Очил Тоғаев — улуғ устоз эди…
1980 йилларда Журфакда ўқиган талабалар профессор Очил Тоғаевни жуда яхши кўрар эдилар…
Афсуски, биз нўноқ ва лоқайд шогирдлари шундай улуғ устознинг руҳини шод эта олмаяпмиз, жилла қуриса, номининг ҳурматини жойига қўя олмаяпмиз… Журфакда бирор жойда сурати йўқ… Шахсий бисотимда сурати бўлганида асло муаммо бўлмасди, шартта олиб бориб, энг кўринарли жойга жойлаштириб қўярдим. (Шу ўринда, устознинг қайсики шогирдида Очил Тоғаевнинг суратлари бўлса бизга тақдим қилишини илтимос қилардик, компьютерга киритиб, омонатини қайтариб берардик! ) Устоз вафот этганидан буён унинг ижодини ҳеч ким тадқиқ этмади, китобларини қайта нашр этиш ҳақида ҳатто ўйлаб кўрилмади… Бунга айбдор фақат ўзимиз, яъни, утознинг сабоғини олиб, тузини оқламаётганлар… Бунинг учун ҳеч кимдан гина қилмайман. Яхшиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бошланган хайрли ишлардан бири — адабий Мерос комиссиясининг ишини Журфакда давом эттириб, нафақат Очил Тоғаев, шу билан бир қаторда Тўғон Эрназаров, Ориф Саидов, Абдуғафур Расулов, Тоҳир Пидаев каби домлаларимизнинг ҳам илмий-ижодий меросини ўрганиш ҳамда тадқиқ қилиш ишларини йўлга қўямиз…
Қуйида ziyouz.uz сайтида ёритилган устознинг мақоласини (сайт ижодкорларига ташаккур изҳор этган ҳолда) эътиборингизга ҳавола қилдик.
Дониш домла
***
Тошкентда Навоий даҳосини улуғлайдиган бир қанча ёдгорликлар мавжуд. Йирик марказий кўчалардан бири Навоий номи билан аталади. Кўчанинг нақ кўкрагида жойлашган шоирлар хиёбонида Навоийнинг салобатли ҳайкали қад кўтарган. Бутун бир халқ дардини юрагида жо қилган, унинг истиқболи ҳақида изтироб билан ўй сураётган даҳо шоирнинг нуроний сиймоси ҳар бир ташна қалбни гурунгга тортади. Шодлик-бахтиёр онларимда ҳам, руҳимда нохуш изтиробли кечинмалар рўй берганда ҳам Навоий асарларини варақлайман, шоирлар хиёбонини кезиб, соатлаб ўй сураман. Навоийнинг маъно ва туйғуларга бой олами руҳий чигалларимга ёғду бахш этади. Нопок майдакашлар муҳитидан юксакроқ кўтарилишга ундайди, руҳий бардамлик бағишлайди. Навоий сиймоси дард — олам, ишонч ва қудрат, кураш ва саодат, вафо ва садоқат, дўстлик ва ҳамкорлик олами бўлиб, шууримизни забт этади. Буюк шоир бамисоли маърифат ва гўзаллик қуёши. Унинг қиёфасида ҳар биримиз ўзлигимизни кўрамиз, ўзимизни таниймиз. Ўз моддий-маънавий қудратимизни ҳис этамиз. Халққа унинг буюк фарзандлари орқали баҳо берадилар, деган эди Расул Ҳамзатов. Навоий — халқ маънавияти кўзгуси, халқ буюклиги тимсоли.
Навоий даҳосидан руҳланиш икки йўналишда рўй беради. Биринчиси буюк шоир ижодий тафаккур меваларидан маънавий баҳрамандлик туйғуси бўлса, иккинчиси, Навоий меросига, улуғвор шахсига дахлдорлик туйғуси, буюк ифтихор туйғуси.
Ифтихор сўзи замирида сеҳрли жозиба мужассам. Ифтихор ҳаётий-фалсафий моҳияти жиҳатидан идеал билан боғлиқ тушунча. Идеал — инсон ҳаётининг тиргаги Идеал олис юлдузлар шуъласи бўлиб инсонни ўзига чорлайверади. Майса қуёш нурига интилганидек, инсон ҳам ҳамиша юксак туйғулар оғушига интилади.
Инсон идеали коинот сингари чексиз. Идеални мавҳум туйғулар оламидан реал ҳақиқатга айлантириш инсоннинг қадимий эзгу орзуси. Бу орзуни у кўпинча эртаклар, мажозий тимсоллар тарзида гавдалантиришга интилган. Масалан, машҳур эртак қаҳрамони Семурғ қуш инсон орзусини рўёбга чиқарувчи мададкор куч тимсолидир.
Идеалнинг реал ҳақиқатга айланиши қонуний ғурур, фахрланиш туйғусини ҳосил қилади. Ўзига хос маънавий тантана юз беради. Ифтихор — идеалнинг инсон қудрати туфайли реал воқеликка айланиши, нодир ҳодиса ва шахслар қиёфасида ҳаётий конкретлашувидир.
Ифтихор — халқнинг моддий ва маънавий бойлиги. Эзгу орзуларимиз қанчалик реал воқеликка айланса, шунчалик моддий қудратга эга бўламиз, маънавий бойиймиз.
Инсон омили шахснинг бутун потенциал имкониятларини юзага чиқариш ва жамият манфаатларига тўла равишда сафарбар этишдир. Демократлаштириш ва ошкоралик принципи инсон омилини фаоллаштиришга кучли таъсир кўрсатмоқда. Бутун маънавий-ахлоқий фазилатларимиз мутелик ва карахтликдан ижодий мустақиллик сари ҳаракатга келди. Чингиз Айтматов буни маънавий уйғонишдеб атаган эди. Ифтихор туйғуси бу жараёнда фаол маънавий қудрат тимсолидир.
Ифтихор туйғуси оддийликдан мураккабликка қараб тадрижий ўсиб боради. Ота-она, дўст-биродар, туғилган юрт ифтихоридан юксак ижтимоий ифтихор туйғулари шаклланади. Кишида ижтимоий гражданлик руҳи тараққий этган сари унинг ифтихор туйғуси ҳам шунчалик кенг кўлам, салмоқдор маъно касб этади.
Шахс ижтимоий ифтихор туйғусини ҳис этмоқ учун эл, Ватан бойлигига ўз меҳнат улушини қўшмоғи лозим. Биринчи маошини ота-она қўлига тутқазган ўспиринда шу рўзғорга нисбатан янги туйғу пайдо бўлади. У оилада узоқ давом этган истеъмолчидан моддий бойлик яратувчига айланди. Ўспиринни ўз меҳнат маҳсулотидан ифтихор туйғуси, ўз-ўзини янгидан ҳис этиш, етуклик туйғуси ҳаракатга келтиради. Меҳнат маҳсулотининг эл-юрт, халқ манфаати учун аҳамиятини чуқурроқ ҳис этган сари бу туйғу кўлами тобора кенгайиб боради.
Касб ифтихори бебаҳо инсоний фазилат, жамиятнинг моддий тиргаги. Касбга садоқат инсонийликка садоқатдир. Уйимиз пешайвонига дераза роми ясаб ўрнатаётган уста ҳар бир майда-чуйдаларигача эринмай ҳафсала билан ишлар эди. Кекса дурадгор ўз ишини кузатиб турган кишининг сўзига жавобан деди: «Мен енгил-елпи қўл учида иш бажариб ўрганган эмасман. Қўлинг синсин, деган қарғиш эмас, қўлинг дард кўрмасин, деган олқиш олган меҳнат бахт келтиради.» Кекса дурадгор — уста сўзлари ота-боболаримиз касбга эътиқод удумини нақадар юксак қадрлаганликларини кўрсатади.
Меҳнат якка тартибда бажариладиган фаолиятга асосланган замонларда маҳсулотнинг эгаси аниқ шахс бир-икки киши эди. Маҳсулотнинг исноди ҳам, раҳмати ҳам кимга қаратилганлиги маълум эди. Касб коллектив меҳнатига айлангандан кейин унинг эгаси умумлашди. Бир буюмни бир гуруҳ шахслар бирга-ликда ишлаб чиқара бошлагач, меҳнат маҳсулоти учун масъулият туйғуси ҳам умумлашди. Энди кўпчилик «бу бизнинг маҳсулот» деб фахрланиш туйғусига эга бўлдилар.
Бироқ, турғунлик даврида ифтихор туйғусининг оҳори тушиб кетди. Маҳсулот учун масъулият унутилди. Ифтихор ўрнини хўжасизлик, беғамлик эгаллади. Тошкент завод, фабрикалари ишлаб чиқараётган мебель ёки пойафзалларни Ленинград ёки Қиев шаҳарлари маҳсулотлари билан таққослаб кўринг. Тошкент тамғаси ғариб, сийқа, сифатсизлик тимсолига айланди.
Меҳнат маҳсулоти жамиятнинг қиёфасини кўрсатувчи бош белги. Касб ифтихори туйғуси қанчалик пок ва беғараз бўлса, шунчалик инсонни юксакликка кўтаради. Аёнки, медицинамизнинг халқчиллик моҳияти улкан ғалабадир. Қапиталистик мамлакатларда бу касб нарх қўйиб сотилади. Германия Федератив Республикасида ҳар бир касалликнинг баҳоси кўрсатилган нархномалар мавжуд. Масалан, тумов-гриппни даволаш 400—500 марка, кўричак операцияси бир минг марка, инфарктни даволаш олти минг марка туради (100 марка 35 сўмга тўғри келади). Америка Қўшма Штатларида туғруқхона харажатлари 340 доллар ҳисобланади (100 доллар 64 сўм 77 тийин).
Шифокор касбининг ғурури — ифтихори қадимий Гиппократ қасамида ғоят лўнда ифодаланган: инсон соғлигига ҳеч қачон хиёнат қилмаслик, ҳар қандай шароитда ҳам унга беғараз ёрдам кўрсатиш! Бу оғир ва машаққатли касбнинг садоқатли фидойилари элимизнинг чинакам ифтихорига айланган.
Афсуски, айрим нопок шифокорлар касбнинг ифтихорини, юксак инсонпарварлик шаънини истеъмолчилик пойгаси оёғи остига ташлаганлар. Бу ҳақда матбуотда босилаётган материаллар, эл оғзида юрган гаплар соф виждонли кишиларни ташвишга солмоқда. Бемор ўлим ёқасида ётибди, бир умрнинг қуёши ботиб бормоқда, таъмагир шифокор пинагини бузмайди, беморнинг яқин кишисини кечикиб келганликда айблайди, шифокорга вақтида «ёрдам» кўрсатмаганлигини ошкора юзига айтади. Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси. Ёки бошқа бир мисол. Қамалиб чиққан ўғри-муттаҳам шифокор лўттибозлик билан яна жарроҳлик пичоғини қўлга олиб, беморнинг қорнини ёради. Ундан касаллик эмас, пул излайди. Бундай шифокорларни танқид қилган журналист қонун мутасаддилари томонидан қаттиқ таъқибга учрайди. Газета органи — район партия комитети бу ҳолни лоқайд кузатиб, томошабин бўлиб тураверади. Жамоатчилик кўзида бадном бўлган ўғри шифокорни Республика соғлиқни сақлаш Министрлигига таклиф этиб (чақириб эмас) коллектив фикрига хиёл эътибор қилишини юмшоққина маслаҳат берадилар, холос. Бир вақтлар «Рустам» деган пьеса қўйилган эди. Қаҳрамонларидан бири залдагиларга қараб, «Айтинг-чи, пулми ё худоми кучли!»? деб хитоб қиларди. Бу сўзларни ўтмишдан келган садо, деб тушунар эдик. Бироқ, ўйлаб қаралса, бу сўзлар ҳозирги замон учун ҳам айни ҳақиқат эканлиги маълум бўлади. Кейинги вақтда бегуноҳлар қолиб, жиноятчи пулдорлар қамоқдан чиқиб келаётганлигини халқ изтироб билан кузатиб турибди. Буларнинг хуфья тўплаган ҳаром бойлиги — миллионлари жамиятга яна сиёсий-ижтимоий, ахлоқий зиён етказмаслигига ким кафолат бера олади?!» «Қонун майда пашшалар илиниб, йириклари қутулиб кетадиган тўр эмас» деган эди буюк француз адиби О. Бальзак.
Текин мол-дунё, пул ифтихори касб ифтихорининг кушандасидир. Ифтихор сотилса, инсонийлик таназзулга юз ўгиради. Порахўрликка қарши шафқатсиз курашмай туриб, касбнинг ифтихори, инсонпарварлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Даҳшатли томони шундаки, воқелигимизда таъмагирлик иснод келтирувчи иллатдан рағбат уйғотувчи «фазилат»га айланди. Ёлғончи, порахўр, ҳийлакор, умуман давлатга хиёнаткор одамлар иззат-икром тожига эга бўлдилар, қўша-қўша орденлар, лавозимлар соҳиби бўлдилар, депутатликнинг юмшоқ курсиларига ўтирдилар. Пора билан қўлга тушган олий мактаб домласи битта ҳайфсан билан оппоқ бўлиб, яна минбардан ахлоқ ҳақида лекция ўқийди. Ёки ўғрилиги ошкор бўлган шахс ташвиқот ва тарғибот соҳасига етакчилик қилиб, ҳалолликдан сабоқ беради. Ундан ҳазар қилган, норозилик билдирган шахсларнинг хатти-ҳаракати ноахлоқий иш ҳисобланади.
Бутун маданиятнинг негизи мактабдир, деган эди Ленин. Халқ маорифи райондаги илм-маърифатнинг яшил дарахти. Олий мактаб ҳам, академия ҳам шу дарахтнинг маҳсулоти. Илдизга қурт тушса, бутун маданий ҳаётга зил кетади. Қашқадарё областидаги тоғли район маориф мудири, мансаб курсисига ўтирган кунидан ахлоқий нопоклик йўлига кирган. Қабулхона секретарининг эри беномусликка чидай олмасдан ўзини осганда, қутқариб қолишган. Мудирнинг милиция ва бошқа мутасадди бошлиқлар огоҳ янги-янги хуфя кирдикорлари район аҳолиси орасида дув-дув гап. Бироқ, юзига чарм қоплаган мудир мансаб курсисида ўтириб, ўқув-тарбия ҳақидаги муқаддас ҳужжатларга бемалол имзо чекмоқда. Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, дейдилар. Мудир қиёфаси райондаги юзлаб ўқитувчиларга, минглаб ўқувчиларга қай даражада сабоқ бўлиб хизмат қилишини тасаввур этиш қийин эмас. Бироқ, районнинг маърифий ифтихори мутасаддилардан ҳеч кимни безовта қилаётгани йўқ. Лоқайдлик — хавфли виждон хасталигидир.
Биз билан ёнма-ён уйда яшовчи шахс аввал яшил «Жигули» миниб, ҳар йили ёзда ўқув институтлари ҳовлисини айланар эди. «Жигули» оқ «Волга»га айланди. Маҳалладагилар заводда қирқ йил хизмат қилган мўътабар ишчига эмас, машина атрофида виқор билан керилиб турган қора кўз мардакка, ўзи йўғида 10—12 яшар ўғлига ёхуд эгасиз турган «Волга»га икки букилиб салом бериб ўтадилар. Меҳнатсиз фаровон турмуш кечириш руҳияти одамларда барқарор кўникмага айлана бошлаган.
Ижтимоий ифтихор мешчан маънавиятига ёт хусусиятдир. Мешчан қорин тўйғазиш, истеъмолчилик ифтихори билан яшайди. Шоир Омон Матжон буюк санъаткор Шукур Бурҳон ҳақидаги шеърида мешчанликнинг руҳий фожиасини ғоят таъсирли акс эттиради. Шукур Бурҳон Ҳамза номли театрдан Ялангтўш бўлиб чиқиб, пойтахт Навоий кўчаси бўйлаб одимлайди. Одам ғуж-ғуж. Буюк артист бу одамларда ўз санъатининг акс-садосини кўришни, ўз санъатини қадрловчи халқ билан ифтихор туйғусини ҳис этишни истайди. Бироқ кавобпазлар, баққоллар, сомсапазлар буюк артистга бурилиб ҳам қарамайдилар. Улар ўз мажруҳ, олами билан банд: ҳар қандай қилиб бўлсада пул тўплаш Санъат, адабиёт деган мўъжизавий гўзаллик оламидан бебаҳра, маънавий мажруҳ, оломон. «Халқми шу!» деб кинояли савол беради буюк артист. Шукур Бурҳон бу майда одамларга кескин муносабати билан катта ифтихорга сазовор истеъдодли шахс бўлиб гавдаланади.
Шаҳарнинг маданий сифати ҳам, иллати ҳам қишлоққа ўз таъсирини кўрсатади. Деҳқон маҳсулотининг илгариги сифати йўқолиб бораётганлиги қаттиқ ташвиш туғдирмоқда. Ранги заҳилроқ касалманд бир йигит бозорнинг четроғида қорнини чангаллаб азоб чекарди. «Тез ёрдам» чақириб, шифохонага жўнатишди. Маълум бўлишича, йигит қовун еб шу аҳволга тушибди. Нарироқда савдо қилаётган қовунчининг парвойи палак. Сирти ялтироқ обдан етилган қовунларни пуллаш билан банд. Марказий шаҳарлардан келган меҳмонларимиз қовун-тарвузни кўрса, қовоқ аридан чўчигандай ўзларини четга оладилар. Заҳарланиш хавфи уларнинг руҳиятига ўрнашиб қолган. Хоразм, Бухоро қовуни, умуман ўзбек қовунининг шуҳрати, ифтихори қани? Бошқа мевалар — Даштнобод анори, Самарқанд майизи, Қашқадарё анжирининг илгариги шуҳрати қаерга кетди?
Азалдан муқаддас касб бўлган деҳқон меҳнатига нопоклик қандай даҳл қилди? Буни мешчанлик, истеъмолчилик иллатининг таъсири билангина изоҳлаш камлик қилади. Деҳқон меҳнатининг моддий ва маънавий айнишида бюрократизмнинг гуноҳи катта. Қишлоқ хўжалигида ҳамма диққат-эътибор монокультурага айланган пахтага қаратилди. Бошқа экинлар катта ижтимоий манфаат доирасидан четга суриб қўйилди. Илмий-иқтисодий қаровсизлик балосига дучор қилинди. Инсон меҳридан маҳрум этилган бу экинлар кундан-кунга камайиб, қашшоқлашиб, яроқсиз ҳолга туша бошлади.
Маълумки, бюрократизм ҳамиша мансаб, вазифа негизида вужудга келади. Мансаб ифтихори халққа, умум манфаатига ҳалол, беғараз хизмат қилишдир. Халқ фаолиятидан рози бўлган раҳбарни боши узра байроқ қилиб кўтаради, улуғлайди, у билан фахрланади. Халқ орзу ниятларининг амалга ошувига хизмат қилган раҳбар охир оқибатда халқ идеалига айланиб, ёрқин юлдуз бўлиб қолади.
Бюрократизм нақ халқ юрагини нишонга олади. Шахсга сиғиниш йилларида халқ ифтихорига айланган бир қанча партия-совет раҳбар кадрлари, илмий—адабий истеъдодлар, адолатсизлик қурбони бўлдилар. Ўзбек халқининг муносиб фарзандлари Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ва бошқа истеъдодлар жароҳатланган руҳ бўлиб халқимиз маънавиятидан қайта ўрин олдилар.
Ўрта Осиё уйғониш даврининг фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Улуғбек ва бошқа тарихий арбоблар сиймосига амалпарастлар иродаси билан бир неча бор соя ташланди.
Ўзбек Совет Энциклопедиясининг 11-жилдида Амир Темур ҳақидаги мақола тугалланмасида бирорта ҳам тарихий-илмий адабиёт кўрсатилмаган. Амир Темурнинг шафқатсиз жаҳонгир бўлганлиги етарли даражада таъкидланган. Мақола муаллифи мураккаб тарихий шахснинг яна қандай сифатларини элдан пинҳон тутишни лозим кўрган? Ўрта Осиё тарихида, айниқса, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарлар ҳаётидаги маданий уйғониш даври Амир Темур фаолияти билан боғланганлигини, унинг ҳарбий қўмондонлик салоҳиятини исботловчи тарихий обидалар, ҳужжатлар ва илмий-адабий тадқиқотларни инкор этиб бўладими? Ўн тўққизинчи аср ўрталарида Ўрта Осиёга сафар қилган машҳур венгер олими Герман Вамберининг соф илмий ниятидан, баъзилар шубҳаланган эдилар. Бухоро ҳокими Амир Музаффарнинг «Оқсоқ оёғингиз билан шунчалик узоқ машаққатли сафарга қандай журъат этдингиз, деб берган кинояли саволига Вамбери дейди: «Жаноби олийлари, Сизнинг бобокалонингиз Амир Темур ҳам оқсоқ бўлишига қарамай жаҳонни эгаллашга жазм этганди». Сайёҳ — олимнинг оқилона жавобидан чунон руҳланган ҳоким унга қимматбаҳо тўн ва пул инъом этиб, иззат-икром билан жўнатади.
Ўтмишни идеаллаштириш тезиси қардош халқлар маданиятини таҳқирлаш, миллий ифтихор туйғуларини поймол этиш мақсадида сталинизм томонидан тўқиб чиқарилган сиёсий айблов чораси эди. Бу тезис халқнинг ўз тарихидан, миллий маданиятидан йироқлаштириш, ўтмишга нафрат билан қарашга мажбур этиш, маънавий мутеликка маҳкум этишни кўзда тутган зарарли концепциядир.
Ҳар бир догма ўз демагогларини яратади. Сталинча догмани ташвиқ этувчи, шу туфайли обрў эътибор қозонишни кўзлаган демагог олимлар пайдо бўлган эди. Миллий ифтихор туйғусидан маҳрум бўлган, шахсий худбинликни ҳамма нарсадан устун қўйган, ўз ватани, ери-замину, халқ маданиятига нафрат билан қаровчи бундай шахслар моҳиятан манқуртдир. Ўтмишга ноҳақ тош отган шахс келажак истиқбол нуридан маҳрум бўлади.
Тарихий шахслар фаолияти хоҳ салбий, хоҳ ижобий бўлишидан қатъи назар халқ тажрибаси сифатида келгуси тараққиёт учун ҳамиша сабоқдир. Тарихий шахсларнинг ҳаддан ошиқ камситилиши ҳам ошириб баҳоланиши ҳам халқ шаънига ҳурматсизликдир.
Хуллас, ўткинчи кўланкалар барқарор обидага айланган тарихий шахсларга ҳеч бир зиён етказа олмайдилар. Улар маданиятимиз қаърида неча асрлар нодир топилмалар сифатида яшаб келдилар ва бундан кейин ҳам яшайверадилар. Мирза теракларнинг кўланкаси улуғ сиймоларга бўлган халқ руҳиятига раҳна солади, тарихий-миллий ифтихор туйғуларини сўндиради. Ифтихордан маҳрум этиш халқ қўлидаги машъални тортиб олишдир. Ифтихори йўқ халқ ўтмиши йўқ, келажаги қоронғи, маънавий мажруҳ халқдир.
Маданиятимизга оид тарихий материаллар турли воситалар билан узоқ вақт элдан пинҳон тутиб келинди. Озарбайжон адиби Анор йигирманчи йиллар охирида араб графикасидаги алфавитдан воз кечиш бой маданий меросимиздан тобора йироқлашишга олиб келганлигини афсусланиш билан қайд этади. Миллий маданиятдан узоқлашиш миллий ифтихор туйғусидан узоқлашиш демакдир.
Маданиятимиз ҳамда тарихий шахслар ҳақидаги холисона ҳақиқатга кенг йўл очиш, уларни халққа етказишнинг амалий тадбирларини ишлаб чиқиш вақти келди. Осиё, рус ва Оврупо олимлари, сайёҳлари, шунингдек, Герман Вамберининг «Бухоро тарихи» деб аталган йирик илмий монографияси, Амир Темур ва бошқа тарихий шахслар ҳақидаги сон-саноқсиз адабиётлар, илмий-адабий манбалар хибсдан озод қилиниб, кенг нашр этилиши зарур. Маданий хазина миллий ва интернационал туйғуларни мукаммаллаштиради, ҳар тарафлама онгли инсонни тарбиялашга хизмат қилади.
Мансаб шахсий манфаатларга хизмат қилганда ифтихор сўнади. Унинг ўрнини эгоизм — худкомлик эгаллайди. Мансаб эгоизми даҳшатли иллат. Моддий манфаатдорлик, мешчанлик турмуш талабларини қондириш бундай эгоизмнинг биринчи босқичи. Шахсий манфаатпараст амалдорни халқ инкор этган сари унинг обрў ва шуҳратга очкўзлиги тобора кучаяверади. Ўз меҳнати, истеъдодига ишонмаган шахс шуҳратпарастликка берилади.
Шуҳрат — ҳалол меҳнат эвазига умр бўйи мисқоллаб йиғиладиган обрў. Шуҳратпараст меҳнатсиз фаровон турмушга қандай эришган бўлса, обрў, эътибор, шуҳратга ҳам шундай осонлик билан эришишни хоҳлайди. Шуҳратпараст амалдорнинг кўлами қанчалик кенг бўлса, унинг халқ ва мамлакат бошига келтирган кулфати ҳам шунчалик оғир бўлади.
Пахта — ўзбек халқининг шон-шарафи, ифтихоридир. Биз ҳозир ҳам шундай деб биламиз. Шуҳратпараст бу юксак тушунчани жабр-зулм, дард-алам — сурункали касаллик, фожиага айлантирди.
Шуҳратпарастлик жазавасига тушган раҳбарлар иродаси билан пахта плани шиддатли кўпикланиб, бир йилда уч-тўрт йиллик миқёсга кўтарилиб кетаверди. Шуҳратпараст амал қилаверди, тупроғимиз пахта зулми остида тўлғанаверди. Шуҳратпараст амал қилаверди, дарахтлар, токзорлар, зиғир ва кунжутлар, мош ва нўхатлар пахтага емиш қилиб чопиб ташланаверди. Шуҳратпараст амал қилаверди, полизлар, сабзавотлар қип-қизил заҳар бўлиб қозонимизга тушаверди. Шуҳратпараст амал қилаверди, мактаблар, кутубхоналар эшигига қулф урилиб, болалар, талабалар заҳарли далага подадек ҳайдалаверди. Шуҳратпарастлик авлодимиз ақл-идрокини, илмий-маърифий ифтихоримизни ўткинчи шуҳрат ботқоғига ғарқ этди.
Осмондан ёғилаётган заҳардан жонзот қирилиб ўляпти, шуҳратпараст ёлғон тонналардан ясалган олтин юлдузни кўкрагида ярақлатиб, олти миллион ҳақида нутқ сўзлаяпти. Бу машъум фожиали манзарадан ўзбек адиби эмас, ўзга миллат фарзанди туғёнга келди. Ёзувчи-публицист Владимир Соколовнинг «Виждон хасталиги» мақоласини юксак жасорат намунаси, деб аташ мумкин. Вл. Соколов пахтакор меҳнати бир-икки амалдорнинг шуҳрати, маишати учун эмас, Ватан истиқболи учун зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
Атоқли адиб Одил Ёқубов «Қишлоқдаги фожиа»нинг илдизларини очиб ташлади. Деҳқон аёлларининг тўқсон фоизи маънавий-жисмоний мажруҳлик дардига чалинганлар. Оналар янги авлод яратувчилардир. Шуҳратпарастлик халқ келажагига раҳна солди.
Хуллас, пахта дарди — алдамчилик, қўшиб ёзиш, ўғирлик дарди деҳқон юрагида доғ бўлиб қолди. Элга меҳр-муҳаббат, ифтихор туйғусидан маҳрум бўлган шахснинг обрў эътибор қозониши мумкин эмас. Шуҳратпарастлик ифтихор туйғусини инкор этади.
Буюк француз шоири Байрон бундай фожиали қисмат ҳақида дейди:
Зеро улуғ номлар шунчаки бир гап, Шуҳратга ружу ҳам тентаклик фақат, Мангулик истаган касни атайлаб Йўқотгай кўпинча изсиз бу қисмат.(Абдулла Шер таржимаси)
Ҳар қандай дард-аламларга қарамай пахта бизнинг кўз нуримиз, шууримиз, тарихимиз, одамийлигимиз, ўтмишимиз, ҳозирги кунимиз, келажагимиз, айни ўзимиз. Ўзлигини англаб етган халқ қадр-қимматини юксак тутади, ифтихор туйғуларини абадийлаштиради. Грузинлар ўз тарихига оид бир парча тақани ҳам авайлаб музейга қўядилар. Озарбайжоннинг Оқтом шаҳрида нон музейи ташкил этилибди. Музей халқ ифтихорига қўйилган тирик ҳайкал. Бизда пахта музейи ғоят зарур. Халқ хўжалиги кўргазмаси музейнинг ўрнини босолмайди. Кўргазмага ўз номига мувофиқ ютуқлар намойиш этилади. Қуруқ мақтов ифтихор уйғота олмайди. Пахта музейида бу мураккаб моддии бойлигимиз ҳақидаги тўла ҳақиқат мукаммал гавдалантирилиши лозим. Пахтага ҳайкал халққа қўйилган ҳайкалдир.
Қонун ва ёлғон ўт билан сувдек азалдан бир-бирига зид. Қонун дурбинлик кўз бўлса, алдов ниқобли башара. Ёлғон расмий қиёфага эга бўлганда тескари мўъжиза рўй берди. Қонун ва ёлғон бир-бирлари билан оғиз-бурун ўпишиб, никоҳдан ўтиб, ягона оилага айландилар. Муқимий айтганидек, «ош есалар ўртада сарсон илик, Хўжа чироғ ёғи, Ҳакимжон — пилик».
Бюрократизм, шуҳратпарастлик деҳқонпи ҳар гектардан етмиш-саксон центнердан пахта ҳосили етиштиришга чорвадорни ҳар юз совлиқдан икки юз, икки юз эллик ва ундан ошириб қўзи олишга мажбур этади. Бу расмийлаштирилган ёлғон муқаддас минбарлардан, ташвиқот органларидан турлича бўёқларда товланиб янграйди. Деҳқон рост бўлса, фан ёлғончига чиқади. Аграном ҳам, селекционер ҳам, чорвадор, олим ҳам бу ҳисобни инкор ҳам этмайди, тасдиқлай олмайди ҳам. Жамиятнинг адолат тарозуси — қонун сукутда.
Америка сармоядори совет чорвачилигида сунъий қочириш усулининг маҳсулдорлигини кўкларга кўтариб мақтайди. Бироқ, бу «жаҳоншумул муваффақият»ни ўз мамлакатида қўллашни ман этади. Фойдахўрликда қилни қирқ ёрадиган капиталист совет чорвачилигидаги «муваффақиятга» фақат томошабин бўлиб турармиди? Қапиталист бу усулнинг ноилмий усул эканини, қўйларнинг зотини бузиб, майиб-майриқ қилаётганини яхши биларди. Бу ҳақиқатни биздаги асл чорвадорлар ҳам англарди. Бироқ валюнтаристик раҳбарлик — деҳқон фикрини менсимаган буйруқбозлик қуруқ сон кетидан қувишга зўр бериб ундарди. Мансабпарастлар бундан ўз ғаразли мақсадларида жуда усталик билан фойдаландилар. Совет фани бу усулнинг иқтисодий зарарини исботлагунча чорвачилигимиз инқироз ёқасига келиб, қолди.
Республикамизда вужудга келган бу ҳолнинг сабабларидан бири халқ хўжалигига раҳбарликнинг, умуман ҳокимиятнинг коммунистик мафкуравий негиздан ажралиб келганлигидир. Мафкура — ҳокимиятнинг сиёсий маслаги, Маслаксиз ҳокимият қуруқ маъмуриятчиликдир. Маслаксиз маъмуриятчилик бамисоли мувозанатини йўқотган зўравонликдир.
Шуҳратпарастлик қуроли — кўзбўямачилик, қўшиб ёзиш, порахўрлик амал қилганда, ижтимоий адолат поймол этилганда қонун, фан, маданият вакиллари нега ўз касбларининг ифтихори учун курашишни унутиб қўйдилар? Унутиб қўйдиларгина эмас, касбга нисбатан хиёнат ва жиноят йўлига кирдилар?
Касб-кор, фаолият ижтимоий гражданлик туйғусидан маҳрум бўлганда сиёсий-маънавий инқироз юз беради. Умумнинг манфаати, беғараз олий ниятлар олимга ҳам, қонунчига ҳам бошқа касб эгаларига ҳам мустаҳкам ирода, алангали курашчанлик, руҳ бағишлайди. Ўтган аср рус ҳуқуқшуноси П. Александров адлия ходимининг ижтимоий бурчи ҳақида шундай деган эди: «Бизнинг ижтимоий арбоб сифатидаги бурчимиз фақат ҳимоя қилинаётган киши манфаатигагина хизмат қилишдан иборат бўлмай, шароит тақозо қилганда ижтимоий манфаат масалаларига ҳам ўз улушимизни қўшишдир». П. Александров турма бошлиғига суиқасд қилган инқилобчи аёл Вера Засулични чоризм ички ишлар министрининг қаттиқ тазъйиқига қарамай судда оқлаб, қамоқдан озод қилиб юборди. Бу ҳол инсонпарвар юристнинг инқилобий курашга кўрсатган катта ёрдами эди. Фан заҳматкашларининг фожиали қисмати , ҳам олимлик — ижтимоий фидойиликдир, деган ҳақиқатни исботланди. Фан оламида машҳур бир мисолни қайд этиб ўтаман. Буюк итальян олими Джордано Бруно жазо гулханида ёнаётганда ҳам ўз кашфиётидан заррача воз кечмайди. Олимнинг мислсиз жасорати фан ифтихорига юксак садоқат намунаси бўлиб тарихда қолди.
Ватан ифтихори деган сўз — унинг бебаҳо маданий хазинаси, буюк фарзандлари билан фахрланишдангина иборат эмас. Ватан ифтихори унинг ҳар бир гиёҳи, суви, тупроғи учун жон фидо қилмоқ демакдир. Табиатга хиёнат — Ватанга хиёнат, инсонга хиёнатдир. Пахтадан Шуҳрат тоғи қанчалик юқори кўтарилган сари Амударё билан Сирдарёнинг ичаги узилиб, Орол денгизи шунчалик хиёнат ботқоғи ичра ғарқ бўлаверди. Орол — Ватаним кўксидаги бебаҳо жавоҳир, деб фахрланар эдик. Шуҳратпарастлик бу жавоҳирни узиб олиб, бепоён қумликлар ичра улоқтирди.
Турсунзода шаҳридаги алюмин заводи ҳавога пуркаётган заҳар, Сурхондарё воҳаси табиати, аҳолиси соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмоқда. Табиат гўзаллиги, сув ва ҳаво, демак табиатнинг олий мавжудоти инсон жароҳатланмоқда. Ватанимизнинг субтропик зонасида шундай заҳарли объектни қурганлар ҳам, уни ишга туширганлар ҳам бу фожиани олдиндан сезмаган дейиш виждонга хиёнат бўлур эди. Хўш, шу фожиани аниқ била туриб, бундай корхонани қуришга бош бўлган кимсаларни қандай ном билан аташ мумкин?! Бундай шахслар оғир жазога — халқ қаҳр-ғазабига сазовордирлар.
Ёзувчи Георгий Семёнов Москва остонасидаги бир кичик дарё сувини ифлослантираётган асфальт заводи ҳақидаги хатга Россия Федерацияси ҳукумати бошлиғи ўртоқ Воротников ҳозиржавоблик билан муносабат билдириб, заводни бошқа жойга кўчиртирилганлигини; ўсимлик ва ҳайвонлар сақлаб қолинганлигини мамнуният билан ёзади. Шаҳар оби-ҳавоси заҳарланишига қарши Ереван аҳолиси уюштирган намойишга Арманистон партия-совет раҳбарлари, ёзувчи ва санъаткорлар ҳам иштирок этдилар, халқ талабини қувватладилар. Таниқли арман шоираси Сильва Капутикян нутқ сўзлади.
Дадахон Нурий, Сирожиддин Саидов, Дадахон Ёқубов ва бошқа журналистларнинг газета, радио ва теяевидениеда эълон қилинаётган материаллари Ватан, халқ ифтихори руҳи билан суғорилган. Табиатга зарар келтираётган юзлаб факт ва ҳодисалар матбуотда кўтариб чиқиляпти. Сурхон воҳаси хусусидаги материаллар юзасидан бирон бир жиддий чора-тадбир кўрилган эмас. Табиат ва инсон кулфати мутасадди шахслардан ҳеч кимни безовта қилаётгани йўқ. Кўп деганда нима кўп — қуруқ ваъда кўп.
Ваъдабозлик — кўзбўямачиликнинг хавфли кўриниши. Бундай иллат раҳбарнинг халқ олдидаги масъулиятни ҳис этмаслиги, ижрони текширишга муносабатнинг сусайганлиги оқибатидир. Бюрократизмга, мансабини суиистеъмол қилишга, меҳнатсиз бойлик тўплашга, табиат ҳалокатига қарши халқ қаҳр-ғазабини уйғотмасдан, жанговар гражданлик руҳини пайдо қилмасдан туриб қайта қуришнинг муваффақиятини таъминлаш мумкин эмас.
Ифтихор — юксак инсоний фаолият ва фазилат хотираси. Мансабга сиғиниш туйғуси амал қилганда ифтихор ўлади. Ифтихори ўлик шахс ёвуз шахсдир. Чингиз Айтматов «Асрга татигулик кун» романида яратган Манқурт образи бундай шахснинг даҳшатли тимсоли. Манқурт парвонадек куйиб-ёниб, жигарим деб талпинган онасини хўжайинлари топшириғи билан отиб ўлдиради.
Шуҳратпарастлик бамисоли сароб. Қуруқ мақтовга чанқоқ кимсани саҳродаги жимжимадор мажозий аломатлар сингари ўзига жалб этиб эргаштираверади. Яқинда ҳамкасабалардан бири — заифгина ҳажвчи шоирнинг эллик йиллик кечаси бўлди. Атоқли шоирлар, артистлар кечага ташриф буюрмаган бўлса-да, номларининг афишада чиройли ҳарфлар билан иншо этилиши катта зални тўлдириб одам йиғди. Қўшиқчининг ижросидан тортиб, боғча болаларининг юбилярга таъзим қйлиб, шеър айтишларигача кеча эгаси томонидан югуриб елиб, ялиниб-ёлвориб уюштирилди. Нотиқлардан бири юбилярни масалчи бобо Криловга тенглаштирди. Ясама мақтовлардан бағоят суйилиб кетган юбиляр залдан тушган хат баҳонасида рафиқасининг ҳам кечага ташриф буюриб, залнинг энг ортида камтар-камсуқумгина жой эгаллаб ўлтирганини эълон қилди. Бамисоли ҳалводек ширин-шакар мардакка ҳамдамлик бахтига муяссар бўлган аёлни кўриш учун ҳамма орқага ўгирилиб қаради. Хоним қора кўзларга таманно билан сузилиб таъзим қиларди. Хуллас, бу тантана ёлғон-яшиқ эълонлар, ялтоқи мақтов ва сохта мадҳиялар асосида шундай ташкил этилган эдики, юбилярни қутлаш бачкана масхарабозликка айланиб кетди ва тингловчиларда нохуш таассурот қолдирди. Номуносиб шуҳратга интилган кимса воқеаси ўз номини бўялган шарга боғлаб, варрак қилиб учирган бола характернни эслатди менга. Дарҳақиқат, ҳар қандай манфий ёки мусбат хислат, хатти-ҳаракат ахлоқ меъёридан ошганда ҳажвга айланади.
Сохта дабдаба, носамимий мақтовлар билан ифтихор яратиб бўлмайди. Ифтихор йўли — умум манфаати учун машаққатли меҳнат, барқарор ҳалол фаолиятдир.
“Ёш ленинчи” (ҳозирги «Туркистон») газетаси, 1988 йил 5 март
http://ziyouz.uz/uzbek-matbuoti/qayta-qurish/ochil-togaev-iftixor-1988
Ochil Tog’ayev haqida ustoz Mahmud SA’DIY ham qiziq voqealarni gapirib bergandi. Bunday insonlarning ilmiy, ma’naviy merosi yoshlarga ibrat bo’lishi, o’rganish-o’zlashtirishi uchun tayyor maktab.