Одам савдоси қурбонлари

Бир телекўрсатувда одам савдоси қурбонларини кўриб, ғалати ҳолга тушдим.

Дунё ҳамжамиятига қўшилиш, глобаллашув жараёнларининг жуда кўп ижобий жиҳатлари борлигини инкор этиб бўлмайди. Шу билан бир қаторда бу жараёнда ғайриинсоний, ғайришуурий ҳолатларга ҳам дуч келар экансан. Эшитганда вужудингни музлатадиган ана шундай ҳоллардан бири – одам савдосидир. Илгари бу ҳақда чет эл адабиётларида ўқиганда унчалик таъсир қилмаган. Олис хорижнинг ҳорғин гаплари бўлиб туюлган. Эндиликда онда-сонда бўлса-да бу ҳақда телекўрсатувларда кўрганда, газеталарда ўқиганда ғалати ҳолга тушасан. Бироқ, ҳаёт карвонлари ўз йўлида давом этмоқда. Кимдир эзгулик, бунёд этиш, тараққиёт йўлида жон куйдирса, аллакимлар бузғунчилик, ёшлар онгини заҳарлаш каби чиркин иллатларни авж олдиришга чираниб юраркан…

Инсон манфаатларини олий қадрият деб билган Ўзбекистон ўз истиқлол ва тараққиёт йўлидан дадил борар экан, одам савдоси каби мудҳиш жиноятга қарши курашда аввало мустаҳкам ҳуқуқий базага эгадир. Ҳуқуқий базамиз қанчалик мустаҳкам пойдеворига эга бўлса, маънавий қалқон ҳисобланмиш миллий қадриятларимиз ҳам инсон қадр-қимматининг ифодаси бўлиб хизмат қилади. Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан кураша олиши мумкин”1.

Ҳамма ўз қадрини, миллий ўзлигини теран англаган жамиятдагина турли салбий иллатларга ўрин қолмайди. Бу борада маънавий баркамоллик ва ҳуқуқий саводхонлик ҳар бир инсоннинг ишончли қалқони бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Жиноятчиликнинг айрим турлари, жумладан, одам савдоси каби иллатлар бизга четдан кириб келган хуружлардан бири, дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2008 йил 8 августда қабул қилинган “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини (Нью-Йорк, 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан танишган киши бу иллатга қарши жаҳонда ва мамлакатимизда қандай чоралар кўрилаётганини теран англаб етиши мумкин. Бутун дунёда одам савдосига қарши кескин кураш кетаётган бир вақтда Ўзбекистонда ҳам бу борада муайян ишлар қилинмоқда.

“Жаҳоннинг турли нуқталарида ҳамон давом этаётган урушлар ва қарама-қаршиликлар, сақланиб қолаётган давлатлараро, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, Мингйиллик ривожланиш декларациясида таъкидланганидек, қашшоқлик, очлик, оналар ва болалар ўлими, эпидэмиялар ва инсониятнинг бошқа муаммоларига қарши кураш борасидаги энг жиддий тўсиқлар бўлиб қолмоқда,– деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов БМТ Саммити мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисидаги нутқида.– Бу борада ушбу Дастурда иқтисодий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий, инфратузилма ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли бандлиги муаммоларини, қашшоқлик, ҳуқуқсизликка қарши кураш бўйича энг долзарб вазифаларни ҳал этишга алоҳида эътибор берилиши лозим”2.

Бугун курраи заминда одам савдоси муаммоси ҳам соғлом фикрловчи кишиларни ташвишга солаётгани бежиз эмас. Бундай жиноятларга қарши курашда якдиллик, баҳамжиҳатлик талаб этилади. Бу борада лоқайдлик, бепарволикка асло йўл қўйиб бўлмайди.

Эътибор берган бўлсангиз, баъзи кишилар шунақа жиноятларни кўриб, кўрмасликка олиб кетаверади. Бунда эса айрим соддадил ёшларга “йўл кўрсатаман” дея уларни жаҳаннамдан қолишмайдиган жойларга юбораётган кимсалар устамонлик билан фойдаланиб қолишаётир. Улар аслида одам савдоси билан шуғулланаётганини инкор этиб бўлмайди.

Бир куни Чорсу бозори ёнидаги бир рекламага эътибор қилдим. Бир-бирига қўл бериб турган кимсаларнинг суратиданоқ одам савдосига ўхшаш “мавзу” ўрин олганини англадим. Сурат тагига катта-катта ҳарфлар билан “Алданиб қолманг” деб ёзилган.

Демак, баъзи иш ахтариб юрган кимсаларнинг бошини айлантириб, бошқа давлатларда ишлаб келишингга ёрдам бераман, дея лаққиллатадиганларнинг кирдикорлари фош этилибди. Реклама тарзида берилган бўлса-да одам савдосига қарши курашнинг ўзига хос ифодаси эди бу.

Яқинда худди шу мавзуда Ўзбекистон телевидениесида жуда таъсирчан кўрсатув намойиш этилди. Унда бир йигит шаҳарда ўқийдиган укасидан хабар олишга келиб, қандайдир бир аёл билан танишиб қолади. Аёл “иш излаб юрганларга ёрдам бериш билан шуғулланиши”ни айтади. Яъни, Россия ва Қозоғистон республикаларида ишлашни хоҳловчиларга ёрдам берар эмиш. “Бизнинг фирма орқали четга бориб ишлаганлар машина миниб келишяпти,– дейди у бир-иккита ҳовлиларни кўрсатиб.– Ишлаб келган пулларига шунақа данғиллама иморатлар қуряпти! Ҳозир замон шунақа ишбилармонларики!” Бу гапга йигит лаққа тушади. “Бизга ҳам ўргатинг” дейди у иккиланмай. Ҳатто, ўзи илтимос қилади. Шунда аёл йўл бироз узоқлигини рўкач қилиб, йигирматача одам топсанг, йўлкиранг чиқади, деб ўргатади.

Ҳалиги йигит ҳовлиқиб қилиб, соддадил ҳамқишлоқларини кўндиради. Қарабсизки, ҳаммаси битта айёрнинг тузоғига осонгина илинади…

Алданганлар қисматини кўрган кишининг эти увишади. Олис йўлда ҳориб боргач, уларни аччиқ қисмат кутиб турарди. Биринчи галда, ҳужжатларини олиб қўйишади. “Сизлар бу маконга келгунларингга қадар мен фалон пулга тушдим” дея дағдаға қилади бир зўравон.

Хуллас, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уларнинг жонларига оро киради.

Ўйланиб қоласан киши. Бир-бирининг мамлакатига бориб ишлайдиганлар камми дунёда? Узоққа бормайлик, Ўзбекистонга қанча давлатлардан келиб ишламоқдалар? Улар қонуний йўллар билан, муайян шартномалар асосида келиб ишламоқдалар. Уларни ўз номи билан чет эллик ишбилармонлар, тадбиркорлар деб атаймиз. Демак, хорижга бориб ишлаш истагида бўлганлар учун маълум бир қонун-қоидалар бор. Бунинг учун ҳар бир фуқаро аввало ўз ҳақ-ҳуқуқларини, тегишли қонунларини мукаммал билиши талаб этилади. Ҳақ-ҳуқуқларини билмаганлар эса ўзларини ўзлари шундай хорликка маҳкум этганини афсуски жуда кеч тушунганлар..

“Алданиб қолманг” деган реклама аслида шунақа алданаётганлар учун ўзига хос сабоқдир. Фақат, уни тўғри тушунмоқ керак. Одам савдосига қарши курашнинг ҳуқуқий асоси борми, демак, бу ҳам айрим кишилар учун ишончли қалқон эканлигини тўғри англамоқ керак.

2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонунини эътибор билан ўқиган киши унинг замирида эндигина вояга етаётган инсонлар тадқирига дахлдор фикрлар маъносини англаб етади. Эътибор берган бўлсангиз, турли адашишлар қай тариқа бошланади? Албатта, ёшлигида назоратсиз қолган ва етарли даражада тарбия олмаган болалар орасидан шундай кимсалар “етишиб” чиқади. Ушбу қонуннинг 3-моддасида шундай бандни ўқиймиз: “ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар — вояга етмаганнинг мунтазам равишда спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишида, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланишида ифодаланадиган хатти-ҳаракатлари, шунингдек ўзга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатлари”3. Кўриниб турибдики, бу қонун замирида вояга етмаган болаларнинг ёш умрлари барвақт хазон бўлишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўрилмоқда. Чунки, бугун назоратсиз қолган боладан эртага нимани кутиш мумкин?

Юқорида қайд этилганидек, озод ва обод ватанимизда инсон манфаатлари олий қадрият ҳисобланар экан, одам савдосидан тортиб майда безориликкача барҳам топишига юксак даражадаги ҳуқуқий маданият орқали эришишимиз мумкин.

Эркин

 Эркин УСМОНОВ,

журналист

_______________________________________________

1 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 16 б.

2 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг БМТ саммити мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисидаги нутқи. //Халқ сўзи, 2010 йил 21 сентябрь.

3 Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни. //www.LexUZ.uz

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *