Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романи янги нашрдан чиқди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида атоқли адиб

Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романи янги нашри китобхонларга тақдим этилди.

 

1 2 3 4

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, академиклар Тўра Мирзаев, Бахтиёр Назаров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ва бошқалар «Уч илдиз» романининг мазмун-моҳияти, ғоявий-бадиий хусусиятлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
– Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг «Уч илдиз» романи 1958 йилда чоп этилиб, неча ўн йиллар мобайнида қайта-қайта нашр этилган ва миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олган эди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси масъул котиби Тўлқин Эшбек. – 2010 йилда адиб мазкур асарини замонга пайваста ҳолда таҳрир қилиб, янги бир боб қўшди. “Камалак” нашриётида лотин алифбосида чоп этилган мазкур романда бугунги ёшлар учун тушунарли бўлиши учун айрим сўзларнинг изоҳлари ҳам берилган.
Айтиш жоизки, мазкур роман талабаларга китоб ўқиш, дарс тайёрлаш масъулияти ва маданиятини, ҳаётда муносиб ўрнини топиш йўлларини ўргатса, ўқитувчиларга ўз устида қандай ишлаш, ёш илм толиблари билан қай тарзда муносабатда бўлиш борасида ҳам катта сабоқ беради. Асарни қунт билан мутолаа қилган ўқувчи XX аср ўрталарида яшаган авлоднинг билим ва савияси, илм олишга интилиши, дунёқараши билан ўз замондошларини қиёслаб кўриш ҳамда хулоса чиқариш имконига эга бўлади. Зотан, бу романни теран нигоҳ ила ўқиганлар маънан бойиб, ҳаётда оқу қорани ажратишда, эзгулик йўлини танлашда адашмайдилар.
– Романнинг «Уч илдиз» деб номланиши замирида ёшларнинг камолотга эришишида аввало учта маънавий илдиз бўлиши ғояси ётибди. Биринчиси, пухта билим олиш, иккинчиси, ҳақиқий инсон бўлиш ва учинчи илдиз – муҳаббатга асосланган оила қуриш. Ҳар бир инсон шу тариқа бахт-иқболга эришиши мумкин, – дейди Ўзбекистон Миллий университети Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, тарихчи олим Аброр Хидиров. – Бу роман воқеаларига айнан бизнинг университетимиз тарих факультетида 1950-55 йилларда юз берган воқеа-ҳодисалар асос қилиб олинган. Ўйлайманки, бугунги талаба-ёшлар романни қунт билан мутолаа қилиб, аввало, ана шундай маънавий илдизлар отишга ва бахтли яшашга интиладилар.
Адабиётшунос олимлар, адиблар бу мавзуда талабаларни қизиқтирган саволларига жавоб қайтарди.
http://uza.uz/oz/culture/manaviy-ildizlar-saodat-kaliti-13-03-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *