Орзунинг ойдин йўли
Янги йилнинг илк куни “Ёшлар” радиоканалига таклиф этишганида суҳбат
мавзуи “сарҳисоб”дан иборат бўлса керак, деб ўйлагандим. Муҳаррир Гулизебо Иброҳимова ва бошловчи Умида Ҳасанованинг саволи чиндан ҳам ортда қолган йилга назардан бошланди:
– Ортда қолган 2017 йилда энг эсда қолган кунингиз ҳақида сўзлаб берсангиз,– деди бошловчи жонли эфирда мени радиотингловчиларга таништиргач.
Жўнгинадек туюлган бу саволга бирор кунни алоҳида кўрсатиб гапиришга ожиз эдим. Чунки, 2017 йилнинг ҳар бир куни оламшумул воқеаларга тўлиб-тошганини изоҳлаш қийин. Хуллас, дилимда борини айтдим:
– Уч юз олтмиш беш кун бири-биридан муҳим воқеа-ҳодисалари билан қалбимизга муҳрланиб қолди. Бу фикримга юртдошларимизнинг барчаси қўшилишига ишонаман. Ҳамманинг кўзи кун-у тун телевизор ё интернетда, қулоғи радиода бўлганига қараб йил қандай ўтганига баҳо берсак бўлади…
Суҳбат шу тариқа давом этар экан, шууримга муҳрланиб қолган баъзи воқеалар кўз олдимда жонлана бошлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил мамлакатимизда – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши замирида улкан маъно мужассам. “Жамоатчилик билан алоқалар” мавзусини ўрганиб, илмий тадқиқот олиб борганимда халқ билан мулоқотнинг назарий асосларидан ҳайратга тушганман. Бу – жамият тараққиётида шу қадар муҳим ўрин тутадики, уни назарий жиҳатдан ўрганган сари дунёқарашим ўзгариб борарди. Афсуски, мен илмий тадқиқот билан шуғулланган 2002-2006 йилларда бу борада амалда бажарилиши зарур бўлган ишлар ҳақида очиқроқ гапиришнинг мавриди эмасди. Ўша кезларда бу мавзуда каминадан имтиҳон олган баъзи “домла”лар халқ билан мулоқотнинг назарий асослари ҳақида эшитиб, шокка тушганлари, ҳатто, илмий ишимга тўсқинлик қилишгача бориб етганларини энди эслаш кулгили туюлади… Бугун уни бир қур эслаганимиз боиси бор. Жамиятимизда халқ билан мулоқот, яъни, жамоатчилик билан алоқалар воқеликка айланаётгани – тараққиётнинг ойдин йўлларига чиқаётганимизни англатади.
Юртимизда халқ билан мулоқот жараёнлари назариётчиларнинг китобларида ёзилганидан ҳам ҳайратлироқ тарзда кечмоқда. Жамият тубдан ўзгара бошлади. Давлатнинг ўз халқига муносабати қандай бўлиши лозимлигини кузатганлар чиндан ҳам тан беришмоқда.
Биринчи галда, давлатимиз раҳбарининг “Виртуал қабулхона”си муҳим воқеликка айланди. Ахборотлашган жамиятда халқимиз учун энг ишончли жой – ана шу “Виртуал қабулхона” бўлиб қолган. У наинки юртдошларимиз, ҳатто бутун дунё учун очиқликни таъминлади. Шунга яраша халқ билан мулоқот самарасини санаб саноғига етиш мушкул. Давлатимиз раҳбари ўз сўзида ана шу мурожаатларни таҳлил қилиши ва мутасаддиларнинг эътиборини муҳим муаммоларни ижобий ҳал этишга қаратиб, уларга зарур топшириқлар бериши одамларда янада кўпроқ умид, эртанги кунига ишонч уйғотмоқда. “Виртуал қабулхона”га фуқаролар қанча мурожаат қилишгани ва улар қай даражада ижобий ҳал этилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу борада ОАВда пайдар-пай ёритиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон, вилоятлар, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналари ташкил этилиши янада улканроқ воқеликка айланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг йўлланмаси билан ёзда Наманган вилоятидаги Халқ қабулхоналари фаолиятини ўрганишга борган эдим.
Тезюрар поездимизнинг Поп бекатида кутиб олишган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари Жамолиддин Муслим ва Юсуфжон Алихонов, Абдумуталлиб Қосимов, Абдуваҳоб Алимов каби фаоллар ҳамроҳлигида халқ қабулхоналари сари йўл олдик.
Ҳар қандай эзгу мақсад ва режани амалга оширишга киришишдан аввал улар ҳақида одамларга тушунтириш, зарур маълумотларни тақдим этиш керак. Хўш, бу борада Наманган вилоятида қандай ишлар амалга оширилган? Биринчи галда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхоналари ташкил этилгани ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида қуйидаги маълумотлар ёритилган:
“Аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг узоғини яқин қилиш мақсадида Наманган вилоятида ҳамда шаҳар ва туманларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ўз фаолиятини бошлади. Уларнинг асосий вазифаларидан бири – фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ҳукуматга, Давлат бошқарув органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, бошқа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитларни яратишдан иборат. Шундай экан, ҳар бир жисмоний ва юридик шахс давлат идораларида ўз ечимини топмаган муаммо ва масалалар юзасидан ўзлари яшаётган (ёки жойлашган) ҳудудидаги қуйидаги манзилларга мурожаат қилишлар мумкин…”
Унга илова тарзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналари манзиллари, телефон рақамлари ва электрон почталари ҳақидаги маълумотлар ҳам эълон қилинган.
Бундан жисмоний ва юридик шахслар ёки уларнинг вакиллари маълум бир муаммо ёки масаланинг ечимини топиши учун республика пойтахтидаги идора ва ташкилотларга саргардон бўлиб боришларига зарурат қолмаганини англаб етди. Шунга яраша Халқ қабулхоналарига қилинган мурожаатларда кўтарилган масалалар ўз жойида ҳал этила бошлади.
Президентимизнинг жойлардаги Халқ қабулхоналари – одамлар учун беқиёс имкониятдир. Бу даргоҳга умид билан қадам қўяётган инсонлар дардига давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари дармон бўлишини тасаввур этиш қийинмас: “Халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш, бу – биз учун фақат бир йиллик иш эмас. Бу масала келгуси беш йиллик фаолиятимизда ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолади ва бу ҳақиқатни ҳаммамиз чуқур тушуниб, яхши англаб олишимиз шарт. Чунки биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак, уларнинг барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз”.
Фусункор Наманган шаҳрининг энг тепа қисмида жойлашган бино Халқ қабулхонасига айлантирилгани замирида ҳам бир ҳикмат бордек. Яъни, халқ манфаатлари – ҳамма нарсадан устунроқ!
Халқ қабулхоналарида одамлар учун барча қулайликлар муҳайё этилган. Тиббиёт, она ва бола хоналари, кутиш зали, ногиронлар учун зарур шароитлар яратилган. Тегишли хоналарда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилмоқда. Қабулга келган фуқароларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбар ва мансабдор шахслари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишига шароит яратилиши учун биноларнинг кириш қисмида, аҳоли учун қулай жойда, тегишли идора раҳбарларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, хизмат телефон рақамлари, зарур бўлган бошқа маълумотлар акс эттирилган пешлавҳа жойлаштирилган.
Ана шундай файзли масканда давлат органларининг фуқаролар билан росмана мулоқоти йўлга қўйилган. Одамлар ўз муаммоларини очиқ-ошкор айтиш учун шу масканга умид билан келмоқда. Мурожаат билан келаётганларни кузатамиз. Ҳамманинг кўзида умид учқунлари сезилиб турибди. Мутасаддилар йиллар мобайнида қалашиб кетган муаммолар ҳақида фуқароларнинг мурожаатларини обдан тинглаб, тегишли идора ва ташкилот вакиллари билан биргаликда уларнинг ечимини топишга ва ижобий ҳал этишга ҳаракат қилишмоқда. Олис ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда жойида ҳал қилиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Унда вилоят ҳокими, прокурори, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳам шахсан иштирок этишмоқда. Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деганларидек, бу масканда бошланган хайрли ишлар ўз самарасини кўрсатаётганини ижобий баҳолаш мумкин. Халқ қабулхоналари томонидан амалга оширилаётган тарғибот ва бошқа тадбирлар маҳаллий газеталар, радио ва телевидение орқали кенг ёритилмоқда. Бундай мақола, радиоэшиттириш ва телекўрсатувлар мазмуни фақат эришилган ютуқлар ҳақидаги “ура-ура”лардан иборат бўлиб қолмасдан, таҳлилий, айрим салбий ҳолатларга нисбатан танқидий ёндашувлар ҳам ўз аксини топмоқда.
Аслида юртимизнинг барча вилоятлари, шаҳар-у туманларида ҳаётимиз шу тариқа ривожланиб бораётганини ҳамма бирдек ҳис этмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари давлат сиёсати даражасига кўтарилганини кўрсатади.
Ойнаи жаҳон ва миллий интернет сайтлари орқали ҳар куни депутатлар, вазирлар, ҳокимлар ва бошқа мутасаддиларнинг халқ билан мулоқотларини ҳаяжон билан кузатмаган одам қолмади. Энг муҳими, жойларда муаммолар ижобий ҳал этилаётганидан одамлар рози бўлаётгани баайни ҳақиқатдир.
Президентимизнинг жойларга бориши, оддий одамлар ва турли соҳа вакиллари билан учрашувларини барча бирдек интиқлик билан кутадиган бўлди. Бу – халқнинг ўзи сайлаган Президентига юксак ишончи ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида айтилган фикрлар қалбимизга муҳрланиб қолди. Ёш ижодкорларга сабоқ берар эканман, “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзуида сўз юритганда ён дафтарга ёзиб олган қуйидаги битикларга алоҳида эътибор қаратаман:
– адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ.
– ҳозирги кунда маданият ва санъат аҳлида фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаётганини ўзларингиз ҳам ҳис қилиб турибсиз.
– маданият ва санъат арбоблари ҳамиша жамиятнинг энг олдинги сафларида бўлиши, ўз асарлари, фаол гражданлик позицияси билан одамларни эзгу мақсад ва марралар сари бошлаши, илҳомлантириши керак эмасми?
– сизларга Яратганнинг ўзи шундай ноёб истеъдод ва салоҳият ато этганки, бундай хусусият, бундай фазилат ҳар кимга ҳам насиб этмайди.
– 15-20 йилдан кейин Ўзбекистоннинг маданий ривожланиши қандай кечади, бугун биз яшаётган Интернет ва юксак технологиялар асрида адабиёт ва санъат, маданиятимизнинг ўрни ва таъсирини нафақат сақлаб қолиш, балки қандай қилиб уни кучайтириш мумкин, деган тўғри ва одилона саволлар барчамизни, биринчи навбатда, халқимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ижод аҳлини ўйлантириши зарур эмасми?
– Ҳозирги пайтда юртимизда турли мулк шаклига эга бўлган 1513 та оммавий ахборот воситаси, шунингдек, 122 та нашриёт фаолият олиб бормоқда. Аммо уларнинг барчаси ҳам бизнинг миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиляптими, деган савол кўндаланг турибди.
Бу фикрларни – давр ҳикмати, деб таърифлагинг келади. Бу ҳикматлар – том маънода ҳаёт ҳақиқатига айланиб қолмоғи учун ҳар бир қаламкаш ўз устида изланмоғи зарур. Давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини барча ижодкорлар ўз зиммасига юклатилган энг муҳим вазифа сифатида қабул қилишларини истардим:
– бугунги кунда Ўзбекистон улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланмоқда. Замонавий корхона ва иншоотлар, автомобиль ва нефть заводлари, тўқимачилик комбинатлари, эркин иқтисодий зоналар барпо этиляпти. Янги-янги конлар ишга туширилмоқда, минтақа ва ҳудудларимизда автомобиль ва темир йўллари, сув омборлари, муҳташам кўприклар, аҳоли учун арзон уй-жойлар, кўплаб илм-фан, тиббиёт, маданият ва спорт марказлари қурилмоқда, минглаб гектар майдонларда катта-катта боғ-роғлар яратилмоқда. Энг муҳими, мураккаб ва оғир, чуқур билим ва тажрибани талаб қиладиган шароитларда, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, мана шундай катта лойиҳаларни ким амалга оширяпти, ким бу ишларни қиляпти? Ўзимизнинг одамлар, ўзимизнинг йигит-қизларимиз. Ана шу қора кўзларнинг меҳнати ва жасорати, Ватанга фидойилиги ҳар қандай эътироф ва таҳсинга лойиқ эмасми? Бундай бунёдкорлик ишлари ҳар қандай ижодкор учун илҳом манбаи бўлиб, янги асарлар учун мавзу бўлиб хизмат қилиши мумкин.
– Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган мана шундай қурувчи ва муҳандислар, дала заҳматкашлари ҳақида, жонкуяр муаллим ва шифокорларимиз, жасур ҳарбийларимиз, навқирон ёшларимиз эришаётган ютуқ ва марралар ҳақида сизлар ёзмасангиз, Ватанимиз тарихининг бадиий солномасини сизлар яратмасангиз, ким яратади? Агар биз истеъдод ва маҳоратимизни шу муқаддас замин, шу олижаноб халқимиз учун сафарбар этмасак, ҳазрат Навоий айтмоқчи, бу ҳунарни асраб нима қиламиз, қаерга опкетамиз уни?
– маданият соҳасида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларимизни ҳақиқий санъатни англашга ўргатиш, уларнинг эстетик оламини соғлом асосда шакллантириш бўйича олдимизда жуда муҳим вазифалар турибди.
Давлатимиз раҳбарининг бу илҳомбахш сўзларини шунчаки ўқиш камлик қилади, унинг туб мазмун-моҳиятини уқиш, англаш, ҳис этиш лозим. Бу эзгу фикрлар ижодимизда – эзгу сўзларга уланмоғи ва ўз навбатида эзгу амалларга айланмоғи зарур.
Куз ойларида республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзуида маънавий-маърифий тадбирларда олимлар, шоиру адиблар, санъаткор ва маданият ходимлари иштирок этдик.
Бу гал ижодий гуруҳимиз Фарғона вилоятига йўл олдик. Оддий одамлар, зиёлилар, ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилар эканмиз, бир нарсага амин бўлдик; халқимизда эртанги кунимизга ишонч туйғулари юксалмоқда. Очиғи, илгари ўтказилган тадбирларда ҳам одамларнинг сўзларини тинглаганмиз. Баъзи жойларда муаммолар бўлса-да бу ҳақда ҳеч ким очиқ-ошкора гапирмасди. Бирор кимса бу ҳақда сўз очса, бошқаси “гапирганинг билан фойдаси йўқ…” деб таъна қиларди. Сўнгги бир-бир ярим йил мобайнида одамлар анча ўзгарган. Тадбирда сўзга чиққан кишилар давлатимиз раҳбарининг маърузаларида, халқ билан мулоқотларида айтилаётган фикрлар, ҳаётбахш ғоялар, аниқ режалар катта умид уйғотаётганини таъкидлайдилар. Қай бир даврада бўлмайлик, одамлар давлатимиз сиёсатига, Юртбошимиз саъй-ҳаракатларига ишонч билан қараётганларини айтишади. Бу руҳий уйғониш ўз навбатида маънавий юксалиш сари етаклайди, албатта. Демак, буюк келажагимизга қаратилаётган ҳаётбахш дастурлар том маънода халқимиз қалбига, онгу шуурига етиб бормоқда!
Фарғонага йўли тушган киши албатта улуғ шоир Эркин Воҳидовни ёдга олади. Марғилон шаҳрида буюк шоир номига қўйилган маданият ва истироҳат боғи чирой очаётганини кўриб дилингиз яйрайди. Бу ерда Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби ёш ижодкорлар учун бебаҳо туҳфа бўлганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Жаҳон отин Увайсий уй-музейида ўтказилаётган адабий учрашувлар, китобхонлик маданияти кунлари ўзига хос маърифий байрамга айланади.
Марғилон – санъаткорлар ошёни, деган гап бежиз айтилмаган. Республикамизда илк бор Ўзбек давлат мусиқали театрига асос солинишига муносиб ҳисса қўшган Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Саодат Қобулова сингари улуғ санъаткорлар шу заминда улғайганлари билан марғилонликлар ҳақли равишда фахрланадилар. Ҳар гал бу масканда ўтказиладиган ижодий учрашувларда шу улуғ сиймоларнинг руҳлари шод кезаётгандек туюлади. Зеро, оққан дарё оққани мисол улуғ шоиру санъаткорларнинг муносиб ворислари ана шу адабий, маънавий ва маърифий анъаналарни изчил давом эттираверишларига ишонамиз.
Қува туманида ўтказилган ижодий учрашувлар моҳиятан “безамоқ чоғидир умр дафтарин”га айланди. Айниқса, тумандаги қатор таълим муассасаларида бу тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилибди. Пухта билим олиш билан бир қаторда бадиий ижод билан шуғулланадиган ёш қаламкашларнинг Надимий номидаги адабий тўгарагига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зуҳра Алиева раҳбарлик қилар экан. Таниқли шоиранинг “Бизга тинчлик керак, омонлик керак!” сарлавҳали шеъри барчани ҳаяжонга солади:
Қуёш таъзим қилар заминга ҳар тонг,
Қушлар чуғурлашиб урмоқдалар бонг,
Ерда, кўкда, сувда бўлмасин ҳеч жанг,
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Қайдан келди қурол, одамфурушлар,
Дунёни қаритди қирғин урушлар,
Йўқ бўлсин заминда қонли хуружлар,
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Неча йил Афғонда тўкилмоқда қон,
Неча йил оналар бўғзида фиғон,
Гўдаклар кўзидан оқади армон,
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Топай деб молу пул, топай деб давлат,
Наҳот қўл кўтарса миллатга миллат?
Бу қандай залолат, бу қандай иллат?
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Гарчи, дунё азал яралган бир кам,
Яшамоқ истайди тирик жон бекам,
Тинч уйга ин солар қалдирғочлар ҳам,
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Самода учоқлар кўринса кўпроқ,
Кўнглимда уйғонар хавотир, титроқ,
Бевақт узилмасин бирорта япроқ,
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Кўнгил сўраб кўрдим қизғалдоқлардан,
Тўптош ўйнаб юрган қизалоқлардан,
Бирдай садо келар яшил боғлардан:
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Қушлар қанот ёзсин кўкда бемалол,
Гўдаклар яшасин хуррам, безавол,
Ерда қадр, меҳр бўлмасин увол,
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Замин қалқиб турса, мен қандоқ чидай?
Ярадор жисмига жонимни улай,
Керак бўлса, ёвқур Тўмарис бўлай,
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Олам тўлсин дея нурга, зиёга,
Юртбошим юз тутар бутун дунёга,
Тинч бўлсак, етармиз Ойга, Зуҳрога,
Бизга тинчлик керак, омонлик керак!
Мазкур ёш ижодкорлар тўгараги аъзолари Ўлмасхон Ҳусанова, Шоҳруҳ Холдоров, Ғулом Икром, Ҳавасхон Қосимоваларнинг она Ватанга муҳаббат, элимизга садоқат мавзуидаги шеърлари ҳам катта таассурот қолдирди.
Фарғона отчопарида ўтказиладиган халқ сайлларида одамларнинг чеҳрасига боқсангиз, дилингиз яйрайди. Савдо ярмаркаларида халқ истеъмол молларидан тортиб мева-чеваларгача тўлиб тошган. Катта майдонда дорбозлар, полвонлар, масхарабозлар, қизиқчилар, қўғирчоқ театри жамоаси томошабинлар олқишига сазовор бўлмоқда. Бир ёнда фольклор жамоалари, машҳур хонандалар, мумтоз куй-қўшиқлар ижрочиларининг чиқишлари барчага хуш кайфият улашади. Фарғона отчопарида тулпорлар рақсида водий чавандозлари ўзларини кўрсатади. Улоқ-кўпкари мусобақалари минг-минглаб томошабинларга ҳаяжонли лаҳзаларни туҳфа этади. От устидаги йиқитиш, ўз оти билан тез чопиш ўйинларида энг яхши чавандозлар сараланади. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар яхшигина сийлов бўлади.
Вилоятнинг қай бир шаҳар ё туманига борманг, улкан бунёдкорлик ишлари қизғин давом этаётганини кўриб дилингиз яйрайди. Одамлар билан суҳбатлашган саринг уларнинг орзулари оламига ошно бўлиб қолаверасан. Қўқон шаҳри, Қувасой, Олтиариқ, Риштон, Ўзбекистон, Бувайда, Данғара туманларида ўтказилган ижодий учрашувлар ҳам ана шундай таассуротларга бой бўлди.
Одамлар дориломон кунларга шукрона айтмоқда. Ҳамманинг дилида бир гап: юртимиз тинч ва халқимиз фаровон бўлса, ташаббус кўрсатиб меҳнат қилишни бизга қўйиб беринг!
2017 йил ҳақида сўз юритганда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси асримизнинг энг муҳим воқеаси бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу Мурожаатнома – халқимизнинг том маънодаги келажак дастурига айланди. Уни такрор-батакрор мутолаа қилар эканман, ҳаётимнинг ўзига хос “йўл харитаси”га айланган муҳим ғояларни кўчириб олдим. Уни талабаларимизга, жойларда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда тингловчиларга ҳам тақдим этаман. Мана, ўша ҳаётбахш битиклардан бир кичик саҳифаси:
– 2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақлимиз.
– Кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида юртимизда 11 йиллик таълим қайта тикланди.
– 15 та олий таълим муассасасида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларда ўрта махсус маълумотга эга бўлган 5 мингдан ортиқ педагоглар учун олий маълумот олиш имконияти яратилди.
– Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар ташкил этилди.
– 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди.
– Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди.
– Жорий йилда маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳақида гапирганда, аввало, маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситалари соҳасига тааллуқли 12 та муҳим ҳужжат қабул қилинганини қайд этиш лозим.
Булар фан, таълим, маданият ва адабиётга тегишли фикрларнинг бир қисми, холос. Бундан буён ҳар бир юртдошимиз ўз соҳасида нима ишлар қилиши, қандай улуғвор мақсадлар сари интилишини билмоғи лозим. Ижодий гуруҳимизнинг навбатдаги қадамлари, халқ ичига қучоқ очиб боришлари шу ҳаётбахш “йўл харитаси”га пайваста бўлишини таъкидладим.
Бошловчимиз радиоэшиттириш учун ажратилган вақт поёнига етганига ишора қилиб, суҳбатга якун ясай бошлади.
Тингловчиларга эзгу тилакларимни изҳор этган ҳолда хайрлашар эканман, барча юртдошларимизни янги йилда янги марралар сари дадил қадам ташлашга чорладим…
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети доценти,филология фанлари номзоди,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
2018 йил, январь.
Сўнгги фикрлар