“Ошиқлар шаҳри”

ёки “Оқ мармарли шаҳар”га саёҳат

Ашхабод Журналист касбини танлаб хато қилмадим деб ўйлайман. Шу касб орқали бир қатор хорижий давлатларда бўлиш насиб қилди. Туркманистон пойтахти бўлмиш Ашхабод мен ташриф бурган 17-чи хорижий шаҳар бўлди.

 “Ошиқлар шаҳри” деган маънони англатувчи Ашхабодни бир сўз билан таърифлайдиган бўлсак, “Оқ мармарли шаҳар” десак тўғри бўлади. 1881 йилда асос солинган Ашхабод Эрон билан чегарадан 25 километр шимолда жойлашган. Расмий  статистикага қараганда, шаҳарда 1 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Бугунги кунда Ашхабод нафақат Туркманистон пойтахти, балки мамлакатнинг саноат, илм-фан, маданият маркази ва минтақадаги энг гўзал шаҳарлардан бири сифатида тан олинади. Шаҳардаги биноларнинг ранги фақат оқ бўлиб, асосан 12 қаватли. Биринчи қаватида савдо дўконлари, турли тадбирлар ўтаказиладиган кошоналар жойлашган. Бизларга айтишларича, Ашхабод бир неча бор (масалан, оқ мармарли биноларининг сони бўйича) Гиннеснинг рекодлар китобига киритилган. Сўнгги бор бу китобга Ашхабод халқаро аэропорти кирди. “Ўғузхон ва унинг ўғиллари” деб номланган фавворалар мажмуаси халқаро аэропорт яқинида бўлиб, Гиннеcнинг рекордлар китобига киритилган.

Шаҳар кўчалари ва йўллари алоҳида мавзу. Йўллар кенг ва равон. Пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўлаклари қурилган. Бир сўз билан айтганда Ашхабодда йўл транспорт ҳодисаси юз беришига бирор бир сабаб йўқ. Жамоат транспорти ҳақида гапирадиган бўлсак, шаҳарда трамвай, троллейбуслар йўқ (тролейбус 1964 йилнинг октябридан 2011 йилнинг  31 декабрига қадар қатнаганини айтишди). Автобуслар қатнайди, холос. Фақат оқ рангли Mercedes-Benz ва Hyundai русумли автобусларни кўрдик. Бекатлари бир бирига ўхшамайди. Иложи борича ҳар бир бекат телевизор билан жиҳозланган. Транспорт тирбандлигига барҳам бериш мақсадида 2008 йилда Ашхабодда халқа йўли қурилиши  бошланди.

Менга Ашхабоднинг яна бир нарсаси ёқди. У ҳам бўлса парк ва хиёбонларининг кўплиги. Ям-яшил дарахтлар шаҳарга ўзгача кўрк бериб турибди. Айни дамда шаҳар четида гольф майдони қурилмоқда.

Туркманистонда еттита телеканал — “Олтин аср”, “Туркманистон”, “Ёшлар”, “Ашхабод”, “Мерос”, “Туркман спорти”, мусиқий “Туркман овози” фаолият юритади. “Туркманистон” телеканали кўрсатувлари фақат инглиз тилида намойиш этилади.

Туркманлар Ахалтекин оти (Ahal-teke aty) билан фаҳрланишади. 5000 йиллик тарихга эга бу от фаҳрланишга арзийди. Гўзаллигига гап йўқ. Отларнинг Ахалтекин зотини яқиндан кўриш насиб этганидан ўзимни бахтиёр санайман. Келаси йили Ашхабодда Осиё спорт ўйинлари бўлиб ўтади. Мана шу тадбирнинг бошланишига бир йил қолгани муносабати билан ўтказилган тадбирда ахалтекин отлари ҳам иштирок этди. Туркий халқларнинг миллий қаҳрамони Ўғузхон ўзининг ўғиллари билан стадионга ахалтекин отларида кириб келди. У бир дорна хивчинни осонлик билан синдириб, бир боғлам хивчинни синдириш мушкуллигини кўрсатар экан, бирдам бўлишга даъват қилди. Орадан кўп ўтмай ахалтекин отлари саф тортиб ўтди.

Ахалтекин зоти бошқа отлардан ташқи кўриниши билан ажралиб туради. Шунингдек бу от зоти ўзининг мағрурлиги билан бошқа отлардан фарқ қилади. Шу сабаблои ҳам ахалтекин отига алоҳида эътибор қаратилади. От ўз хўжайинига садоқатли экани тан олинади. Отнинг номи Ахал воҳасида истиқомат қилувчи туркманларнинг теке қабиласи номидан келиб чиққан. Ахалтекин оти Туркманистон давлат гербида, пул белгиларида, почта маркаларида  ҳам ўз аксини  топган.

Ахалтекин оти ҳукмдорлар оти дея тан олинган. Туркманистон раҳбарлари энг ҳурматли меҳмонларга ахалтекин зотли отни совға қилишган. Бу зотли от совға қилинган Ф.Миттеран, Д.Мейджор, Б.Ельцин, В.Путинлар қаторида Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳам борлигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз   керак.

 ШТулаган

                     Шарофиддин Тўлаганов

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *