ватанга муҳаббат туйғуси жўш ураётган талаба-ёшлар энди оқ билан қорани яхши фарқлай оладилар. Улар дунёни таҳликага солаётган ёвуз кучларга қарши тинчликпарвар инсонларнинг муносабатлари қандай бўлиши зарурлигини биладилар. Она Ўзбекистон буюк алломалари, бетакрор тарихий шаҳарлари, беқиёс маънавий хазиналари билан машҳурлигини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ. Биз ҳам буюк аждодларимизнинг улуғвор ишларини давом эттирган ҳолда илм бўстонида эришган ютуқлар билан дунёни ҳайратга солишимиз мумкин. Қанча иқтидорли талабаларимиз халқаро фан олимпиадалари ва бошқа анжуманларда ўзлигини намоён қилаётганлари барчамизга ғурур бахш этади.



Сўнгги фикрлар