Одам савдоси — мудҳиш жиноят

Бир телекўрсатувда одам савдоси қурбонларини кўриб, ғалати ҳолга тушдим.

Дунё ҳамжамиятига қўшилиш, глобаллашув жараёнларининг жуда кўп ижобий жиҳатлари борлигини инкор этиб бўлмайди. Шу билан бир қаторда бу жараёнда ғайриинсоний, ғайришуурий ҳолатларга ҳам дуч келар экансан. Эшитганда вужудингни музлатадиган ана шундай ҳоллардан бири – одам савдосидир. Илгари бу ҳақда чет эл адабиётларида ўқиганда унчалик таъсир қилмаган. Олис хорижнинг ҳорғин гаплари бўлиб туюлган. Эндиликда онда-сонда бўлса-да бу ҳақда телекўрсатувларда кўрганда, газеталарда ўқиганда ғалати ҳолга тушасан. Бироқ, ҳаёт карвонлари ўз йўлида давом этмоқда. Кимдир эзгулик, бунёд этиш, тараққиёт йўлида жон куйдирса, аллакимлар бузғунчилик, ёшлар онгини заҳарлаш каби чиркин иллатларни авж олдиришга чираниб юраркан…

Инсон манфаатларини олий қадрият деб билган Ўзбекистон ўз истиқлол ва тараққиёт йўлидан дадил борар экан, одам савдоси каби мудҳиш жиноятга қарши курашда аввало мустаҳкам ҳуқуқий базага эгадир. Ҳуқуқий базамиз қанчалик мустаҳкам пойдеворига эга бўлса, маънавий қалқон ҳисобланмиш миллий қадриятларимиз ҳам инсон қадр-қимматининг ифодаси бўлиб хизмат қилади. Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан кураша олиши мумкин”1.

Ҳамма ўз қадрини, миллий ўзлигини теран англаган жамиятдагина турли салбий иллатларга ўрин қолмайди. Бу борада маънавий баркамоллик ва ҳуқуқий саводхонлик ҳар бир инсоннинг ишончли қалқони бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Жиноятчиликнинг айрим турлари, жумладан, одам савдоси каби иллатлар бизга четдан кириб келган хуружлардан бири, дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2008 йил 8 августда қабул қилинган “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини (Нью-Йорк, 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи Одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан танишган киши бу иллатга қарши жаҳонда ва мамлакатимизда қандай чоралар кўрилаётганини теран англаб етиши мумкин. Бутун дунёда одам савдосига қарши кескин кураш кетаётган бир вақтда Ўзбекистонда ҳам бу борада муайян ишлар қилинмоқда.

“Жаҳоннинг турли нуқталарида ҳамон давом этаётган урушлар ва қарама-қаршиликлар, сақланиб қолаётган давлатлараро, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, Мингйиллик ривожланиш декларациясида таъкидланганидек, қашшоқлик, очлик, оналар ва болалар ўлими, эпидэмиялар ва инсониятнинг бошқа муаммоларига қарши кураш борасидаги энг жиддий тўсиқлар бўлиб қолмоқда,– деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов БМТ Саммити мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисидаги нутқида.– Бу борада ушбу Дастурда иқтисодий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий, инфратузилма ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли бандлиги муаммоларини, қашшоқлик, ҳуқуқсизликка қарши кураш бўйича энг долзарб вазифаларни ҳал этишга алоҳида эътибор берилиши лозим”2.

Бугун курраи заминда одам савдоси муаммоси ҳам соғлом фикрловчи кишиларни ташвишга солаётгани бежиз эмас. Бундай жиноятларга қарши курашда якдиллик, баҳамжиҳатлик талаб этилади. Бу борада лоқайдлик, бепарволикка асло йўл қўйиб бўлмайди.

Эътибор берган бўлсангиз, баъзи кишилар шунақа жиноятларни кўриб, кўрмасликка олиб кетаверади. Бунда эса айрим соддадил ёшларга “йўл кўрсатаман” дея уларни жаҳаннамдан қолишмайдиган жойларга юбораётган кимсалар устамонлик билан фойдаланиб қолишаётир. Улар аслида одам савдоси билан шуғулланаётганини инкор этиб бўлмайди.

Бир куни Чорсу бозори ёнидаги бир рекламага эътибор қилдим. Бир-бирига қўл бериб турган кимсаларнинг суратиданоқ одам савдосига ўхшаш “мавзу” ўрин олганини англадим. Сурат тагига катта-катта ҳарфлар билан “Алданиб қолманг” деб ёзилган.

Демак, баъзи иш ахтариб юрган кимсаларнинг бошини айлантириб, бошқа давлатларда ишлаб келишингга ёрдам бераман, дея лаққиллатадиганларнинг кирдикорлари фош этилибди. Реклама тарзида берилган бўлса-да одам савдосига қарши курашнинг ўзига хос ифодаси эди бу.

Яқинда худди шу мавзуда Ўзбекистон телевидениесида жуда таъсирчан кўрсатув намойиш этилди. Унда бир йигит шаҳарда ўқийдиган укасидан хабар олишга келиб, қандайдир бир аёл билан танишиб қолади. Аёл “иш излаб юрганларга ёрдам бериш билан шуғулланиши”ни айтади. Яъни, Россия ва Қозоғистон республикаларида ишлашни хоҳловчиларга ёрдам берар эмиш. “Бизнинг фирма орқали четга бориб ишлаганлар машина миниб келишяпти,– дейди у бир-иккита ҳовлиларни кўрсатиб.– Ишлаб келган пулларига шунақа данғиллама иморатлар қуряпти! Ҳозир замон шунақа ишбилармонларики!” Бу гапга йигит лаққа тушади. “Бизга ҳам ўргатинг” дейди у иккиланмай. Ҳатто, ўзи илтимос қилади. Шунда аёл йўл бироз узоқлигини рўкач қилиб, йигирматача одам топсанг, йўлкиранг чиқади, деб ўргатади.

Ҳалиги йигит ҳовлиқиб қилиб, соддадил ҳамқишлоқларини кўндиради. Қарабсизки, ҳаммаси битта айёрнинг тузоғига осонгина илинади…

Алданганлар қисматини кўрган кишининг эти увишади. Олис йўлда ҳориб боргач, уларни аччиқ қисмат кутиб турарди. Биринчи галда, ҳужжатларини олиб қўйишади. “Сизлар бу маконга келгунларингга қадар мен фалон пулга тушдим” дея дағдаға қилади бир зўравон.

Хуллас, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уларнинг жонларига оро киради.

Ўйланиб қоласан киши. Бир-бирининг мамлакатига бориб ишлайдиганлар камми дунёда? Узоққа бормайлик, Ўзбекистонга қанча давлатлардан келиб ишламоқдалар? Улар қонуний йўллар билан, муайян шартномалар асосида келиб ишламоқдалар. Уларни ўз номи билан чет эллик ишбилармонлар, тадбиркорлар деб атаймиз. Демак, хорижга бориб ишлаш истагида бўлганлар учун маълум бир қонун-қоидалар бор. Бунинг учун ҳар бир фуқаро аввало ўз ҳақ-ҳуқуқларини, тегишли қонунларини мукаммал билиши талаб этилади. Ҳақ-ҳуқуқларини билмаганлар эса ўзларини ўзлари шундай хорликка маҳкум этганини афсуски жуда кеч тушунганлар..

“Алданиб қолманг” деган реклама аслида шунақа алданаётганлар учун ўзига хос сабоқдир. Фақат, уни тўғри тушунмоқ керак. Одам савдосига қарши курашнинг ҳуқуқий асоси борми, демак, бу ҳам айрим кишилар учун ишончли қалқон эканлигини тўғри англамоқ керак.

2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонунини эътибор билан ўқиган киши унинг замирида эндигина вояга етаётган инсонлар тадқирига дахлдор фикрлар маъносини англаб етади. Эътибор берган бўлсангиз, турли адашишлар қай тариқа бошланади? Албатта, ёшлигида назоратсиз қолган ва етарли даражада тарбия олмаган болалар орасидан шундай кимсалар “етишиб” чиқади. Ушбу қонуннинг 3-моддасида шундай бандни ўқиймиз: “ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар — вояга етмаганнинг мунтазам равишда спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишида, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланишида ифодаланадиган хатти-ҳаракатлари, шунингдек ўзга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатлари”3. Кўриниб турибдики, бу қонун замирида вояга етмаган болаларнинг ёш умрлари барвақт хазон бўлишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўрилмоқда. Чунки, бугун назоратсиз қолган боладан эртага нимани кутиш мумкин?

Юқорида қайд этилганидек, озод ва обод ватанимизда инсон манфаатлари олий қадрият ҳисобланар экан, одам савдосидан тортиб майда безориликкача барҳам топишига юксак даражадаги ҳуқуқий маданият орқали эришишимиз мумкин.

 Эркин УСМОНОВ,

журналист

1 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 16 б.

2 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг БМТ саммити мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисидаги нутқи. //Халқ сўзи, 2010 йил 21 сентябрь.

3 Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни. //www.LexUZ.uz

***

Эҳтиёт бўлинг – ОДАМ САВДОСИ!

Одам савдоси (траффикинг) – инсон эрки, номуси, қадр-қимматини таҳқирланишиги олиб келувчи жиддий ижтимоий муаммо бўлиб, инсоннинг асосий ҳуқуқлари: яшаш ва эркин ҳаракатланишини чекланиши, қийноқ ва азобларга солиниши хавфини юзага келтиради.

БМТ маълумотларига кўра ҳар йили дунё бўйича 700 мингдан зиёд шахс одам савдоси билан шуғулланувчилардан азият чекишади.

Одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг МАҚСАДИ:

  • Жабрланувчиларни шаҳвоний хизматлар эксплуатациясига жалб этиш
  • Қул меҳнати ва хизматидан фойдаланиш ёки қўллаш
  • Трансплантация учун тана аъзо ва тўқималарини ажратиб олиш
  • Ноқонуний йўллар билан бола асраб олиш.

 

Ким одам савдоси жабрланувчиси бўлиши мумкин?

Албатта, фирибгарлар билан ўз ҳуқуқини биладиган, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммолардан ҳоли бўлган шахсларни тўқнаш келиши хавфи камроқ. Лекин, одам савдоси билан шуғулланувчилардан ҳамма бирдек: жинсий, миллати, ирқи, диний эътиқоди ва бошқалардан қатъий назар жабр кўриши мумкин.

Нима учун жабрланувчига айланадилар?

  • Серҳашам ҳаёт тарзини ошкора намойиш қилиниши (ёшлар қандай йўл билан бўлса ҳам пул топиш илинжида бўлиши)
  • Оилавий муносабатларни мустаҳкам ўрнатилмаганлиги ва оила аъзолари томонидан қўллаб-қувватланмаслик. Ижтимоий заиф груруҳлар орасида: меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари, ноқобил-нотинч оилалар, қаровсиз қолганлар) кузатилиши
  • Ижтимоий-иқтисодий жараён (ишсизлик, билим даражасининг пастлиги)
  • Иш билан таъминланган эркакларга нисбатан иш билан таъминланган аёлларнинг сонини камлиги, шу сабабли аксарият ҳолларда аёллар муаммо билан тўқнаш хавфида бўлишади
  • Аҳлоқ-одоб қоидаларига риоя қилинмаслик ҳоллари (вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний хатти-ҳаракатларни содир этилиши одатий ҳолга айланиб бораётганлиги)

 

Одам савдоси жабрланувчисига айланмаслик учун нима қилиш керак?

  • Танишларингиз ёки тасодифан учраган одамларнинг чет элда ишлаш, ўқиш ёки оила қуриш тўғрисидаги қизиқтирувчи таклифларидан ўзингизни четга олинг. Ҳужжатларингизни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳеч кимга берманг!
  • Қийинчиликларсиз тезлик билан топиладиган ойлик маош, иш ҳаққи ва даромад ҳақидаги ваъдалар одатда ҳақиқатга тўғри келмаслигига эътибор қаратинг!
  • Қизиқиб кўринг: Сизга чет элга боришни таклиф қилаётган ташкилот ёки фирма, улар билан ҳамкорлик қилувчи маҳаллий вакиллар (сайёҳлик, никоҳ, иш билан таъминловчи, ўқишни ташкиллаштирувчи) қонуний фаолият юритишадими? Сизга ўз таклифини билдирган фирма ёки ташкилот ҳақидан интернетдан маълумот олинг.

 

! Агар Сиз чет элда ишлаш ёки ўқиш ниятида бўлсангиз қуйидагиларни

БИЛИБ ОЛИНГ!

o    Сизга ўқиш ёки иш таклиф этаётган фирма ёки ташкилот билан шартномани белгиланган давлатга боришдан олдин, ўз давлатингизда имзоланг;

o    Сизга чет элда ўқиш ёки ишлаш бўйича хизматларини таклиф қилган фирма ёки агентликни қонуний ишлашига ишонч ҳосил қилиш учун тегишли лицензия ва сертификатда улар томондан кўрсатиладиган хизмат турларига аҳамият беринг. Лицензия ёки сертификатнинг асл нусхаси кўринарли жойга жойлаштирилган ва бир нусхада бўлиши зарур;

o    Шартнома шартлари Сизга тушунарли тилда ва тартибда тузилган бўлиши зарур. Шартномада фирма ёки агентликнинг тўлиқ номи, жойлашган манзили, телефон рақамлари, банк реквизитлари, иш берувчи ёки ўртадаги воситачининг фамилияси, исми, шарифи, паспорт маълумотлари, тўлиқ кўрсатилган бўлиши шарт;

o    2 та (иккита) шартнома 2 (икки) нусхада имзоланиши зарур;

o    Биринчиси – Сизни иш билан таъминлаётган фирма билан;

o    Иккинчиси – Сизни белгиланган давлатда ишга қабул қилиш мажбуриятини олаётган иш берувчи билан;

o    Шартномани имзолашга шошилманг, мутахассислар билан маслаҳатлашинг, ҳар бир банди билан мукаммал танишиб чиқинг;

o    Сизга таклиф қилинаётган иш (ўқиш) шарт-шароитларига алоҳида эътибор беринг: иш жойи, вақти, ойлик маоши: меҳнат ҳаққи қанча, қачон ва қай тартибда берилиши аниқ кўрсатилган ва изоҳланган бўлиши зарур. Эътибор беринг, тиббий хизмат ёки суғурта, яшаш шарт-шароитлари, озиқ-овқат тақсимоти ва бошқалар ҳам киритилганми?

o    Агар шартнома шартлари Сизни қониқтирмаса, имзолашни рад этинг. Ўз шартларингизни киритилишини ва ўзгартиришни таклиф қилинг;

o    Шартнома фирма ёки агентлик директори томонидан имзоланганлигига аҳамият беринг. Агар шартнома ижрочи ходимлар, масалан директор ўринбосари ёки бошқа ходимлар томонидан имзоланган бўлса, имзо қўйиш ҳуқуқини берувчи қарор ёки ишончномани (нотариал тасдиқланган) кўрсатишларини сўранг;

o    Сиз имзо қўйган шартнома ва бошқа ҳужжатларингиз нусхасини яқинларингизда қолдиришингиз зарурлигини ёдингизда тутинг;

o    Чет давлатларда фақатгина меҳнат визаси ишлаш ҳуқуқини беради, сайёҳлик визаси билан белгиланган давлатга бориб ноқонуний ишлашга розилик берманг;

o    Ўзингиз билан паспорт, билет ва бошқа ҳужжатларнинг нусхасини олинг ва асл ҳужжатлардан алоҳида жойга яшириб қўйинг. Яқинларингизда чет элдаги иш ва яшаш жойингиз, иш берувчи, корхона ёки ташкилот раҳбари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни қолдиринг;

Шунингдек, бирор хавфга тўқнаш келсангиз бу ҳақида яқинларинингиз хабар бера олишингиз учун бирор оддий ва содда сўзни келишиб олинг (фавқулодда вазиятларга тўқнаш келсангиз, масалан ўғирлик, мажбуран ушлаб туриш ва бошқалар), бу телефон орқали гаплашаётганингизда кимдир назорат қилиб турган бўлса ёрдам беради;

o    Эътиборингизни қаратинг Сизга ваъда қилинаётган ойлик маош бажаришингиз керак бўлган ишга мос келадими, ҳаддан зиёд кўп тўлашни ваъда қилишмаяптими;

o    Йўл ҳаражатлари, яшаш, озиқ-овқат ва бошқа ҳаражатлар учун ўша жойда ёки кейинчалик ойлик маошингиздан ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисидаги таклифга розилик берманг;

o    Қуйидаги эълонларга диққат қилинг ва улардан эҳтиёт бўлинг: “Официантка, раққоса ва бошқа ишларга қабул қиламиз. Тажриба ва малака талаб қилинмайди. Йўл ҳаражатлари, яшаш ва кундалик ҳаражатлар иш берувчи томонидан қопланади”; “Катта маош тўланадиган ишларга қабул қиламиз”. Бу каби эълонларда телефон рақамидан бошқа маълумот бўлмайди, иш таклиф қилувчи фирма ёки агентлик тўғрисидаги маълумот кўрсатилмайди.

 

Энг асосийси, ҳар қандай қийин вазиятдан чиқишнинг имкони борлигини ёдингизда тутинг!

Одам савдоси билан боғлиқ ҳолатга тўқнаш келганлар биринчи навбатда реабилитация ёрдамига эҳтиёж бўладилар. Уларга:

  • Психологик
  • Тиббий
  • Ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши зарур.

Жабрланувчиларни келгусида реинтеграция жараёнида қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур, лойиҳа ва режалар амалга ошириб келинмоқда, касб-ҳунар билан таъминлаб, ишга жойлашишда кўмаклашилмоқда.

Ҳар доим ёдингизда тутинг: бу муаммога тўқнаш келган фақат Сиз эмас!

http://www.ia.uz

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *