Бадиа
Устоз адиб Пиримқул Қодировни зиёрат қилишга Фаробий (илгариги Чиғатой) қабристонига бориб тураман. Бу йил 25 октябрь – Устознинг таваллуд куни муносабати билан зиёратга отланар эканман, кўнгилда ажиб бир истак пайдо бўлиб, янги нашрдан чиққан “Уч илдиз” романидан уч нусха олиб кетдим.
Устознинг қозоқ адиби Мухтор Авезов хотирасига ёзган қуйидаги сатрлари бир савоб ишга ундарди: “унинг ўлмас руҳи олдида бурчли эканим мени ҳайкал олдидан кетгани қўймас эди. Агар ҳайкал очиқ жойда баҳор ёмғирлари остида турган бўлмаса, унинг пойига сўнгги ўн йилликларда ёзган китобларимни эъзоз билан қўйиб кетган бўлардим”.
Йўл-йўлакай баъзи хайрли ишларимиз хаёлдан ўтарди. Ўтган йили романнинг янги нашри тақдимоти Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, академиклар Тўра Мирзаев, Бахтиёр Назаров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ва бошқаларнинг роман ҳақидаги фикр-мулоҳазалари талабаларда катта қизиқиш уйғотган.
Энг қизиғи бу роман илк бор 1958 йилда чоп этилиб, неча ўн йиллар мобайнида қайта-қайта нашр этилган ва миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олган. Юртимиз мустақилликка эришгач, “мустабид тузум даврига оид китоблар” қатори “Уч илдиз” ҳам кутубхоналардан чиқариб ташланди… Шу тариқа бу роман қайтадан чоп этилмади.
2010 йили адиб асарини замонга пайваста ҳолда таҳрир қилиб, янги бир боб қўшган. Бироқ, унинг нашрини кўриш насиб этмади. Ўша йили декабр ойида Устозни сўнгги манзилга кузатдик. Баъзи сабабларга кўра романни чиқариш анча чўзилди, ниҳоят 2018 йили “Камалак” нашриётида лотин алифбосида нашр этилди.
Романни мутолаа қилган талабалар бугунги муҳим воқеликни ўзгача ҳис этади. Яъни, китоб ўқиш маданиятини, дарс тайёрлаш масъулияти ва ҳаётда муносиб ўрнини топиш йўлларини ўрганади. Ўқитувчилар эса ўз устида қандай ишлаш, ёш илм толиблари билан қай тарзда муносабатда бўлиш борасида ҳам катта сабоқ олиши мумкин.
Асарда XX аср ўрталарида яшаган авлоднинг билим ва савияси, илм олишга интилиши, дунёқараши билан бугунги замондошлар қиёслангандек таассурот қолдиради. Романнинг «Уч илдиз» деб номланиши замирида ёшларнинг камолотга эришишида аввало учта маънавий илдиз бўлиши ғояси ётибди. Биринчиси, пухта билим олиш, иккинчиси, ҳақиқий инсон бўлиш ва учинчи илдиз – муҳаббатга асосланган оила қуриш. Ҳар бир инсон шу тариқа бахт-иқболга эришиши мумкин.
Ажиб хаёллар оғушида зиёратга етиб келгач, аввал Устоз руҳига тиловат қилдим. Сўнг, “Уч илдиз” романининг айрим жойларини овоз чиқариб ўқиб бердим. Кириш сўзи ўрнида берилган муаллиф билан суҳбатимизнинг Устоз учун янгилиги йўқ, албатта. Ҳаётлик чоғида доим ёнида “дастёрлик” қилган жияни, филология фанлари номзоди, доцент Жалил Ҳазратқуловнинг сўнгсўз ўрнида ёзган “Адибга муносиб эҳтиром” сарлавҳали мақоласидан бехабар кетган эди… Ана шу қисмини эҳтиром ила ўқиб бердим.
Ундай шундай сатрлар бор:
“Пиримқул Қодиров туғишган тоғам (онамнинг укаси) бўлади. Раҳматли тоғамнинг ҳаёти давомида мен кўп йиллар ёнида бирга бўлдим, анча-мунча ишларига қарашиб юрдим. Тоғам 1955 йилларда ижод майдонига кириб келганидан то умрининг охиригача Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия каби устозларидан, Шароф Рашидов, Ислом Каримовдек давлат арбобларидан меҳр кўрганидан фахрланиб яшаган. Бугун уларнинг руҳларига дуо қилиб юрибмиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 август куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги Фармонига биноан адабиёт соҳаси бўйича биринчи даражали давлат мукофоти Пиримқул Қодировга “Амир Темур сиймоси” ва “Тил ва эл” асарлари учун берилгани жуда қувончли воқеа бўлди, адиб руҳини шод этди.
…1958 йилда Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романи адабиётимизда катта воқелик бўлганини, Абдулла Қаҳҳор ва бошқа устозлари юксак баҳолаганларини китобхонлар яхши биладилар. Энг муҳими, бу роман адабиёт мухлисларининг олқишига сазовор бўлиб бир неча бор катта-катта ададларда чоп этилса-да (охири 1987-йили 60 минг нусхада чиққан), китоб дўконларида тугаб кетар эди.
Юртимиз мустақилликка эришгач, сиёсат ва мафкура тубдан ўзгарди. “Уч илдиз” романида ўша даврдаги мафкура билан боғлиқ атамалар, айрим гап-сўзлар уни қайта нашр этишга монелик қиларди. Адибнинг орзу-армони эса катта ёшдаги китобхонлар эътиборини қозонган, бугунги ёш ав-лодга ҳам кўп маънавий озиқ бериши мумкин бўлган бу асарини таҳрир қилиб, замонамизга мос ҳолда қайта ишлаб чоп эттириш эди”.
– Мана, азиз Устозжоним! Миллионлаб мухлисларингиз қалбини забт этган романингизнинг янги нашри муборак бўлсин,– дедим китобдан бир дона Устознинг қабри бошига қўйиб.– Сизнинг юзлаб бадиа, публицистика ва мақолаларингиз турли газета-журналларда қолиб кетган. Уларни топиб, тўплам қиламан. Бутун ижодингизни бугунги ёшларга ва келгуси авлодларга бекаму-кўст етказаман. Сизнинг ва яна бир гуруҳ улуғ публицист-адиблар асарлари ва мақолалари асосида “Журналистик маҳорат” деб номланган ўқув қўлланмамни нашрга тайёрлаяпман. Ижодингиз илмий тадқиқ этилмоқда. Илоҳим, руҳингиз шод бўлсин, азиз Устозим!..
Наздимда, адиб руҳлари яна бир бор шодумон кезётгандек туюлди…
“Уч илдиз” романини қизиқиб мутолаа қилганда бош қаҳрамонлари – Маҳкам, Гавҳар, Очил, Замира деган содда хаёллар оғушида юрардик. Бироқ, ўз номи, ибратли фаолияти билан ҳақиқий қаҳрамонлар – ўша талабаларга дарс берган, уларга ҳаёт йўлини кўрсатган Устозлари Абдураҳмон Тошев ва Темур Акбаров экан! Бу ҳақда адибнинг ўзлари айтган сўзлар китобга кириш сўзи ўрнида берилган суҳбатда баён этилган. Мана ўша жумла:
“Асар қаҳрамонларидан бири профессор Абдураҳмон Тошев иғвогарлар томонидан факультетдан қувилган. У Ойбек акани ёдга солади. Бу улуғ адибнинг ҳаётида шунга ўхшаш воқелар юз берган. Ойбек аканинг насаблари Тошмуҳаммад экани назарда тутилиб, асар қаҳрамони – Тошев бўлди. Абдулла Қаҳҳор домламизга «Қўшчинор» романини ёзгани учун жуда адолатсиз ҳужумлар бўлганди. Бу ҳол Темур Акбаров деган домла тимсолида кўрсатилган. Бошқа образларни университетимизда кузатганман…”
Устоздан шу фикрни эшитганимдан буён бир ўй сира тинчлик бермасди; буюк адиблар Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор ҳаётлик чоғларида “Уч илдиз” романидаги Абдураҳмон Тошев ва Темур Акбаров образларининг прототипи эканликларини ўзлари билганмикинлар?
Пиримқул Қодиров бу “нозик сир”ни ўзлари тугул ўша мураккаб даврда ўзгаларга ҳам ҳеч қачон айтмагани аниқ… Бу мавзуда шу пайтгача бирор адабиётшуноснинг мақоласида ўқимаганман… Саксон ёш сарҳадида Устоз билан қилган суҳбатларимизда бу ҳақда очиқ айтганлари ёдимда.
Шулар ҳақида ўйлар эканман, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам… деганларидек бир иш қилишга журъат этдим. “Уч илдиз” китобининг иккитасини Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор қабрлари бошига олиб бордим. Даҳо адибларнинг руҳлари тинглаб тургандек романнинг кириш сўзи ўрнида берилган ўша жумлаларни баралла овозда ўқиб бердим. Кейин китобларни тошга айланган сиймолари пойига гул ўрнида қўйиб кетдим…
Болаликдан шу даҳо адибларнинг бетакрор китобларини ўқиб камолга етган эдим. Бугун уларнинг ўқувчиси, мухлиси сифатида руҳлари олдида китоб ўқиб берганимдан ва ўзлари прототипи бўлган романни ҳадя қилиб кетганимдан енгил тортдим…
Биламан, бу даргоҳдан қадами узилмайдиган зиёратчиларнинг албатта китобларга кўзлари тушади ва қизиқиб, қўлларига олиб кўрадилар. Кимки китобларни олиб кетса, ўша даҳо адибларнинг инъоми, ҳадяси деб қабул қилаверсин!..
Фақат, даҳолар номидан “дастхат” ёзиб қўйишга журъат эта олмадим…
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси масъул котиби
Устозлар руҳини шод этган китоб
Сўнгги фикрлар