ОЛЛОЁР БЕГАЛИЕВ: ТОЖИКИСТОН ЭЛЧИСИМАН!

(Тўлқин Эшбек 60 йиллиги юбилейида сўзланган нутқ. 13.07.2023)

2photo_2023-07-13_15-09-44photo_2023-07-13_15-09-30

Тўлқин Эшбек билан бугунги юбилей тантаналари ўтқазилиши керак бўлган Иштихон туман маркази “Устозлар” ҳиёбонига тонгги ўн бирларда машинада яқинлашаркан, юбиляр ёш боладек ҳайқириб юборди: “Оллоёр ака, мени расмимни қаранг!».
Кейин эса йўлдаги машиналар ҳаракатани тартибга солаётган ДАН ходимиларини кўриб: “Ё товба! Махсус ДАН ходимлари қўйилибди!” – деди. Мен унга: “Паспортни олганмисиз! Тағин, сизларга мумкинмас, дея орқага қайтаришворса-я!” – дея ҳазиллашдим…
Бу ерда катта тадбирга тайёргарлик кўришган экан, Тўлқиннинг юбилейи ана шу тадбирнинг бир қисми, бошида қўшимча, кейинчалик вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов хабардор этилгач эса асосий қисмига айланиб қолган экан. Аввало, бу тадбир иштихонлик бир неча ижодкорларнинг 70, 65, 60, 55, 50 ва 45 ёшлик юбилейлари маржони экан. Иккинчи ўринда бир бадавлат тадбиркорнинг Иштихондаги уч маҳаллага 71 минг дона китоб совға қилиши, Иштихон туман ҳокимлиги ҳомийлигида нашр этилган ўнталар атрофидаги янги китобларнинг тақдимоти ҳам экан. Қандайдир икки соатда ана шунча тадбир ўтказилиши сабабли хонандалар чиқиши деярли режага киритилмаганди. Бундай катта тадбирни бошқариш эса “Зарафшон” газетаси бош муҳарири, сенатор ва адиб Фармон Тошев зиммасида экан. Анжуман жуда енгил бошланганидан, аудитория ва ҳайат орасида якдиллик борлигини кўрсатиб турарди, зеро бу ўртада битта мен бегона бўлсам керак, холос. Ҳамма бир-бирини танийди. Ҳеч кимни расмий таништиришлар бўлгани йўқ ва бу ҳам анча вақтни тежаб берди.
Бошида эплашитириш осон бўлган тадбир бора-бора сўзга чиқувчиларнинг кўплиги учун олдиндан белгиланган режаларга кутилмаган таҳрирлар киритилишига сабаб бўла бошлади. Тўлқин иккимизнинг назаримизда менга тўртинчи ўринда сўз берилиши лозимдай эди. Аммо, кутилмаганда даврага Тошкентдан етиб келган Исмат Хушев ҳамда вилоят ҳокими вакили етиб келиши табриклар навбатини янада орқароққа сурилишига сабаб бўлди.
Исмат Хушев вилоят ҳокими вакили билан сўзга чиққанида, Тўлқин Эшбек юбилейига доир хабарни кеча эшитган заҳоти, “Афросиёб” поездига ўтириб, тунда Самарқандга етиб келгани ва меҳмонхонада тунаганидан бошлади. Абдулла Ориповнинг шеърларини эслади ва кўпларини ёддан ўқиб берди. Сўзининг охирида вилоят ҳокими иккиси юбилярга зарчопон кийдиришди.
Шундан кейин Обид Асомовнинг “Тўнлар муборак” кўрсатувидек кийдиришлар ва ечдиришлар бошланиб кетди. Бештача юбилярларга ўн бешталар пахтали, синтефонли қавима тўнлар, ўнтача зарчопонлар кийдирилди.
Бу орада Исмат Хушев билан гаплашиб ўтирган Тўлқинга менинг табригимга навбат олиб беришини икки марта эслатишимга тўғри келди. Исмат Хушев инглизларга хос, хайрлашмасдан даврани тарк этди.
Ниҳоят менга ўн олтинчи бўлиб табрик навбати етганида, одамлар гапга тўйиб кетганларини намойиш қилганча эснай бошлашганди.
Омма диққатини хушёрлаштириш учун даврабоши Фармон ака деди:
— Тўлқин Эшбек боядан бери менинг талабчан муҳарририм Оллоёр Бегалиевга сўз олиб беринг деганида ҳайронлар қолдим. Ҳозирги даврда бизлар муҳаррир кимлигини унутиб қўядиган даражага келиб қолдик. Ҳеч ким ўз ёзганини муҳаррирга кўрсатишни истамайди. Муҳарирнинг фикрини менсимайди, бирор ҳарфига қалам теккизса дод-вой кўтаради. Қандай ёзган бўлса ана шундайича, имло хатоларию маъно хатолари билан 100та, 60, 50 та, ҳатто 18та, 10тача ададда чиқаришиб ётишибди. Қайси куни Тўлқин менга “Самарқанднома” деб аталган қасидасини устоз муҳаририм Оллоёр Бегалиевга таҳрир қилдирдим, энди сиз ҳам эринмай, астойдил таҳрирдан ўтказинг дея жўнатганида, ҳозир ҳам муҳаррир хизматини эслайдиганлар бор экан-да, дея ажабландим ва бироз ўкиндим ҳам. Хулласи, навбат давримизнинг уйғоқ муҳарирларидан бири – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Оллоёр Бегалиевга!

Фармон аканинг бундай даромади сўзларидан кейин ҳам машварат аҳлидан зерикиш аломатлари унчалар бадарға бўлмагани сезилиб турарди ва омма эътиборини бутунлай ўзимга қаратиш учун Тожикистондан келган вакил бўла қолай деган фикр кечди. Бу тарафларда Хўжанд вилоятидан келган меҳмонлар жуда қадрланишини аввалдан билар эдим. Сўзни шундан бошладим:
— Каминанинг табриги ўзига хос! Мен сизларга тожик элидан салом келтирдим. Хўжанд вилоятининг Ўратепа, Ғончи, Нов туманларидаги Туркистон тизма тоғлари этагида жашовчи кўплаб чорвадорлар асосан Самарқанд, Жиззаҳ, Зоминдан кўчиб борган қутчи, қоропчи, турк уруғига мансуб кишилар авлоди ҳисобланади. Бизлар ҳам сизлар каби желовчилармиз – жилама болама, жилама, деймиз.
Мен Иштихонга 38 йиллар бурун, 1986-йилнинг августида куёвнавкарликка келганман. Қўшни Қўшробот туманилик шоир дўстим Равшан Файз ўшанда Хўжандга телеграмма жўнатган. Самарқандгача икариус автобусида беш соат, Қўшработгача кичкина сариқ пазик автобусда яна икки соат йўл босганман. Дўстлик масофани ва вақтни танламайди. Мана шу Иштихондан Жамила келинни Қўшработга олиб кетганмиз. Тўй даврасини олиб бориш ҳам менга юклатилганди.
1988-йилдан бошлаб Тошкентда, “Гулхан” журнали адабиёт бўлимини бошқардим. Ўшанда Тўлқин Эшбек билан танишиб, ака-ука тутинганмиз. Тўлқиннинг Қибрайдаги квартираси Иштихоннинг филиали эди, десам хато қилмайман. Бу деразасидан қарсанг Қибраймас, Иштихон кўринади, бу деразасидан ҳам Иштихон кўринади, эшигидан фақат иштихонликлар кириб келади. Тўлқин Тошкентда Иштихонга этакни учича бовли одамни учратса, бир-икки кун меҳмоним бўлинг, деб бошлаб келаверарди. “Меҳмонжонлардан айланай” сериали ғоясини режиссёр Феруза Бегимқулова Тўлқинни хонадонидан олмаганмикин, деган гумоним йўқ эмас.
Бу хонадонга даврнинг кўзга кўринган адиблари Пиримқул Қодиров, Оқилжон Хусанов, узоқ йиллар матбуот вазири бўлиб ишлаган Зиёд Есенбоев, уста ҳофизлар Фаҳриддин Умаров, Олмахон Ҳайитова қадами теккан. Тўлқиннинг қарши эшикдаги қўшниси Олмахон опанинг жиянига тегишли эди.
Иштихон туманининг истиқлолдаги илк ҳокими Тўрақул Йўлдошев Қибрайдаги “Турон” санаториясида дам олган пайти Тўлқин билан мулоқот қилиш учун кечки пайти йўқлаб борганмиз ва менга ўша суҳбатда катта папка тортиқ қилинган. Бу жилдда Тўрақул аканинг публицистик мақолалалардан иборат китоби машинкаланган ҳолда жамланган экан, ўша китобнинг муҳаррирлигини бажарганман. Бундан ташқари, Иштихон туманининг истиқлолнинг биринчи йилида эришган ютуқлари ҳақида катта мақола ёзиб, илк парламент газетаси “Халқ сўзи”да эълон қилдиргандим. Яна Тўлқиннинг ўзи ҳам “Иштиҳон юлдузлари ёки авлодлар довони” публицистик тўпламини таҳририни менга ишонганди. Яна иштихонлик шоир, ҳозир Имом Бухорий мажмуаси имомларидан бири, ўша пайти 25 ёшлик Отабек Бақонийнинг дидактик шеърлар, ғазаллардан иборат тўпламига сўзбоши ёзиш ва таҳрирлашни бажарганман. Мана шулардан ҳам кўриниб турибдики, менинг Иштихон билан боғлиқлик жойларим бошқалардан кўра кам эмас экан.
Мен устозларга яқиндан ёндошиш борасида сал тортинчроқман. Ўзим яхши кўрадиган сўз ва санъат усталарига тўғридан-тўғри яқинлашавермайман. Бунга шоирлик ғурурим ҳам йўл қўймаган бўлса керак. Тўлқин эса журналист эди ва “Таъқиқланган мавзу, макон, шахслар йўқ!” — тамойилига кўра истаган одамига интервью олиш учун яқинлаша оларди. Шу сабабли ҳам мени ўзига шерик қилиб, юринг устозни зиёрат қилиб келамиз, дея ияртиб олганидан фойдаланиб қолганман.
Тўлқин бизнинг Тожикистондан бўлган Ҳожибой Тожибоевга хат ёзиб берганида, уйларига олиб бориб бергандим. Шу сабабдан, машҳур қизиқчи Қибрай томонларга хизматга келганида, Тўлқиннинг квартирасига йўқлаб борган, улар суҳбати кейинчалик алоҳида китоб бўлиб нашр этилди.
Сочлари оқариб кетган Фаҳриддин Умаров, Олмахон Ҳайитова ҳовлиларида жонли ижроларни эшитишни орзу қилмайдиган одам кўпу бунга етишиш ҳаммагаям насиб этавермайди. Сочларига оқ оралаган етмиш ёшли Фаҳриддин Умаров дутор чертганча ҳали ўттизгаям кирмаган икки йигитга “Оооо, муҳаббат, бунчалар фусунукорсаааан”- дея нола қилишини тасаввур қилиб бўладими?!

Адабиётимиз ва санъатимизнинг муҳташам даврлари эди! Агар, чарх эврилиб, умр вафо қилиб, ўша устозлар тирик бўлганларида Иштихоннинг мана шу боғларига Тўлқин боланинг юбилейи учун ташриф буюришларини тасаввур қила оламан. Менга чин, Худога чин бу гапларим аллакимларга афсонадек эшитилар ҳам.

Сўзим якунини битта шеър билан якунлайман. Ўн йиллар бурун ёзилган. Тўлқин тез-тез шу шеъримни эшитиб маза қилишни истайди. Имкондан фойдаланиб, мана шу мазани бошқалар ҳам татиб кўришини хоҳлардим. Бу шеър оналарга бағишланган.
Ҳовлимиз ошхонаси,
Онамнинг ишохонаси:
Қорайган ўчоқ билан
Тандирдир дугонаси.
Ўчоғига пичирлаб,
Хасратига қондирган.
Сувга айтиб, оқизмай
Тандирида ёндирган.
Боламан-да, ўйноқлаб
Кириб-чиқиб юрардим.
Калтак емай ҳам қандай
Йиғлашларин сўрардим.
Онам эса, аслида
мен, камина гўл экан.
Онам айтар: “Сен терган
Ўтинларинг ҳўл экан…”
Онажоним ғамин еб,
Излаб қуруқ ўтинни,
Кўзига кирмасин деб
Ҳайдар эдим тутунни.
Осмонни булут босса,
Нақ эсларим оғарди.
Ёмғир гўё ергамас,
Юрагимга ёғарди.
Орадан ўтиб йиллар,
Ақл орттирдим анча,
Бу орада онамни
Йиғлатиб бўлдим қанча:
Мактабдан олиб келган
“Думли беш”ларим билан,
Йўл қўйган хатоларим,
Чала ишларим билан.
Ўтаркан умр гўё
Ипи чувлган ғалтак,
Йиғлашни ҳам ўргандим
Бежанжалу бекалтак.
Жавобсиз муҳаббатлар
Пичоқсиз тиғлатаркан,
Гоҳ хиёнат, гоҳ армон
Кўзёшсиз йиғлатаркан.
…Энди бошим қўярга
Онамдайин қучоқ йўқ.
Ҳўл ўтинни айблаб
Йиғлай десам ўчоқ йўқ.
Эътиборларингиз учун раҳмат!
…Чамаси, ҳокимбовога Тожикистондан келганим таъсир қилдими, ёки Тўлқин шунча устозларимдан омон қолганига совға қилай дедими, иккиси чиқишиб, елкамга қавима тўн ёпишди. Бунга жавобан икки қатор шеър тўқивордим:
-Иштихон йўлларида юргим келур,
Меҳмон эмас, эл бўлиб тургим келур!
Бунга жавобан Фармон ака Тошев пайровни пешлади:
— Иштихон табакаларидан егим келур!

Оллоёр Хўжандий

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *