ОИЛА ФАЙЗИ
Турмуш чорраҳаларида
Бировнинг гулдек қизи оилангизга келин бўлиб тушар экан, у ўзи билан беқиёс бахт ва омад ҳам олиб келади. Бундай келинларни – қадами қутлуғ келди, дея олқишлайдилар.
Ҳаётда эришилган беқиёс бахт ва бойликлар асли ана шу қадами қутлуғ жуфти ҳалол ортидан келганини биров англайди, кимдир тушунишни ҳам истамайди…
Биз ўн олти нафар тенгдош жўралар бир синфда ўқиб, улғайдик.
Жўраларимиздан тўрт нафари мактабда “иккичи”, бирор ишга уқуви йўқ ландавур эдилар. Уларга шундай жуфти ҳалоллар насиб этдики, ҳозир бири-биридан бой-бадавлат бўлиб яшамоқдалар. Олтмишдан ошгунга қадар бола-чақаларнинг ташвишларидан қутулиб, бугун курортма-курорт мазза қилиб юришларини кўрсангиз ҳавасингиз келади. Ҳатто, ҳаж ва умра сафарларига ҳам бориб келишди!
Ўта абжир, юлдузни бенарвон урадиган, ушлаган жойини узиб оладиган, қўйиб берсанг, шер оғзидаги ўлжани ҳам илиб кетадиган уч нафар жўрамиз ўттиз ёшларга етганда чинакам миллионер бўлганларини кўриб ҳавас қилган эдик. Тадбиркорлик ортидан шаҳарда қўша-қўша “дом”лари, қишлоқда қасрдек уйлари, тоғларда дала ҳовлилари бўлиб, энг сўнгги русумдаги енгил машиналарда юришарди.
Уччовини ҳам бир хил жин урди. Пуллари кўпайганда яна “хотинсираб” қолишди… Биттаси пинҳона, иккитаси ошкора тўй қилиб “иккинчи”сига уйланиб олишди. Биринчи оиласига дарз кетгач, тўзиш бошланди. Кўп ўтмай бахти сароб, ўзлари харобга айланди-қолди…
Уччала жўрамиз ҳам мазза қилиб яшайдиган олтмиш ёшида бўйнигача қарзга ботиб, уй-жойларидан, бор-будидан, бутун ҳаловатидан айрилиб, хор-зор бўлиб юришибди… (Уларнинг ҳадеб қарз сўрашларидан қанчалик безиб қолганимни айтмай қўя қолай…)
Сенга бахт келтирган жуфти ҳалолингнинг қадрига етмадингми, унга қўшилиб ҳаётингдан, оилангдан файз-у барака ҳам бир пастда ҳавога учиб, бахтинг саробга айланиб қолиши ҳеч гап эмаскан…
Оллоҳ эркакка бахт, файз-баракасини жуфти ҳалолига қўшиб беришини ҳаётда кўриб, чин дилдан иймон келтирдик.
Ўз хотинининг қадрига етмаганлар қай тариқа хорликка маҳкум бўлиб қолишини ҳам кўриб, ҳайратдан ёқа ушладик… Бирорта қўшхотинли зотнинг юзи кулгунини кўрмадик…
Бахт – Оллоҳдан, бахтсизлик – шайтон қутқусидан, деган ҳикмат бежиз айтмилмаган экан…
Тўлқин ЭШБЕК
2023 йил 31 декабрь
Сўнгги фикрлар