Она алласига ҳамоҳанг оҳанглар

Оилада она алласини тинглаб улғайган инсон учун ўша

сеҳрли-жозибали оҳангларга пайваста куй-қўшиқлар ғоят мароқли эшитилади. Бу оҳанглар маънавий озиқ бериш билан бирга инсонни ҳар томонлама камол топишига ёрдам беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 30 август куни имзолаган «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш ва соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида» қарори мамлакатимизда ана шундай жозибали оҳангларга кенг йўл очлишида ғоят муҳим қадам бўлган эди. Қарорда қайд этилганидек, халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Зотан, бу миллий санъатимизга бутун дунё санъатсевар халқлари ўзгача эҳтиром ила қарашлари бежиз эмас. Мақом санъатининг гултожи бўлган “Шашмақом” ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилгани элимизга ғурур бахш этади.

image-23-1024x682 image-30-1024x682

Ёшларнинг миллий мақом санъатига бўлган қизиқишини янада ошириш, шу орқали улар маънавий дунёқарашини юксалтириш ҳам фарз, ҳам қарздир. Шу мақсадда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Янги Ўзбекистонда миллий мақом Ренессанси анъаналари” деб номланган маърифий концерт ташкил этилди. Унда Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблида фаолият юритаётган миллий мусиқа санъати ва илмининг ардоқли вакиллари, халқ ҳофизлари, халқ артистлари, маҳоратли созанда ва хонандалар, шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари, ходимлари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЎзМУ ректори Ином Мажидов, минглаб тарихий обидалар муаллифи, моҳир ҳаттот Ҳабибулло Солиҳ ва бошқалар миллий мусиқамиз – мақом санъатини ёшлар қалбига жо этиб бориш уларнинг миллий руҳда муносиб камолга етишида қанчалик муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритдилар.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли бадиий раҳбари Aбдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ артисти Aбдулаҳад Aбдурашидов томонидан ижро этилган мусиқий композициялар, Ўзбекистон Қаҳрамони, мақом маликаси Муножот Йўлчиеванинг дилтортар ашулалари қўшиқ шинавандаларида катта таассурот қолдирди.

– Мақом улуғ санъаткор аждодлардан қолган улкан маънавий меросдир. Мусиқанинг олий намунаси сифатида яратилган бу ажиб мерос асрлар давомида авайлаб-асраб келинган. Демакки, миллий ўзлигимизни англаш, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъатининг ўрни беқиёс,– дейди ЎзМУ биринчи проректори, профессор Жаббор Муҳаммадиев.– Айтайлик, Шашмақомни эътибор билан тинглаб, қалбига жой айлаган йигит-қизлар онги шунга яраша шаклланади. Давлатимиз раҳбарининг мақом санъатини такомиллаштиришда, энг аввало, азалий ижро анъаналари асносида янги ижод навларини яратиш билан мумтоз мусиқани ривожлантириш масалаларига бағишланган қатор қарор ва фармонлари бу соҳада янгича муносабатни шакллантиргани бежиз эмас.

Муҳташам маданият саройи саҳнасида намойиш этилган мақом санъати дурдоналари талабаларни сеҳрлаб қўйди.

Ҳузурбахш куй-қўшиқлар – мақом оҳангларини тинглар эканмиз, қалбда жўш урган туйғулар шеърий сатрларга уланиб кетди:

 

Хоразмда зўр минора – номидур суввора!

Ҳар гўянда томига чиқсам дея оввора…

Гар Худо юқтирмаса – ҳеч бунга йўқдур чора,

Дорбозлик қонда йўқса, чиқма сира дора,

Оқ эсанг оқликча қол, қора бўлсанг – қора!

 

Ҳожибой Болта овози тарихда қолди, водариғ,

Устоз Комилжон довушин қумсаб ранг-рўйим сариғ,

Чархи дун ҳеч тўхтамас, оқмас бўлиб қолмас ариғ,

Вақти етса ниш урар майдонга гар сепсанг тариғ,

Элга берсанг бирни сен, қайтгуси юз, минг бора!

 

Олмахон опам овози зўр ҳайитликдур манга,

Кўҳна тарих жўр бўлур – бул карвон чалган занга.

Ёрларнинг нияти на манга боғлиқ, на санга,

Огаҳий айтганидай: “Лозим эрур бари анга!”

Ёрнинг ишқи билмагай на сарҳаду, шумора.

 

Отажон ҳофиз эмас – сернаво дарё эди,

Ортиқ Отажон эса “Ҳеч чиқмас ёдимдан” деди,

Бобомурод оғамиз икки эл ғамин еди,

Бул Омон шоирини эли билмасдан неди?!

Офарин ким боғласа жонин ипини тора.

 

“Самандар эрди ташна” – пиёла келтирибди,

Ҳар шеърини тарошлаб, обдон етилтирибди.

Устоз Ошиқ Эркин ғазалга зеб берибди.

Матназар Абдулҳаким миноралар терибди –

Бедилга қўл узатган устасига чикора!

 

Хоразмнинг тўйлари сувворасиз ўтмагай,

Машарбу Комил сўзи бунда навбат кутмагай.

Ҳофизлари кўксида бекорга соз тутмагай,

Халқимиз асл санъат қадрини унутмагай,

Тинглаб Дониш домланинг илҳомлари фаввора!

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *