ЎзМУ Журналистика факультети талабалари билан айнан шу мавзуда дарс ўтган
эдик, шу муносабат билан ЎзАда сайтида ёритилган қуйидаги мақолани амалий машғулот ва ижодий маҳорат сифатида ўқиб-ўрганишлари тавсия этилади, дейди Дониш домла мамнуният билан.
Жаҳон матбуоти Ўзбекистоннинг янги имижини кашф этмоқда
Дунё эътирофи
Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва янгиланишларни жаҳон жамоатчилиги катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда. Дунёнинг етакчи ахборот агентликлари, нуфузли нашрларда Ўзбекистон ҳақида чоп этилаётган мақолалар буни яққол тасдиқлайди.
Биз қуйида мамлакатимиз ҳаётининг дунё матбуоти эътиборига тушган айрим қирралари ҳақида сўз юритамиз.
Ҳиндистоннинг қатор газеталари юртимизнинг инвестициявий жозибадорлиги, хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, эркин иқтисодий зоналарда йўлга қўйилаётган лойиҳалар ҳақида мунтазам мақолалар чоп этиб келмоқда.
Яқинда ўтган “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро инвестиция саммити арафасида Ўзбекистон – Ҳиндистон савдо ва сармоявий ҳамкорлигини янада кенгайтириш ҳақида кўплаб материаллар чоп этилди. Мамлакатимизда нафақат инвестициявий лойиҳалар, балки инсон ҳуқуқлари, диний бағрикенглик, иқтисодий ислоҳотлар ҳақида экспертларнинг фикрлари эълон қилинди.
Масалан, Ҳиндистоннинг “Diplomacy India” нашри Ўзбекистоннинг дин ва эътиқодлар хилма-хиллигини ҳимоя қилиш, бағрикенглик ва тинчликни таъминлаш, бу борада халқаро миқёсда мулоқотлар ташкил этиш борасидаги ташаббусларини дунё эътироф этаётганини ёзади. Туризм, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги сингари соҳаларни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар тезда ўз мевасини беришини таъкидлайди.
Гужарат фармацевтика саноати марказидир. Ҳамкорлик натижасида Андижон вилоятида Ўзбекистон – Ҳиндистон эркин фармацевтика зонаси ташкил этилди. Айни пайтда мамлакатимизда 30 йиллик муддатда фойдаланиш ва бу муддатни ихтиёрий узайтириш учун берилган 18 та, жумладан, фармацевтика йўналишида 7 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда.
“The Times of India” газетаси “Ўзбекистон Ҳиндистон инвестицияларини сайёҳлик соҳасига йўналтирмоқчи”, дея мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, тарихий шаҳарлар сайёҳлик салоҳиятидан унумли фойдаланиш, чет элдан сайёҳларни кўпроқ жалб этиш ва асосийси, улар учун зарур инфратузилмани йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлайди.
“The Economic Times” кундалик газетаси “2019 йил Ўзбекистон Ҳиндистон билан бизнесни ривожлантиришга қаратилган инвестицияларни қўллаб-қувватлайди”, деган мақола эълон қилди. Газета ўтган икки йилда Ўзбекистондаги ўзгаришлар негизида инсон манфаатлари ётганини таъкидлаб, 2018 йил Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, 2019 йил Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб номланганига алоҳида урғу беради.
Нашр Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқ иқтисодиётни яратиш, бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш йўлидан бораётганига эътибор қаратади.
“Иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлар ва АКТдан фойдаланиб, тармоқлар бўйича Ўзбекистонга Ҳиндистондан катта миқдорда сармоялар йўналтириш таклифи билдирилди”, дейди “The Economic Times”.
Индонезиянинг марказий газеталаридан бири – “The Jakarta Post” “Индонезияликлар шу ойдан Ўзбекистонга визасиз киришни бошлайди”, деган мақола эълон қилди. Мақолада бундай имкониятлар Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Япония ва Исроил мамлакатлари фуқаролари учун ҳам мавжуд экани келтирилади.
“Мамлакатда, шунингдек, июль ойидан бошлаб электрон визага мурожаат этиш учун янги технологиялар қўлланилади”, – деб ёзади “The Jakarta Post”.
Буюк Британияда чиқадиган энг йирик газеталардан бири “The Guardian” машҳур журналист ва сайёҳ Каролина Эденнинг “Ўзбекистонга қайтиб келадиган таржимон: бир ойлик йўл завқи” номли йўл очеркини чоп этди.
“Буюк ипак йўли замини, бетакрор чўл ландшафти, Тошкент метроси, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйлаб кезишни истаган сайёҳлар учун янги ва қулай виза сиёсатини рағбатлантираётган мамлакатдан ўрганиш керак”, дейди Каролина Эден.
Сайёҳ мамлакатимиз табиати, Самарқанд ва Бухоронинг меъморий ансамбллари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси объектлари ва арзон бозорлари, ўзбек халқи характерини нозик дид билан тасвирлайди.
“The Guardian” ҳатто чет элликлар учун кўплаб имкониятлар яратилаётганига эътибор қаратаркан,улкан инфратузилма жадал тайёрланаётганига урғу қаратади: “Ўзбекистоннинг темир йўл тармоғи кенгайиб бормоқда. Бухоро ва Самарқандга тезюрар поездлар мавжуд бўлиб, эндиликда ғарбдаги тарихий шаҳар – Хивага элтадиган темир йўл ҳам тайёр”.
Япониянинг “The Diplomat” журнали ҳам 45 мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имкони мавжудлиги ҳақида ёзаркан, мамлакатда янгича иқтисодий муҳит шаклланаётганини таъкидлайди.
Олимжон Жумабоев, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/dunye-etirofi-13-02-2019
Сўнгги фикрлар