Мазкур қарорга асосан Мўйноқ тумани географик жойлашуви, ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик даражаси, табиий иқлим шароити ва ресурслари ҳамда аҳолининг талабларини ҳисобга олган ҳолда, туманда 2017-2018 йилларда умумий қиймати 52,3 млрд. сўм, жумладан 990 минг АҚШ долларига тенг бўлган 72та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1343та янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган. Жумладан:
— Саноат йўналишида 28та лойиҳа (30,2 млрд.сўм, 990 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция) бўйича 958та янги иш ўрни;
— Хизмат кўрсатиш, сервис ва туризм йўналишида 28та лойиҳа (17,2 млрд.сўм миқдорида инвестиция) бўйича 282та янги иш ўрни;
— қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишида 16та лойиҳа (4,9 млрд.сўм миқдорида инвестиция) бўйича 103та янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Шунингдек, туманга инвесторларни кенгроқ жалб қилиш ва тадбиркорларга янгича ёндашув асосида қулайликлар яратиш мақсадида:
— Мўйноқ туманидаги собиқ “Мўйноқ балиқ консерва комбинати” ҳудудида 16 гектар ва собиқ 5-қурилиш бошқармаси ҳудудида 4,5 гектар, жами 20,5 гектар майдонда электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, сув насослари, сув ҳисоблагичлари, сув қувурлари, тайёр трикотаж, тикувчилик ва бошқа замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича “Мўйноқ” кичик саноат зонасини барпо этиш;
— “Мўйноқ” кичик саноат зонасида янги ташкил этиладиган ва унинг майдонида саноат соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқлардан;
— туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқдан;
— туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар томонидан таъсисчиларга тўланадиган дивидендлар тазидаги даромадлар солиқдан 10 йил муддатга озод қилиниши белгиланди.
Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда Мўйноқ туманида амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар бўйича тадбиркорлик субъектлари учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида кредитлар ажратиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ Мўйноқ туманидаги давлат мулки бўлган 12та бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида салоҳиятли инвесторларга «ноль» харид қийматида ҳамда фойдаланилмаётган бошқа давлат объектлари «ноль» қийматда ижарага ҳам берилиши белгиланди.
Мўйноқда туризмни ривожлантириш йўналишларига асос солинди. Хусусан, туман марказида Moynaq City Center савдо-туризм коплексини ташкил қилиниши ва бу лойиҳа бўйича “Меҳмонхона”, “Китоблар дунёси”, “Совғалар киоски”, “Фитнесс-маркази”, “Гўзаллик салони”, “Оптика”, “Интернет кафе” ташкил қилинади. Бундан ташқари, унда “Орол денгизи қирғоқлари бўйлаб квадрациклда учиш”, “Орол денгизи уникал минералларига тўйинган балчиқ (гряз) билан даволаш”, “Оролнинг сертузли даволаш ванналарини қабул қилиш” каби туристик хизматлар кўрсатувчи “Туризм Маркази” фаолиятини йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Аҳамиятли томони шундаки, қарорда Мўйноқ тумани ва Орол денгизи тарихи ва бугунги кунини дунё миқёсидаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб, Мўйноқни Ўзбекистоннинг туризм марказларидан бирига айлантириш мақсадида ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг грант ва донор маблағларини жалб қилган ҳолда бир қатор тадбирларни, жумладан
— “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзусида ҳар йили халқаро Экофестивал ўтказиш;
— “Ўлкашунослик” музейини қайта реконструкция қилиш ва шу орқали денгиз ҳақидаги тарихий фотолар ва видеоёзувларни намойиш қилувчи замонавий 3-D технологиялар билан жиҳозлаш;
— қуриб бораётган Орол денгизи рамзи сифатида унинг қирғоқида Мўйноқ маёғини қуриш ва унинг ёндаш ҳолда “денгиз тўлқини шовқини” мусиқаси фони билан куй таратувчи кафе-ресторани қурилиши;
“Орол денгизи балиқларидан 99 турдаги таомлар” номли Гастрономик фестивал ўтказиш;
Қорақалпоқ халқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёзга бағишланган Халқаро мусиқий-шеърий Фестивалларини ташкил қилиш;
Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудидаги 11та кеманинг қайта тиклаш ва уларга қизиқиш юқори бўлган туристлар келувчи мамлакатлар номини бериш;
Орол денгизининг қуриб қолган чегарасини белгиларини тиклаш ва бу жойларда денгизнинг эски харитаси туширилган катта масштабли билбордларга жойлаштириш;
“Сувни тежаш технологиялари”, “Сувни муҳофаза қилиш тадбирлари”, “Денгиз ва дарё ҳавзаларини биоэкологиясини сақлаш ва ҳимоя қилиш” ва бошқа мавзуларида конференциялар ўтказиш;
Орол мавзуси ва денгизни тасвирловчи сувенирлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
Қорақалпоқ ва Мўйноқ анъаналари тимсоли туширилган гилам тўқиш бўйича ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйиш;
Мўйноқнинг тўқимачилик маҳсулотлари ва сувенирларини сотиш бўйича Нукус, Урганч, Хива, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда савдо расталари ташкил этиш;
Мўйноқ тумани ва Орол денгизи туризм салоҳиятини намойиш этишга доир йирик масштабли баннерлар тайёрлаш ҳамда Нукус, Урганч, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида бепул жойлаштириш;
Мўйноқ ва Орол денгизи тарихи, ҳудуднинг табиати, ҳайвонот олами ва туман аҳолисининг анъаналари, урф-одатлари, Бердақ ва Ажиниёз каби қорақалпоқ халқ шоирлари ва алломалари ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар ҳамда роликлар яратиш, уларни миллий телевидение орқали намойиш этиб бориш.
Мўйноқ тумани ва Орол денгизи ҳудудига туристларни кенгроқ жалб қилиш имкониятлари, ҳудуднинг табиати, ҳайвонот олами ва туман аҳолисининг анъаналари, урф-одатлари ҳақида видеороликлар тайёрлаш учун “Моя Планета”, National Geographic, Animal Planet, Viasat Explore каби етакчи телеканалларни таклиф этиш.
Туристлар оқими камайган мавсумларда Республика миқёсида Олий ўқув юртлари талабалари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва йирик ташкилотлар ходимларини ташкиллаштирилган ҳолда Мўйноқ тумани ҳудудига саёҳатларини амалга ошириш.
Мўйноқ тумани ҳудудини янада ободонлаштириш, кўп қаватли уйларнинг том, фасад қисмлари, подъезд ва йўлакларини таъмирлаш ва ўриндиқлар ўрнатиш, болалар майдончалари (ўйингоҳлари) ташкил қилиш ҳамда атрофини тартибга келтириш каби тадбирларни амалга ошириш ҳам мўлжалланган.
http://kun.uz
Сўнгги фикрлар