Озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари : даврлар, сиймолар ва ўрганилиши

Сайтимизга хат келди: адабий алоқалар — боқий ришталар

IMG_8084 kitab navoi_heykeli nizami_navoi

Тили, маданияти, урф-одат ва анъаналари бир-бирига яқин бўлган ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги адабий алоқалар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Бу адабий алоқалар давр ва бошқа омиллар нуқтаи назардан катта бир саҳифани ташкил этишини инобатга олган ҳолда баъзи муҳим фактларга таяниш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Агар мумтоз адабиётимиз тарихига назар ташласак, Озарбайжон адабиётининг буюк сиймоларидан бири шоир Низомий Ганжавий ижодининг ўзбек адабиётига катта таъсир кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, Қутб Хоразмий Низомий таъсири остида ўзининг “Хусрав ва Ширин” достонини ёзгани маълум. Шунингдек, ўзбек адабиётининг мумтоз намояндалари бўлмиш Лутфий, Хоразмий, Дурбек, Гадойи, Атойи, Саккокий кабилар ижодида Озарбайжон адабиётининг таъсири сезилади. Ҳайдар Хоразмий илк бор Низоми Ганжавийнинг “Махзан ул-асрор” (“Сирлар хазинаси”) асари таъсирида ўзининг “Махзан ул-асрор” асарини ёзгани барчамизга маълум.

Нафақат ўзбек, балки бутун туркий халқлар адабиётининг буюк намояндаси, мутафаккир шоир, олим, давлат ва жамоат арбоби, илм ва адабиёт ҳомийси бўлмиш Алишер Навоий Низомий Ганжавий анъаналарини давом эттириб илк бор туркий тилда “Хамса” достонини яратди. Навоий Низомийдан фарқли равишда ўз “Хамса”сини туркий тилда битиб, бу тилнинг қудратини намойиш этди. Албатта, Навоий “Хамса” достонини яратар экан Низомий даҳоси олдида ўзини улкан бир синов турганини ҳис этди. Достонларнинг ҳар муқаддимасида Низомийни фахр билан тилга олди, унга бўлган чексиз ҳурматини, ихлосини баён этди. У Низомийни ўзига устоз деб билди. Навоий битган

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасига панжа урмоқ

сатрларини бугун ҳар бир озарбайжон ва ўзбек кишиси ёддан билади десак янглишмаган бўламиз.

Кейинчалик ҳам адабий таъсир, алоқалар тўхтаб қолмади. Озарбайжон адабиётининг кўркам вакилларидан бири Муҳамад Фузулий Навоийни ўзига устоз билиб, унга эргашиб ғазалларига назиралар битди. Шу билан баробарида ўзбек адабиёти намояндалари ҳам Фузулийни ўзига устоз сифатида билди. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Амир Умархон, Андалиб, Муқимий, Увайсий, Роқим, Султон Саййид Носирхон, Табиб Хоразмий, Садир Эркин каби мумтоз ўзбек шоирларининг Фузулий ғазалларига назиралар битгани маълумдир. Фузулий номи бутун туркий халқлар адабиётининг буюк сиймоси сифатида эътироф этилади. ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик вакиллридан бири Эркин Воҳидов ҳам Фузулий ижодига айрича меҳр билан қараганини биламиз. Мана бу сатрлар шоирнинг ҳайрати ва муҳаббат натижасида дунёга келган десак тўғри бўлади.

Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,

Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.

Карбало даштида яёв кезишдан

Чарчаб тин олмоқда Фузулий устоз.

Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,

Шоир ўйларига бермагил халал.

Устоз юрагида шеър туғилмоқда,

Дунёга келмоқда бир мунис ғазал…

…Ғазал ҳам бўлурми мунча дилрабо,

Бунчалар серишва, бунчалар серноз.

Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо

Фузулий шеърига ошиқлигим рост…

…Мажнундек беором бўлиб қолганим

Сарсари югурган тўлқинлар айтсин,

Кечалар уйқусиз шеър ёд олганим

Тонгги уфқдаги ёлқинлар айтсин.

(“Фузулий ҳайкали қошида” шеъридан)

 

ХХ асрнинг бошларида ўзбек ва озарбайжон адабий алоқалари янада жонланди. Жадид адабиёти намояндалари Озарбайжонда бўлаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва адабий ўзгаришлардан у ерда чиқадиган газета ва журналлар орқали хабардор бўлиб борганини фактлар тасдиқлайди. Ўзбек ва Озарбайжон халқларининг миллат фарзандлари чор Россияси ҳукмронлигига қарши кураш олиб бордилар. Аммо Қўқонда ташкил этилган Туркистон Мухторияти (1917-1918) ва Озарбайжон Демократик Жумҳурияти (1918-1920 чор империяси томонидан қонли тарзда ишғол этилди, миллатнинг буюк фарзандлари эса қатағон қилинди. Кейинчалик Сталиннинг қатағон сиёсати туфайли ҳам икки миллатнинг ватанпарвар, зиёли, мард фарзандлари қатл этилди, совуқ ўлкаларга сургун қилинди. Улар орасида миллатнинг буюк шоирлари, ёзувчилари олимлари бор эди.

Совет Иттифоқи даврида ҳам Ўзбек-Озарбайжон халқлари ўртасидаги алоқалар тўхтаб қолмади. Айниқса, адабий алоқалар борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Икки ўлкада мунтазам равишда ўтказилиб турган “Адабиёт ва санъат ” ўн кунликлари доирасида муҳим адабий учрашувлар, китоблар тақдимоти ва бошқалар муҳим аҳамият касб этди. Ўзбек ва озар ёзувчилари, олимлари бир-бирлари билан доимо дўстона муносабатларини олиб боришди. Ҳар икки миллат учун оғир, қийин, таҳликали даврда улар бир-бирига дарддош, елкадош бўлди десак ҳақиқатдан узоқлашмаган бўламиз.

Бу йилларда ижод қилган ижодкорлар орасида бир сиймо борки, тақдир қисмати ила у икки миллат дўстлигининг рамзий тимсоли, кўприги бўлиб тарих саҳифаларида қолди. Бу сиймо буюк шоир, олим ва таржимон Мақсуд Шайхзодадир. Гарчи у Озарбайжонда туғилиб ўсган бўлса-да, тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келиб, шу ерда муқим яшади.

Мақсуд Шайхзода ХХ асрнинг энг таҳликали даврида яшаб ижод этди. Боя таъкидлаганимиздек, бу давр тарихда ўзининг мустабид тузумнинг золим сиёсати билан қолди. Сталиннинг “қатағон машинаси” кўплаб инсонлар бошига кулфат солди. Айниқса, миллатнинг асл фарзандлари, олим, шоир ва ёзувчиларнинг қатағон қилиниши даврнинг оғир жароҳатларидан бўлиб қолди. Айни ижодининг гуллаган пайтида улар асарлар ёзиш ўрнида умрини совуқ ўлкалардаги қамоқхоналарда ўтказди, қийноқ ва азобларга дучор қилинди, ўз айбини билмай отилиб кетди.

Қатағон шамоли Мақсуд Шайхзодани ҳам четлаб ўтмади. 1928 йилда шоир ва унинг маслакдош дўстлари “ижтимоий хавфли унсурлар”[1] деб топилди ва уларга нисбатан жазо ҳукми ўқилди. Унга кўра Шайхзода Москва, Тбилиси ва Бокудан бошқа шаҳарларда сургун муддатини ўташи мумкин эди[2]. Шу тариқа шоир сургун ўташ учун Тошкентни танлайди ва 1928 йил февраль ойининг сўнгги кунларида 3 йиллик сургун муддатини ўташ учун Тошкентга келади.Дарвоқе, Шайхзода бу диёрда 3 йил эмас, балки бир умрга қолиб кетди. У ўзбек шоири сифатида танилди. Мақсуд Шайхзода Ойбек, Ҳамид Олимжон, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Усмон Носир сингари даврнинг машҳур ижодкорлари билан елкама-елка туриб ижод қилди. Уларни ўзига устоз, яқин дўст деб билди. Бирин-кетин чоп этилган гўзал ва латиф шеърлари матбуотимиз саҳифаларини безади. Қатор шеърий китоблари чоп этилди. Шу тариқа адабиётимизда яна бир ёрқин сиймо пайдо бўлди.

1937 йил рус шоири А.С.Пушкин вафот этганлигининг 100 йил тўлиши муносабати билан унинг асарларини таржима қилиш борасида ҳукумат қарори чиқади. Бир гуруҳ ижодкорлар Чимён тоғ бағрида таржима билан машғул бўлишади. Ойбек, Ҳ.Олимжон, Элбек, А.Қаҳҳор, У.Носир сингари шоир ва ёзувчилар орасида Мақсуд Шайхзода ҳам бор эди. Унга Пушкиннинг “Мис чавандоз” ва “Моцарт ва Сальери” шеърий асарларини таржима қилиш юклатилган эди. Шайхзода бу асарларни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди. Шоир бу билан яна бир қиррасини намоён этди. Кейинчалик Шайхзода таржимачилик ишини давом эттириб, ўзбек китобхонларини жаҳон адабиёти дурдоналари билан баҳраманд этишда ўз муносиб ҳиссасини қўшди. Унинг, айниқса, Шекспирдан қилган таржималари ўзбек таржимашунослигининг алоҳида бир саҳифасини ташкил қилади. Унинг таржимасидаги “Ҳамлет”, “Ромео ва Жульетта” драмалари ҳануз миллионлаб кишиларни қалбини ларзага солиб келмоқда. Умуман, Шайхзоданинг таржимашунослик фаолиятини, унинг маҳоратини ўрганиш бугунги ёш таржимонлар учун катта бир маҳорат мактаби бўлади десак айни ҳақиқатдир.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари шоирнинг бир қатор урушни қораловчи, юрт ўғлонларини курашга чорловчи, ватанпарварликни тарғиб қилувчи шеърлари чоп этилди. Унинг “Кураш нечун?”, “Берлинда суд бўлғуси” шеърларини санаб ўтиш мумкин. Аммо Шайхзоданинг бу даврдаги ижодининг энг ёрқин саҳифасини ташкил қиладиган асари “Жалолиддин Мангуберди” драмасидир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мўғул истилочиларига қарши мардонавор курашган Жалолиддин Мангуберди ҳақида бунга қадар ҳали бирон бадиий асар яратилмаган эди. Шайхзода бу асарни яратиш учун тарихий манбаларга, ўша давр тарихчиларининг асарларини синчиклаб ўрганди. Ва, ниҳоят, 1944 йил “Жалолиддин Мангуберди” драмаси дунё юзини кўрди. Бу драма тез орада саҳналаштирилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Айни уруш пайтида, халқнинг мард, жасур қаҳрамонлари ҳақида бундай асарнинг яратилиши қонли жангоҳларда жон олиб, жон бераётган ўғлонлар учун катта руҳий мадад, ғалаба учун катта даъват бўлди десак янглишмаган бўламиз.

1950 йилларда Сталиннинг “қатағон машинаси” яна йўлга тушди. Мақсуд Шайхзода боши узра яна “қора булутлар” айлана бошлади. 1952 йил 20 сентябрда Мақсуд Шайхзодани ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорга имзо чекилди[3]. Асоссиз айблар билан қамоққа олинган шоир Иркутскдаги лагерга жазо муддатини ўташ учун юборилди. Сталиннинг вафот этиши муносабати билан шоир оқланди ва 1954 йил июнъ ойида ўз юртига қайтарилди. Лекин мана шу йилларда Шайхзода бошидан руҳий азоб, жисмоний оғриқларни ўтказди. Лекин шоир ҳеч қачон тушкунликка тушмади. Яна қизғин ижодга киришди. У дардларига қаламидан малҳам топди. Унинг ижодий режалари ҳали бисёр эди. Шайхзода халқимизнинг яна бир улуғ фарзанди Мирзо Улуғбек ҳақидаги фожеасини ёзишга киришди. Дастлаб буюк олим ва саркарда, давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳақидаги тарихий манбаларни синчиклаб ўрганди. 1960 йил тарихий драма ёзиб тугалланди ва 1961 йил саҳна юзини кўрди. Драмадаги ролларни даврнинг энг машҳур актёрлари ўйнаган эди. Бу драма Шайхзодага мисли кўрилмаган шуҳрат келтирган эди.

Шоир ижодий биографиясида “Тошкентнома” достони алоҳида ўрин тутади. Бу асарни унга энг оғир кунларида бошпана ва паноҳ бўлган шаҳри азимга бўлган муҳаббати ўлароқ яратилган десак янглишмаган бўламиз.

Мақсуд Шайхзодадан бизга улкан мерос қолди. Унинг шеърияти кўнгилларни хушнуд этишда давом этмоқда, драмалари саҳналарда қўйилмоқда.

Мақсуд Шайхзода ўзбек ва озарбайжон халқларининг мустаҳкам дўстлиги рамзи, икки халқ фарзанди сифатида мангуликка дахлдордир.

