Президент асарлари – давримиз солномаси
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасида Президентимиз Ислом Каримовнинг янги асарларини ўрганиш юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек касаба уюшмаси ходимлари билан суҳбатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг яқинда нашрдан чиққан “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” ва “Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир” номли китоблари мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.
– Давлатимиз раҳбарининг китоблари давримизнинг ўзига хос солномаси десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз,– деди маърузачи.– Эътибор берган бўлсангиз, муҳтарам Юртбошимизнинг турли йилларда чоп этилган китоблари номларидаёқ ўша даврдаги ҳаётимиз, бошимиздан кечирган воқеа-ҳодисалар моҳияти акс этганини англайсиз. “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобидан ўрин олган нутқлари, “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг”, “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли”, “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат”, “Буюк мақсад йўлидан оғишмайлик”, “Ислоҳотдан мақсад халқ турмуш даражасини юксалтиришдир”, “Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин”, “Бунёдкoрлик йўлидан”, “Янгича фикрлаш – давр талаби”, “Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан”, “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”, “Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз”, “Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз”, “Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак”, “Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли”, “Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ”, “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди”, “Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир”, “Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида”, “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари”, “Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш – мамлакатимиз тараққиётининг асосий мезонидир”, “Мамлакатимизни янада обод этиш ва модернизация қилишни қатъият билан давом эттириш йўлида”…
Бу китоблар номида, давлатимиз раҳбарининг нутқлари сарлавҳаларида ҳам, уларнинг замирида ҳам ўша даврдаги воқеликлар ўз аксини топган.
Мана энди бугунги дориломон кунларга хос-у мос китоб: “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир”. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган бу китобида Она юрт бахту иқболи ҳақида фахр билан сўз юритилмоқда! Буюк келажагимиз йўлида хизмат қилиш – энг олий саодат эканлиги ҳақидаги фикрлар ҳар биримизга ғурур бахш этади.
Шуни фахр-ифтихор билан айтиш жоизки, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобининг бош қаҳрамони – муаллифнинг ўзлари, Президентимиз Ислом Каримов бўлса, асосий қаҳрамонлари – Юртбошимиз атрофига жипслашиб Ватан равнақи учун астойдил хизмат қилаётган заҳматкаш халқимиз, мўл-кўл ҳосиллар етиштираётган бободеҳқонлар, серҳосил боғлар яратаётган боғбонлар, замонавий бинолар барпо этаётган бунёдкорлар, равон йўллар қуришаётган йўлсозлар, борлиққа нур таратаётган энергетиклар, узоқ манзилларни яқин қилишаётган ҳаво кемаларидан тортиб поезду автомобилларгача бошқариб келишаётган фидойилар, зиёлилар, олимлар, ихтирочилар, санъат ва маданият ходимлари, пиру бадавлат отахону онахонлар, камол топаётган ёшлар ва барча эзгу ниятли замондошларимиздир!
Ушбу китобда давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш, жумладан, ижтимоий соҳалар – таълим-тарбия, илму фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, жамиятимизда аёллар, кексалар ва ёшларнинг ўрни, уларга янада қулай шароит ва имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалалар; ҳар бир ҳудуд ва минтақа бўйича яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган режалар, устувор лойиҳалар; қадимий ва янги тарихимиз ҳақида, собиқ советлар тузуми моҳиятини фош этадиган мисоллар, бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида бу тузумни тиклашга бўлаётган ҳаракатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлари ҳар томонлама пухта асосланган ҳолда баён қилинган. Китобда баён этилган кўплаб воқеа-ҳодисалар мустақил Ўзбекистонимиз, халқимизнинг янги тарихини ўрганишимизда ғоят қимматли манбадир.
Ўтмишини унутган халқнинг келажаги қандай бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борадаги билим ва маънавий оламимизни янада бойитиш учун ҳаётга теран нигоҳ билан боқиш билан бир қаторда ушбу мавзудаги ишончли манбаларни, китобларни чуқур ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.
Бу китобнинг асосий мазмун-моҳияти унинг мундарижасидан ўрин олган мавзуларида ўз ифодасини топган. Китобга битилган сўзбошида қайд этилганидек, 2015 йил 29 март куни юртимизда улкан сиёсий воқеа Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Бу ҳакда сўз юритганда, аввало, ҳар томонлама юқори савияда, муқобиллик асосида ўтган бу сайлов мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида яна бир муҳим, ҳал қилувчи босқич бўлиб, халқимизнинг ўз кучи ва салоҳиятига бўлган ишончи нақадар мустаҳкам экани, унинг сиёсий-ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги, Ватанимизнинг бугунги ва эртанги такдири учун дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётганини амалда яққол намоён этганини таъкидлаш лозим.
Мазкур тўпламнинг бош ғоясини қуйидаги сўзларда мужассам бўлган энг муҳим ўзак фикр ташкил этади: «Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтда «Эртага ким бўлишимиз. кандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим». Китобда шундай ёндашув асосида мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўли теран таҳлил қилиниб, бу ҳаётий саволларга чуқур ва ҳаққоний жавоблар берилган.
Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўзида мужассам этган ушбу китоб биз учун аввало янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини яна бир бор кашф этишга асос бўлади. Шу билан бир қаторда бу асар жамиятимиз тараққиёт фалсафасини, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб берадиган муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, эртанги кунга умид ва ишонч туйғуси билан қарайдиган барча замондошларимиз, айниқса, дунёқараши муносиб шаклланаётган ёшлар давлатимиз раҳбарининг бу китобини зийраклик билан ўқиб ўрганишлари мақсадга мувофиқдир.
Юртимиз истиқлоли йилларида бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин ва теран фикр-мулоҳазалар “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ўз ифодасини топган. Бу асарни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди. Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур, деди маърузачи. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари ғоят муҳим манба ва таъбир жоиз бўлса – ишончли қўлланма, дейиш ўринлидир. Бу асарни қанчалик чуқур ўргансангиз, шу қадар маънавий юксакликка эришавераверасиз, деди маърузачи. У мазкур асар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, асрлар давомида не-не босқинларни кўрган аждодларимизни ҳеч ким тилидан, иймон-эътиқодидан, урф-одатларидан, миллий қадриятларидан жудо қила олмаганини қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Бундан кўриниб турибдики, энг қудратли, енгилмас КУЧ – юксак маънавият бўлган экан!
Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган.
Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.
Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Маърузачи давлатимиз раҳбарининг яқинда нашрдан чиққан “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” ва “Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир” номли китоблари мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритди. У мазкур асарлар истиқлол йилларида мамлакатимиз қандай оғир ва мураккаб, шу билан бирга шарафли йўлни босиб ўтгани, мустақиллик йилларида барча вилоятларда буюк ўзгаришлар содир бўлганини чуқур англашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Маълумки, давлатимиз раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида шу йил 30 июнь-1 июль кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб, мазкур вилоятларнинг фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, самимий суҳбатлашди. Ушбу китоблардан ана шу суҳбатлар пайтида Юртбошимиз томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрин олган бўлиб, уларда нафақат Сурхон ва Қашқа воҳалари, балки бутун мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги тараққиёти, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни, обод ва фаровон ҳаётни янада мустаҳкамлаш ва қадрига етиш, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш, бунёдкорлик ишларини янги босқичга кўтариш, ёшларимизни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш каби ўта муҳим ва долзарб масалалар бўйича фикр юритилади.
Мазкур вилоятларнинг ўзига хос табиати, улкан иқтисодий ва инсоний салоҳияти, бетакрор қадрият ва анъаналари, Сурхондарё ва Қашқадарё заминининг мард ва олижаноб инсонлари тўғрисида Юртбошимиз катта меҳр ва ғурур туйғулари билан фикр юритади. Ушбу китобларда тарихан қисқа муддатда Термиз, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб, мамлакатимизнинг энг йирик, жадал ривожланиб бораётган иқтисодий ва маданий марказларига айлангани аниқ мисоллар асосида таҳлил этилади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудуд ва минтақалари сингари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам улкан ўзгаришлар рўй бергани мазкур китобларда алоҳида таъкидланади. Мустабид тузум даврида асосан пахта хомашёси етиштириш билан чекланган бу воҳаларда бугунги кунда замонавий технологиялар билан жиҳозланган йирик саноат корхоналари, коммуникация тармоқлари фаолият кўрсатаётгани, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланиб, қишлоқ ва шаҳарлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси, онгу тафаккури, дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётгани ва бундай ютуқлар замирида мужассам бўлган омиллар ҳақида теран фикр-мулоҳазалар баён қилинади.
Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам улкан янгиланиш ва ўзгаришлар рўй бермоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси юксалиб бораётир. Бир вақтлар фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирган бу вилоятларда бугун саноат, кичик бизнес, маданият, туризм ва бошқа соҳалар жадал ривожланмоқда. Мазкур китобларда тадбиркор ва фермерларнинг фаолиятига юқори баҳо берилиб, келгусидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтилган. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришида замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш, истиқболли навларни экиб, ҳосилдорликни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу мақсад ва вазифалар барчамизга улкан масъулият юклайди.
Ҳажман кичик, лекин мазмунан чуқур бу китобларни “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради. Мухтасар айтганда, Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур рисолалари истиқлол йилларида мамлакатимиз қандай оғир ва мураккаб, шу билан бирга шарафли йўлни босиб ўтгани, мустақиллик ҳар бир вилоятимиз, шаҳримиз ва қишлоғимиз, ҳар бир юртдошимиз ҳаётида буюк ўзгаришларга асос ва замин бўлаётганини чуқур англашга хизмат қилади – ва ана шу бебаҳо неъматни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга даъват этади. Ушбу китобларни «Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди» деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради.
– Юртбошимизнинг мазкур китобларини жамоамиз ходимлари катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар,– деди Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси Анваржон Абдумухторов.– Кечаги ўтмишимиз ва бугун эришган юксак марраларимиз ҳақида чуқур мушоҳада юритилган бу ҳаётбахш китобларни теран мушоҳада билан мутолаа қилган кишининг маънавий олами янада бойиши билан бир қаторда она юртимизга муҳаббат ва садоқат туйғулари жўш уради. Ҳар бир инсон шундай улуғ Ватан фарзанди эканлигидан фахрланади ва унга сидқи-дилдан хизмат қилиш – муқаддас бурч эканлигини дилдан англайди.
Эркин УСМОНОВ,
журналист
Сўнгги фикрлар