Олимнинг беқиёс олами

“Дурдона” нашриётидан хушхабар келди.

1 1а

“Олимнинг беқиёс олами” деб номланган ҳужжатли қиссамиз китоб ҳолида чоп этилибди. “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”га бағишланган бу ҳужжатли қиссада психология фанлари доктори, профессор Шариф Баротовнинг илмий ва педагогик фаолияти ҳақида баҳоли қудрат сўз юритишга ҳаракат қилдик.

Ёш авлод катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, илму маърифатда, турли соҳаларда ёрқин из қолдираётган сиймолардан ибрат олиб камолга етади. Мазкур китобни мутолаа қилган ёш китобхон таниқли олим фаолияти, унинг ибратли жиҳатлари ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиб, маънавий олами янада бойишига, шунга яраша руҳий сабоқ олишларига умид қилсак бўлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Файзулло Мўминов “Руҳият ва ижод маҳсули” сарлавҳали сўзбошисида шундай ёзади:

“2006 йил 16 мартда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Хавфсизлик Кенгаши Раиси сифатида йиғилиш ўтказди. Унда фарзандларимизга хориждан турли салбий таъсир этувчи ахборотлар ва тажовузлар кўпайиб кетаётгани айтилди. Бундай таҳдидларга қарши олий таълим муассасалари гуманитар йўналишларида таҳсил олаётган талабаларга “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” фанидан дарс бериш вазифаси юклатилди. Шу аснода Вазирликнинг Олий ўқув юртлар бошқармаси бошлиғи Иномжон Мажидов (ҳозир Олий ва ва ўрта масхус таълим вазири) топшириғи билан дарслик яратишга киришдик. Ўша кезларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Стратегиялар ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ахборот-психологик хавфсизлик бўйича ўқиш ташкил этилди. Шу фан бўйича дарс берадиган профессор-ўқитувчилар учун бир ҳафталик малака ошириш курслари ташкил этилди. Ўша курсга Бухоро университетидан келган Шариф Баротов билан ҳамфикр эканмиз. У зукко психолог олим, фаол ижодкор эканлиги кўриниб турарди. “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” деб номланган дарслик режасини бойитиб бериш асносида ўзи дарсликнинг етакчи муаллифларидан бирига айланди.

Умумун, профессор Шариф Баратов ҳақида жуда кўплаб мақолалар, очерклар, рисолалар ёзилган. Айниқса, география фанлари номзоди, доцент Худойназар Тошев таҳрири остида чоп этилган “Илм ва эзгулик” (Бухоро нашриёти; 2016 й.) рисоласи кўпчилик китобхонлар эътирофига сазовор бўлган. Ушбу рисолада ҳам ўша китобдан айрим лавҳалар, иқтибослар келтирилган. Аниқроғи мазкур олимлик бахти рисоласи 2016 йилда чоп этилган “Илм ва эзгулик” китобининг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Дўстимиз Шарифжоннинг илм-маърифат йўлидаги ибратли фаолиятига бағишланган ушбу ҳужжатли қисса… биргина шахс ҳақида эмас. Унда психология фани бўйича Бухорода яратилаётган илмий мактаб ва унинг моҳияти теран ёритилган. Мазкур ҳужжатли қиссани моҳиятан илмий-оммабоп рисола ҳам дейин мумкин. Муҳими, унда мазкур илмий мактаб шу соҳа етакчи мутахассиси тимсолида кўрсатилади.

Асарни мутолаа қилар экансиз, бугунги ва келгуси ёшлар кимлардан, қандай инсонлардан ибрат олса арзийди, деган ҳаётий саволингизга мухтасар жавоб топгандек бўласиз”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан буюк аждодларимизнинг ўчмас меросларини ўрганиш, эъзозлаш, илм ва маърифат йўлида алоҳида фидойилик намуналарини кўрсатиш бўйича олимлар олдига жуда катта вазифалар қўйилмоқда. Қолаверса, бу соҳада мамлакатимизда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Аллома боболаримиз руҳларини шарафлаш йўлида қурилган ва тикланган мақбаралар, ўтказилган халқаро конференциялар, чоп этилаётган бебаҳо асарлар бу ҳақиқатнинг рад этиб бўлмас, беҳисоб далилларидир.

Оламда ўзбек замини каби кўп ва зўр олим берган мамлакат кам. Буни билган шўролар 74 йил буюк алломаларимизнинг муборак исмлари ва қолдирган илмий хазиналарини биздан ва оламдан яшириб жон сақлади. Бунинг оқибатида 74 йил ўз олимларимизнинг эмас, хорижлик олимлардан иқтибос олишни имтиёз билиб келдик. Бугун билсак, хорижлик номдор олимларнинг кўпи боболаримизнинг ё шогирдлари, ё издошлари бўлиб чиқаётир.

Бугун озод ва обод Ўзбекистонда алломаларнинг ёш, авлодлари туғилаяпти. Ижод қилаяпти. Дунёнинг илм-фан мусобақаларида “Мана, мен борман!”, деб чиқиб, ғолиб бўлаяпти. Оққан дарё қайта оқа бошлади.

Бугунги кунда олимларимизга давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, олимнинг ҳар бир сўзида ва ишида уч хислат – чуқур билим, ижтимоий фикрлай олиш кўникмаси ва олижаноб туйғулар сезилиб турмоғи шарт. Билими саёз одам касбдошлари эътиборини қозона олмайди. Оқилона фикр-мулоҳаза юритмаса бировларнинг қўғирчоғига айланади. Олижаноблик туйғуси бўлмаса худбинлик гирдобига қолиб (ғарқ бўлиб) кетиши тайиндир.

Ҳаётда энг катта бойлик – эзгуликка асосланган илм ва олимликдир. Чунки илм ижтимоий фикрлашга, олимлик эса уни муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилади.

Олимлик – ҳар қандай мансаб ёки лавозимдан юқори туради. Чунки унда қатъийлик ва мустақиллик билан ижтимоий тараққиётга беминнат хизмат қилиш саодати йўғрилган боқийлик мужассам.

Ҳаётда ҳамиша оддий, самимий ва юксак маънавият эгаси бўлиб яшаш чинакам инсонларга, шунингдек, ҳамиша мард, фидоий, чуқур дунёвий билим ва тафаккур эгаси бўлиб яшаш эса чинакам олимларга хосдир. Худди шундай инсонларга ва олимларга ҳавас қилиб улғайган ёшлар шунга яраша бахту иқболга эришиб яшайдилар.

– Ҳар бир киши учун фахрланадиган, унинг маънавий танячи бўладиган муҳим асос-омиллар мавжуд,– дейди биз билан суҳбатда профессор Шариф Баротов.– Улуғ пири комил, дунё тамаддунида “Аллоҳ – қалбда, қўл – ишда бўлсин” ғояси машҳур бўлиб кетган ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд туғилиб ўсган қишлоқ фарзанди эканлигим, ўзимнинг шу мукаррам зот авлоди деб билишим ҳамиша – ҳали болалик кезларимдан менга ўзгача фахр, қувонч, ҳаётга ва илм оламига нисбатан беқиёс интилиш, яшаш-яратиш завқини балки қатъиятини бағишлаб келади. Ҳар қандай шароитда, оғир ёки қувончли онларимда, ўқиш, изланиш, илмий фаолият жараёнларида Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг нурли сиймолари, илм ва адолатга даъват этган эзгу фикрлари беихтиёр хаёл оламида, кўз олдимга ёрқин бир саодатманд шаклда жонланиб туради. Мана шу илоҳий-маърифий ҳолат олимни илм, эзгулик, яхшилик йўлига бошлаган бўлса ажаб эмас.

Ҳаёт илдизлари деганда нимани тушунасиз? Камолот ёшига етаётган, ажиб туйғулар оғушида изланаётган йигит-қизларни шундай сирли саволлар қизиқтириши табиий. Дарахт кўкка бўй чўзиши учун унга бақувват илдизлар керак. Инсонга-чи? Ҳаётий илдизлар бўлармикин? Талабалик давримиз – 1980 йилларда атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романидан ўша саволга мухтасар жавоб топгандик. Асарда ҳаёт илдизлари ҳақида устоз Темир Акбаров талабаларига шундай дейди: «…киши ҳаётга катта-катта илдиз отадиган пайт кўпроқ талабалик йилларига тўғри келади. Менимча, талабаликда отган илдизларингиздан иккитаси айниқса муҳим. Биринчиси, албатта, билим, чунки сизлар бу ерда аввало билим деб юрибсизлар… Талабаликда вояга етадиган яна бир илдизларингиз – одамийлик». Домла, илдизлар бир дарахтга келиб бирлашгандай, булар ҳам ҳаётларингизда бирлашиб, бир-бирига киришиб кетади, деб тушунтиради: «Лекин шу икки илдизларингиз қанчалик чуқур бўлса, шунчалик юксакка шох ёя оласизлар, қанчалик мустаҳкам бўлса, ер юзида шунчалик маҳкам қад кўтариб тура оласизлар». Роман қаҳрамонларидан бири – талаба Очил Самадов битирув кечасида ўзи ёзган «Учинчи илдиз» сарлавҳали шеърини ўқийди. Домла Темир Акбаров айтган «илдиз»ларга шеър ёзаётиб, ўзидан ҳам бир илдиз қўшибди. «Бошқа илдизлар билан чирмашиб, тўқнашиб, гоҳ қувонтириб, гоҳ қийнаб ўсадиган бу илдиз — муҳаббат», деб ёзибди. Демак, илмли, яхши инсон бўлиб, муносиб оила қурсанг – уч илдизи бақувват дарахт янглиғ кўкка бўй чўзиб яшайсан.

Бухоро наинки Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиё минтақасини дунёга машҳур этган Бу муборак заминда ўтган азиз авлиёларнинг руҳлари қўллаган Бухоро аҳлини биз ҳаммамиз қўли гул, дили соф, иймони бутун ва иродаси бақувват кишилар сифатида жуда яхши биламиз ва ҳурмат қиламиз. Бугун ҳам Бухоро фарзандлари юртимизнинг илму ирфони, маърифату маънавиятининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Ана шундай инсонлардан бири Бухоро давлат университетида психология фани ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, республикамиз ва марказий ҳамдўстлик давлатлари психологлари орасида танилган етук олим, психология фанининг фидоийси ва жонкуяри Шариф Баротовнинг ҳаёт йўли ва илмий ижоди ёшларимиз учун ибратдир, ҳамкасб ва устозлар учун фахрдир. Унинг жўшқин фаолиятига теран назар солсангиз, ана шундай учта илдизи бақувват сиймони кашф этасиз. Бу дунёда жамики нарса ва ҳодисаларнинг ўз мазмуни, қиёси бор. Иймон, эътиқод, муҳаббат, меҳр, хотира, оқибат, бахт каби нарсаларга, туйғуларга интилиб яшаймиз. Оламдаги умримизни чинорга, меҳрни қуёшга ўхшатамиз. Бироқ юрт, Ватан туйғусинипг ҳеч бир қиёси йўк. Бу туйғу юракда туғилиб, юракда гуллайди ва кундан-кунга яшараверади, юрак эса шу туйғудан қувват олади. Ватан туйғуси юракнинг ўзи каби азалий ва абадийдир!

Коинотда Қуёш билан Ер қанчалик ўзаро боғлиқ бўлса, Комил инсон жисмида бу сўзлар ҳам шунчалик ҳамоҳангдир. Халқимиз буюк истиқлол туфайли ўзлигига қайтиб, ўз тарихига ҳақиқат кўзи билан қарайдиган бўлди. Меросимиз, қадриятларимиз, жаҳонни ўзига қаратган аждодларимиз номи юртимизда улуғвор бир тарзда қайтадан жаранглади.

Бухоро давлат университети профессори Шариф Баротовнинг ҳаёти илм ва педагоглик фаолияти билан пайваста. Устознинг ўз фалсафаси, эътиқоди, маънавияти ва муносабати шаклланди. Ҳақиқий олим аввало одамларга хизмат қилувчи юксак эзгулик раҳнамоси бўлмоғи шарт. Ҳақиқий олим, аввало одамлар манфаати йўлидаги юксак эзгуликка беминнат хизмат қилмоғи шарт. Зеро, олимнинг бахти ҳам, тахти ҳам худди шу нарса белгиланади ва баҳоланади.

Баъзи китобхонларимиз шундай савол беришади: буюк аждодларимиз Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хўжа Баҳоуддин Нақшбандий каби дунёни ҳайратга солган алломалар нега энди етишиб чиқмаяпти? Бир қарашда савол ўринлидек. Бироқ, ҳаётга теран нигоҳ ила боқиб, илму маърифат бўстонини таҳлил этсак, “энди алломалар етишиб чиқмаяпти” дея бирёқлама хулоса чиқаришга ҳожат қолмайди. Тўғри, буюк аждодларимиз илмий хазинасининг қиёси йўқ. Уларнинг бу қадар жаҳонга машҳур бўлиб кетиши сабабларидан бири ўша беқиёс илмий хазинаси бўлса, иккинчи жиҳатдан у замонларда ҳозиргидек фан-техника ривожланмаган, маърифат бўстонида ялт этган маънавий нур бутун борлиққа татигани бор гап. Образли қилиб айтганда, зулмат ичра порлаган саноқлигина чироқнинг нури ҳамма жойдан кўринади. Бири-биридан порлоқ чироқлар кўпайса, улар орасидан битта-яримтасини алоҳида ажратиб кўрсатиш осон кечмайди. Демоқчимизки, асрлар мобайнида тараққиёт инсоният тафаккурини нақадар ўзгартириб юборди. Бугун ҳам замонга яраша турли фанлар бўйича олим-у алломалар кам эмас. Замондош академикларимизнинг илмий мактабларидан ўнлаб хориж университетларида сабоқ олаётганлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Бутун жаҳонда катта қизиқиш билан ўрганиладиган психология илмини ҳам мўъжиза дейиш мумкин. Биз учун муҳим жиҳатларидан бири – ана шу фанни она тилимизда, миллий менталитетга хосу мос равишда ўрганишдир. Айтиш жоизки, республикамизда бу фан тадқиқотчи-олимлари анча кам… Очиқ айтадиган бўлсак, бу фан ҳали кўплаб тадқиқотчиларини кутиб ётгани аён. Профессор Шариф Баротовнинг илмий фаолияти ҳақида мухтасар сўз юритишдан муддао шу: ёш авлодни муносиб камолга етказишда ғоят муҳим ўрин тутадиган психолог олимлар сафини кенгайтиришдир!

Шариф Баротов олим ва педагог сифатида ўзининг маҳорат мактабини яратаётгани ҳақида ҳамкасблари ва бошқа мутахассисларнинг фикрлари жуда ўринли. Бизнинг мақсад – ана шу маҳорат мактабини оммалаштиришдир.

Умид қиламизки, мўъжазгина ҳужжатли қиссамизни мутолаа қилган ёшлар бугун кимлардан ибрат олиш, қай бир Устозларга эргашиш мақсадга мувофиқ эканини теран англаб оладилар.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *