ОЙГУЛГИНАМ

(Бахтиёрнинг қўшиғи)

yuldosh_eshbek-640x400

Ўркач-ўркач тўлқинларнинг бағрида,
Ёлғиз сандиқ қалқиб-қалқиб келади.
Ўркач-ўркач андуҳларнинг қаърида,
Ойгулгинам менинг оқиб келади.

Ҳам сарғайиб сўлиб борар, оҳ, гулим,
На сувларга, на кўкларга боқади.
Золим замон зуғумидан Ойгулим
Қонлар ютиб, оҳлар уриб оқади.

Қалқиб оққан дарё эса билмайди,
Фожиами, бахтми – бормас бу ўйга.
Бу ишларга дунё парво қилмайди,
Дунё ўзи ўргангандир шу кўйга.

Мен яшадим, сени сўраб яшадим,
Илтижолар қилиб ёлғиз оллога.
Умидларга дилни ўраб яшадим,
Бу бағри йўқ, бу норасо дунёда.

Кўп истадим бир тасодиф бўлсаю
Бир кун чаппа айлансайди шу олам,
Олло дили шафқатларга тўлсаю
Қилса эди фақирга ҳам бир карам.

Сен оқасан, сен оқасан дарёда,
Дилинг хуфтон, кўнглинг ярим, шикаста.
Айғоқчилар етказадир подшога,
Сен оқасан, буни билиб-билмасдан.

Оллодан бир зиёмидинг – билмадим,
Сен хор эдинг, мен хор эдим дунёда.
Лайломидинг, Зуҳромидинг – билмадим,
Мен зор эдим, сен бор эдинг дунёда!

Йўқса менга ҳаётмиди бу ҳаёт,
Йўқса унда бирор нажот бормиди!
Мен яшадим сени кутиб бефарёд,
Йўқса менга икки дунё тор эди.

Ҳам тасодиф, ҳам бахт бўлдинг, гулойим,
Умидларим умидингга бойланди.
Қара, наҳот, карам қилди худойим,
Қара, наҳот, дунё чаппа айланди.

Энди оппоқ манзилларга борармиз,
Табассум қил, табассум қил, қайғулим.
Булутларни юлдузлардай ёрармиз,
Қултарлонлар омон бўлса, Ойгулим!

Рўёмидинг, дунёмидинг – билмадим,
Сен хор эдинг, мен хор эдим дунёда.
Лайломидинг, Зуҳромидинг билмадим,
Мен зор эдим, сен бор эдинг дунёда!

 

Йўлдош ЭШБЕК,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *