Пиримқул Қодиров сабоқлари

Адибнинг “Ён дафтар”идан: Онамизнинг қаттиқ интизом билан тарбиялаганликлари бизнинг фойдамизга бўлган экан.

ПК10

Бетакрор асарлари билан миллионлаб адабиёт ихлосмандлари қалбини забт этган атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировдан катта маънавий мерос қолди. Адибнинг “Студентлар” деган биринчи китоби 1950 йилда нашр этилганидаёқ Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия каби устозлари эътиборини қозонганди.

1958 йилда илк бора чоп этилган “Уч илдиз” романи адабиёт ихлосмандлари қалбидан ўрин олганди. Шундан сўнг, “Қора кўзлар” (1966), “Олмос камар” (1977),“Юлдузли тунлар” (1979), “Авлодлар довони” (1988), “Она лочин видоси” (2000), “Шоҳруҳ ва Гавҳаршод” (2009) романлари ҳам китобхонларнинг маънавий мулкига айланган.

Адибнинг “Қадрим”, “Эрк”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар”, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Акромнинг саргузаштлари” каби қиссалари ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган. Бу асарлар турли даврларда бир неча бор нашр қилиниб, ўз мухлисларининг эътиборини қозонган.

Юртимиз мустақиллиги миллатпарвар адибга туганмас илҳом бахш этганини унинг сўнгги йилларда яратилган асарлари, истиқлолни дилдан тараннум этувчи ўнлаб мақолалари мисолида кўриш мумкин. 2001 йилда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Қалб кўзлари” тўпламидан ўрин олган бадиалар, ўйлар ва мақолаларида юрт истиқлоли қанчалик бебаҳо неъмат эканлиги, уни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозимлиги ҳақида куюнчаклик билан сўз юритилган.

Олим ва адибнинг “Тил ва эл” (2005) ва “Амир Темур сиймоси” (2006) деб номланган салмоқли илмий бадиалари айниқса зиёлиларда жуда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбек адабиёти хазинасига баракали ҳисса қўшган устоз адиб Пиримқул Қодировнинг хизматлари юксак баҳоланиб, 1994 йилда “Шуҳрат” медали, 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2006 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

Раҳматли устоз билан 2010 йил 21 декабрь куни видолашгандик…

Устознинг маънавий меросини батафсилроқ ўрганиш мақсадида набиралари Хуршид Қодиров билан хонадонларига бордик. Устознинг қизлари Яхшигул опа раҳматли ота-оналарининг чироқларини ёқиб ўтирибди…

Узоқ йиллар улуғ адибнинг заҳматли меҳнатларига шоҳид бўлган иш столи, мўъжазгина кутубхонасига разм солиб кўнглим алланечук бўлиб кетди.

Хонанинг бир бурчидаги шкафда буюк ёзувчининг тахлам-тахлам қўлёзмалари, катта сумкада сон-саноқсиз “Ён дафтар”лари қалашиб ётибди.

Қўлёзмаларни варақлаб кўрдим. Аксарияти адиб ҳаётлиги чоғида газета-журналларда, китобларида ёритилган. (Уларни ҳам эътибор билан ўрганамиз).

“Ён дафтар”ларга разм солдим. Эътибор билан ўрганилса, анча-мунча қуйма фикрлар битилган экан. Албатта, уларнинг кўпчилиги машҳур асарларга жо бўлиб кетган. Полиздан олинган қовун таъми ўзгача бўлгани каби адибнинг қуйма фикрларини “Ён дафтар”идаги қўлёзмаларидан ўқишнинг ҳам гашти бўлар экан.

Раҳматли устозимиздан мерос қолган қўлёзмаларни тақдим этгани учун қизлари Яхшигул опага ва набиралари Хуршиджонга самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Пиримқул Қодировнинг “Ён дафтар”ларида қолган битикларини саралаб, оққа кўчириб адабиёт мухлисларига тақдим этиб боришга ҳаракат қиламиз.

Бу маънавий дурдонани ҳозирча “Пиримқул Қодиров сабоқлари” деган умумий сарлавҳа остида ёритиб боришга жазм қилдик.

 ПК11

***

Одамларнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш ёзувчилик касбининг энг улуғвор вазифаси.

***

Тирик жонзотлар орасида фақат инсон китоб ўқийди. Китобдан маънавий озиқ олиб яшаш эҳтиёжи — инсон зотини ҳайвонот дунёсидан ажратиб турадиган улкан чегарадир. Шу чегара бузилса ва инсон маънавиятдан бутунлай маҳрум бўлса, яна орқага — ҳайвоний ҳирслар оламига қайтиб кетади.

***

Ёзувчи нигилизмга берилмаслик, маъносиз абсурд оқимларига тушиб қолмаслик керак.

***

Истиқлолгача яратилган асарларни “даври ўтган” деб, уларни юзаки баҳолайдиганлар модернни янгилик деб тиқиштираётганига бефарқ қараб бўлмайди.

***

Ватанпарварлик ва миллатпарварлик эътиқоди инсон руҳини тор худбинлик қобиғидан эл-юрт кенгликларига олиб чиқади.

***

Одам руҳан фақат ўз уйида эмас, балки шу уй жойлашган катта ватанда яшаётганини юракдан ҳис қилиши керак.

***

Инсон ватан, халқ манфаатини ҳам ўйлаб фикр юритиши лозим.

***

Ҳақиқат ва озодлик каби олий мақсадларга йўналтирилган асарлар олий маънавий қадриятларга айланади.

***

Миллий дард ва ватан туйғуси билан суғорилган оловли шеърлар ёш истеъдодларга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

***

Ўз халқини қадрламаган, ўз ватанидан юз ўгирган одам бутун дунёни ва одамзотни ҳам қоралашга тушиб кетиши мумкин экан.

***

Ҳар бир миллат таркибида яхши ва ёмон одамлар бор. Лекин бутунича ёмон миллат йўқ.

***

Модернистлар ўз халқларининг тарихидаги яхши воқеликларни ҳам инкор этадилар. Улар тарихни ой нури каби ҳароратсиз нарса деб камситадилар ва “Йўқолсин ой нури!” деган шиор билан чиқадилар. Аслида ой нурини ҳам камситиб бўлмайди…

***

Озод Шарафиддинов бир суҳбатида модернизмнинг кроссвордга ўхшаш бошқотирмасини ёқтирмаслигини айтган эди.

***

“Маънавият” бу “маъно” сўзидан келиб чиқадиган юксак қадрият бўлса, “абсурд” луғавий жиҳатдан “маъносизлик” ёки “бемаънилик”ни билдиради.

***

Ҳаётда бемаъниликлар оз эмас. Уларни адабий асарларда ҳаққоний акс эттириш зарур.

***

Ҳаётдаги бемаънилик адабий асарда тасвирланганда унинг инсонга беҳуда азоб берадиган салбий моҳияти ҳам очиб берилиши керак.

***

Нормал одам ўзига душман кўзи билан қараёлмайди.

***

Одам ўзини дўст билиб, ички дўстга ишониб, суяниб яшасагина нимагадир эришади. Акс ҳолда унинг умри дилидаги душман билан олишиб, доимо бир ҳадик ва хавотирлик ичида бесамар ўтиши мумкин.

***

Муҳаббат қўйилган нарсаларга нафрат кўзи билан қараш ҳам маъноси йўқ абсурдга олиб боради.

***

Янги воқелик яратилиши — улкан тарихий жараёндир.

***

Одамзод инқилобий ўзгаришлар фожиасини кўравериб роса безор бўлган. Бутун дунё ҳозир тинч эволюцион тараққиётни афзал кўради.

***

Гард юқмаган қизлик ғурурини асрайди…

***

Қулоққа ёмон эшитиладиган юриш, асли, кишилар дўстлашиб бир-бирларини билишлари учун, илгаригидай кўр-кўрона оила қурмаслик учун керак.

***

Мамлакатимизда маънавиятга жуда катта эътибор берилаяпти. Маънавият дарслари ўтилаётгани халқимизнинг маънавий соғлом ҳаёт кечиришига ёрдам беради, ёшларимизни четдан келадиган ҳаёсизлик, маъносизлик ва шафқатсизликлардан огоҳ қилади, уларни инсоний меҳру оқибат руҳида тарбиялашни мақсад қилиб қўяди.

***

Менга бирон янги нарса ёзиш насиб этса, бу йўлда китобхоннинг маърифий ва маънавий эҳтиёжини озгина бўлса ҳам қондириш, унга мушкул туюлган муаммони таҳлил ва талқин этишда кўмаклашиш учун ўзимни бурчли сезаман.

***

Болаликдан бошланган тарбия муҳимдир.

***

Бизга берилган умр қандайдир тезлик билан учиб ўтмоқда.

***

Тўқсон икки қабилали ўзбеклар ўз аждодлари қайси уруғдан эканини ёддан чиқармаганлар. Аммо шўро даврида уруғ суриштириш “уруғ-аймоқчиликка олиб боради” деб айб қилинди. Бу одамларни тарихий илдизларидан узиб ташлашга хизмат қиладиган ақида эди.

***

Ота-оналар бизни оёққа турғазгунча нечоғли машаққат чекканларини фарзанд ўстирганлар яхши билади.

***

Онамиз бизни зир югуртириб ишлатар, хато қилсак, аямай жазо берар, интизомни жуда қаттиқ тутар эдилар. Шунинг учун болаликдан бошланган тарбия муҳим, деб ҳисоблайман.

***

Онамизнинг қаттиқ интизом билан тарбиялаганликлари бизнинг фойдамизга бўлган экан.

***

Бобур ҳаёти давомида Амир Темурнинг тузукларидаги пурмаъно сўзлардан жуда кўп ибрат олган. Шунинг учун у Ҳиндистонда бошлаб берган бобурийлар сулоласи 332 йил умр кўрган.

***

Қайси нормал одам ёрига аталган гулдан нафис меҳрини ёки Она ватанига аталган илиқ муҳаббатини қаҳру ғазаб манбаи бўлган нафратга алмаштиради?

 

Нашрга тайёрловчи:

Тўлқин ЭШБЕК

ПК1

 Pirimqul Qodirov saboqlari

 Adibning “Yon daftar”idan: Onamizning qattiq intizom bilan tarbiyalaganliklari bizning foydamizga bo`lgan ekan.

 

Betakror asarlari bilan millionlab adabiyot ixlosmandlari qalbini zabt etgan atoqli adib, O`zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirovdan katta ma’naviy meros qoldi. Adibning “Studentlar” degan birinchi kitobi 1950 yilda nashr etilganidayoq Abdulla Qahhor, Oybek, Zulfiya kabi ustozlari e’tiborini qozongandi.

1958 yilda ilk bora chop etilgan “Uch ildiz” romani adabiyot ixlosmandlari qalbidan o`rin olgandi. Shundan so`ng, “Qora ko`zlar” (1966), “Olmos kamar” (1977),“Yulduzli tunlar” (1979), “Avlodlar dovoni” (1988), “Ona lochin vidosi” (2000), “Shohruh va Gavharshod” (2009) romanlari ham kitobxonlarning ma’naviy mulkiga aylangan.

Adibning “Qadrim”, “Erk”, “Meros”, “Botirlar va baxillar”, “Yayra institutga kirmoqchi”, “Akromning sarguzashtlari” kabi qissalari ham katta qiziqish bilan kutib olingan. Bu asarlar turli davrlarda bir necha bor nashr qilinib, o`z muxlislarining e’tiborini qozongan.

Yurtimiz mustaqilligi millatparvar adibga tuganmas ilhom baxsh etganini uning so`nggi yillarda yaratilgan asarlari, istiqlolni dildan tarannum etuvchi o`nlab maqolalari misolida ko`rish mumkin. 2001 yilda “Ma’naviyat” nashriyotida chop etilgan “Qalb ko`zlari” to`plamidan o`rin olgan badialar, o`ylar va maqolalarida yurt istiqloli qanchalik bebaho ne’mat ekanligi, uni ko`z qorachig`idek asrash har birimizning muqaddas burchimiz bo`lmog`i lozimligi haqida kuyunchaklik bilan so`z yuritilgan.

Olim va adibning “Til va el” (2005) va “Amir Temur siymosi” (2006) deb nomlangan salmoqli ilmiy badialari ayniqsa ziyolilarda juda katta qiziqish uyg`otdi.

O`zbek adabiyoti xazinasiga barakali hissa qo`shgan ustoz adib Pirimqul Qodirovning xizmatlari yuksak baholanib, 1994 yilda “Shuhrat” medali, 1998 yilda “El-yurt hurmati”, 2006 yilda “Buyuk xizmatlari uchun” ordenlari bilan mukofotlangan.

Rahmatli ustoz bilan 2010 yil 21 dekabr kuni vidolashgandik…

Ustozning ma’naviy merosini batafsilroq o`rganish maqsadida nabiralari Xurshid Qodirov bilan xonadonlariga bordik. Ustozning qizlari Yaxshigul opa rahmatli ota-onalarining chiroqlarini yoqib o`tiribdi…

Uzoq yillar ulug` adibning zahmatli mehnatlariga shohid bo`lgan ish stoli, mo`’jazgina kutubxonasiga razm solib ko`nglim allanechuk bo`lib ketdi.

Xonaning bir burchidagi shkafda buyuk yozuvchining taxlam-taxlam qo`lyozmalari, katta sumkada son-sanoqsiz “Yon daftar”lari qalashib yotibdi.

Qo`lyozmalarni varaqlab ko`rdim. Aksariyati adib hayotligi chog`ida gazeta-jurnallarda, kitoblarida yoritilgan. (Ularni ham e’tibor bilan o`rganamiz).

“Yon daftar”larga razm soldim. E’tibor bilan o`rganilsa, ancha-muncha quyma fikrlar bitilgan ekan. Albatta, ularning ko`pchiligi mashhur asarlarga jo bo`lib ketgan. Polizdan olingan qovun ta’mi o`zgacha bo`lgani kabi adibning quyma fikrlarini “Yon daftar”idagi qo`lyozmalaridan o`qishning ham gashti bo`lar ekan.

Rahmatli ustozimizdan meros qolgan qo`lyozmalarni taqdim etgani uchun qizlari Yaxshigul opaga va nabiralari Xurshidjonga samimiy minnatdorchilik bildiramiz.

Pirimqul Qodirovning “Yon daftar”larida qolgan bitiklarini saralab, oqqa ko`chirib adabiyot muxlislariga taqdim etib borishga harakat qilamiz.

Bu ma’naviy durdonani hozircha “Pirimqul Qodirov saboqlari” degan umumiy sarlavha ostida yoritib borishga jazm qildik.

 ПК3

***

Odamlarning ma’naviy ehtiyojlarini qondirish yozuvchilik kasbining eng ulug`vor vazifasi.

***

Tirik jonzotlar orasida faqat inson kitob o`qiydi. Kitobdan ma’naviy oziq olib yashash ehtiyoji — inson zotini hayvonot dunyosidan ajratib turadigan ulkan chegaradir. Shu chegara buzilsa va inson ma’naviyatdan butunlay mahrum bo`lsa, yana orqaga — hayvoniy hirslar olamiga qaytib ketadi.

***

Yozuvchi nigilizmga berilmaslik, ma’nosiz absurd oqimlariga tushib qolmaslik kerak.

***

Istiqlolgacha yaratilgan asarlarni “davri o`tgan” deb, ularni yuzaki baholaydiganlar modernni yangilik deb tiqishtirayotganiga befarq qarab bo`lmaydi.

***

Vatanparvarlik va millatparvarlik e’tiqodi inson ruhini tor xudbinlik qobig`idan el-yurt kengliklariga olib chiqadi.

***

Odam ruhan faqat o`z uyida emas, balki shu uy joylashgan katta vatanda yashayotganini yurakdan his qilishi kerak.

***

Inson vatan, xalq manfaatini ham o`ylab fikr yuritishi lozim.

***

Haqiqat va ozodlik kabi oliy maqsadlarga yo`naltirilgan asarlar oliy ma’naviy qadriyatlarga aylanadi.

***

Milliy dard va vatan tuyg`usi bilan sug`orilgan olovli she’rlar yosh iste’dodlarga o`z ta’sirini o`tkazmay qolmaydi.

***

O`z xalqini qadrlamagan, o`z vatanidan yuz o`girgan odam butun dunyoni va odamzotni ham qoralashga tushib ketishi mumkin ekan.

***

Har bir millat tarkibida yaxshi va yomon odamlar bor. Lekin butunicha yomon millat yo`q.

***

Modernistlar o`z xalqlarining tarixidagi yaxshi voqeliklarni ham inkor etadilar. Ular tarixni oy nuri kabi haroratsiz narsa deb kamsitadilar va “Yo`qolsin oy nuri!” degan shior bilan chiqadilar. Aslida oy nurini ham kamsitib bo`lmaydi…

***

Ozod Sharafiddinov bir suhbatida modernizmning krossvordga o`xshash boshqotirmasini yoqtirmasligini aytgan edi.

***

“Ma’naviyat” bu “ma’no” so`zidan kelib chiqadigan yuksak qadriyat bo`lsa, “absurd” lug`aviy jihatdan “ma’nosizlik” yoki “bema’nilik”ni bildiradi.

***

Hayotda bema’niliklar oz emas. Ularni adabiy asarlarda haqqoniy aks ettirish zarur.

***

Hayotdagi bema’nilik adabiy asarda tasvirlanganda uning insonga behuda azob beradigan salbiy mohiyati ham ochib berilishi kerak.

***

Normal odam o`ziga dushman ko`zi bilan qarayolmaydi.

***

Odam o`zini do`st bilib, ichki do`stga ishonib, suyanib yashasagina nimagadir erishadi. Aks holda uning umri dilidagi dushman bilan olishib, doimo bir hadik va xavotirlik ichida besamar o`tishi mumkin.

***

Muhabbat qo`yilgan narsalarga nafrat ko`zi bilan qarash ham ma’nosi yo`q absurdga olib boradi.

***

Yangi voqelik yaratilishi — ulkan tarixiy jarayondir.

***

Odamzod inqilobiy o`zgarishlar fojiasini ko`raverib rosa bezor bo`lgan. Butun dunyo hozir tinch evolyutsion taraqqiyotni afzal ko`radi.

***

Gard yuqmagan qizlik g`ururini asraydi…

***

Quloqqa yomon eshitiladigan yurish, asli, kishilar do`stlashib bir-birlarini bilishlari uchun, ilgarigiday ko`r-ko`rona oila qurmaslik uchun kerak.

***

Mamlakatimizda ma’naviyatga juda katta e’tibor berilayapti. Ma’naviyat darslari o`tilayotgani xalqimizning ma’naviy sog`lom hayot kechirishiga yordam beradi, yoshlarimizni chetdan keladigan hayosizlik, ma’nosizlik va shafqatsizliklardan ogoh qiladi, ularni insoniy mehru oqibat ruhida tarbiyalashni maqsad qilib qo`yadi.

***

Menga biron yangi narsa yozish nasib etsa, bu yo`lda kitobxonning ma’rifiy va ma’naviy ehtiyojini ozgina bo`lsa ham qondirish, unga mushkul tuyulgan muammoni tahlil va talqin etishda ko`maklashish uchun o`zimni burchli sezaman.

***

Bolalikdan boshlangan tarbiya muhimdir.

***

Bizga berilgan umr qandaydir tezlik bilan uchib o`tmoqda.

***

To`qson ikki qabilali o`zbeklar o`z ajdodlari qaysi urug`dan ekanini yoddan chiqarmaganlar. Ammo sho`ro davrida urug` surishtirish “urug`-aymoqchilikka olib boradi” deb ayb qilindi. Bu odamlarni tarixiy ildizlaridan uzib tashlashga xizmat qiladigan aqida edi.

***

Ota-onalar bizni oyoqqa turg`azguncha nechog`li mashaqqat chekkanlarini farzand o`stirganlar yaxshi biladi.

***

Onamiz bizni zir yugurtirib ishlatar, xato qilsak, ayamay jazo berar, intizomni juda qattiq tutar edilar. Shuning uchun bolalikdan boshlangan tarbiya muhim, deb hisoblayman.

***

Onamizning qattiq intizom bilan tarbiyalaganliklari bizning foydamizga bo`lgan ekan.

***

Bobur hayoti davomida Amir Temurning tuzuklaridagi purma’no so`zlardan juda ko`p ibrat olgan. Shuning uchun u Hindistonda boshlab bergan boburiylar sulolasi 332 yil umr ko`rgan.

***

Qaysi normal odam yoriga atalgan guldan nafis mehrini yoki Ona vataniga atalgan iliq muhabbatini qahru g`azab manbai bo`lgan nafratga almashtiradi?

 ПК9

Nashrga tayyorlovchi:

To`lqin ESHBEK

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *