Президент сайлови – демократик янгиланиш ва ислоҳотлар кўзгуси
Мамлакатимизда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон
Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирди. ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов билан ушбу сайловнинг мамлакатимиз ҳаёти ва тараққиётидаги аҳамияти, миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар, сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида суҳбатлашди.
– Мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бевақт вафоти барчамиз, бутун халқимиз учун оғир жудолик бўлди, – дейди М.Абдусаломов. – Юртбошимиз республикамиз деярли жар ёқасига келиб қолган, оғир ижтимоий-иқтисодий муаммолар жамиятда кескин норозилик кайфиятини туғдирган мураккаб ва таҳликали бир пайтда республика раҳбари этиб сайланган эди. Буюк Йўлбошчимиз ўзининг оқил ва доно сиёсати, узоқни кўра олиши, ҳар бир муаммо ва масаланинг ечими устида чуқур ўйлаб, етти ўлчаб, бир кесиши натижасида нафақат ўша даврда вужудга келган вазиятнинг янада чуқурлашиб, олов олиб кетишининг олдини олишга эришди, балки Ватанимиз истиқлолини эълон қилиб, уни мустақил тараққиёт йўлига олиб чиқди. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистон ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга бўлган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқ фаровонлигини, унинг ҳаёт сифатини ва даражасини муттасил ошириб бориш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш йўлида оламшумул ютуқларга эришди.
Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларининг ҳуқуқий асосини белгилаб берган кўплаб қонун ҳужжатларининг ташаббускори ва ижодкори бўлди. Ўзбекистонда демократик тамойилларга тўлиқ жавоб берадиган миллий сайлов тизими ва қонунчилиги яратилгани ҳам бевосита Биринчи Президентимиз номи ва фаолияти билан боғлиқ.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланган ва жаҳонда эътироф этилган муҳим демократик принциплар ташкил қилади. Бу ҳақда гапирганда, аксарият хорижлик мустақил экспертлар бугунги кунда Ўзбекистон сайлов қонунчилиги демократияга мувофиқлик даражаси бўйича дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларининг сайлов тўғрисидаги қонунларидан устундир, деган фикрда эканини айтиб ўтиш ўринлидир.
Мамлакатимизда яратилган ана шундай демократик сайлов қонунчилиги парламент, Президент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96- ва 117-моддалари, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуннинг 5- ва 9-моддаларига мувофиқ 2016 йил 4 декабрь кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилади ва 9 сентябрдан сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда давлат бошқарувида президентлик институти асосий ўрин тутади. Мамлакатимиз ҳали собиқ иттифоқ таркибида бўлган даврда Ислом Каримов асос солган бу институт мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадам эди. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан кейин президентлик институти ўзининг том маънодаги мазмун-моҳиятига эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганидек, Президент давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Президент фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафолатидир.
Мустақил Ўзбекистон тарихининг ҳозирги даврида олдимизда ниҳоятда масъулиятли вазифа турибди. Юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни, фуқаролар ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини изчил юксалтириб бориш, Ватанимизнинг дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши йўлидаги эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқариш бўйича стратегик ва устувор вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.
Шу маънода жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида ғоят муҳим ўрин тутадиган ижтимоий-сиёсий тадбир ҳисобланади.
Мазкур сайловга ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник жиҳатдан юксак даражада тайёргарлик кўриш, уни миллий сайлов қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган демократик принципларга тўлиқ мувофиқ ҳолда, очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш катта аҳамиятга эга. Бунинг учун мамлакатимизда барча шарт-шароит яратилган.
– Президент сайловини демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтказишни кафолатлайдиган ҳуқуқий асослар тўғрисида кенгроқ маълумот берсангиз.
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси миллий сайлов тизимининг фаолият юритиши ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини демократик ривожлантиришда, шубҳасиз, асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Конституцияда, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланиши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, мустақиллик йилларида Президент сайлови жараёнини тартибга соладиган қонунлар яратилди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.
Мамлакатимизда ушбу соҳада қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар, Президентликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган.
Миллий қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида сайловларнинг қонун талабларига мувофиқ равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган ҳамда фақат қонунга бўйсунадиган мустақил сайлов комиссиялари ҳақидаги меъёр мустаҳкамлаб қўйилгани сайлов тизимининг энг муҳим хусусиятидир.
– Сайлов қонунчилигига кейинги йилларда киритилган ўзгартиришлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Мамлакатимизда тўпланган демократик сайловлар ўтказиш тажрибаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳисобга олган ҳолда сайлов қонунчилиги изчил такомиллаштирилмоқда. Айтиб ўтиш керакки, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ҳамда 2015 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови демократик сайлов тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ўзгаришлар ўз самарасини бераётганини кўрсатди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида сайлов қонунчилигига сайлов эркинлиги принципини янада тўлиқ амалга оширишга оид меъёрлар киритилди. Бу сайловолди ташвиқотини ўтказишда сиёсий партиялар ва улар томонидан кўрсатилган номзодларни тенг шароитлар билан таъминлаш самарадорлигини ошириш, сайлов давомида ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш имконини берди.
2015 йилда ўтказилган Президент сайловидан кейин «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг такомиллаштирилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қонунда сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишида енгиллик берилди. Сиёсий партия томонидан тақдим этиладиган имзо варақалари сайловчилар умумий сонининг 5 фоизидан 1 фоизигача камайтирилди. Жорий йилги Президент сайловида қатнашаётган сиёсий партиялар сайловчиларнинг зарур миқдордаги имзоларини тўплашда бу имкониятдан фойдаланди.
Овоз бериш тартибига оид қоидаларнинг такомиллаштирилгани сайловларни янада либераллаштириш, уларнинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ва мустақил билдириши учун янада қулай шарт-шароит яратди.
Тараққий этган давлатлар қонунчилигида мавжуд бўлган сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганда сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслигига доир норма ҳам қонунчилигимизга киритилди. Бу сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайрихоҳлигини аниқлаб олиш, ким ва қандай сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида аниқ бир қарорга келиши учун қўшимча имконият яратади. Бу овоз бериш куни арафасида турли суиистеъмоллик ҳолатлари ва қонунбузилишларининг олдини олади.
Муддатидан аввал овоз бериш тартибини ҳам қонунчилик нуқтаи назаридан такомиллаштириш зарурати мавжуд эди. Шу муносабат билан юқорида қайд этилган қонунда сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш тартиби мустаҳкамлаб қўйилди.
Шуни ҳам айтиш лозимки, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш имконияти “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунларга киритилган эди. Бу амалиёт Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов вақтида, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси қарорига асосан 2015 йилда бўлиб ўтган Президент сайловида муваффақиятли синаб кўрилди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида қамоқда сақлаш жойларида суд ҳуқми чиқарилмаган шахсларнинг овоз бериши учун имконият яратилди.
Сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясининг ўндан зиёд низом ва йўриқномаси қайта кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловчилар рўйхатини тузиш тартиби, номзодлар кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаб тўпланган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиб-таомили, сайловолди ташвиқоти ҳамда сайлов кампанияси молиялаштирилиши, шикоят ва аризалар кўриб чиқилиши, шунингдек, кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва вазифаларига оид масалаларни тартибга соладиган ҳужжатлар янгиланганди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунларда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан бўлган кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши ҳақидаги норма мустаҳкамланди.
– Сайловга тайёргарлик ишлари қандай кетмоқда?
– Барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолияти ва сайлов жараёнининг ҳар бир босқичида ўтказиладиган тадбирлар тегишли қонунлар ҳамда қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури асосида олиб борилмоқда. Сайлов кампаниясини юксак демократик даражада ташкил этиш, округ ва участка сайлов комиссияларининг самарали фаолият кўрсатиши, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи тузилди, округ сайлов комиссиялари томонидан 9 минг 378 сайлов участкаси ташкил этилди. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Участка сайлов комиссиялари таркиби шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинган. Округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 56 нафари хотин-қизлардир, уларнинг 12 нафари сайлов комиссияларининг раҳбариятидан жой эгаллаган. Участка сайлов комиссиялари таркибида хотин-қизлар сони 47,4 фоизни ташкил этади. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 26,7 фоизи хотин-қизлардир.
Сайлов округлари ва участкалари барча шарт-шароитларга эга замонавий биноларда жойлаштирилиб, транспорт, ахборот-коммуникация ва алоқа воситалари, шу жумладан, интернетга уланиш имкониятлари билан таъминланмоқда.
Жисмоний имкониятлари чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида ҳар бир сайлов участкаси ногиронларнинг аравачалари бемалол бинога киришини назарда тутадиган алоҳида пандус билан жиҳозланмоқда. Бундан ташқари, кабиналарнинг бири ногиронларнинг овоз бериши учун мўлжалланмоқда. Кўзи ожиз фуқароларга брайл алифбосида сайлов мавзуси бўйича турли рисолалар тайёрланмоқда, илк марта улар учун мўлжалланган сайлов бюллетенларини тайёрлаш режалаштирилган. Буларнинг барчаси имконияти чекланган шахслар жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканини инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда.
Маълумки, участка сайлов комиссиялари фаолиятини тўғри ташкил этиш сайлов кампаниясини тўғри олиб боришнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис бу жиҳатга янада катта масъулият билан ёндашилмоқда, сайлов участкаларини тайёрлаш, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Участка сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этишга қаратилган уч босқичли семинар-тренинглар дастури ишлаб чиқилди. Мамлакат, вилоят ва туманлар миқёсида ташкил этилаётган мазкур тадбирларда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича экспертлар ҳам бевосита иштирок этиб, участка сайлов комиссиялари фаолиятини молиялаштириш, сайловчилар рўйхатини тузишнинг ўзига хос хусусиятлари, овоз бериш жараёнини ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, муддатидан олдин овоз беришни ташкил қилиш сингари долзарб масалалар бўйича участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва малакалари оширилмоқда.
Бугунги кунда сайлов участкалари фуқароларимизнинг нафақат ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, балки номзодлар сайловолди дастурлари ва таржимаи ҳоллари билан танишиши учун сиёсий-маърифий марказга айланган. Бу ерда сайловчи сайловга оид ҳар қандай маълумотни олиши мумкин.
Миллий сайлов амалиётимиз тарихида биринчи бор Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури қабул қилинди.
Дастур фуқароларга истиқлол йилларида яратилган миллий сайлов тизими, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун, сўнгги йилларда унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда сайловчиларнинг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш ишларини олиб боришни назарда тутади.
Тарғибот тадбирлари давра суҳбати, семинар, учрашув, бевосита мулоқот, конференция, тренинг шаклида, оммавий ахборот воситалари орқали мақола, эшиттириш ва кўрсатувлар эълон қилиш, турли рисола, флаер ва бошқа тарғибот материалларини тайёрлаш орқали амалга оширилмоқда.
Дастурда назарда тутилган тадбирлар доирасида аҳолининг барча қатлами, хориждаги юртдошларимиз қамраб олинмоқда. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Байналмилал маданият маркази, фуқаролик жамияти институтлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини янада ошириш мақсадида турли акциялар ўтказмоқда.
Сайловчилар ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларида оилавий овоз беришнинг олдини олишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жойларда сайловчилар, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари иштирокида семинарлар ўтказилмоқда. Ҳозирги пайтда шу мавзуда 100 минг дона ташвиқот плакатлари чоп этишга буюртма берилган бўлиб, уларни мамлакатимиз бўйлаб шаҳар ва қишлоқларнинг одамлар гавжум бўлган масканларида жойлаштириш режалаштирилган.
– Сайлов кампаниясининг энг муҳим босқичларидан бири бўлган сайловолди ташвиқоти давом этмоқда. Ушбу жараён ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Сайловолди ташвиқоти сайлов кампаниясида ғоят муҳим ўрин тутади. Бу жараёнга барча демократик давлатлар, жумладан, мамлакатимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Ташвиқот номзодларга сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништириш имконини беради. 2015 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сайловга оид қонунчиликни такомиллаштириш ишларининг мантиқий давоми бўлди. Мазкур қонунда сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакллари ва усуллари, оммавий ахборот воситалари орқали ташвиқот олиб бориш, ОАВ орқали тарқатиладиган ахборотга қўйиладиган, масалан, унинг ҳаққонийлиги, Президентликка номзодлар, сиёсий партияларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузмаслигига доир талаблар батафсил баён этилди.
Қонунда босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида албатта кўрсатилиши лозим бўлган адад, босиб чиқарилган сана каби маълумотлар рўйхати ўз аксини топган. Бино, иншоотлар ва бошқа жойларда жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материаллари сайлов кунидан бир кун аввал маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олиб ташланиши белгиланди.
Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти юритиш, Президентликка номзодлар учун тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик бирлашмалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Президентликка номзодларга сайловчилар билан учрашув ўтказиш учун тегишли равишда жиҳозланган хоналар ажратиши, керакли маълумот ва ахборот материалларини олишига кўмаклашиши шартлиги белгиланди.
Бугунги кунда сайлов кампанияси, шу жумладан, сайловолди ташвиқотини амалга ошириш жараёнлари мамлакатимиз қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига тўла мувофиқ ҳолда амалга оширилмоқда.
Сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларни инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Миллий телерадиокомпаниянинг 12 ҳудудий телеканалида 206 дақиқадан, “Тошкент” телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилди. “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилмоқда. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.
Турли миллат вакиллари бўлган фуқароларга сайловолди ташвиқоти материаллари билан танишишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тожик тилидаги “Овози тожик”, “Овози Самарқанд”, қозоқ тилидаги “Нурли жол” газеталари нашр майдонидан бепул фойдаланади. Умуман олганда, сайлов кампанияси жараёнлари ҳақидаги ахборотлар мамлакатимиздаги ОАВларда 17 тилда чоп этилмоқда. Бундан ташқари, корейс тилидаги “Корё Синмун”, “Тхонил-Единство”, арман тилидаги “Апага” каби нашрлар ҳам ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз муштарийларини ушбу жараёнлар тўғрисида бохабар қилишлари диққатга сазовордир.
Номзодларнинг ҳар бири мамлакатимиз бўйича 642 тадан ташқи реклама воситасидан, яъни махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланадилар. Республикамиздаги 36 электрон мониторда ҳам номзодларнинг ташвиқот роликларини бепул жойлаштириш имконияти яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари, усуллари ва мазмунини мустақил белгилайдилар.
Таъкидлаш жоизки, сайловолди ташвиқоти даврида тенг шарт-шароит яратиш тамойили партия нашрларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин.
Бугунги кунда номзодлар сайловолди ташвиқоти тадбирларини фаол олиб бормоқда, бу жараёнда уларга ишончли вакиллари яқиндан ёрдам бермоқда.
Округ сайлов комиссиялари тенглик тамойилига риоя қилинишини қаттиқ назорат қилмоқда.
Жойларда қонунчилик талаблари қай даражада таъминланаётгани мониторинг қилинмоқда ва бу борада Марказий сайлов комиссиясига кунлик ахборот берилмоқда.
– Сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш учун сайлов комиссиялари қандай чора-тадбирларни кўрмоқда?
– Мамлакатимизда демократик сайловларни ташкил этиш яширин овоз беришга асосланган бўлиб, қолган барча жараёнлар очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида ўтказилади. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, сайлов комиссиялари фуқароларни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ўз фаолияти билан таништириб боради. Сайлов комиссиялари тузилгани, улар жойлашган манзил ва уларнинг иш вақти ҳақида маълум қилади. Сайловчилар рўйхати, сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар рўйхати, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар билан таништиради, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.
Сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Президент сайлови бўйича 2016 йилги сайлов кампаниясини ҳар томонлама холис ёритиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон”, “Uzreport” ахборот агентликлари, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ўртасида икки томонлама битимлар имзоланди.
Президент сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, шунингдек, округ сайлов комиссиялари ҳузурида ҳам шундай матбуот марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Марказий сайлов комиссияси томонидан хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларининг 500 дан ортиқ вакили, округ сайлов комиссиялари томонидан қарийб 560 нафар маҳаллий журналист аккредитациядан ўтказилди.
Марказий сайлов комиссиясининг интернетдаги www.elections.uz веб-саҳифасида комиссияда бўлиб ўтаётган ҳар бир тадбир шу куннинг ўзидаёқ ўзбек, рус ва инглиз тилларида жойлаштирилаётгани сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда яна бир муҳим омил бўлаётир.
Марказий сайлов комиссияси дастурига мувофиқ округ ва участка сайлов комиссиялари, шунингдек, хотин-қизлар, ёшлар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ҳарбий хизматчилар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари вакиллари, журналистлар учун мавзуга оид семинарлар ўтказилмоқда. Бу миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришлар, сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар, оммавий ахборот воситалари иштирокида сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш вазифалари ҳақида уларнинг хабардорлигини оширишга ёрдам беради.
Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарасида сайлов кампанияси бошлангандан бери мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида бу мавзуда 6 минг 500 дан зиёд, хорижий оммавий ахборот воситаларида 700 дан зиёд материал эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш чоғида қонунбузилишларининг олдини олиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, улар юзасидан қонунда белгиланган чораларни кўриш ҳамда округ, участка сайлов комиссиялари билан доимий алоқа ўрнатишни таъминлаш мақсадида 2016 йил 1 ноябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида кечаю кундуз ишлаб турадиган «ишонч телефони» (0 371 239-35-62), шунингдек, факс (0 371 239-42-43) ва электрон почта (ub_saylov@umail.uz) ишга туширилди.
Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби нуфузли халқаро тузилмаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклифномалар юборилиб, улар ушбу жараёнда қатнашишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловни кузатиш бўйича миссияси асосий гуруҳи мамлакатимизга ташриф буюриб, ўз фаолиятини бошлади. Шу ўринда мазкур ташкилотнинг расмий веб-сайтида Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертларининг Ўзбекистонга ташрифи натижалари бўйича ҳисобот эълон қилинди. Унда мамлакатимиз қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришлар, Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари янада такомиллаштирилгани юқори баҳоланган, Ўзбекистон сайловни халқаро стандартларга мувофиқ ўтказишга тайёр экани эътироф этилган ҳолда сайловни кузатиш бўйича тўлақонли миссия юбориш ҳақида маълум қилинган.
Миссия асосий гуруҳ билан бирга 20 нафар узоқ муддатли кузатувчи, овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчидан иборат бўлади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари ҳам иштирок этиш ҳуқуқига эга. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн беш кун олдин маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеадир. Зеро, Ватанимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши сайлов барча иштирокчиларининг фаоллиги, сиёсий етуклиги ва пировард натижада сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқдир.
Сўнгги фикрлар