Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар!
Азиз дўстлар!
Авваламбор, мана шу қувончли айёмда барчангизни азим пойтахтимизнинг марказида барпо этилган, куни кеча ишга туширилган муҳташам ва улуғвор кошонада хуш кайфиятда кўриб, қутлаб турганимдан ғоятда бахтиёрман.
Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни тарихий сана – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Маълумки, Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини яққол намоён этадиган янги бино ва иморатлар бугун барча шаҳар ва вилоятларимизда кўплаб қад кўтармоқда.
Албатта, уларнинг орасида “Тошкент-Сити” ишбилармонлик маркази алоҳида ажралиб туради.
Гувоҳ бўлиб турганингиздек, “Тошкент-Сити” маркази ўзининг меъморий қиёфасида шаҳарсозлик санъатининг энг сўнгги ютуқларини, архитектура, муҳандислик ва дизайнерлик борасидаги ноёб ва улкан салоҳиятни яққол мужассам этади.
Майдони 80 гектардан иборат ушбу марказни қуришдан асосий мақсад – замонавий, “ақлли шаҳар” барпо этиш, халқаро, хорижий ва маҳаллий банк-молия тузилмалари ва инвесторлар учун жонажон Ватанимиз, биринчи навбатда, гўзал пойтахтимиз жозибадорлигини оширишдан иборат.
Биз Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясини изчил амалга ошираётганимиздан халқимиз ва халқаро ҳамжамият яхши хабардор, албатта. “Тошкент-Сити” марказини барпо этиш ғояси ҳам, айнан ўша стратегия билан бир пайтда туғилган эди.
Ўзбекистон тажрибасида биринчи бўлган шундай катта миқёсдаги ва ноёб лойиҳани амалга ошириш учун кўп нарсани янгитдан ўрганишимиз, тинимсиз изланишга тўғри келди.
Қурилиш майдони 1 миллион 600 минг квадрат метрга тенг бўлган янги марказнинг 30 фоизини уй-жойлар, 30 фоизини офислар учун бинолар, яна 30 фоизини савдо мажмуалари, 10 фоизини меҳмонхоналар фонди ташкил этади.
Барчангиз кўриб турибсиз, бугун бу ҳудудда улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Насиб этса, 2021 йилда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, ушбу марказ халқимизга ва пойтахтимиз меҳмонларига хизмат қилишни бошлайди.
Қисқача айтганда, “Тошкент-Сити” маркази Ўзбекистонда қурилиш ва архитектура соҳасида тараққиётнинг янги даври бошлангани, бу соҳада биз кўп нарсага қодир эканимизни кўрсатади, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ўзининг очиқ ва конструктив сиёсати билан минтақамиздаги йирик сиёсий, иқтисодий ва маданий марказга айланиб бормоқда. Жаҳондаги нуфузли халқаро ташкилот ва тузилмалар, молиявий институтлар, ишбилармон доиралар томонидан Ўзбекистонда қатор тадбирлар, анжуман ва учрашувлар ўтказилмоқда. Табиийки, келгусида бу жараёнлар янада кучаяди, Ўзбекистон яна кўплаб йирик халқаро саммитлар, форум ва симпозиумларга мезбонлик қилади.
Шу маънода, ушбу муҳташам мажмуа нафақат давлатимиз, балки халқаро аҳамиятга эга бўлган янги ғоя ва ташаббуслар туғиладиган, муҳим тарихий ҳужжатлар қабул қилинадиган масканга айланади, деб ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай муаззам саройнинг бунёдкорларига – моҳир меъмор ва лойиҳачиларга, ишчи-муҳандисларга, чет эллик мутахассисларга, барча иштирокчиларга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик билдираман.
Ҳурматли дўстлар!
Мамлакатимизда яратилаётган янги тарих, янги тараққиёт даврининг, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг амалий ифодаси бўлмиш мана шу бетакрор мажмуада биринчи бўлиб она тилимизга – давлат тилига бағишланган тантанали маросимни ўтказаётганимиз бежиз эмас.
Бугун ушбу муҳташам мажмуага дастлабки азиз меҳмонлар сифатида ташриф буюрган сиз, қадрли юртдошларимизни, муҳтарам фахрийларимизни, она тилимизнинг жонкуяри бўлган зиёлиларимизни, депутат ва сенаторларимиз, фаол ёшларимизни, дипломатик корпус вакилларини чин қалбимдан табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди.
Бу муаззам кошона барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин! Хуш келибсиз, азиз дўстлар!
Қадрли ватандошлар!
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.
Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.
Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир.
Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар.
Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни аввало ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дину диёнатимиздан жудо қилишга қайта-қайта уриндилар. Улар эл-юртимиз бошига қандай азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум.
Аммо жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардона курашди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берди. Ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини – миллий ғурурини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди.
Бу борада маънавий жасорат ва фидойилик кўрсатган буюк арбобларимиз, адиб ва олимларимиз, уламоларимиз, улуғ санъаткорларимизнинг хотирасини бугун ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.
Ушбу қутлуғ айёмни байрам қилар эканмиз, аввало, 1989 йил 21 октябрь санасини – “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кунни эслашимиз ўринлидир.
Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш биз учун осон кечмаган эди.
Қонун лойиҳаси икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Унинг атрофида қандай қизғин баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтганини, ўйлайманки, кўпчилик юртдошларимиз жуда яхши эслайди. Шахсан мен ҳам ўшанда бу тарихий жараёнларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлганман.
Бу муҳим ҳужжатнинг қабул қилинишида фидойи ва ватанпарвар зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг қатъий шижоати ҳамда Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий иродаси катта ўрин тутди.
Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди.
Бу қонун халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги азму қарорининг ёрқин намоёни бўлди. Орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги айнан она тилимизда жаҳонга эълон қилинди.
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни – Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада юксалтирди.
Юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда она тилимизда янграётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиради.
Ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди.
Бундан беш аср муқаддам ҳазрат Алишер Навоий:
“Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам”, деб ёзган эди. Яъни, ул зот она тили байроғини баланд кўтариб, бутун эл-улусни, юртларни шу байроқ остида бирлаштирдим, деб ифтихор қилган.
Барчамизга яхши аёнки, она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир.
Шу маънода дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади.
Мустақиллик йилларида она тилимизни том маънода давлат тилига айлантириш йўлида катта чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу ўринда бир фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги кунда Ер юзида 7 мингдан зиёд тил мавжуд бўлса, уларнинг фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзбек тилига давлат тили мақомини ҳуқуқий жиҳатдан муҳрлаб берган мазкур қонуннинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Бу тарихий воқеадан сўнг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ҳақида яна бир муҳим қонун қабул қилинди.
Ҳурматли ватандошлар!
Бугун жонажон Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Барча соҳалар билан бирга давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда.
Ҳозирги кунда ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Давлатимиз томонидан маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, кейинги йилларда она тилимизда фаолият юритадиган юзлаб боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари, янги газета ва журналлар, теле-радио каналлар, нашриётлар, маданий-маърифий муассасалар, кутубхоналар ташкил этилаётганини қайд этиш лозим.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда фольклоршунослик, диалектология, туркология, матншунослик каби йўналишлар очилди.
Бу борада янги ўқув дастурлари яратилаётгани, дарслик ва қўлланмалар, рисола ва монографиялар нашр этилаётгани, илмий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилининг бугуни ва истиқболи ҳақида амалий таклиф ва ташаббуслар билдирилаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Хабарингиз бор, азим пойтахтимиз марказидаги Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони бунёд қилинмоқда. Бу гўзал масканда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуалари адабиётимизнинг буюк намояндалари, ўзбек тилининг чинакам жонкуярлари хотирасига бағишлангани айниқса эътиборлидир.
Она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодимизга етказиш мақсадида, юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактабларини ташкил этдик. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида энг аввало ўзбек тили ва адабиётини, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилмоқда.
Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Бугунги кунда халқаро майдонда обрў-эътибори тобора юксалиб бораётган Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишда она тилимиз ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбек тили Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция, Россия, Украина, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби давлатларнинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет эллик олим ва тадқиқотчилар сони йил сайин кўпаймоқда.
Шу борада мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари ташкил этилаётганини биз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги қувончимизга шерик бўлаётган чет давлатларнинг муҳтарам элчиларга, халқаро ташкилотлар вакилларига уларнинг юртларида ўзбек тилига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор учун ташаккур изҳор этаман. Айниқса, Ўзбекистондаги хизмат фаолияти давомида ўзбек тилини ўрганиб, фаол мулоқот қилаётган хорижий дипломатларга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Сизларга яхши маълум, яқинда Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди. Бу, ўз навбатида, нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, балки туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилининг халқаро мақомини юксалтиришга хизмат қилади.
Кенгаш саммитида билдирган ташаббусларимиз, хусусан, қардош халқлар адабиётининг энг сара намуналари мужассам бўлган юз жилдлик “Туркий адабиёт хазинаси” китоблар туркумини аъзо давлатларнинг она тилларида нашр этиш таклифимиз ижобий қабул қилинди.
Азиз дўстлар!
Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида бугун мамлакатимизда яна бир муҳим қадам қўйдик. Мен бугун “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекдим. Унга биноан “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.
Ўйлайманки, ўзбек тили байрамининг мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг нишонланиши халқимизнинг миллий руҳи ва ғурурини юксалтириш билан бирга, давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этишга хизмат қилади.
Ушбу Фармонда она тилимизнинг келгуси тараққиётига оид кўплаб масалалар қаторида, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида тузилма ташкил этилганини ҳам сизларга маълум қилмоқчиман.
Бу тузилма давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди.
Айни пайтда дунёда илм-фан ва технологиялар шиддат билан ривожланиб, мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгаймоқда. Натижада, ҳаётимизга четдан кўплаб янги тушунча, сўз ва иборалар кириб келмоқда.
Глобаллашув шароитида миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб турибди.
Тўғрисини айтиш керак, бу масалада ҳам оқсоқлигимиз бор эди. Шу муносабат билан Фармонда янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш борасидаги ишларни тартибга соладиган Атамалар комиссиясини тузиш масаласини ҳам назарда тутдик.
Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.
Давлат тилига бўлган доимий эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Қадрли юртдошлар!
Маълумки, Ватанимиз неча юз йиллар мобайнида буюк цивилизация ва маданият марказларидан бири бўлган. Қадимдан диёримизда халқимиз билан бирга турли миллат вакиллари елкадош, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, тинч ва осойишта муҳитда яшаб келадилар.
Ўз тилини ҳурмат қилган маърифатли эл бошқаларнинг она тилига ҳам чуқур ҳурмат билан қарайди. Ўзбекистондаги бағрикенглик сиёсати туфайли, ҳозирда юртимизда ягона оила бўлиб яшаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларига ўз она тили, урф-одат ва қадриятларини ривожлантириши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилмоқда. Тошкент шаҳри ва жойларда фаолият кўрсатаётган 140 га яқин миллий маданий марказлар айни шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда таълим-тарбия муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият олиб бораётгани халқаро жамоатчилик томонидан ижобий ҳодиса сифатида эътироф этилмоқда.
Доно халқимиз “Тил билган – эл билади” дейди. Бу борада буюк боболаримиз ибрат ва намуна кўрсатганлар. Хусусан, Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Алишер Навоий каби улуғ аждодларимиз ўнлаб тилларни пухта билганлари учун ҳам жаҳон илм-фанининг юксак чўққиларини забт этганлар.
Бугунги кунда юртимиздаги таълим масканларида инглиз, рус, немис, француз, испан, итальян, араб, форс, турк, хитой, япон, корейс, ҳинд ва урду тиллари чуқур ўқитилаётгани бу анъаналар давом этаётганининг ёрқин ифодасидир.
Биз ёшларимизнинг жаҳон тилларини эгаллашга бўлган улкан қизиқиш ва интилишларини ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз.
Мен бугун азиз болаларимизга мурожаат қилиб, улуғ аллома, XX аср бошида олти тилли – ўзбек, араб, форс, ҳинд, турк ва рус тилларида луғат тузган Исҳоқхон Ибратнинг мана бу ҳикматли сўзларини эслатмоқчиман: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.
Ўйлайманки, бу сўзларга ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш бўйича олдимизда ўта муҳим ва долзарб вазифалар турибди.
Аввало, бундан ўттиз йил муқаддам қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, такомиллаштириш зарурати сезилмоқда.
Яна бир муҳим вазифа фундаментал тадқиқотлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа тармоқларда давлат тилини тўлақонли қўллаш билан боғлиқ.
Ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, мамлакатимизда яшаётган турли миллатларга мансуб ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганишлари учун тегишли шароит яратиб бериш, юртимизда ва хорижда ўзбек тилини ўргатадиган ўқув марказларини кўпайтириш зарур.
Шу мақсадда янги дарсликлар, қиёсий ва турли соҳаларга оид луғатлар, иш юритиш ва сўзлашув қўлланмалари нашр этиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш, бу тизимга тўлиқ ўтиш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.
Шунингдек, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, шевалари, тарихий тараққиёти, унинг истиқболи билан боғлиқ илмий тадқиқотлар самарасини ошириш, кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга эришмоғимиз зарур. Бу ишлар учун молиявий ресурслар ва маблағларни асло аямаслигимиз керак.
Ўзининг бебаҳо асарлари билан она тилимизнинг қадрини ва қаддини тиклаган буюк мутафаккир аждодимиз Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг мукаммал энциклопедиясини яратиш ҳам олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир.
Айни пайтда аҳоли, айниқса, ёшларимиз турли маълумотларни асосан Интернет ва ижтимоий тармоқлардан олмоқда. Бинобарин, она тилимизни жозибали ва қизиқарли тарзда тақдим этиш, бунинг учун ўзбек тилининг компьютер дастурларини, онлайн дарсликлар, электрон луғатларни яратиш керак. Интернет имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, ўзбек тилини кенг тарғиб этиш бўйича ишларимизни кучайтиришимиз лозим.
Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур. Ёш авлод қалбига она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин.
Жамиятимизда тил билан боғлиқ энг кўп муҳокама қилинаётган, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган мавзу – бу жой номларини белгилаш масаласи, десак, хато бўлмайди.
Афсуски, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради.
Шу муносабат билан, Вазирлар Маҳкамаси Атамалар комиссияси билан биргаликда ушбу масалаларни кенг жамоатчилик иштирокида жиддий ўрганиб чиқиши ва тартибга солиши зарур.
Чунки ижтимоий объектларга ном бериш – бу шунчаки шахсий ёки хусусий иш эмас. Бу барчамизнинг ватанпарварлик ва маънавий савиямизни яққол кўрсатадиган ўзига хос мезондир. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Биз халқимизнинг тақдири, эртанги куни ҳақида ўйлар эканмиз, энг аввало, миллатимизнинг асл фазилатларини, гўзал урф-одатларимиз, бетакрор санъатимиз ва адабиётимизни, она тилимизни кўз қорачиғидай сақлашимиз зарур.
Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.
Муҳтарам ватандошлар!
Сизларни ва бутун халқимизни ўзбек тили байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга файзу барака, бахту саодат тилайман.
Ўзбек тили – она тилимизнинг нуфузи, обрў-эътибори янада зиёда бўлсин!
Шундай бебаҳо бойлик соҳиби бўлган, уни ҳамиша асраб-авайлаб келаётган азиз халқимиз омон бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.
***
Шавкат Мирзиёев: Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир
Янги муҳташам «Конгресс-холл» саройида 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларни, бутун халқимизни ушбу тарихий сана билан табриклади.
— Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин, — деди Президент.
Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан биридир. Дунё миқёсида бу тилда 50 миллионга яқин одам сўзлашади.
Мустабид тузум даврида тилимизни йўқотишга кўп уринишлар бўлган эди. Лекин халқимиз ўз она тилини – миллий ғурурини сақлаб қолди. Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди.
Ушбу тарихий санадан ўттиз йил ўтиб бу борада яна бир қутлуғ қадам қўйилди. Президентимиз 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди.
Президент она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, «Давлат тили ҳақида»ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.
— Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.
Тантанали тадбирда депутат ва сенаторлар, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, тилшунос олимлар ва педагоглар, ёшлар иштирок этди.
http://uza.uz/oz/politics/shavkat-mirziyeev-zbek-tili-khal-imiz-uchun-milliy-zligimiz—21-10-2019
Сўнгги фикрлар