Она тилимиз – маънавият гултожи
Она тили – миллат руҳи, деб бежиз айтилмаган.
Юртимиз мустақилликка илк қадамларини ташлаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини фахр-ифтихор билан эслаймиз. 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилиниши миллат қаддини тиклашда туб бурилиш жараёнини бошлаб берган эди. 1995 йил 21 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Унда мазкур қонунимиз янада мукаммаллаштирилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга пухта замин яратиши билан бирга мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳурмат қилинишида муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Истиқлол йилларида юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби она тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда.
Очиғи, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади.
Бу тарихий ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари — ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушмайдиган бўлиб етишади.
Ҳаётимизда моддий бойликлар қанчалик муҳим аҳамият касб этса, маънавий неъматларимиз, хусусан, она тилимиз ундан-да муҳимроқ ўрин тутишини, бунда бетакрор адабий тилимиз билан бир қаторда халқнинг жонли сўзлашув тили ҳисобланмиш – шевалар жозибаси ҳақида ҳам теран хулосалар чиқаришимиз зарур.
Азалдан маълумки, дунёдаги баъзи зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни, энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Устоз журналист-олим Сайди Умиров таъбири билан айтганда, тил, сўз ҳақида тўлиб, яйраб, ёйилиб ёзишга, дил тўрида, тил учида турган фикр-мулоҳазалар, орзу-армонлар, изланиш-кузатишларни бемалол ифодалашга кенг майдон очиб берадиган жанр илмий-бадиий публицистикадир. Атоқли шоир Эркин Воҳидов ўз даврида асарлари, хусусан, публицистикаларида унинг имкониятларидан унумли фойдаланган. Ўтган аср саксонинчи йиллар адоғида, маънавий қадриятларимиз тақдири учун кураш қизиган кезларда, тилимизга давлат тили мақоми бериш тўғрисидаги қонуннинг илк лойиҳаси матбуотда босилиб, муҳокамага қўйилганди. Ўшанда Эркин Воҳидов “ЎзАС” саҳифасида “Ўзбекча саломга ўзбекча алик бўлсин” деган ўткир, дадил мақола билан чиқди. Она тили — умуммиллат мулки, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хусусий томорқаси эмас, уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаш, унутилган, маъноси ўзгарган сўзларни тиклаш ҳамманинг иши…
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг бетакрор, шеърий, драматик асарлари, қойилмақом таржималари, ҳофизлар тилидан тушмай келаётган гўзал ғазаллари адабиёт, маънавият шайдолари қалбини забт этгани, юртимиз сарҳадлари оша яқин-йироқ манзилларга етгани, маданиятимиз хазинасини бойитиб келаётганига ярим асрдан ошиб кетди. Муаллиф истибдод замонида она тилимиз нуфузи пасайиб, хизмат доираси торайиб, ҳукмрон тил соясида қолиб кетганлигини, айрим юртдошларимиз ўз юрти тили қолиб ўзга тилда гапириш, ёзишга мажбур бўлишгани ёхуд шуни маъқул кўришгани, тарки одат амримаҳолга гоҳ жиддий, гоҳ таги зил ҳазил мисол, далиллар келтиради. Чиндан-да бир қанча хорижликлар ўзбекчада бинойидек, ширин гаплашганлари ҳолда ўзимизнинг айрим кишиларимиз, ҳатто зиёлиларимиз…
Атоқли шоирнинг Ильза Сиртаутасга бағишланган шеърида шундай ажабланарли сатрлар киши вужудини жунжиктириб юборади:
Термуламан Ильза хонимга,
Кўзларимга ишонмай ҳайрон.
Амриқолик хушрўй олима
Сўзлар эди ўзбекча равон…
Келинг, сизни она юрт учун,
Фидолар бир тинглаб қувонсин.
Бу қувончдан лекин бир умр
Жудолар ҳам қувонсин, ёнсин…
Ўз элати меҳридан дилин,
Ёт тутганлар сизни эшитсин.
Ўз юртида ўз она тилин,
Унутганлар сизни эшитсин.
Эркин Воҳидов “Сўз – забаржад, сўз – гавҳар, олтин” сарлавҳали мақоласида ҳам ажиб, сирли, сеҳрли сўз оламига саёҳат қилади, сўзни идрок этиш, илдизига етиш, мағзини чақишда ўқувчини ҳам ҳамроҳликка, ҳамкорликка чорлайди.
Эркин Воҳидов тил учун қайғуриш, уни бойитиш, софлигини сақлаш ҳамманинг иши, деб таъкидлар экан, энг аввало, тилшунослар, адиблар, ижодкор зиёлиларни назарда тутади. Қилни қирқ ёрадиган, беш жилдли “Изоҳли луғат” ни яратган, кўп китоб, тадқиқотлар битган тилшуносларга дам-бадам мурожаат этиб, Алибек Рустамов, Шавкат Раҳматуллаев сингари таниқли алломалар номини тутиб ғоят мушкул ва мураккаб иш – “Этимологик луғат” тузилишини, тил муаммоларини кўтаришда фаол бўлишга ундайди. Айни чоғда шоирнинг мақолаларида тилшунос олимларга нозик иддаони сезиш қийин эмас.
Буюк шоирларимиз Навоий, Бобур, Машраб, улуғ алломалар Кошғарий, Замахшарийлар шундай зотлардандир. Қолаверса, яқин тарихимизда яшаб ўтган Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод каби адиблар, Озод Шарафиддинов, Ғайбуллоҳ ас-Салом каби олимларнинг гўзал, латиф асарлари хотирамизда бирма-бир жонланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг она тилимизнинг тарихи, бугунги кундаги мавқеини янада ошириш борасида белгилаб берган вазифаларини амалга ошириш ҳар биримиздан улкан масъулият талаб қилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин. Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Дарҳақиқат, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.
Она тилимиз давлат тили сифатида халқимиз, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этади. 2019 йил 21 октябрь куни Юртбошимиз имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Мазкур фармонда она тилимизнинг келгуси тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида алоҳида тузилма – Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди. Бу тузилма давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида, раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинди. Эндиликда мазкур лавозимдаги шахслар зиммасига ташкилот ва муассасаларда давлат тилига оид қонун ҳужжатлари, дастурлар, “йўл хариталари”нинг ижросини таъминлаш, бу борадаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, ходимларнинг давлат тилини чуқур ўрганишлари учун шарт-шароитлар яратиш сингари вазифалар юклатилган.
Яна бир муҳим қадам шуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 73-сонли қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган. Ушбу жамғарма ўзбек тилини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, тилимизни ривожлантириш лойиҳаларига грантлар ажратиш, китоб ва қўлланмалар чоп этиш, медиа-маҳсулотлар, компьютер дастурлари, мобил иловалар тайёрлаш, бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш сингари эзгу мақсадларга хизмат қилиши кўзда тутилгани яхши маълум. Бу вазифаларнинг тўлақонли бажарилиши ўзимизнинг саъй-ҳаракатларимизга боғлиқдир. Зотан, туманимиздаги турли таълим муассасалари, ташкилотлар ва маҳаллаларда она тилимиз мавзусига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларимиздан кутилган натижа ҳам шу. Жамоат жойларида ҳар бир ёзма кўрсаткич, эълон ва рекламаларни давлат тилида юксак савияда ёзишга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Пойтахт шаҳримиз жамолига яраша она тилимиздаги ёзувлар ва битиклардан айниқса ёшлар сабоқ оладиган даражада бўлмоғи зарур.
Она тилимиз жилоларини теран англамоқ учун атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиаси, улуғ шоир Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» китоби ҳамда дурдона сўзларимизнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушуниш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни мудом қўлдан қўймай мутолаа қилишларини тавсия этган бўлур эдиу.
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Дўстлик” ордени соҳиби,
“Олтин қалам” мукофоти совриндори
Сўнгги фикрлар