ХХ асрнинг адоғида улкан империя барҳам топди. Ҳар икки давлат бирин-кетин мустақилликка эришди. Асрий орзулар ушалди. Буни, айниқса, миллат зиёлилари қувонч билан кутиб олишди. Истиқлол қатағон қилинган шоир ва ёзувчиларнинг, олимларнинг бадиий ва илмий меросини тиклаш, уларни кенг тарғиб қилиш имкониятини берди. Кўплаб ноёб дурдоналар қайта тикланди, халққа қайтарилди.

Наби Хазри, Халил Рза Улутурк, Маммад Ораз, Бахтиёр Ваҳобзода, Қобил, Кабир Наврўз, Юсуф Самадўғли, Ағамали Содиқ, Анор, Элчин, Фикрат Хожа, Залимхон Ёқуб, Ҳидоят, Ҳусейн Курдўғли, Мамад Аслан, Рамиз Равшан, Рустам Беруди ва бошқа озарбайжон шоир ва ёзувчиларининг; Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи Ўзтурк, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Шукрулло, Ўткир Ҳошимов, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек, Тоҳир Қаҳҳор, Усмон Қўчқор, Акиф Азалп, Яшар Қосим, Рустам Мусурмон ва бошқа ўзбек шоир ва ёзувчилари истиқлол йилларида яратилган асарларида ўтган асарнинг фожиали жиҳатларини бадиий акс эттирди.

Бу йилларда бир қатор озарбайжон ижодкорларининг асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди. Жумладан, Бахтиёр Ваҳобзода, Халил Рза Улутурк, Маммад Араз, Фикрат Хожа, Воқиф Самадўғли, Рамиз Равшан, Воқиф Баятли шеърларининг, Юсуф Самадўғлининг “Қатл куни”, Анорнинг “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” романи, “Дантенинг юбилейи” қиссаси, “Гуржи фамилияси” ва бошқа ҳикояларини, Акрам Айлислининг “Қура қирғоғидаги гулханлар” асари, Элчиннинг “Балададашнинг илк муҳаббати”, “Балададашнинг тўй ҳаммоми”, “Челак”, “Ўлим ҳукми” асарлари, Ағаали Содиқнинг “Бошсиз” номли асарларини ўзбек ўқувчилари илиқ кутиб олди. Шунингдек, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Усмон Қўчқор, Тоҳир Қаҳҳор, Шавкат Раҳмон, Тилак Жўра шеърлари, Хайриддин Сулионнинг “Ё, Жамшид!”, Абдулҳамид Исмоилнинг “Икки қариянинг тарихи” каби асарларининг озарбайжон тилига қилинган таржималарини алоҳида таъкидлаш лозим.

Усмон Қўчқорнинг Озарбайжон адабиётидан таржималари катта салмоқни ташкил этади. Унинг Мирза Жалил, М.Собир, Муҳамад Ҳоди, Ҳусайн Жовид, Жаъфар Жабборли ва бошқа классиклардан таржималари эътирофга лойиқ. Хусусан, Ҳусайн Жовиднинг “Иблис”, “Амир Темур”, “Шайх Санъон” асарларининг таржималарини Ўзбекистон адабий муҳити илиқ қарши олди. Усмон Қўчқорнинг замонавий озарбайжон адабиётининг таниқли вакиллари бўлмиш Анор, Ҳусайн Жовид кабиларнинг ижодидан қилинган таржималари ҳам адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Озарбайжон Ёзувчилар Бирлигининг ташаббуси билан “Дунё адабиёти” журнали, “525-газета”си, Отатурк маркази ва бошқа ташкилотлар кўмаги билан 2005-йилда (3-4-август) Бокуда “Таржима масалалари ва глобаллашув” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.

“ЎГОРТ алоқалари” (Ўзбекистон, Гуржистон, Озарбайжон бадиий таржима масалалари)га бағишланган бу конференция натижасида Озарбайжон ва ўзбек тилларида “ЎГОРТ – чоғдош ўзбек ва гуржи адабиётидан сочмалар” (Боку, 2005) тўплами нашр этилди. Ўзбекистондаги “Жаҳон адабиёти” журналининг 2005 йил 5-сони “Адабий алоқалар” рубрикаси остида “Умрлардан узун севгимиз” (Озарбайжон адиблари меҳмонимиз) сарлавҳаси остида Озарбайжон адабиётидан айрим намуналар. Мазкур рукн танқидчи Асад Жаҳонгирнинг “Янги шеърият уфқлари” номли мақоласи билан бошланади. Кириш мақоласидан сўнг ўзбек ўқувчиларига Алисамад Кур, Одил Мирсайид, Адолат Асқарўғли, Расим Қарача, Қули Оқсос, Салим Баббуллаўғли, Зоҳир Азамат, Оқсин, Нажот Мамадов, Эсмира Серова каби шоирларнинг, Теҳрон Ахсанўғли, Рафиқ Ҳошимов, Элчин Ҳусайнбейли, Мақсад Нур каби танқидчи ва ёзувчиларнинг асарларидан намуналар тақдим этилган.. Шеър, ҳикоя ва мақолаларни ўзбек тилига Файзи Шоҳисмойил, Хосият Рустамова, Усмон Қўчқор, Мирпўлат Мирзо, Иқбол Мирзо, Эшқобил Шукур, Аъзам Обидов, Усмон Азим, Дилдора Алиева, Ҳулкар каби ўзбек шоир ва ёзувчилари таржима этганлар.

2013-йилда Тошкентда “ХХ аср Озарбайжон шеърияти антологияси” ва 2014- йилда нашр этилган “Умрдан узун кеча (Озарбайжон ёзувчиларининг ҳикоялари)” тўпламларида Озарбайжон шоир ва ёзувчиларининг асарларидан намуналар ўрин олди [4].

Энди ўзбек ва озарбайжон адабиёти намуналарини ўрганилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Адабий алоқалар борасида ҳар икки ўлкада ҳам бир қатор мақола, рисола, монография, тўплам, антология ва диссертациялар яратилди. Бунда, албатта, заҳматкаш олимларнинг хизматлари беқиёс.

“Ўзбек адабиёти тарихи” китобининг муаллифи, атоқли ўзбек олими Натан Маллаев Низомий Ганжавийнинг ижодий мероси, унинг ўзбек адабиётига таъсири масалаларига оид бир қатор тадқиқотларни яратди. Унинг “Низомий Ганжавийнинг адабий мероси ва унинг таълим-тарбиявий аҳамияти” номли монографиясида икки халқнинг адабий алоқалари кенг ёритилган. Умуман, Ўзбекистонда Н.Ганжавийнинг “Етти гўзал”, “Лайли ва Мажнун”, “Сирлар хазинаси”, “Искандарнома” достонларидан парчалар “Гулдаста” китобида (1947), “Танланган шеърлар”и (1983), “Инжулар уммони” (1989), “Лайли ва Мажнун” (2005), “Хусрав ва Ширин” (2005) достонлари ва бошқа асарлари форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб чоп этилган.

Мана бу фактлар ва маълумотлар бу борада қилинган ишлар ҳақида муайян тасаввур беради:

Лотин алифбосида Алишер Навоийнинг “Танланган шеърлар”и (шарҳлар, кириш сўз ва луғатлар муаллифи Ҳамид Арасли. Боку, 2004. 423 б) 25000 нусхада Бокуда чоп этилиши шоирга бўлган буюк эҳтиром намунаси дейиш мумкин.

      “Уч қардош” (Ўзбек эртаклари. Таржимон Паноҳ Халилов. – Боку, 1942 ва 1972), “Ўзбек адабиёти антологияси” (Боку, 1958. 394 б.), “Ўзбек эртаклари” (Боку, 1959. 182 б.), “Ўзбек шеърлари” (Боку, 1959. 182 б.), “Нурли диёр: ўзбек насри альманахи” (Боку, 1979. 310 б.), “Ўзбек халқ эртаклари” (таржимон А.Рзаев, Боку, 1987. 236 б.), “Сеҳрли Ўзбекистон: шеър альманахи” (Боку, Ёзувчи. 1979, 318 б.) ва бошқа китобларда ўзбек адабиётидан намуналар озарбайжон тилига таржима қилиниб нашр этилди.

      Озарбайжон фольклорининг Ўзбекистонда, ўзбек фольклорининг Озарбайжонда ўрганилиши, қиёсий-типологик таҳлиллар ва тадқиқотлар адабий алоқалар доирасида алоҳида саҳифани ташкил этади. А.Набиев “Озарбайжон-ўзбек фольклор алоқалари (“Кўрўғли” ва “Гўрўғли” достонлари мисолида)” ва “Озарбайжон-ўзбек фольклорининг типологияси ва ўзаро алоқалари” китобларини истиқлол йилларида қайта ишлади. Шунингдек, олим мустақиллик йилларида яна бир китоб “Озарбайжон халқ адабиёти” (Боку, Илм. 2006) номли китобини нашр эттирди.

      Мустақиллик йилларида П.Халиловнинг дарслик сифатида нашр этилган “СССР халқлари адабиёти” (1977, 360 б.) китоби, жумладан унинг “Ўзбек адабиёти” бўлими қайта ишланди. Дарслик мустақиллик мафкураси асосида қайта такомиллаштирилиб “Туркий халқлар ва Шарқий славянлар адабиёти” (Боку, 1994. 429 б.) номи билан нашр этилди.

      Фақат Навоийга оид озарбайжон, рус ва ўзбек тилларида 60 дан ортиқ илмий мақола ёзиб уларни китоб, альманах ва газеталарда эълон қилдирган профессор Жаннат Нағиева “Алишер Навоийнинг Боку қўлёзмалари” (1986), “Навоий ва Озарбайжон адабиёти. ХV-XIX асрлар” (1990), “Озарбайжонда Навоий” (2001) ва “Ўзбек адабиётида Фузулий анъаналари” (2005) китобларини ҳам нашр этди.

      Жаннат Нағиеванинг Алишер Навоийнинг Озарбайжон Қўлёзмалар фондида сақланаётган қўлёзма нусхалари асосида ёзган мукаммал монографиялари озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари тарихида муҳим ўрин тутади[5].

Маълумки, Алишер Навоий ижоди дунёнинг кўплаб тадқиқотчиларининг диққат марказида бўлиб келган. Ғарб ва Шарқнинг атоқли олимлари Навоий ижодий меросини ўрганиб кўплаб китоблар, мақолалар чоп эттирган. Айниқса, Озарбайжон адабиётшунослигида навоийшунослик соҳаси алоҳида ўрин тутади. Жумладан, Фаридунбей Кўчарли, Ҳамид Арасли, Паноҳ Халилов, Жаннат Нагиева, Халил Рза Улутурк, Комил Вали Наримонўғли, Рамиз Асқар, Тарлон Қулиев, Олмос Улви (Биннатова) сингари таниқли олимларнинг Навоий ижоди билан боғлиқ тадқиқотлари нафақат озарбайжон адабиётшунослиги, балки ўзбек адабиётшунослиги учун ҳам жуда муҳимдир. Низомийнинг Навоийга адабий таъсири қанча бўлса, Фузулийга Навоийнинг таъсирини ҳам шу мезон билан баҳолаш хато бўлмайди. Бу адабий ҳамкорлик асрлар ва йиллар давомида ривожланиб борди. Собиқ шўролар ҳукмронлиги даврида ҳам бу ҳамкорлик асло тўхтаб қолгани йўқ. Бу таҳликали дамларда ҳам Навоий ижоди икки халқни доимо бирлаштириб, ўзаро дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаб борди.

1926 йил Бокуда бўлиб ўтган I Туркологлар қурултойида Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини кенг нишонлаш учун 10 кишилик комиссия ташкил этилади. 1926 йил 26 февраль, яъни конгресснинг биринчи кунида биринчи музокарадан сўнг қурултой иштирокчилари “Алишер Навоий — 500” юбилей кечасида иштирок этадилар. Бу тадбирга ташкилотчилар томонидан кенг тайёргарлик ишлари олиб борилди.

Бокуда нашр этиладиган “Коммунист” газетасида таниқли адабиётшунос олимлар Исмоил Ҳикмат, Али Назим, Мирза Муҳсинларнинг мақолалари эълон қилинади. Мазкур газетанинг 1926 йил 4 март сонида Б.Чўбонзоданинг “Навоий — тилшунос” мақоласи эълон қилинади. Олимнинг бу мақоласида Навоийнинг туркий тил ривожида қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз боради. Б.Чўбонзоданинг “шаҳар тили бўлмаган туркий тил адабий тил бўла олмайди деган фикр ҳукмрон бўлган бир даврда Алишер Навоий тили адабий тил эмас, балки халқ тилидир” деган фикрлари сўзимизни исботлайди.

Навоий ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда таниқли навоийшунос олим, филология фанлари доктори, академик Ҳамид Араслининг хизматлари беқиёсдир. Унинг “Низомий ва Навоий”, “Навоий ва Озарбайжон адабиёти”, “Алишер Навоий”, “Алишер Навоий ва унинг адабий мероси”, “Навоий ва Фузулий”, “Буюк шоир” сингари мақолалари Навоий ижодий меросини ўрганишдаги қимматли манбалардан бўлиб келмоқда. Ҳамид Араслини Ўзбекистонда ҳам етук навоийшунос сифатида билишади. Олим Навоий ижодига юксак баҳо беради: “ Алишер Навоий асарлари Озарбайжонда ХV асрдан бошлаб меҳр ва муҳаббат билан ўқиб келинмокда. Асрлар давомида халқимиз Навоийни ўз шоирлари қаторида кўриб келади. У билан замондош Кишварий, Хулқий сингари озар шоирлари Навоийнинг таъсири остида камол топганлар. Буюк Фузулий ҳам ўз “Лайли ва Мажнун” асарининг муқаддимасида унинг номини Низомий ва Абу Нувос сингари Шарқнинг буюк шоирлари қаторида зикр этади. Мирзо Фатали Охундов ҳам ўз мақолаларида Навоийни оқил ва доно давлат арбоби сифатида эътироф этади”[6] (Озарбайжон тилидан Обид Шофиев таржимаси).

Халил Рза Улутуркни ўзбек адабиётининг Озарбайжондаги моҳир таржимони сифатида биламиз. Унинг таржимачиликдаги буюк хизматларидан бири Навоий ижодини озарбайжон тилига маҳорат билан ўгирганидир. Буюк туркчилик ғоясини кенг тарғиб этган Халил Рза Навоий поэззиясини улуғ мақомга кўтаради. Шоир Алишер Навоий ғазалларини ҳам маҳорат билан ўгиради. “Шеърият – энг буюк миллий бойлик” мақоласида унинг қуйидаги фикрларини ўқиймиз: “Озарбайжоннинг Фузулий, Закир, Натаван, Фата хоним Камина, Видади, Сайид Азим, Собир каби улуғ санъаткорлари Навоийга ҳамиша буюк бир санъат маъбуди каби қараганлар. Навоийнинг таъсири бугун ҳам Озарбайжон адабиётида давом этмоқдадир[7] (Озарбайжон тилидан Обид Шофиев таржимаси).

Озарбайжонда Алишер Навоий ижодий меросини ўрганишда таниқли олима Жаннат Нагиеванинг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозимдир. Унинг “Навоий энциклопедияси луғати” (муаллифлардан бири, 1989), “Озарбайжонда Навоий” (2001), “Навоийнинг Боку қўлёзмалари” (1986), «Наваи и Азербайджанская литера­тура. XV-XIX века» (1990) китобларини чоп эттирди. Олиманинг Алишер Навоий ижодига оид озарбайжон, рус ва ўзбек тилларида 60 дан зиёдроқ илмий мақолалари эълон қилинган. Айниқса, унинг Навоий қўлёзмаларига оид тадқиқотлари ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Жаннат Нагиеванинг номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳам бевосита Навоий ижодий меросига бағишланганлиги ҳам унинг илмий фаолиятининг аҳамиятини кўрсатиб турибди.

Алишер Навоий ижодини Озарбайжонда ўрганилишида таниқли олима, филология фанлари доктори Олмос Улви (Биннатова)нинг илмий тадқиқотлари муҳим ўрин тутади.

Олима матбуотда илм, адабиёт, тарих, публицистикага оид мақолалари билан мунтазам чиқиш қилиб келади. Газета ва журналларда, китоб, алманах ва илмий тўпламларда, бир қатор халқаро журналларда турк, ўзбек, туркман, рус, инглиз, грузин, араб, форс, немис, қозоқ, қирғиз, татар ва бошқа тилларда илмий мақолалари эълон қилинган. Умуман, Озарбайжон ва хорижда 500 дан ортиқ мақоласи чоп этилган. Олмос Улви (Биннатова)Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Грузия, Россия, Украина, Туркманистон, Австрия ва бошқа мамлакатларда 60-дан ортиқ илмий симпозиум ва конференцияларда ўз маърузалари билан иштирок этган. Бу маърузаларнинг аксариятини Навоий ижодига бағишланганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Олмос Улви (Биннатова) озарбайжон ва ўзбек адабий алоқалари контекстида ўзбек адабиётига доир 150 дан ортиқ мақолалар нашр эттирган. Олиманинг 2009- йилда Тошкентда “Озарбайжон-ўзбек (чиғатой) адабий алоқалари (даврлар, сиймолар, жанрлар, тамойиллар)” ва “Алишер Навоий Озарбайжон адабиётшунослигида” китобларининг тақдимоти ўтказилган.

Олмос Улви (Биннатова)нинг юқоридаги тадқиқотларида туркий халқлар ва ўзбек адабий алоқаларининг узоқ йиллик тарихини қамраб олганлиги, қолаверса, Алишер Навоийнинг Озарбайжон адабиётшунослигида ўрганилишига оид маълумотлари эътиборга лойиқдир. Унинг бу борадаги тадқиқотлари икки халқ адабий алоқалари тарихида алоҳида саҳифани ташкил этади десак янглишмаган бўламиз. Олима Озарбайжонда Навоий ижодини тарғиб қилишда, шунингдек, шоир ижоди бўйича ўтказиладиган илмий анжуманларни ташкиллаштириш ва ўтказишда жонбозлик кўрсатиб келаётганлигини эътироф этиш лозим.

Олиманинг “Озарбайжон-ўзбек (чиғатой) адабий алоқалари (даврлар, сиймолар, жанрлар, тамойиллар)”, “Алишер Навоий Озарбайжон адабиётшунослигида”, “Ўзбек адабиёти” китобларида Алишер Навоий ижодининг ҳаёти, ижодий фаолияти, унинг озарбайжон адабиётшунослигида ўрганилиши масалалари кенг ва атрофлича ёритилган.

Олмос Улвийнинг академик Исо Ҳабибейли муҳаррирлиги ва “Дунё учун аҳамиятли иш” номли кириш сўзи билан бошланувчи “Ўзбек адабиёти (адабий портретга чизгилар, тадқиқотлар, суҳбатлар)” (A.Ülvi.Özbək ədəbiyyatı (ədəbi portret cizgiləri, araşdırma­lar, müsahibələr”, Bakı, 2016, 316 səh.) китобида ўзбек ва озарбайжон адабиётларига доир тадқиқотлар, адабий алоқа ва адабий таъсир масалалари ўрин олган. Китоб сўнггида муаллифнинг ўзбек адабиёти билан боғлиқ ёзган мақолаларининг (200 га яқин) библиографияси ҳам жой олган. Ўзбекистондаги “Китоб дунёси” ва “Сурхон ёшлари” газеталарида академик Исо Ҳабибейлининг юқорида тилга олинган “Дунё учун аҳамиятли иш” мақоласи ўзбек тилида Обид Шофиев таржимасида эълон қилинди.

Тошкентда олиманинг “Ўзбек адабиёти ва Озарбайжон (тадқиқотлар, адабий портретлар, суҳбатлар)” китоби ўзбек тилига нашр этилди (О.Улви. Ўзбек адабиёти ва Озарбайжон (тадқиқотлар, адабий портретлар, суҳбатлар). – Т.: Камалак, 2016. 216 б.). Китобда муаллифнинг турли йилларда Ўзбекистонда чоп этилган илмий мақолалари ва суҳбатлари жамланган. Олима ўзбек матбуотида анча фаол. Унинг мақола ва суҳбатлари Ўзбекистоннинг “Китоб дунёси” ва “Сурхон ёшлари” газеталарида мунтазам эълон қилиб борилади.

Умуман олганда, мана олти асрки ўзбек ва озарбайжон адабий алоқалари тобора мустаҳкамланиб бомоқда. Келгусида ҳам бу алоқалар давом этишига ва янги саҳифалар очилишига ишонамиз.

 Обид Шофиев, адабиётшунос

———————————————————————————————-

[1] Наим Каримов. Мақсуд Шайхзода. Маънавий-биографик роман. – Т.: “Sharq”, 2010, 34-бет.

[2] Наим Каримов. Мақсуд Шайхзода. Маънавий-биографик роман. – Т.: “Sharq”, 2010, 34-бет.

[3] Наим Каримов. Мақсуд Шайхзода. Маънавий-биографик роман. – Т.: “Sharq”, 2010, 168-бет

[4] Ушбу фактларни ёзишда озарбайжон олимаси Олмос Улвининг “Мустақиллик йилларида озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари” (О.Шофиев таржимаси) (“Тамаддун нури” журнали, 2017-йил 1-сон, 62-70-бетлар) мақоласига таянилди.

 

[5] Олмос Улвий. Мустақиллик йилларида озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари (О.Шофиев таржимаси) // “Тамаддун нури” журнали, 2017-йил 1-сон. – Б. 64.

 

[6] Araslı Həmid. Nəvai və Füzuli // “Ədəbiyyat və incəsə­nət”, 30 may, 1980 .

 

[7] A.Ülvi. Xəlil Rza Ulutürk və özbək ədəbiyyatı /Azərbaycan-özbək ədəbi əlaqələri (monoqrafiya). – Bakı, “Qartal”, 2008, 191 sah.

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *