Оталар жасорати – фарзандлар мероси
Она Ватанга муҳаббат ва садоқат, уни кўз қорачиғидек асраш ҳар бир йигит-қизни мудом жасоратга ундайди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2017 йил 27 октябрда тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг ҳарбий қисмлар билан биргаликдаги фаолиятини ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш чора-тадбирлари дастури” ижросини таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Жасорат” деб номланган маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов ва бошқалар муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида, 12 октябрда Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида, 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқларида асосий эътибор – юртимизда, минтақамизда, қолаверса, бутун дунёда тинчлик ва осойишталикни асрашга ҳам қаратилгани алоҳида таъкидланди.
Айтиш жоизки, тинчлик ва осойишталикни асраш борасида сўз борар экан, биз энг аввало, Ватан учун жонини тиккан оталаримизнинг жасоратларини эҳтиром ила ёдга оламиз. Ўтган йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ахборот соатлари” ва “Маънавият” дарсларида “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида ўтказилган “Жасорат дарслари” талабаларимизда катта таассурот қолдирган.
Албатта, Ватан озодлиги, Юрт тинчлиги йўлида курашган, жасорат кўрсатган буюк аждодларимизнинг бетимсол қаҳрамонликлари бугунги авлодларга, айниқса, ёшларга доимо ғурур бахш этади. Дунёга довруқ солган Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк аждодларимиз асрлар мобайнида она Ватан озодлиги учун мардона курашганлари том маънода – Жасорат намунаси ҳисобланади.
“Жасорат” ҳақида сўз юритганда халқимизнинг янги тарихи – Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши йўлида кўрсатилган жасоратлар ва шу йиллар мобайнида амалга оширилган улуғвор ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Бу мавзу Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асарларида ва юқорида айтганимдек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатор нутқларида ўз ифодасини топгандир. 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинди. Муқаддас орзу ушалди – Ўзбекистон тинч, парламент йўли билан ўзининг ҳақиқий давлатчилигига эришди. Бу – халқимизнинг кўп асрлик тарихида буюк воқеадир.
Тарихда илк бор, 1992 йилнинг 2 мартида Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қабул қилинди. Республика Еврупада хавфсизлик ва ҳамкорликка бағишланган Кенгашнинг Якунловчи актини имзолаб, Хельсинки жараёнига қўшилди. Мана шуларнинг ҳаммаси республика тараққиётида мазмунан янги босқични бошлаб берди ва тенг ҳуқуқли асосларда халқаро иқтисодий илмий ва маданий соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиш имкониятини очди.
Фуқаролар тинчлиги ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни қарор топтириш мана шундай сиёсий, давлат ва конституциявий тузумга эришиш калитидир.
Халқнинг бирлиги, жипслиги, тинч-тотувлиги бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Фуқаролар тотувлиги хусусида гап кетар экан, бу ерда биз барча сиёсий кучлар, жамоат ҳаракатлари, диний жамоаларнинг ҳам ўзаро аҳиллигини тушунамиз. Бугун ўтган давр мобайнида ҳарбий ва мудофаа қурилиши, Қуролли Кучларнинг жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш соҳасида амалга оширилган ишлар барчамизга ғурур бахш этади. Ватанимиз сарҳадларининг мудофааси ва ҳимояси, халқимизнинг тинч меҳнати ва осойишталигини таъминлаш ишончли қўлларда, деб тўлиқ асос билан айта оламиз.
Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан талабаларга Тинчлик дарси ўтилиши замирида улкан маъно мужассам. Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабардир. Бу сана урушларда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган эзгу маросимдир. Бундай кунларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз.
Иккинчи жаҳон урушида барча халқлар билан бирга бўлиб, фашизм балоси устидан қозонган Ғалабамизни, бу урушда халқимиз кўрсатган матонат, мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини авлодларимиз асло унутмайди, жанг майдонларида бизнинг ўғлонларимиз нимага қодир эканини доимо ғурур ва ифтихор билан эслайди. Бешафқат урушда, жанг майдонларида қурбон бўлган ота-боболаримиз қандайдир тепалик ёки қандайдир “улуғ доҳий” учун эмас, аввало, ўз юрти, ота-онаси, севган ёри, фарзандлари учун жон берган, “Қани энди, юртимни, ўзимнинг азизларимни яна бир бор кўрсам”, деб ҳаётдан кўз юмган, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Мана шундай ўз юртини севиш, бетакрор она Ватанига садоқатли бўлиш, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилатдир.
Ўзбекистонда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашганининг ўзи, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб, ягона душманимизга қарши чиққанидан далолат беради. Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанча-қанча аёллар бева, болалар етим бўлиб қолганини ҳар қайси оила ҳали-бери эсидан чиқармайди. Бошқача қилиб айтганда, юртимизда бирорта хонадон йўқки, мана шу мудҳиш урушнинг жабрини ўз бошидан ўтказмаган бўлса. Халқимиз айни шундай оғир вазиятда кунни – кун, тунни – тун демасдан, машаққатли меҳнат қилиб, фронт учун, ғалаба учун муносиб ҳисса қўшгани ҳеч эсимиздан чиқмайди.
Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни эл-юртимиз қабул қилгани, охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларнинг барчасини ўз бағрига олиб, нафақат бошпана бергани, ўз қалбини очиб, меҳр-мурувват кўрсатганини унутиб бўладими ўзи?!
Бизнинг ота-боболаримиз бешафқат жанг майдонларида мардлик ва матонат кўрсатгани учун уларнинг 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, минг-минглаб юртдошларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани – буларнинг барчасини халқимизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган жасорати ва ботирлигининг амалий намойиши деб биламиз.
Бундан ташқари, Афғонистонда байналмилал жангларида иштирок этишган мард ва жасур оталарнинг жасоратлари ҳам ҳеч қачон унутилмайди. Вақт ўтади, замонлар ўтади, лекин она Ватани тинчлиги ва осойишталиги йўлида жонини тиккан қаҳрамонларнинг номлари ҳамиша авлодлар қалбида мангу яшайди.
Учрашувда талабалар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.
Эркин УСМОНОВ,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар