Пайғамбаримиз (С.А.В) амакиваччасининг қабри Самарқандда эканини биласизми?
Агар тарихимизни теран нигоҳ билан ўргансангиз ва буюк воқея-ҳодисалар
мағзини чақа олсангиз, қанчалик буюк юртда яшаётганингиздан ғурурланиб, фахрланиб кетасиз. Жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафа саллоллоҳи алайҳи вассалламнинг амакиваччаси Қусам ибн Аббоснинг қабри Самарқандда, аниқроғи, жаҳонга машҳур Шоҳизинда ансанбмлида эканини биласизми? Ривоятларда айтилишича, Қусам ибн Аббос пайғамбаримизни сўнгги манзилга кузатган ва ул зотнинг муборак юзларини кўрган охирги киши ҳисобланади.
Шу қадар буюк тарихий сиймонинг сўнгги манзилу макони ўзимизнинг Самарқандда экани оддий ҳодиса эмас. Буни чин дилдан англаган, қалбдан ҳис этган инсон албатта ўша табаррук маскан — Шоҳизинда ансанбмлини зиёрат қилиб туради.
Шоҳизинда сўзининг маъноси “тирик шоҳ” бўлиб, қарийиб минг йилдан буён бу ном халқ ўртасида яшаб келмоқда. Бу ном Қусам ибн Аббосга берилган унвон ҳисобланар экан.
Юртимиз мустақилликка эришганидан буён бу кўҳна зиёратгоҳ рисоладагидек таъмирланди, таъбир жоиз бўлса, чинакам чирой очди.
Аслида азиз қадамжога айланган бу масканда Соҳибқирон Амир Темур ва Мирзо Улуғбек замонасидан ҳам ўзига хос ёдгорликлар қолгани баайни ҳақиқат.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган «Шоҳи Зинда мақбараси» сарлавҳали мақолани теран нигоҳ ила мутолаа қилсангиз буюк аждодларимиздан қандай ноёб ёдгорликлар қолганини ҳис этасиз.
Биз қандай улуғ зотларнинг авлодларимиз, деган пурмаъно саволга мухтасар жавоб топгандек бўласиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
публицист
Шоҳи Зинда мажмуаси
Шоҳи Зинда номи Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос номи билан боғлиқ. Ғиёсиддин Жавҳарийнинг ёзишича, ҳазрат Қусам ибн Аббос Муҳаммад (с.а.в.)ни вафот этгандан сўнг, ювганлардан биридир. Ўша чоғда Қусам 8 ёшда бўлган. Пайғамбаримизни ҳадисларида айнан у киши тўғрисидаги қуйидаги сўзлари Қусам ибн Аббосни кириш эшикларини пештоқида ёзилган: “Қусам ибн Аббос ўз хулқлари ва ташқи кўринишлари билан менга ўхшайдиган шахслардандир” дейилган. Ҳазрат Қусам имом Хасан билан эмишган ака-укадур.
Қусам ибн Аббос Ҳазрат Амир-ул мўминин Али ибн Абу Толиб халифалиги даврида Макка шаҳрида ҳоким бўлган. Унинг вафотидан сўнг Муовия ибн Абу-Сўфиён замонида Хуросон ҳокимлигига тайинланган. Усмон ўғли Саъид билан Мовароуннаҳрга келган. Усмон ўғли Саъид Самарқандни олиб, халқ мусулмончиликка қабул қилган, динни кучайтирмоқ ва шариат ҳукмларини юргузмоқ ниятида Қусамни бир қанча ислом қўшини билан Самарқандда қолдирган. Унинг асосий вазифаси мамлакатда исломни тарғиб қилиш бўлган. Бу эса осон кечмади. Чунки Қадим Мовароуннаҳр халқи оташпарастликка сиғинарди.
Улар Марказий Осиё давлатларини араблар босқинчиларига фаол курашга чорлади. Бироқ Ислом лашкарлари қаршиликларни табора енгиб бориб, ўлканинг ичкари қисмини ишғол қила бошлади. Милодий 677 йил бошқа динга эътиқодчилар шаҳарга ҳужум қилди. Самарқанд шаҳри намозгоҳида Қусамга ўқ тегди ва уни Бону-Ножия қабристонидаги ғор ёнига дафн этилди. Кенг тарқалган бошқа бир ривоятда айтилишича Саид ибн Усмон Қусам ибн Аббос билан биргаликда Усрушонани фатҳ этмоқ учун йўл олишиб, Сийракасга етишганда бир неча кун тўхтаб дам олишади. Шу ердаги жангларнинг бирида Қусам ибн Аббос вафот этади. Майит солинган тобутни шаҳарга жўнатадилар.
Қусам ибн Аббоснинг оналари Лубоба ал Кубро (Уммул-фазл) мўминлар онаси Маймуна бинтий Хориснинг сингиллари бўлиб, Аббос ибн Муталибнинг жуфти ҳалоллари эдилар. Ул муҳтарама олти ўғил кўрганлар, улар Фазл, Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, Қусам, Маъруф ва Абдураҳмон. Буларни барчаси турли мамлакатларга Ислом тарғиботи билан машғул бўлиб шаҳид бўлдилар.
Тарих ва афсона ана шу тариқа бир-бир билан уйғунлашиб кетган.
У кўҳна Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, шарқ мусулмонларининг муқаддас зиёратгоҳларидан биридир. Шоҳи Зиндага зиёрат қилиш ва бу қутлуғ жойда тоат-ибодат бажо келтириш ҳар бир имонли мўмин-мустофонинг хайрли иши ҳисобланади.
Мажмуада биноларнинг аксарияти подшоҳлар хонадонига мансуб шахсларнинг қабри устига қурилган мақбаралардир. XIаср охирида юқори майдончада дастлабки мақбаралар пайдо бўлган. Қусам ибн Аббос мақбараси шулардан биридир. Унинг ёнида ёғочга ўймакорлик услубга нақшлар солиб безатилган масжид бўлган. 1219 йил мўғуллар истилосидан кейин Афросиёбда ҳаёт сўнган. Дастлабки мақбаралар нураб аста-секин емирилган. Амир Темур ҳукмронлиги даврида унинг яқин қариндошлари ва саркардалари Қусам ибн Аббос қабри атрофида ўзлари учун мақбаралар қурдиришган.
Шоҳи Зинда мажмуаси ўзига хос йўлаклари ва маҳобатли бинолари билан сайёҳларни ўзига мафтун этади.
Самарқанддаги ушбу машҳур зотлар хонақоҳи ўзига хос ва тенгсиз бўлиб, довруғи оламга ёйилган Миср эҳромлари, Тож Маҳал каби етти мўъжизанинг бири деса бўладиган мақбаралар туркумидир.
У дастлаб Самарқанд ҳокимлари ва уламолари томонидан XI асрда пайғамбар Муҳаммад (С.А.В)нинг амакиларининг ўғли Қусам ибн Аббос шарафига қурилган.
Даставвал, бу ерда фақатгина ХI асрнинг иккинчи ярмида Самарқанддаги илк қорахонийлар даврида қурилган «Тирикшоҳ» номли мақбара бор эди. Бу жойга илгари ҳам туб жой аҳолиси зиёратларга келиб турган. Кейинчалик худди шу ерга 1066 йили Тамғач Бўғрахон мадрасаси қурилди ва унга туташ бир қатор туркум мажмуа юзага келди. ХI-ХII асрларда серҳашам безатилган бошқа мақбаралар ҳам вужудга кела бошлади. Археологлар улардан бир нечтасини XIV аср иншоотларининг ғарб томонидаги йўлакдан қазиб топдилар. Улар безаклари билан Темур даври мақбараларидан фарқ қилган. Ўша даврда ҳам Қусам ибн Аббос мақбараси «муққадас» ҳисобланиб зиёрат қилинган.
XIII асрда мўғул истилочиларининг Самарқандга қилган ҳарбий юришлари ХI-ХII асрга оид кўплаб иншоотларнинг, бузилиб, харобага айланишига сабаб бўлди. Қабристон XIV асрда қайтадан тиклана бошланди.
Амир Темур ҳукмронлик қилган (1370-1405) даврда қурилиш ишлари жуда жадал суръатда олиб борилади. Бу иншоотларнинг кўпчилиги бизнинг давримизгача етиб келган. Туркум мажмуа Афросиёбнинг шимолидан то жанубга шаҳарнинг қўрғон деворигача чўзилган.
Баъзи даҳмалар, ХI-ХII асрларга оид мақбараларнинг харобалари устига қурилади. XV аср бошларида бинолар Хожа Аҳмад мақбарасидан Ҳазрати Хизр масжидига борадиган йўл бўйлаб қурилади. Амир Темур даври меъморчилиги, безак беришнинг янги техникалари билан яъни қирқма кошинлар билан янада бойитилади. Мақбаралар иккитадан, ташқи ва ички гумбазли, баланд цилиндр барабанли қилиб қуриладиган бўлади.
Шоҳи Зинда меъморчилик мажмуаси уч қисмдан иборат қилиб қурилган. Мажмуага улкан ўймакор дарвозадан кирилади. Пештоқ равоғининг ғарбий деворида унинг Абдулазиз Баҳодир ибн Улуғбек ибн Шоҳрух ибн Темур томонидан ҳижрийнинг 838 йилда (1434-1435) бунёд этилгани ёзилган.
Бизгача етиб келган мақбара мажмуасининг ва дастлабки бинолар қолдиқларини кўздан кечирганда, уларни бадиий пардозлаш, безаш техникаси ўзгариб борганлигини пайқаш мумкин.
Чортоқнинг ўнг томонида кичгина ҳовли ичида мадраса бор уни ҳижрий 1228 йилда (1812-1813 йй.) ҳоким Давлат Қушбеги қурдирган чап томонда эса Амир Ҳусайнни онаси шарафига қурилган ёзги айвон масжиди бор. Уни Самарқандлик уста Муҳаммад Сидиқ ва уста Абду Зоҳидлар 1910-1911 йилларда қуришган. Бу ёдгорлик XIX-XX аср усталарнинг диди ва бадиий маҳоратини кўрсатиб турибди.Масжид орқасида чапда тепалик ён бағрида қўш хонали баланд мовий гумбазли мақбара (XV аср ўртаси) бор.Қўшгумбазли мақбара Шоҳи Зинда мажмуаси темурийлар замонаси меъморчилигининг ажойиб намунаси.Бир-бири билан боғланган икки тўрт бурчак хона, катта хона (зиёратхона) ва кичик хона (қабрхона)га эгадир. Қабрхонада битта қабртош, унинг остида даҳма бор. Тўрт гумбаз чортоқни юзига келтиради. Гумбаз қалпоғи ва таҳмонлар кўп поғанали муқарнасга эга. Деворларга гул нақшланган, аммо нақшлар қисман сақланиб қолган. Қўшгумбазли мақбара мажҳуллик пардаси билан тўсилган ва тадқиқотчилар ўртасида анча-мунча баҳсларга сабаб бўлган эди.
«Шоҳи Зинда» зиёратгоҳининг иккинчи қисми қирқ зина бағридан бошланиб, сирлар ҳамда жумбоқларга тўла ўрта аср даҳлизига кириб борасиз. Зинанинг эни 5 газни ташкил этади. Бу ерда эса бутунлай ўзгача давр, ҳаёт ўзгача меъморчилик ечимлари мавжуддур.
Бу ерда даҳма эмас, балки диний фикрлар дунёси, қабр эмас балки унинг дафн этиш сирлари мавжуддир. Азиз зотлар даҳмасида бутунлай ўзгача манзарага дуч келасиз, у кишининг бугунги турмуш ташвишларидан руҳан фориғ этади ва тамоман ўрта аср меъморчилиги, нафис безакли ажиб нақшлар оламига олиб киради. Мақбараларнинг сирланган кошинларидаги ранглар товланади. Буларнинг барчаси зиёратчи сайёҳларни ўзига маҳлиё қилиб қўяди.
Амир Хусайн ва унинг онаси учун қурилган обида меъморчиликнинг энг нозик услубларида ижод қилинган. Чунки саркарда Амир Хусайн стратегик жиҳатдан жуда кучли сардорлардан бўлган. Амир Темур уларга эҳтиром кўрсатиб маҳобатли бинолар қудириб уларни шу ерга дафн эттирган. Мақбарадаги файз ва чирой ҳаттотларнинг ёзувлари билан янада гўзаллашган. Мақбара 1376 йилда қурилган бўлиб, бизни кунларимизга қадар бир неча марта таъмир этилган.
Кириш пештоғининг эшиги 1911 йилда қурилган, ундаги нақшинкор безак ва ёзувлар киши диққатини ўзига тортади.
Эшикда «Ўлимдан олдин тавбага – вақт ўтмасдан намозга шошилинг» ибратли сўзлари ёзилган. Пастки қисм таркибига масжид, мулозимхона ҳамда мадраса ҳам киритилган.
Қўш гумбазли мақбаранинг ички гумбазлари нақшинкор қилиб ишланган, панеллари эса олти қиррали кошинлар билан безатилган. 1949-1952 йилларда мақбара текширилди ва босиб ётган тупроқдан тозаланиб, қайта қурилди.
Шодимулк Оқо мақбараси
Мақбаралар орасида 1372 йилда қурилган Шодимулк оқо мақбараси Шоҳи Зиндада Амир Темур даврида қурилган биринчи иншоот ҳисобланади. Бинода 11 ёшида вафот этган Амир Темурнинг жигаргўшаларидан бири Шодимулк оқо дафн этилган.
Бу бинони Амир Темурнинг опаси Турқон оқо вафот этган қизига атаб қурдиради. 1383 йилда ўзи ҳам шу ерга дафн этилган.
Мақбарада гўзал нақш ва ёзувлар ўз аксини топган. Ёзувнинг бирида шундай сўзлар битилган:
“Бу жаннатий боғдир ва унда толъе хазинаси кўмилган. Бу қабрда қимматбаҳо марварид яширилган. Унда сарвқад назокатли ётибди, шу сабабли, бу жойни жаннатга қиёслаш мумкин. Бу ўликлар орасида гарчи унинг узугида қудратлилик муҳри бўлса-да, Сулаймондай одам ғойибга равона бўлди”.
Бинонинг усталари Зайниддин ва Баҳриддин эканлиги таъкид этилган. Бошқа бир йирик жимжимадор китобада шундай дейилган: “Ушбу ширтдат муқарнасларга тўла гумбаз ва зарҳал пештоқларни Зайниддиндан хотира деб билгил. Бу масканда кўриб турган ҳар бир санъат ва маҳорат ижодкор яратувчининг марҳаматидир”. Мақбаранинг ички томонлари янада ҳашаматли ва зийнатлидир.
Шунинг учун ҳам у Шоҳизинда мажмуасининг энг гўзал гулдастаси ҳисобланади.
Туғли Текин мақбараси
Бу муқаддас жойда ором топган навбатдаги марҳум Амир Ҳусайн бўлади. Мақбара пештоқига, сағона устига, ҳижрий 777 йил санаси битилиб қўйилган. Лавҳада қуйидаги сўзларни ўқиймиз: “Дунёда бахтиёр амир нигоҳи билан туғилган жафокаш Амир Ҳусайн қутлуғ ўғлини Оллоҳ ўз жаннатига йўллагай. У ҳижрий 777 йилнинг зулқаъда ойида азобланиб ўлди”.
Амир Ҳусайн Амир Темурнинг етакчи издошларидан бўлиб, милодий 1376 йилда (ҳижрий 776-777 й.) Темур Или дарёси юқорисида жойлашган Уч Турфон мавзеида, мўғул хони Қамариддинга қарши қилган жангларидан бирида ҳалокатга учраган. Унинг Шоҳизиндадаги мақбараси эшиги устига қуйидаги сўзлар битилган: “Агар менинг пешайвоним томи Муштарийга етса-да, бари бир бу дунёнинг заҳри, ўлим жазоси мустаҳиқдир. Бу зимзиё қабрда биродарларимиз, ёлғизликдаги умидим худонинг раҳм-шафқатидир”.
Бу қабртошдаги марсия дунё янглиғ абадий фикрни тасдиқлаб турибди: “Ой остидаги ҳеч бир нарса мангу эмас, хоҳ у улуғ, хоҳ у кичик одам бўлсин, у ўзига зах тупроқдан паноҳ топади ва у тенглар ичида тенг бўлиб қолади”. Бу сўзлар ҳар бир кишини ҳушёрликка тортади. Мақбарада саркарданинг онаси Тўғли Текин ҳам дафн этилганлиги тўғрисида тарихий манбаларда маълумот келтирилган. Бу улуғ бино 1952-1954 йилларда илмий жиҳатдан ўрганилган ва муҳофаза чоралари кўрилиб, қайта тикланди.
Амирзода мақбараси
Машҳур тарихий обида усталарнинг санъатини яна бир карра ўз синовидан ўтказди. Чунки меъморчиликдаги кошинпазликнинг барча турлари айнан шу бино қурилишида қўлланилган. Бу мақбарага дафн этилган саркарда Амирзода ва унга тегишли аслзодалардан етти нафар киши дафн этилгандир. Унинг пештоқида фақат вафот этган йили 1386 (786 й.) ёзилган. Бу мақбарада кошинкорлик янада юқори даражада амалга оширилган. Унда гулдор, сиркор сопол асосий ўринни эгаллайди.
Бинонинг ички қисми ҳам ўзига хос услубда безатилган. Сўнгги таъмир давомида мақбаранинг фусункорлиги янада ортди. Тарихий ва археологик изланишлар кўплаб топилмаларга асосланиб обидани Амир Темур даврининг хусункор биноларидан деб такидлайди.
Ширинбека Оқомақбараси (XIV-XV асрлар)
Амир Темурнинг жигаргўшаларидан жудо бўлиши нохушликлар юзага келишига сабаб бўлди. Ҳатто ҳарбий юришларни тўхтатиб қўйди. Лекин пир-устозларининг кўнгил таскини унга яна куч бағишлади. Бу улуғвор бино Амир Темурнинг синглиси Ширинбека оқога атаб қурилган бўлиб, унинг равоқида марҳуманинг вафот йили 1385 (787 ҳ.) кўрсатилган. Айни шу кунларда Соҳибқирон салтанатида мотам кунлари эълон қилинди. Малика шаънига Амир Темур катта мақбара қурдирди у XV асрнинг иккинчи ярмида кошинкорликнинг қирқма усулида ижод қилинди.
Ундаги безак санъат услуби жиҳатидан бошқа мақбаралардан фарқ қилади, унинг пештоқ қисми нафис терма кошин билан қопланган. Ширинбека оқо мақбараси биринчи қирқма кошин ишлатилган бино эди. Ёдгорликнинг гумбаз қисми кошинкорликнинг нафис услуби билан безатилган. Бинонинг ички безаклар ўзига хос услубда деворий нақшларда зарҳалли ўсимликсимон манзарада ишланган. Арабий ҳусни хатда қуръоннинг “Фатҳ” суръаси ички хона гумбазидан пастки қисмига қадар тўла ҳолатича тикланди. Ёзувлар юпқа шаклдаги тилло безаклар билан зийнатланди. Юқори гумбаз атрофлари ранглишиша панжаралар билан безалган.
Амир Темур одатда “3”, “5” ва “7” йиллик ҳарбий юришлар уюштириш жараёнида ўзга мамлакатлар тарихи, маънавиятидан энг ноёб жиҳатларни ўз мамлакати тажрибасида унумли қўллаган. Шунинг учун ҳам унинг даврида қурилган иншоотларда турли миллат санъати наъмуналарини учратамиз.
Бино олимлар ва таъмирлаш устахонаси ходимлари ҳамкорлигида илмий жиҳатдан ўрганилиб, мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди. Ҳатто, марҳума жасади очиб ўрганилди. Олти қиррали зангори сопол тахтачалар билан мақбаранинг панел қисми нафис қилиб ишланган. Ички қисмини ёруғлик билан таъминлаш учун юқори қисмларидаги даричаларга рангли шиша билан ишланган панжаралар ўрнатилган.
Ҳатто деворий безаклар ичида муқаддас Қуръон ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадисларидан намуналар ёзилган. Таъмирлаш ишлари мақбара умрининг янада узоқроқ сақланишига омил яратиб берди.
1964-1965 йиллардаги археологик қазишлар вақтида Шодимулк оқо мақбарасининг шимолий фасади ёнида XIV асрнинг ўрталарида бир-бирига ёндош қилиб солинган иккита мақбаранинг қолдиқлари топилди. Бинонинг иккинчисида кириш пештоқи сайқал берилган сопол билан безатилган.
Мақбарада учта даҳма бўлиб, ўртадаги даҳма бадиий жиҳатдан кишининг эътиборини ўзига тортади. Даҳма, шикаста хат билан безатилган.
Афсуски даҳмага битилган ёзувларда тарихий маълумотлар йўқ. Шунинг учун ҳам мақбара ким учун қурилганлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ. У ҳозирда таъмирланиб сайёҳлар учун очиб қўйилган. 1966 йилда мақбаранинг шимолида XIII асрнинг иккинчи ярмига оид иккита бино қолдиқлари топилди. Унинг бирида пештоқли айвон ва сағана мавжудлиги аниқланди.
Саккиз қиррали мақбара
Бу мақбаралар ичида меъморчиликнинг ўзига хос намунаси саналган содда безакли, саккиз ёқли мақбара мавжуд. У Озорбайжон усталарининг санъати маҳсулидир. Чунки томонларининг очиқлиги, гумбазнинг ички безаклари мусаффо осмон жисмларини рамзи эканлиги билан ажралиб туради.
Мақбаранинг тагида 4 та аслзода аёл кишининг сағанаси бор. Бинонинг бой безаклари бу ерда ҳам темурийларга тегишли шахслар ётганлигидан дарак беради.
Кейинги таъмирлаш ишлари давомида унинг гумбаз қисми қайта тикланди. Очиқ равоқларнинг тимпанларида ҳадислар ёзилди. Хонанинг ички қисмида бетакрор зарҳалланган деворий нақшлар Қуръоний оятларда ўзини ижобий маҳсулини топди. Мақбаранинг ҳовли қисми кенгайтирилди, хилхонадаги дафн жараёнлари очиб ўрганилди. Ёғоч тобутларда дафн этилган шахсларнинг суяқ қолдиқлари баъзи ашёлар, уларнинг ирқи ва тузулиши тўғрисида ёрқин маълумотлар олишида омил яратди.
Ундаги саккиз очиқ эшик, мусулмонлар тасаввуридаги жаннатнинг эшикларини эслатади, чунки пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларига кўра, «жаннат – оналар оёғи остидадир». Унинг ички қисмида содда нақшлар солинган. Чиройли нусхалар ичида муқаддас Қуръондан махсус суралар битилган. 1963 йилда саккиз ёқли мақбаранинг шимолидан иккита мақбара қолдиқлари очилди. Ундан даҳма девор қолдиқлари ва ўймакор услубда ишланган қабр усти тошлари қолган.
Уста Али Насафий мақбараси (XIV АСР)
Мажмуа энг кўп хилли услубда барпо этилган мақбаралар қаторига киради. Чунки бу ёдгорлик XIV асрнинг 60-70 йилларида қаршилик уста Али Насафий томонидан ҳандасавий нақшлар қўлланилган. Куфий ёзувида бинонинг пештоқ ва ички қисми маҳорат билан ишланган. Уни кўпинча «гулдор мақбара» ҳам дейишади, чунки ички ва ташқи деворларида ранг-баранг сирли кошинлар, ўсимликсимон нақшларда намойиш этилган. Бинога геометрик шакл берилиши ҳам сўзимизнинг исботидир. Улар чирмашиб, саккиз қиррали юлдузлар туркумини ҳосил қилади. Шакллар, хилма-хил нақшли, зарҳал ва сирланган кошинлар билан безатилган. Бинонинг бурчакларида муқарнас гул билан тўлган равоқ бор.
Унинг устки қисмидаги гумбаз ҳам икки қаватли бўлган. Ҳозирда бу гумбазнинг фақат асоси-қиррали гумбаз сақланиб қолган. Унинг қопламасига арабча хат битилган.
2-номаълум мақбара (XIV АСР)
2-номаълум мақбара колдиғи XI асрнинг иккинчи яримда фаолиятда бўлган Тамғоч Буғрохон мадрасаси пайдеворлари устида қурилган. Ундаги деворий нақшлар зархалланган. Баъзи манбаларда ёдгорлик Улуғ Султонбеги номи билан аталади. Бино ишлатилган гўзал хаттотлик санъати билан пештоқнинг ҳуснига ҳусн кўшиб турибди.
XII асрда бу ерда ажойиб безатилган улкан бино бўлган. 1968-1974 йилларда бинонинг пойдевори тупроқ қатламларидан тозаланди. Бу ердаги ёдгорлик Марказий Осиёдаги илк иншоатлардан бири бўлган. Мадраса пештоқи нақшли ғиштлар билан безатилган. Амир Темур вафотидан кейин бу мақбара табиий офатлар таъсиридан катта талофат кўрди. Архив ҳужжатларини чуқур ўрганиш натижасида мутахассислар бинонинг орқа ён деворлари ва гумбаз қисмларини қайта тиклашди. Мақбаранинг пештоқ қисми қуръоннинг “Ар-Раҳмон” сураси оятлари билан тўлдирилди.
Ўрта қисмда олиб борилган археологик қазишмалар эса кўплаб қадимий иншоотларнинг пойдевор хамда хилхоналарини топилишига замин яратди. Бу ўз навбатида эса «Шохи-Зинда» мажмуаси тарихини янада бойитди.
Амир Бурундуқ мақбараси (XIV АСР 80 йиллари)
Амир Темур ўз саркардаларига жуда эътиборли бўлган. Стратегик жиҳатдан жуда кучли маҳоратга эга бўлган бу саркарда соҳибқироннинг ҳар бир зафарли юришига ўз улушини қўшган. Амир Бурундуқ кўплаб ҳарбий юришларда Темур армиясини ғалаба қозонишига омил яратган. Унинг жасади ўз яқинлари билан бирга бино хилхонасида, арча тобутида мўмиёланган ҳолатда дафн этилган.
Бинонинг ички ва ташқи томони содда қилиб қурилган. Мақбара саҳнида даҳма ва қабрлар бор. Унинг ички деворларининг пастки қисмига ҳусункор олти қиррали сирли нақшлар билан безак берилган. Бино атрофида 1963 ва 1998 йилларда катта таъмирлаш ишлари олиб борилди. Даҳмалар очиб ўрганилди. Текширилган даҳмалар орасида ёш йигитнинг дафн этилгани олимлар эътиборини тортди. Марҳум ўз кийимида кўмилган эди. Ҳозирда унинг танасидаги яктак Самарқанд давлат музейида энг ноёб амалий санъат дурдонаси сифатида сақланмоқда. Бинонинг кириш жойи асл ҳолича қолдирилди.
Туман Оқо мажмуаси (XIV АСР)
Малика Туман оқо Амир Темур саройида «кичик она» номлари билан эътибор қозонган машҳур аёл. «Зафарнома»да қайд этилишча, Туман оқо 1365 йилда туғилган. Унинг отаси Амир Мусо Темурга қарши юришларда собитқадам бўлган. Лекин Темурнинг Тумон оқога уйланиши улар орасидаги муносабатларнинг яхшиланишига замин яратди. Ниҳоят 1378 йил Темур Тумон оқо шарафига Оби — раҳмат ариғи бўйига гўзал «Боғи — Беҳишт» номли боғ барпо этади. Бу Темурнинг Тумон оқога бўлган ҳурмат ва эҳтиромининг рамзи эди.
XIV асрнинг охирида Темурнинг кичик хотини Туман оқо уч хонадан иборат ёдгорлик қурдирди. Улар мулозимхона, масжид ва Туман оқо мақбараларидан иборат. Девордаги чуқур токчаларнинг усти ганждан ишланган нафис муқарнаслар билан безатилган. Гумбазчалар тагида қуёш нури тушадиган дарчалар бор. Мажмуа деворларида терма кошин ишлатилган. Обидани озарбайжонлик кошинкор уста Шайх Муҳаммад ибн Хожа Бандгир Тўғрабози безаган. Девордаги изоралар олти қиррали тўқ яшил кошинлар билан безатилган. Нақшларнинг баъзисида зарҳалли нусхалар сақланиб қолган. Мақбара ташқи томондан кошинкорий пештоқи ва баланд кўк гумбази билан киши эътиборини тортади. Унинг пештоқида 808 ҳижрий, яъни 1405 милодий сана кўрсатилган. «Оллоҳ унинг салтанатини давомий айласин» сўзи Амир Темурга нисбатан айтилгани сезилиб турибди. Бошқа бир битикда «Хатти Шайх Мухаммад ибн Хожа Бандгир ат-Табризий» деган сўзларни ўқиймиз. Бу зот Темур саройида ўз вақтида машҳур хаттот-котиби бўлган.
Темур вафотидан кейин унинг маликалари тақдири ҳалокат тўфонига дучор бўлди. Халил Султоннинг қисқа хукмронлиги даврида унинг фармойиши билан Туман оқо шайх Нуриддинга никоҳқилинди. Бироқ у ҳам суиқасд туфайли ўлдирилди. Иккинчи марта бева колган малика Туман оқо Шоҳруҳ Мирзони таклифига биноан Ҳиротга боради. Пойтахт яқинидаги Кўхисан мавзейида яшаб қолади. У яшаган маҳобатли хонақоҳҳозир ҳам ўз жозибасини сақлаб қолган.
Мақбарининг ички гумбаз қисми кейинги таъмир давомида юпқа ҳолатдаги тилло нақшлар билан безатилиб, арабий ҳусни хатдаги барча ёзувлар қайта тикланди. Самарқанд меъморлари томонидан бинонинг ташқи қисмидаги қирқма кошинда ишланган пештоқ безаклари тўла ҳолатда тикланди. Бу хайрли ишда Самарқанд ва Бухоро мударрис ва уламоларининг хизматлари катта бўлди. Ширинбека оқо мақбарасидаги каби нафис қоплама қилинган Туман оғо мақбараси уйғунлиги билан ажралиб туради. Бинодаги салобат ўзига хос ихчамлик бу мақбарани бошқаларидан ажратиб туради.
Ҳожа Аҳмад мақбараси (ХIV аср) 1360 й.
Бу мақбара XIV асрда қурилган бинолар ичида энг қадимгиси саналади. Мақбара йўлакнинг охирида жойлашган. Мақбаранинг фасади жанубга қараган. Бино ислом маънавияти ва унинг тарихига улкан хизматлари синган шайх Хожа Аҳмад номи билан боғлиқдир. Мақбаранинг равоқли пештоқи тарихий ва бадиий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Ўймакор кошин қопламининг фони асосан феруза рангли бўлиб, устига оқ бўёқ билан муқаддас Қуръон оятлари битилган. Худди шу ерда гулни безак ичида меъмор Фахр Алининг номи майда ҳарфлар билан жимжимадор қилиб ёзилган. Оятларнинг икки ёнига кошин билан ҳошия қилинган. ХХ аср бошида Хожа Аҳмад мақбарасининг қийшайиб қолган пештоқигина сақланиб қолган эди. Шу сабабли мақбаранинг ташқи девори 1922 йилда қайта тикланиб, том қисми ёпилди. 1962 йилда Хожа Аҳмад мақбарасининг пештоқ қисми тўғриланиб, ноёб қопламаси тозаланди ва мустаҳкамланди.
Бинонинг пойдевор қисмида археологик қазилма олиб борилиб, 12 метр узунликдаги лахм ғор топилди. Бу тарих учун яна бир янгилик бўлди. Мақбарини пештоқ қисми ҳамда ўстги гумбази қайта тикланди кириш эшикни Самарқанд устаси моҳир санъат соҳиби уста Насрулло ўз ўрнига жамлаштирилди.
Қутлуғ Оқа мақбараси (1360-1361 йил)
Ўзига хос услубда қурилган XIV аср ёдгорликларидан яна бири, бу Қутлуғ оқо мақбарасидир. Пештоқдаги ёзув қолдиқларида мақбара қурилган вақти 762 ҳижрий (1360-1361 йил экани кўрсатилган. Бу ёзув мақбаранинг аслзодалар учун қурилганига шиорадир. Хонанинг саҳнида ёш бола қабри бор. Мақбаранинг пештоқи ва ичкарисининг зийнати ўймакор сирли кошин билан ишланган бўлиб, уни ҳам Хожа Аҳмад мақбарасининг меъмори қурган бўлса ажаб эмас деган фикр билдирилади.
Қусам Ибн Аббос мажмуаси
Шимолий қисмдаги чортоқ мажмуанинг асоси сари йўл бошлайди. Унинг киришида Муҳаммад (с.а.в.)нинг қуйидаги ҳадислари ёзилган: «Арабий ҳошимий, қурайший, маккалик, мадиналик Муҳаммад с.а.в. айтдилар: «Қусам ибн Аббос хулқи ва ташқи кўриниши билан менга ўхшайдиган шахслардандир». Чортоқнинг шарқ тарафида икки табақали ўймакор нақшли қайрағоч эшик бор. Эшик Амир Темурнинг фармойишига биноан уста Саид Юсуф Шерозий томонидан 1404-1405 йиллар мобайнида ишланган. Эшикнинг нақшлари такрорланмас санъат намунаси сифатида ишланиб, ундаги арабий ёзувлар устида фил суякларидан қадама безаклар қилинган. икки табақани эшиклардан бирида қуйидаги сўзлар битилган: «Жаннат эшиклари фақирлар учун очиқдир». Иккинчи табақасида эса «Раҳмат эшиклари раҳимлилар учун очиқдир».
Усти гумбаз йўлакнинг ўнг томонида янада қадимийроқ ХI асрга оид минора бор. Миноранинг қопламаси шаклли ғиштлардан териб ишланган.
Биз ўтмишнинг энг улуғ санъат намуналарини ҳазрат мажмуасида кўрамиз. Унинг ички қисмида айланма зина мавжуд. Йўлак ХI асрда қурилган масжидга томон йўл бошлайди. Бу ёдгорлик ХII асрда қурилган иншоот қолдиқлари устида солинган. Деворларнинг пастки қисми ва меҳроби сирли кошинлар билан ишланган.
Хилхонага ғарб томондан кичик бир туғхона туташган. Пастки қисмида эса чиллахона бор. Улардан ҳар бирининг ўзига хос вазифалари мавжуддир. Зиёратхонанинг ХI аср охирига оид безак қолдиқлари шимолий деворда сақланган бўлиб, улар 1960 йилдаги текширишлар натижасида топилган.
Бу ерда мўғуллар истилосига қадар қурилган масжиднинг ёғоч бўлаклари сақланиб қолган. Бу ўйма ёғоч қисмлари қорахонийлар даврига оид ноёб ёдгорликдир. Зиёратхона XIV асрнинг 30-йилларида қурилган. Деворий гумбаз қўйилган саккизёқли қисмининг жануби ғарбий томонида ўсимликсимон нақшда 735 ҳижрий сана (1334-1335 милодий йиллар) жимжимадор қилиб ёзиб қўйилган.
Қусам ибн Аббос мақбараси комплексидаги энг асосий ва қадимий мақбара ҳисобланади. Мақбара хилхона ва зиёратхонадан иборат. Уларнинг ҳар бирини ўзига ҳос зиёрат қилиш одоблари бор.
Мақбарада Қусам ибн Аббоснинг қабри бўлиб, у Амир Темур даври сопол кошинлари билан нақшинкор безакда ишланган, қабр устида «Оллоҳ йўлида вафот этганлар ўлмайди, улар тирикдир» деган Қуръоний оят чиройли ҳусни хатда ёзилгандир. Қусам ибн Аббоснинг вафотлари санаси қабр устида 57 ҳижрий (676 милодий) сана экани ёзиб қўйилган. Мажмуанинг барча хоналари сўнги таъмир давомида асл ҳолатида моҳир усталар томонидан қайта таъмирланди. Кишиларни ҳайратга солувчи нақш ва безаклар давомий равишда деворларни безаб халқимизнинг буюк санъат намуналарини дунё халқларига кўз-кўз этиб келмоқда. Бу олий жаноб ишда Юртбошимиз кўрсатаётган жонбозлик беқиёсдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 16 июлдаги 337-сонли «Шоҳи Зинда ёдгорлиги мажмуасида қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги қароридан сўнг Шоҳи Зинда мажмуаси ва унинг атрофида амалга оширилган ишлар уни аслига қайтаришга улкан ҳисса қўшди. Йиллар давомида таъмир талаб тарихий биноларининг умрини янада узоқ даврларгача етказилишининг имкони туғилди.
Таъмир жараёнида археологик, этнографик, тарихий изланишлар олиб борилиб, ҳар бир ёдгорликнинг ҳолати ўрганилди ва мутахассислардан олинган маслаҳатлар ва кўсатмалар асосида кенг қамровли таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Мақбарадаги ёзувлар ҳадис ва Қуръон оятлари манбалар асосида қайта тикланди.
Бу ишда Самарқанд ва Бухоро мадрасаси ҳаттот ва мударрислари илмий жиҳатдан кўп масалаларнинг ечимига ўз ҳиссаларини қўшишди. Бетакрор санъат усули масжид ва мақбаралар ҳуснига янада чирой бағишлади.
Зиёратхона ичидаги жанубий деворнинг ёғоч панжараси орқали хилхонадаги Қусам ибн Аббос қабртошини кўриш мумкин. Хилхона мақбара билан бир вақтда – ХI асрда қурилган. XIV асрнинг 80 йилларида қабр устига янги қабртош ўрнатилган. Унинг ён қирраларига зарҳал югуртирилиб муқаддас Қуръон оятлари ёзилган.
Шоҳи Зинда XIV аср бошидан XV аср ўрталаригача бўлган серҳашам даҳмаларнинг юз йиллик келиб чиқиш эволюциясини ёритиб беради. Афсуски, унинг XI-XII асрларга оид асосий қисми қарийб йўқ бўлиб кетган.
https://samarkand.uz/about_region/shrines/shohi-zinda-majmuasi
Шоҳи Зинда мақбараси
Самарқанднинг қадимги ўрни Афросиёбни томоша қилган сайёҳлар унинг жануб томонига юрсалар, қияликда жойлашган, мовий гумбазлари қуёш нурида ярқираб турган Шоҳизинда ансанбмлига дуч келадилар. Самарқандликлар учун муқаддас зиёратгоҳга айланган бу улуғ ёдгорлик узоқ-яқиндан келган сайёҳлар учун доимо суюкли зиёратгоҳдир.
“Самарқанд марвариди” деган номга сазовор бўлган Шоҳизинда ансамбли нафақат тарихий-меъморчилик ёдгорлиги, балки, машҳур алломалар, авлиёлар маликалар, лашкарбошиларнинг абадий оромгоҳи ҳамдир. Бу ердаги ҳар бир мақбара фақат ўзигагина хос безаклар билан қопланган бўлишига қарамай уларнинг барчаси яхлит бир композисияни, тугал бир меъморчилик асарини ташкил этади. Шоҳизинданинг яна бир қимматли томони шундаки, бу ерда Самарқанднинг қарийиб уч минг йиллик тарихи мужассамдир. Негаки, Шоҳизинда ансамбли жойлашган майдон Афросиёбнинг жанубий ҳудудларига киради, агарда бу ер қазиб кўрилса эрамиздан олдинги VI-I асрга оид археологик материаллар топилади. Тарихчиларнинг аниқлашларича, Шоҳизинда ансамблининг шаклланиши эрамизнинг ХИ асрларидан бошлангандир. Шоҳизинда сўзининг маъноси “тирик шоҳ” бўлиб, қарийиб минг йилдан буён бу ном халқ ўртасида яшаб келмоқда. Мусулмон тарихчиларининг ёзишларича, тирик шоҳ — Муҳаммад пайғамбаримизнинг амакиваччаси Қусам ибн Аббосга берилган унвондир. Самарқандлик тарихчи Абул Ҳакимийнинг ёзишича, Қусам ибн Аббос пайғамбаримизнинг муборак юзларини кўрган охирги кишидир. Мусулмон тарихчиларининг ёзишларича, Қусам ибн Аббос VIII асрларда араб лашкарлари таркибида Самарқандга келган ва бу ерда дини исломни тарғиб қилиш билан машғул бўлган. Бир куни Қусам ибн Аббос намоз ибодати билан машғул бўлиб турганида кофирлар ҳужумига учраган ва узилган бошини қўлига олиб ғор орқали ернинг тагига тушиб кетган.
У то қиёматга қадар тирик юрар эмиш. Қусам ибн Аббос кириб кетган ғорнинг олдида унга атаб қабр ясалган ва XI асрда унинг устига мақбара қурилган. Мақбарадан ташқари бу ерда ҳашаматли зиёратхона, масжид ва чиллахоналар ҳам фаолият кўрсатгандир. 1220 йили рўй берган мўғул истилоси Шоҳизинда мақбараси тақдирида ҳам аянчли рол ўйнади. Муғуллар бу ердаги кўпгина иншоотлар ва қабрларни остин-устун қилиб ташладилар. Аммо, улар ҳам Қусам ибн Аббос қабрига тегишдан чўчидилар. Лекин, қаровсизлик оқибатидан бу қабр ҳам анча харобага айланган эди. XIV асрнинг бошларига келиб самарқандлик дин аҳллари ва раҳбарларнинг саъй ҳаракатлари билан Қусам ибн Аббоснинг қабри устига қайтадан мақбара қурилди, зиёратхона ва чиллахона ҳам қайта таъмирланди.
Самарқанд тахтига Амир Темур ўтиргач Шоҳизинда ансамблининг ҳаётида ҳам катта ўзгаришлар руй берди. Амир Темур бу ердаги кўпгина, харобага айланган иншоотларнинг ўрнига янгисини қурди, кўпларини қайта таъмирлади, Қусам ибн Аббос қабри устига ҳашаматли қабртош ўрнаттирди. Шунингдек, соҳибқироннинг буйруғи билан бу ерда янги масжид ҳам барпо қилинди. Бу ўринда шуни айтишимиз лозимки, Шоҳизинда меъморчилик ансамбли турли даврларда ҳар хил ҳукмдорлар ва амалдорлар томонидан барпо қилинган мақбаралар, масжид ва мадрасалардан иборат мураккаб ёдгорликдир.
Шу сабабли бу ерга ташриф буюрган сайёҳлар ҳам осонлик билан уни англашлари, тушунишлари мушкулдир. Биз сайёҳларга осон бўлиши учун, Шоҳизинда ансамблининг дарвозасидан бошлаб, тартиб билан қурилган иншоотлар ва мақбаралар ҳақда сўз юритишга қарор қилдик. Сиёб деҳқон бозорининг шарқ томонга йўл олган сайёҳларнинг кўзи Афросиёб қияликлари ўзра буй чўзиб турган мовий гумбазларга тушади. Шоҳизиндани зиёрат қилмоқчи бўлган сайёҳлар зинапояларга оёқ қўйиб дарвоза орқали ичкарига кирадилар. Бу дарвозанинг пештоғида: “Бу улуғвор иншоот Абдулазиз Баҳодир ибн Улуғбек Курагон, ибн Шоҳруҳ, ибн Амир Темур Курагон томонидан 838 (1434-35) йилида бунёд қилинган – деган ёзув сақлан¬гандир. Тарихчиларнинг фикрларича, бу дарвоза ва пештоқни Мирзо Улуғбекнинг ўзи бунёд қилдирган, аммо, уни ўз номига эмас, кичик ўғли Абдулазиз номига ёздиргандир. Дарвозадан кирган сайёҳлар чап томонга бурилса ХИХ асрда қурилган масжидга, ўнг томонга бурилса 1813 йили Давлат қушбеги томонидан қурилган кичик мадрасага киради. Мадрасанинг қарама-қарши томонида эса 1910 йили уста Содиқ томонидан қурилган ёзги масжид жойлашган. Бу иншоотлардан ўтган сайёҳлар ғиштлардан терилган зинопоялар орқали юқори томонга йўл оладилар.
Сайёҳлар зинапояларнинг қарийиб ўртасига етганларида уларнинг кўзлари чап томондаги ҳашаматли мақбарага тушади. Яқин-яқинларгача кўпчилик олимлар, бу мақбарага, Мирзо Улуғбек даврида Самарқандда яшаган туркиялик астроном Қозизода Румий дафн этилган деб ҳисоблар эди. Аммо бу ердаги қабрлар очиб кўрилганида уларда аёллар дафн этилганлиги маълум бўлди. Бу ҳолат ҳали Шоҳизинда ансамбли билан боғлиқ сиру-асрорлар тўлиқ ўрганил-маганлигини кўрсатиб турибди. Зинапоядан юқорига кўтарилган сайёҳлар йўлакнинг ўнг томонида Тўғлуқ Текиннинг ўғли Амир Ҳусайннинг мақбарасига дуч келадилар. Бу мақбаранинг қарама-қарши томонида Амирзоданинг қабри бўлиб, унинг ҳам шахсияти ҳозирча маълум эмасдир. Бу мақбараларнинг ёнидан ўтган сайёҳлар, соҳибқироннинг синглиси Ширинбека оға мақбарасига кириб борадилар.
Ажойиб ва нафис безаклар билан қопланган бу хилхона ўз салобати билан диққатингизни тортади. Ширинбека оға мақбарасининг қарама-қарши томонида эса барвақт вафот этган Шодимулк оға ва унинг онаси қабрларини ўз ичига олган мақбара жойлашгандир. Бу мақбарани самарқандлик меъморлар уста Баҳриддин ва усто Шамсиддинлар ҳамда бухоролик уста Зайниддинлар барпо қилганликлари ёзиб қў йилгандир. Тарихий манбалардан англашилича, Шодимулк оға 1371 йили, унинг онаси Туркон оға 1383 йили қазо қилганлар. Бу мақбаралардан ўтган сайёҳлар йўлакнинг чап томонда ёнма-ён қад росталаган икки нўмалум мақбарага дуч келадилар. Фақат уларнинг биттасида уни яратган устанинг, яъни, Али Насафийнинг номи сақлангандир. Шоҳизинда ансамблининг ўртасидаги коридордан секин-аста қадам ташлаб бораётган сайёҳлар энди энг баланд нўқтага яқинлашадилар. Бу ерда ансамблнинг энг қадимий қисми жойлашгандир. Амир Темурнинг энг жасур лашкарбошиси амир Бурундуқ бу ерда абадий уйқуда ётибди. Унинг мақбараси тахминан 1380 йилларда барпо қилингандир. Амир Бурундуқ қабрини зиёрат қилиб ўтган сайёҳлар, энди коридорнинг ўнг томонига бурилиб Қусам ибн Аббос мақбарасига кириб борадилар. Қусам ибн Аббоснинг қабртоши жуда ҳашаматли бўлиб устма-уст қўйилган учала тош ҳам нафис маёлика билан қопланган ва уларга Қуръондан келтирилган оятлар ёзилгандир. Шунингдек, бу ерда зиёратхона, чиллахона ва ХВ асрда қурилган масжид ҳам яхши сақланган. Шоҳизинда ансанблидаги коридорнинг энг турида бир неча мақбаралар, масжид ва чортоқ барпо қилинган. Тарихчиларнинг фикрларича, бу ердаги масжид, чортоқ ва мақбарани Амир Темурнинг хотини Туман оға барпо қилдирган ва бу покдомон маликанинг ўзи ҳам шу ерда абадий уйқуда ётибди. Туман оға мақбарасининг қарши томонида, шахсияти нўмалум, аммо ёшлигида қазо қилган маликанинг қабри сақлангандир. Коридорнинг энг тўрида эса уламо Хожа Аҳмаднинг мақбараси жойлашган бўлиб, бу энг охирги иншоотдир. Албатта, бу ерда Шоҳизинда ансамбли ҳақида тўлиқ маълумот беришнинг имкони йўқдир. Шу нарса маълумки, бу ансамбл қорахонийлар даврида қурилиши бошланган, Амир Темур ва темурийлар даврида ривожланган, манғитлар даврида қурилиши якунланган.
Марказий Осиё меъморчилиги тарихида алоҳида эътиборга сазовор бўлган Шоҳизинда ҳақида юз марта эшитгандан кўра бир марта кўрган маъқулроқ деб ўйлаймиз. Қадрли сайёҳ, Шоҳизинда зинапояларига оҳиста қадам қўйиб бу ердаги сукунатга қулоқ тутинг. Бу муқаддас тупроқда Буюк Туроннинг не-не улуғлари абадий ўйқуда ётибдилар.
Мирзо Улуғбек замонасидан буён бу майдон Самарқанд аҳли учун Бош майдон ҳисобланади. Самарқанд ҳукмдорларининг фармонлари шу ердан эълон қилинади. Ёвга қарши эрк жангига отланган жасур лашкарлар, айнан, шу майдонда қасамёд қилишиб кексалардан дуо-фотиҳа олганлар… Регистон майдонида олиб борилган археологик қазишмаларнинг кўрсатишича, ибтидоий жамоа даврида бу ерда улкан чангалзор бўлиб энг қадимги овчилар чангалзорда ҳар хил ёввойи ҳайвонларни овлаганлар. Қазишмалар пайтида Регистон майдонининг энг пастки қатламларидан ибтидоий одамларнинг ов қуроллари топилгандир. Антик даврда эса ҳозирги Регистон майдонидан Афросиёб шаҳарчаси томонга катта ариқ ўтказилган экан. VIII-X асрларда Регистон майдони ўрнида жуда кўплаб иморатлар пайдо бўла бошлайди, чунки, Самарқандни истило қилган араблар Афросиёбдан бир неча минглаб маҳалий аҳолини мажбурлаб кўчирган эдилар. Айнан шу даврларда бу ерда хунармандларнинг устахоналари, савдо расталари бунёд этилади. XI-XII асрларда ҳозирги Регистон майдони ўрни ва атрофидаги маҳаллалар ташқи мудофаа девори билан ўралиб “ташқи шаҳар” номи билан атала бошлайди. 1220 йили Афросиёб Чингизхон томонидан вайрон қилингач, бу ерда яшашни иложи қолмайди, тирик қолган халқ ҳозирги эски шаҳар томонга, яъни, Регистон майдони атрофига кўчиб ўтади. Бу ердан оқиб ўтувчи канал анча кенгайиб саёзлаша бошлайди.
Шундан сўнг, канал учун янги ўзан қазилиб жиловланади. Каналнинг эски ўзанида жуда кўп қум тўпланганлиги учун бу жой Регистон, яъни, “қумлоқ жой” деб атала бошланди. Соҳибқирон Амир Темур даврида Регистон майдони ўрнида марказий бозор жойлашган эди, шунингдек, бу ерда жаҳонгирнинг хотини Туман оға томонидан барпо қилинган усти ёпиқ савдо расталари қурилган эди. Регистон майдонининг меъморий томондан шаклланиши Мирзо Улуғбек ҳукумронлиги давридан бошланган. Самарқандга 40 йил (1409-1449 й.) ҳуқмронлик қилган улуғ мунажжим Мирзо Улуғбек бу шаҳарнинг ободончилиги борасида ҳеч нарсани аямади. Мирзо Улуғбекнинг фармони билан Туман оға тимининг ғарбий томонида ҳашаматли мадраса қуриш бошланади.
Сўнгги фикрлар