ОНИЙ ВА СОНИЙ
(Мирзо Бобурга назира йўлинда)
Магарким умри инсоннинг жаҳон боғида онийдур,
Биринчи галда инсофдур, неки қолгани сонийдур.
“Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”
Бурун ўзини тонийдур, кейин ўзгани тонийдур.
Агар кимда ақл қисқа эса ўз айбини кўрмас,
Ўзидан ўпка қилмасдан, бурун бошқани ёнийдур.
Шукур аҳлига ёндошдим қаноат расмини ёдлаб,
Неки юз берса манглайга ёзилган кунга қонийдур.
Ажаб боқий экан ҳақ йўлида чеккан зиён, заҳмат,
Бу кун ташвиши деб қўлга киритган фойда фонийдур.
Қадамда омаду шўриш кутиб турган фалакдир бу,
Дегин асли азал шундай – бу дунё имтиҳонийдур.
Мусофирлик кўрилмасдан мусулмонликка етмас кўп,
Азим Тошканда жой топган бу Тўлқин Иштихонийдур.
Тўлқин ЭШБЕК
Иштихон ижод мактаби
2023 йил 1 август
Сўнгги фикрлар